Admin   09-30-2012, 08:34 PM
#1
Кофирлар билан тижорат қилишнинг ҳалол экани ҳақида

Тижоратнинг асли - унинг ҳалол эканидир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган» (Бақара: 275).
Суннатда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар кофирлар билан савдо-сотиқ ва молиявий алоқалар қилишгани ҳақида хабарлар жуда кўп келган. Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ривоят қилади: «Бир куни биз Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан биргалигимизда бир мушрик қўйларини ҳайдаб кетаётган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: «Бу сотиладими ёки ҳадями?» деб сўрадилар. У: «Йўқ, сотилади» деб жавоб берди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан қўй сотиб олдилар» (Бухорий 2216).
Имом Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг «Саҳиҳ»ларида келтирдилар ва ушбу бобни: «Мушриклар ва ҳарб аҳли билан савдо-сотиқ қилиш ҳақида» деб номлади (Қаранг: «Саҳиҳ ал-Бухорий» 2/772).
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан насияга таом сотиб олдилар» (Бухорий 2068, Муслим 1603).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар. Уларнинг совутлари эса яҳудийда оилалари учун олган ўттиз соъ буғдой эвазига қўйилган эди» (Аҳмад 5/137, Доримий 2582. Шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний саҳиҳ деди).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Агар мусулмонлар денгизга чиқишса ва уларга мусулмонлар юртига йўл олган душман мамлакатидан бўлган мушрик савдогарлар учраса, унда у (мусулмон)лар уларга қаршилик қилмасликлари ва улар билан урушмасликлари керак. Душман еридан бўлган ҳар қандай мусулмонлар ерига тижорат учун қадам босган (одам) билан саводи-сотиқ қилишлик мумкин». Имом Авзоий ва Шофеийлар ҳам худди шундай дейишган (Қаранг: «ал-Муғний» 8/245).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Агар инсон мусулмонлар билан уруш олиб бораётган мамлакатга улардан нимадир сотиб олишлик учун борса, бу жоиздир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик даврларида Абу Бакр Шомда савдо қилгани ҳақидаги ҳадис шунга далолат қилади. У вақтда Шом уруш қилинаётган мамлакат эди» (Қаранг: «ал-Иқтидо» 2/15).
Имом Аҳмад ва Ибн Таймиянинг сўзларидан мусулмонлар юртига кириб келган, ўзи асли уруш қилаётган куфр давлати аҳолиси билан тижорат қилишликнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ эканини кўриб турибмиз. Худди шундай, мусулмонлар билан уруш қилаётган давлатга тижорат учун сафар қилишлик ҳам жоиз эканини билдик.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан ўша даврда мусулмонлар билан уруш олиб бораётган мўғул-татарлар билан тижорат қилиш ҳақида савол берилганда, у киши раҳимаҳуллоҳ шундай жавоб бердилар: «Улар билан тижорат қилишга келсак, у кабилар билан жоиз бўлган нарса улар билан ҳам жоиздир, у кабилар билан ҳаром бўлган нарса улар билан ҳам ҳаромдир. Бошқаларга сотиладиганлардан уларга егулик, кийим ва шунга ўхшашлар сотишлик жоиздир. Улар таъқиқланган урушда фойдаланишлари мумкин бўлган отлар ёки қуролларни уларга ёки бошқа бировга сотишликка келсак, унда бу ҳаромдир. Чунки Аллоҳ таоло айтадики:«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2)» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 29/275).
Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Агар сотувчи шиа-рофиза бўлса, одамларни ундан ҳеч нарса сотиб олмасликка чақирса бўладими?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Ҳатто кофирлардан ҳам сотиб олишлик жоиз. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудийлардан сотиб олардилар, оилалари учун озуқа эвазига яҳудийга совутларини гаровга қолдирганлар. Аммо сизлар (одамлар) улар билан дўстлашмасликлари учун одамларга рофизийларнинг адашган эътиқодларини тушунтиришингиз керак. Улардан бирор нарсани сотиб олишликка келсак, бу оддий ишдир».
У кишидан сўрашди: «Аммо ахир улардан сотиб олмаслик афзал бўладику (тўғрими)?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Муҳими уларга муҳаббат қилишликдан огоҳ қилишлик ва уларнинг бузуқ эътиқод ва амалларини тушунтиришликдир. Чунки улар Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларини ҳақорат қилишади ва обрўларини тўкишади, Алийга дуо қилишади. Бу эса катта ширкнинг бир кўринишидир» (Тингланг: «Шарҳ Усул Сунна»).
Бироқ шубҳасиз ўша молни солиҳ мусулмонга сотиш ёки сотиб олишлик афзал бўлади. Бу билан мусулмонларга ёрдам кўрсатишлик амалга ошади. Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига келсак, у киши савол берувчига Исломда энг аҳамиятга молик бўлган жиҳатга кўрсатма бермоқдалар.
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Шайх, Кола номли ичимлик бор. Айтишларича у яҳудийлар корхонасида ишлаб чиқарилар экан. Ушбу ичимликни ичиш ва сотишнинг ҳукми нима бўлади?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Ахир сен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзи оилалари учун яҳудийдан егулик сотиб олганларини ва унда совутларини гаровда қолдирган ҳолда вафот этганларини билмайсанми?! Яна сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир яҳудийдан совға қабул қилганларини билмайсанми?! Катта аҳамиятга эга бўлган нарсалар ва қолган фойдали майда-чуйда (нарсалар) яҳудийлар томонидан ишлаб чиқарилади» (Қаранг: «Бабул мафтуҳ» 95).
Бирорта имом кофирлар билан дунёвий масалаларда алоқа қилишлик «ал-вало вал-баро» (дўст ва душманлик) қоидасига зид деб айтмаган. Бундай дейишлик, кофирларга муҳаббат ва уларни улуғлашликка (мувалатул куффар) ҳеч қандай алоқаси йўқ (Қаранг: «ал-Вало вал-Баро фил Ислам» 292).
Ҳеч бир олимнинг Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалол қилиб берган нарсани ҳаром қилишга ҳаққи йўқ. Олимнинг сўзи ўз-ўзидан у ёки бу амалнинг ҳалол ёки ҳаром эканига далил ҳисобланмайди. Чунки Исломда фақатгина салафларнинг фаҳми билан тушунилган Қуръон ва Суннат далил ҳисобланади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Дарҳақиқат, уламоларнинг сўзи шаръий далил билан қувватланади. Бироқ шаръий далил уларнинг сўзи билан қувватланмайди» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 26/202).
Агар уламоларга нисбатан бу сўзлар айтилган бўлса, унда мақоми ҳатто толиби илм бўлмаган одамларнинг даъволари ҳақида нима дея оламиз?!

Admin   11-24-2013, 08:12 PM
#2
Кофирлар билан тижорий муомала ва савдо қилиш

У (кофир)лар билан тижорий муомала ва савдо қилиш. Улардан ҳожатга қараб мол сотиб олиш ва пул эвазига турли мол ва қурол-аслаҳарлар олиб киришда зиён йўқдир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар билан (тижорий) муомала қилганлар. Шунингдек Хайбар аҳли бўлмиш яҳудлар билан ерни экин-тикин қилиш ва ҳосилнинг бир қисмини уларга қолдириш шарти билан (тижорий) муомала қилганлар. Бу уларни дўст тутиб, муҳаббат қўйишдан эмас. Бали ўзаро фойда алишишдир. Ушбу ишларни яхши билиб олишимиз ва улар кофирларни дўст тутиш бобига кирмаслиги ва қайтарилган ҳам эмаслигини ёдда тутишимиз даркор.
Шунингдек улардан қарз сўраш ҳам (ушбу қисм остига дохил бўлади). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийдан таомни қарзга олганлар. Ва гаровга ўзларининг совутларини қўйганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида аҳли-оилаларига деб сотиб олган таомлари ўрнига берган ушбу совутлари яҳудийда қолди. Демак, шунга ўхшаш ишлардан монелик йўқдир. Ушбу ишлар дунёвий фойдалар бўлиб, қалбдаги муҳаббат ва дўст тутишга далолат қилмайди. Ушбу ишлар орасини ажратиб олишимиз лозим. Чунки баъзи кимсалар кофирларни душман тутиш ва уларга муҳаббат изҳор қилмаслик ҳақидаги ҳужжатларни эшитиб олади-да, улар билан умуман муомала қилинмайди ва узил-кесил алоқалар узилади, деб тушунади. Йўқ! Ушбу ишлар Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан олинган аҳли илм наздида маъруф бўлган ҳукм, шарт ва ҳудудлар билан белгилаб қўйилгандир.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.