Талоқ қилинган хотин қандай қайтарилади?
Талоқ қилинган хотин қандай қайтарилади?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Агар эркак киши хотинини бир ёки икки талоқ қилган бўлса ва идда муддати ҳали тугамаган бўлса (идда муддати – учта ҳайз муддатининг тугаши ёки ҳомиладор аёл учун боланинг туғилиши), унда эр ўз хотинини: «Мен сени қайтариб олдим» ёки «Мен сени сақлаб қолдим» каби сўзлар билан қайтариб олиши мумкин. Бу билан никоҳ саҳиҳ ҳисобланади. Ёки у хотинини қайтаришни ният қилган ҳолда бирор амални қилиши мумкин. Масалан, никоҳни қайта тиклаш мақсадида у билан жинсий алоқа қилишлик. Бу билан ҳам никоҳ қайта тикланади.
Ушбу масаладаги суннат, никоҳни қайта тиклаётгани ҳақида гувоҳларни ҳозир қилишликдир. Яъни иккита эркак гувоҳни чақиришлик. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига мувофиқдир:
«Энди қачон (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар (яъни қайта никоҳлларингизга олинглар) ёки яхшилик билан (яъни, ҳаққи маҳрларини бериб) ажрашинглар. Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар» (Талоқ: 2).
Мана шу тарзда никоҳ қайта тикланади.
Агарда биринчи ёки иккинчи талоқдан сўнг аёлнинг идда муддати тугаса, унда янги никоҳ тузиш керак бўлади. Бу ҳолатда унинг ҳолати бошқа эркаклар ҳолати билан бир хил бўлади: у аёлнинг валийсидан ва аёлнинг ўзидан қўлини сўрайди. Қачонки аёл ва унинг валийси рози бўлса, улар аёлни қондирувчи маҳр ҳақида келишишади. Сўнг икки адолатли гувоҳ олдида никоҳ тузилади.
Агарчи у эркак хотинига охирги, яъни учинчи талоқни берган бўлса, унда хотини унга ҳаром бўлади. Аёл бошқа эркак билан шариатга мувофиқ никоҳ тузиб, у билан жинсий алоқада бўлиб, кейин эса у билан ажралса: ёки талоқ қилса, ёки вафот этганидан кейингина аввалги эри билан никоҳ тузиши мумкин бўлади. Чунки Аллоҳ таоло айтадики:
«Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди» (Бақара: 230).
Эркак учун бошқа эркак билан унинг аввалги хотинига уйланиши, кейин эса талоқ қилишини келишиши ҳаром бўлади. Бу каби амал гуноҳи кабиралар сарасига киради. Бундай никоҳ аёлни аввалги эри учун ҳалол қилмайди. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи эрни ҳам, ўзининг никоҳи билан аёлни аввалги эри учун ҳалоллаб берган иккинчи эрни ҳам лаънатлаганлар.
Қаранг: Шайх Абдулазиз ибн Бознинг «Фатава ат-толақ» китоблари (1-жилд, 195–201 саҳифа).
Манба: Тавҳид форуми


Assalamu alaykum, qilayotgan ishlaringizdan Alloh rozi bulsin va jannatifirdavs bilan taqdirlasin!
Qoriakalar meni bir narsa qiziqtirayapti, birdaniga uch taloq qo’yish bo’lgan degan “ulamolar” ham bor ekan. Ular shunday deyishayaptiki ilgari birdaniga uch taloq bo’lgan lekin hozirgi kunda ajralishlar ko’pligi tufayli uch taloq desa ham bir taloq hisob bo’lishiga ruhsat berishgan degan gapni o’qigan edim.
Iltimos manashu masalani tushuntirib bersalaringiz!
Jazakallohuxoyron.
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Бидъат талоқ тушадими ёки йўқми?
Савол: Бидъат талоқ тушадими ёки йўқми? Агар тушса бир талоқ бўладими ёки уч талоқми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг…
Бидъат талоқ бир неча хилдир. Улардан бири хотинни ҳайз ёки нифос (туғруқ қони) кўраётгани маҳал ёхуд (ҳайз ёки нифос қони тугагач) жинсий алоқа қилмай поклик даврида талоқ қўйишдир. Бундай пайтда талоқ қўйиш билан, тўғриси, талоқ тушмайди. Бидъат талоқларнинг яна бири, хотинни бирданига уч талоқ қўйишдир. Уламоларнинг қувватли қавлларига кўра бундай пайтда бир талоқ тушади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6542–2.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий