Admin   09-05-2010, 04:58 AM
#1
Лайлатул-қадрни қандай ўтказмоқ лозим ва у қайси кеча?

Савол: Лайлатул-қадр, яъни Қадр кечасини қандай ўтказмоғимиз лозим? Уни намоз ўқиш билан ўтказамизми ёки Қуръон тиловат қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиш, дарс ва маърузаларни эшитиш биланми ёки бўлмаса уни масжидда ўтказамизми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Биринчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида бошқа кунлардан ўзгача ғайрат билан ибодатга берилиб, намоз ўқир, Қуръон тиловат қилар ва кўп дуо қилардилар. Оиша разияллоҳу анҳодан имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисга кўра, Рамазоннинг сўнгги ўн куни кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунлари бедор бўлар ва оила аъзоларини ҳам уйғотар ҳамда аёлларига яқинлик қилишдан тийилардилар. Имом Аҳмад ва Муслимнинг бошқа ривоятларида у киши Рамазоннинг сўнгги ўн кунида бошқа кунларда кузатилмайдиган ўзгача ғайрат билан ибодатга қаттиқ бел боғлашлари келтирилади.
Иккинчидан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини савоб умидида иймон билан бедор ўтказишга буюрганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Кимки Қадр кечаси бедор бўлиб, иймон ва савоб умидида ибодат қилса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилгусидир» (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадис Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш буюрилганини кўрсатади.
Учинчидан: Қадр кечаси ўқилиши мумкин бўлган энг яхши дуолардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша разияллоҳу анҳога ўргатган дуоларидир. Имом Термизий ривоят қилган ва муҳаддислар томонидан саҳиҳ деб тасниф этилган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: «Мен: «Ё Расулаллоҳ, агар мен қайсидир кеча Қадр кечаси эканини билсам, ўша кеча нимани айтишим керак?» дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сен «Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул-афва, фаъфу анний», (яъни) «Ё Аллоҳ, дарҳақиқат Сен афв этувчисан. Афв этишни яхши кўрасан. Бас, мени афв эт», деб айтгин» дедилар».
Тўртинчидан: «Рамазоннинг қайси кечаси Қадр кечаси?» деган масалага келсак, бу нарса аниқ ҳужжатни талаб қилади. Ҳадисларда келган маълумотларга биноан, сўнгги ўн кечадаги тоқ кечалар ва Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси бошқаларидан кўра Қадр кечаси бўлишининг эҳтимоли кўпроқ.
Бешинчидан: Бидъатлар масаласига келсак, улар на Рамазонда ва на бошқа пайтларда жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган ҳадисда у киши айтадилар: «Кимки бизнинг мана бу дин ишимизда ундан бўлмаган бирон нарсани ихтиро этар экан, у нарса албатта рад этилади». Бошқа ривоятда эса: «Кимки бизнинг мана бу дин ишимиздан бўлмаган бирон амални қилар экан, у албатта рад этилгусидир», дейилади.
Биз Рамазон кечалари ўтказиладиган баъзи тантаналарнинг бирон асос-далили борлигини билмаймиз. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир, нарсаларнинг ёмони эса одамлар ўзлари ўйлаб топиб, кейин уни диндан деб гумон қилинадиган бидъатлардир.
Тавфиқ Аллоҳдан. Пайғамбаримиз Муҳаммадга ва у зотнинг оилаларию асҳобларига Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.