«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир.
Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!»
ояти тафсири
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).
Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шериклик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Ушбу сўз Қуръон ва Суннатда очиқ баён қилингандир. Бироқ (ушбу далиллар) ақл юргизиб, тадаббур қилган ҳамда кўр-кўрона тақлид қилиш ва пуч сабабларни ушлаб олишни ташлаб, ўзи ҳақида қайғурган кишига кор қилади. Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, Ўзига шериклик қилинмоғига асло рози бўлмаслигига далил ушбу оятдир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» Масжидлар Аллоҳнинг уйи бўлиб, намоз учун ҳозирланган ўринлардир ва Аллоҳга энг суюкли жойдир. Ушбу уйларда Аллоҳ таоло Ўз исми баралла айтилиб, зикр қилинмоғига изн бергандир. Ушбу масжидлар Аллоҳнинг якка Ўзига ибодат қилинадиган ўринлар бўлмоғлиги вожиб бўлади. У ерда Аллоҳдан Ўзгаси учун бирор нарса содир бўлмаслиги, қабр ва қадамжолар қурилмаслиги лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишни қилганларга лаънат айтиб, бу яҳуд ва насороларнинг иши эканини хабар берганлар. Ва бизни бундай ишлардан ҳаётларининг сўнги дамларида, вафот этар чоғларида ушбу қовллари билан қайтарганлар: «Огоҳ бўлингизким, сизлардан олдингилар қабрларни масжид қилиб олишганди (ушбу сўзларни вафот этаётиб айтгандилар), огоҳ бўлингизким, қабрларни масжид-саждагоҳ қилиб олманглар. Мен сизларни бундан қайтараман» (Муслим (532) Жундуб ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят). Ва яна соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Яҳуд ва насороларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид-саждагоҳ қилиб олдилар» (Бухорий (435, 436), Муслим (531) Оиша ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилишди).
Масжидлар ширк ва бутпарастлик доғларидан покланишлиги, қабрлар устига масжид бино қилинмаслиги ва (аксинча) масжид қурилгач у ерга ўлик дафн қилинмаслиги лозим. Балки ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ўрни бўлиб, намоз адо этилиб, Аллоҳнинг Исми зикр қилиниб, Қуръон тиловат қилинмоғлиги, фойдали дарслар уюштирилиши ва ибодат қилиш учун эътикоф ўтирилмоқлиги лозимдир. Ана шу масжидларнинг вазифасидир.
Масжидларга Аллоҳдан Ўзга ибодат қилинадиган бут-санамлар қўйилиши билан улар энди масжид бўлмайди. Балки ширк ўринлари бўлади, агарчи уни масжид-саждагоҳ деб номласалар-да. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», яъни, Ундан Ўзгасиники эмас. Чунки масжидлар одамлар тўпланадиган ва бир-бирлари билан юз кўришадиган ўриндир. Демак, ширк, бидъат ва хурофотлардан покланмоқлиги вожиб бўлади. Энди одамлар масжидда ширкдан бўлган бирор нарсага кўзлари тушса, бундан таъсирланишади-да кейин ушбу иш оммавий тус олади. Шу сабабли ҳам масжидлар ширкдан пок бўлмоқлиги даркор. Энг улуғ масжид – масжиди ҳаромдир. Аллоҳ таоло ушбу масжидни пок тутишга буюриб, шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг байтим-уйимни тавоф қилгувчилар қиём (яъни, намозда тик-ғоз туриш), рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни, ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!» (Ҳаж: 26). Аллоҳ таоло (Иброҳим алайҳиссаломни, байтуллоҳни) нималардан пок тутишга амр этди? Ширк, бидъат ва хурофотлардан пок тутишга амр этди, худди нажосат ва ифлосликлардан пок тутилгани каби.
Аллоҳ таолонинг: «Дуо-илтижо қилманглар!», деган қовлидан мурод: Эй инсонлар Аллоҳ билан бирга яна бирор кишига дуо қилиб, ўтиниб ёрдам сўраб, мана бунга ўхшаш сўзларни айтманглар: Эй Аллоҳ, эй Муҳаммад. Ё Аллоҳ, ё Абдулқодир ёки ё Абдулқодир, ё Муҳаммад… Аллоҳ таоло буларга асло рози бўлмайди ва қабул ҳам қилмайди.
Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага», деган қовлидан мурод: «Бирон кимсага», инкорий маънодаги жумлада накира-ноаниқ артиклда келиши билан умумни ифодалайди. Яъни, бирор киши истисно қилинмайди. На яқин фаришта, на жўнатилган элчи-пайғамбар, на бут-санам, на қабр, на шайху эшон, на валий, на тирик ва на ўлик.
Демак, Аллоҳдан Ўзга дуо-илтижо қилинадиган барча нарсани ўз ичига олади. «Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18). Ушбу оят, ибодат фақат тавҳид билан бўлгандагина фойдали бўлиши, ибодатга ширк оралагани заҳоти уни барбод қилиб, ушбу амал эгасига муваффаққиятсизлик бўлишига далолат қиляпти. Сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», қовли шунга далолат қиладики, масжидлар холис бир ният ила қурилмоғи лозим. Масжид қуришдан мақсад биров эшитсин ёки кўрсин ё бўлмаса номим кейинчалик ҳам тилга олинадиган бўлсин ва ушбу масжид исломий осор-ёдгорлик бўлиб қолсин, бўлмаслиги даркор. Ушбу мақсадларнинг бари ботил-пучдир.
Масжидлар ибодат қилинсин ва (ушбу масжидни қуриш билан) ибодат қиляпман дея қурилмоғи ва ният Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоғи лозим. Ва худди шундай ҳалол касбдан топилган пулга қурилиши керак. Ҳаромдан топилганига эмас. Чунки Аллоҳ азза ва жалла: «Аллоҳ фақат пок-ҳалолнигина қабул қилади», деган (Муслим (1015) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Демак, масжидлар ҳалол нафақадан қурилади. Ушбу масжидни қурувчи одамнинг нияти Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис бўлмоқлиги, масжид қуришдан одамларнинг олқиши, номи кейинчаликка ҳам сақланиб қолиши, риё ва биров эшитсин учун бўлиб қолмаслиги лозим. Чунки масжид қуриш ибодат бўлиб, ушбу ибодат Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоқлиги вожиб бўлади.