PDF WORD

Cафар муддати узайиб кетса-да намозини қаср ўқийверадими?

Cафар муддати узайиб кетса-да намозини қаср ўқийверадими?

Савол: Мусофирнинг сафар муддати узайиб, ҳатто бир неча йилларга чўзилса-да намозни қаср қилиши тўғрими? Ёки бу ўринда қаср муддати тугаганини чеклаб берадиган бирор замон борми? Илм олгани ёки ишлаш учун юртидан хорижга сафар қилаётган кишининг сафар ҳукми нима? У илм ёки ишидан (юртига) қайтгунча қаср ўқишлиги тўғрими?

Жавоб: Мусофир учун (сафар) масофаси таҳминан саксон км ёки кўпроқ бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изларидан юриш ва у кишининг суннатларига амал қилиш жиҳатидан намозни қаср қилишлиги суннатдир. Мисол учун Саудиядан Америкага сафар қилса, модомики йўлда экан қаср ўқийди. Ёки Маккадан Мисрга ё бўлмаса Мисрдан Маккага сафар қилса, модомики йўлда экан қаср ўқийди. Шунингдек, бирор шаҳарга тушса, модомики ушбу шаҳарда тўрт ёки ундан озроқ кун турадиган бўлса қаср ўқийди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида Маккага тушганларида қилганларидек, (ушбу киши ҳам) қаср ўқийди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зул Ҳижжа ойининг тўртинчи кун тонгида Маккага тушдилар ва то Зул Ҳижжанинг саккизинчи куни Минога чиққунларигача қаср ўқидилар. Шунингдек, қўним топиши тўрт ёки ундан кўпроқ вақтда ниҳоя топишини билмайдиган муддатда яшашга азму қарор қилган киши, то ҳожати битгунича қаср ўқийди. Ёки тўрт кундан зиёд муддатда яшашга азм қилган киши ҳам аксар илм аҳли наздида (қаср ўқийди). Гарданидаги қарзни тўлаш лозим бўлган шахсни излаб-топиш ёки қачон ниҳоя топишини билмайдиган бирор келишмовчилик сабаб яшаётган ё шунга ўхшаш киши кабики, ушбу киши модомики ўша шаҳарда экан қаср ўқийди. Чунки унинг яшаши (бирор муддатга) чекланмаган. Ва у қачонгача яшашини ҳам билмайди. Ушбу кишига қаср ўқишлиги жоиздир ҳамда у мусофир деб қаралади. Қаср ўқийди, Рамазонда рўзасини очади, гарчи ушбу иш билан (бўлиб,) йиллар ўтиб кетса-да.

Илм олиш ёки бошқа ишлар сабаб узоқ яшайдиган киши ёки узоқ муддат яшашликни азму қарор қилган кишига келсак, унга (намозларини) тўла адо этмоғи вожиб бўлади. Ана шу тўғри қовлдир. Тўрт имом ва улардан бошқа илм аҳлининг жумҳури ушбу қовлдадир. Чунки муқимнинг ҳаққидаги асл (намозларини) тўла адо этмоғидир. Илм олиш ёки бошқа сабаб билан тўрт кундан кўпроқ яшашни қарор қилса, унга (намозларини) тўла адо этмоғи вожиб бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикрича, мусофир ўн тўққиз ёки ундан озроқ кун яшаса, бас, у қаср ўқийди. Агар бундан кўпроқ яшашликни ният қилса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳи йили ўн тўққиз кун яшаб, у ерда қаср ўқиганларини ҳужжат қилган ҳолда унга (намозларини) тўла ўқишлиги вожиб бўлади деган фикрга бордилар. Бироқ ушбу (қовлларнинг) барчаси ичидаги таянишга арзигулик раъй, намозни қаср ўқишдан тўсадиган яшашлик (муддати) тўрт ёки ундан озроқ кун эканлигидир. Аксар (фуқаҳолар) ушбу қовлни олганлар ва бунда динни эҳтиёт қилиш ҳамда исломнинг устуни бўлган ушбу буюк ибодатга хатар (етишидан) узоқ бўлиш бордир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳужжатларига жавоб шуки: у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу (ўн тўққиз кунлик) муддатга қолишни қарор қилганлари собит бўлмаган. Балки маълум бир муддатни ният қилмаган ҳолда Маккада ислом асосларини таъсис этиш ва ширк асоротларини йўқ қилиш учун қолдилар. Мусофир маълум бир муддатни ният қилмаса, унга қаср ўқишлиги жоиздир, гарчи юқорида ўтганидек муддат чўзилиб кетса-да.

Илм олиш ёки бошқа нарса сабаб сафар қилган биродарларимга намозни тўла адо этишлари, қаср қилмасликлари ва Рамазон рўзасини тутиб, рўзани қолдирмасликларини насиҳат қиламан. Яшаш (муддати) тўрт ёки ундан озроқ кун бўлишлиги ёҳуд (ушбу муддат) қачон тугашини билмай, (маълум бир вақтга) чекланмаган бўлишлиги бундан мустаснодир. Чунки у бир ҳожат талабидаки, юқорида ўтганидек (ушбу ҳожати) қачон ниҳоя топишини билмайди. Ушбу киши мусофир ҳукмида ва ушбу қовл ана шу мавзуда айтилган энг яхши қовлдир. Аксар илм аҳли ушбу раъйдадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларига биноан динни эҳтиёт қилиш бўлгани учун ҳам ушбу қовлни (олиш) лозим бўлади: «Сени шубҳага солган нарсани қўйиб, сени шубҳага солмайдиган нарсани (ол)» (Термизий (2442), Насоий (5615)). Ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Кимки шубҳалардан сақланса, дини ва обрўсини (мазамматдан) сақлаб олибди» (Бухорий (50), Муслим (2996)). У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада ўн тўққиз кун қолишлари, у киши буни режаламаганликлари, балки дин ишларини ўнглаш, Маккада Аллоҳни (ибодатда) яккалашни таъсис этиш ва юқорида ўтганидек мусулмонларга, уларга нималар вожиб бўлиши борасида йўлланма бериш учун қолдилар деган қовлга йўйилади. Демак, бундан ушбу (ўн тўққиз кунга) қолиш учун қарор қилганликлари келиб чиқмайди. Балки у киши ушбу (муддатга) қарор қилмай қолганликлари, мусулмонларнинг ишларига назар ташлаш, ўнглашга эҳтиёж бўлган нарсаларни ўнглаш ва Маккаи мукаррамада дин шиорларини қоим қилиш билан (бўлиб,) бир неча кун ўтиб кетди (деган қовлга) йўйилади. Бу ўринда у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу (ўн тўққиз кунни) қасд қилганликларига далолат қиладиган бирор нарса йўқки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келганидек, қаср қилиш учун энг қисқа муддат ўн тўққиз кунга чекланади деб ҳужжат келтирилса. Шунингдек, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Табукда йигирма кун туришларида ҳам, алайҳиссалоту ва салламнинг ушбу (муддатни) қасд қилганликларига далолат қиладиган бирор нарса йўқ. Балки зоҳир-аниқ кўриниб тургани шуки, у киши жангга боғлиқ ишларни кузатиб, ҳолатга қараб турдилар. Бу борада у кишининг қатъий (қанча муддатга) қолиш ниятлари йўқ эди. Чунки асл муқим қолишга фақат далил билан қарор қилинмоғидир. У киши эса Румга қарши жиҳод ва жанг учун сафар қилиб, жиҳод ишини кузатиш учун ушбу муддат Табукда сафарда давом этиб, Рум сари юрайми ёки қайтиб кетайми деб қулай фурсатни кутиб қолдилар. Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у кишини Мадинага қайтишларини ихтиёр қилди ва ортга қайтдилар. Мақсад шуки, бу ўринда у киши Маккада ўн тўққиз кун, Табукда эса йигирма кун туришни ният қилганларига далолат қиладиган бирор нарса йўқки, ушбу муддат қаср учун энг оз муҳлат ёки ушбу муддат муқим қолишдаги энг қисқа муддат деб айтилса. Балки бу жумҳур айтгандек ўзга қовлга йўйилади. Муқим қолишдаги чеклов тўрт ёки ундан озроқ кун бўлиб, бундан кўпроқ кунни ният қилса (намозларини) тўла адо этади. (Бу эса) у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада, видолашув ҳажида, ҳаждан олдин тўрт кун турганликларидан олингандир. Албатта у киши тўрт кун турдилар. (Зул Ҳижжанинг) тўртинчи кунидан (бошлаб) то Минога чиқиб кетгунларигача ҳаж учун (ушбу тўрт кун) туришга қарор қилганликларида шак-шубҳа йўқдир.

Илм аҳлидан иборат бир жамоа эса муқим туришдаги чеклов ўн кун деб айтишди. Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада, видолашув ҳажида ўн кун турдилар. Ва ушбу (ўн кунга) у кишининг Мино ва Арафада турганларини ҳам киргазишди. Ва бу борада (ўн кун борасида), ушбу кунлар (ададича) қолишга азму қарор қилгандилар дейишди. Натижада қаср ўқиш жоиз бўлган муддат ўн ёки ундан озроқ кун бўлади. Чунки у киши ушбу (ўн кун қолишга) қарор қилгандилар. Ушбу қовл қувват ва асосга эга. Бироқ жумҳур у кишининг Маккадан Минога йўналишларини сафарга киришиш деб айтди. Чунки у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаж ибодатларини адо этиш учун Минога йўналдилар, сўнг Мадинага сафар қилдилар. Қандай бўлганда ҳам ушбу мақом илм аҳли ўртасида ихтилофли мақомдир. Ва бу борада илм аҳлининг бир қанча қовллари мавжуд. Бироқ бу борадаги энг яхши қовл ва ушбу ўриндаги энг эҳтиётли (йўл), у юқорида ўтганидек жумҳурнинг сўзидир: мусофир бирор шаҳарда ёки бирор маконда тўрт кундан кўпроқ қолишни ният қилса (намозларини) тўла адо этади. Агар (тўрт кун ёки ундан озроқ) туришни ният қилса қаср ўқийди. Маълум бир чекловга қайдланмаган нияти бўлса, эртага ёки иннинга сафар қиламан деб айтса, яъни талаб қилиб юрган бир ҳожати борки, (ушбу ҳожати) қачон тугашини билмайди, ушбу киши сафар ҳукмидадир, гарчи муддат чўзилиб кетса-да. Аллоҳ барчага тавфиқ берсин.

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

http://binbaz.org.sa/mat/1271

Манба: Тавҳид форуми

2 та мулоҳаза

  1. Abdurrahmon → 21.02.2015 йил

    Muhtaram admin sizdan iltimos bir masalani tushunishda menga yordam bersangiz! Men Hanafiy mazhabiga ergashaman! O’qigan darsligimda 15kundan kamga niyat qilgan musofir hukmida deyilgan (yani boshqa shaharda 14kun tursa) shayh bin Boz hazratlari 4 kun demoqdalar! Yoki bu mazhab bilan bog’liq masalami! Javob uchun oldindan tashakkur! Barakollohu fiykum!

  2. Administrator → 21.02.2015 йил

    Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
    Ҳурматли Abdurrahmon. Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, ушбу масалада уламолар орасида катта ихтилоф мавжуд бўлиб, уламолардан йигирмадан зиёд қовл келган.
    Ушбу ва бундан бошқа масалалардаги келишмовчиликни, Аллоҳ таоло мана бу қовлида буюрганидек Китобу-Суннатга қайтаришлик вожиб бўлади: «Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
    Кимга-ки хилофий қовлдан қай бири тўғри бўлиб кўринса, ўшанга эргашиб, амал қилаверади.
    Ижтиҳодий масалалар деб ихтилофлашганлардан бири бошқасига қовоқ-тумшуқ қилиб олмайди ва ушбу масала тортишув ва таассубга етаклаши, ҳамда толиби илмлар ўртасида нафрат уйғонишига сабаб бўлиши жоиз эмас.
    Ушбу масалаларда тўғри қовлга етишиш учун ўзаро олиб борилган изланишдан бирор монелик йўқдир.
    Валлоҳу аълам.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.