(01-28-2012, 10:51 AM)mr.muvahhid Wrote: Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
(01-28-2012, 10:51 AM)mr.muvahhid Wrote: Allohning buyuk shafoati haqidagi hadisni topib berishilani so'riyman, Muslim rivoyati ekan adashmasam,
iloji bo'lsa, arabiy matni bilan bo'lsa yaxshi bo'lardi !!!
Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Мен қиёмат куни одамзотнинг саййидидирман. Биласизларми, нима сабабдан шундай?! Аллоҳ қиёмат куни аввалги-ю охиргиларни бир кенгликка йиғади. Жарчи уларга (овозини) эшиттира олади, кўраман деган одам ҳаммани кўриб туради. Қуёш уларга яқинлаштирилади. Одамлар тоқат қилолмайдиган ва кўтаролмайдиган даражада ғам-ғуссага ботиб қолишади. Шунда одамлар (бир-бирларига): «Нима аҳволга тушганингизни, сизларга нималар етганини кўрмаяпсизларми? Сизлар учун Раббингизга воситачи бўладиган бирон кишини (қидириб) кўрмайсизларми?!», дейишади. Баъзилари баъзиларига: «Оталарингиз Одам (алайҳиссалом ҳузурига боринглар)», дейишади. Сўнгра унинг олдига бориб: «Эй Одам, сиз башариятнинг отасисиз. Аллоҳ сизни Ўз қўли билан яратиб, руҳидан сизга пуфлаган, фаришталарига амр этганида улар сизга сажда қилишган, сизни жаннатда тургизган. Биз учун Раббингизга шафоатчи-воситачи бўлмайсизми?! Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда Одам алайҳиссалом: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. У мени дарахт (ҳосилини ейиш)дан ман этганида мен унга осийлик қилганман. Жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Мендан бошқасига боринглар, Нуҳнинг олдига боринглар», деб айтади. Улар Нуҳ ҳузурига бориб: «Эй Нуҳ! Сиз ер аҳлига (юборилган) биринчи пайғамбарсиз. Аллоҳ сизни "мудом шукр қилувчи банда", деб номлаган. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?! Биз учун Раббингизга воситачи бўлмайсизми?!», дейишади. У ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен қавмимни дуоибад қилиб қўйганим бор. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар Иброҳим ҳузурига боринглар», деб айтади.. Шундан сўнг улар Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Сиз Аллоҳнинг пайғамбари ва ер аҳлидан халили-дўстидирсиз. Биз билан Раббингиз ўртасида шафоатчи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. У ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен уч марта ёлғон сўзлаганман – шундай деб ўша (ёлғонлари)ни зикр қилади – жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Мусога боринглар», деб айтади. Шундан сўнг улар Мусо алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Сиз Аллоҳнинг расулисиз, У сизни Ўз рисолати ва каломи (яъни Ўзи билан гаплаштириши) билан одамлардан афзал қилди. Биз билан Раббингиз ўртасида шафоатчи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. У ҳам уларга: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Мен бир одамни ўлдириб қўйганман. Уни ўлдиришга буюрилмагандим. Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Ийсога боринглар», дейди. Улар Ийсо алайҳиссалом ҳузурига бориб: «Эй Ийсо! Сиз Аллоҳнинг расулисиз. Унинг Марямга ташлаган сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир)сиз. Сиз одамлар билан бешикдаёқ гаплашгансиз. Биз учун Раббингизга воситачи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда Ийсо ҳам: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай», дейди, ўзининг бирон гуноҳини зикр қилмайди ва: «Жоним, жоним, жоним (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман). Сизлар мендан бошқага боринглар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га боринглар», дейди. Шундан сўнг улар менинг олдимга келиб: «Эй Муҳаммад! Сиз Аллоҳнинг расули ва пайғамбарларнинг сўнггисисиз. Аллоҳ аввалги-ю кейинги гуноҳларингизни кечирган. Биз учун Раббингизга воситачи бўлинг. Бизнинг аҳволимизни кўрмаяпсизми?!», дейишади. Шунда мен (Раббим ҳузурига) йўл оламан ва Арш остига бориб, Раббимга сажда қилиб йиқиламан. Сўнгра Аллоҳ таоло мендан илгари ҳеч кимга илҳом қилмаган Ўзига айтиладиган мақтовлар ва чиройли ҳамду-санолар (айтиш)ни менга илҳом қилади. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг. Тиланг, (тилагингиз) берилади. Шафоатчи (воситачи) бўлинг, шафоатингиз қабул қилинади», дейилади. Шунда мен бошимни кўтариб: «Эй Раббим! Умматим, умматим (яъни, умматимга раҳм қил)», дейман» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3340, Муслим: №194, Термизий: №2436).
(01-28-2012, 10:51 AM)mr.muvahhid Wrote: Barokallohu fiykum !!!
Ва ийякум!