Admin   05-22-2012, 12:33 PM
#1
Сафарда рўза тутиш афзалми ёки тутмасликми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Уламолар бу масалада 3 хил қавлга бўлинишди:
Биринчи қавл: Жумҳур уламолар сафарда рўза тутишга қийналмайдиган инсон рўза тутгани афзал дедилар.
Иккинчи қавл: Имом Аҳмад рухсатни олиб рўза тутмаслик афзал дедилар.
Учинчи қавл: Баъзи уламолар инсон қай бир йўлни истаса шуни қилиши мумкин: хоҳласа рўза тутсин, хоҳламаса тумасин, иккала ҳолат ҳам бир хил дедилар.[1]
Биринчи қавл: Жумҳур уламоларнинг мазҳабидир.[2] Уларнинг фикрича сафарда рўза тутишга қийналмаганлар рўза тутганлари афзалдир.[3] Уларнинг далиллари имом Бухорий ва Муслимнинг Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир: «Биз Рамазонда қаттиқ иссиқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқдик. Баъзиларимиз иссиқнинг зўридан қўлини бошига қўйиб олар эди. Ичимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва Абдуллоҳ ибн Равоҳадан бошқа рўзадор йўқ эди».
Бу ҳадисдаги далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иссиқнинг зўрида рўза тутганликларидир. Бу сафарда рўза тутишнинг фазилатига далолат қилади. Агар рўза тутмаслик афзал бўлганида эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилган бўлардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи сафарларида рўза тутмаганларига сабаб, умматларига қийинлаштирмаслик ва сафарда рўза тутишга қийналганларга рўза тутмаслик мумкин эканлигини кўрсатиш учун бўлган эди. Рўза тутишга қийналмаганлар учун эса рўза тутишлари афзалдир.
Иккинчи қавл: Кўпгина уламолар рўза тутмасдан рухсатни олишлик афзал дейишди. Бу ал-Авзоий, Аҳмад, Исҳоқ ибн Равоҳайҳнинг мазҳабидир. Улар далил сифатида имом Муслимнинг Ҳамза ибн Амр ал-Асламийдан ривоят қилган ҳадисни келтирдилар. У киши сўради: «Эй Расулуллоҳ, мен ўзимда сафарда рўза тутишга куч топаябман. Бу ишда менга гуноҳ борми?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Бу рухсат Аллоҳдандир (яъни Аллоҳ сафарда рўза тутмасликка рухсат берган). Ким бу рухсатни олса яхши бўлади. Ким рўза тутса бунда унга гуноҳ йўқдир».
Ушбу ҳадисдаги далил ҳақида ибн Таймийя айтганлар: «Ҳамза Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сафарда рўза тутишга қодир эканлиги ва бу у учун осон эканлиги ҳақида айтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Бу рухсат Аллоҳдандир. Ким бу рухсатни олса яхши бўлади» дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «яхши бўлади», яъни мақсадга мувофиқ бўлади дедилар. Агар кимки рўза тутишни истаса унга гуноҳ йўқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «гуноҳ йўқдир» сўзлари фақатгина рўза тутишга рухсат эканлигини кўрсатмоқда. Тафаккур қилганлар учун бу тушунарли бўлиши керак».[4]
Ибн Таймийя ва унинг фикрига эътироз: Ҳамза ибн Амр ал-Асламийдан «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» ривояти рухсат ҳақидаги ривоятдан саҳиҳроқ ровийлар орқали етиб келган. Улар Абдуллоҳ ибн Вағба Амр ибн ал-Хорисадан, Абул-Асваддан, Урва ибн Зубайрдан, ал-Марваҳдан, Ҳамзадан етиб келган.
Имом Насоий «ас-Суғра» (4/186) да: «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» жумласини Убайдуллоҳ ибн Саиддан келтириб айтади: «Амаким ушбу матнни отамдан, у эса Абу Мирваҳадан, у эса Ҳамзадан ривоят қилди».
Шунингдек имом Аҳмад (3/494), Таҳовий «Маани ал-асар» (2/69) нинг шарҳида, Табароний «ал-Кабир»да Саид ибн Аби Урвадан, Қатодадан, Сулаймон ибн Ясирадан, Ҳамза ибн Ясирадан «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» жумласини ривоят қилишган.
Шунингдек яна бошқа кўпгина ривоятлар мавжуд. Улардан баъзилари заифдир.
Буларнинг барчаси зоҳиран қаралганда Ҳамза билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам орасидаги ҳодиса бир мартагина содир бўлганлигини кўрсатмоқда. Демак, икки ҳолатдан бирини ихтиёр қилишимиз керак. Шубҳасиз ровийлар силсиласи саҳиҳроқ матнни ихтиёр қиламиз.[5]
Ибн ал-Арабий айтади: «Тўғриси шуки, умумий оят сабабли сафарда рўза тутишлик афзалдир: «Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 184). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда рўза тутмаганликларига келсак, (ҳадисда келишича) одамлар рўза тутишга қийналдилар ва улар (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзаларидан воз кечишларини кутдилар. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзаларидан воз кечдилар (яъни очиб юбордилар). Рўзани тутишда қийналган рўзасини очиб юборишида ихтилоф йўқдир».
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисида айтилишича: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан рамазонда жиҳодга чиқар эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди».
Ибн Ҳажар айтади: «Бошқалар: бунда ихтиёр бор, хоҳласа рўза тутади, хоҳламаса рўза тутмайди дедилар».[6]
Яна бир гуруҳ уламолар инсонга нима қулай бўлса ўшани қилиши афзал дедилар. Аллоҳ айтади: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185). Агар унга рўзасини очиб юбориш яхши бўлса, демак бу унинг ҳаққи. Агарда у учун рўза тутгани енгилроқ бўлса, масалан, кейин қазосини тутиб беришликка қийналса, унда у учун рўза тутгани афзалдир.
Умар ибн Абдулазиз ва ибн Мунзир шу фикрда бўлишган.
Хулоса қилиб айтганда, жумҳур уламоларнинг қавли қуйидагичадир:
Ким рўза тута олса рўза тутгани афзал. Ким рўза тута олмаса ёки рухсатни олишга ҳаё қилса, рўза тутмасин. Кимга фарқи бўлмаса (ҳар қандай ҳолатда ҳам қийналмаса), рўза тутиш ва уни тутмасликдан бирини танлайди.
Аллоҳ билгувчироқдир!



____________________________________________________



[1] Қаранг: «Бидаяту ал-мужтаҳид» 1/296.
[2] Улардан имом Молик, Шофиий ва Абу Ҳанифа, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!
[3] Қаранг: «Фатҳул Борий» 4/216.
[4] Фатава, китабу ас-сиям, 216.
[5] яъни «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» ривояти назарда тутилаябти.
[6] Фатҳул Борий, 4/216.
Admin   05-22-2012, 02:17 PM
#2
«Саҳифамизга келган савол» Wrote:Bu yerda farz ro’zasi nazarda tutilgan bo’lsa,
unda safarda nafl ro’za masalan har dushanba va payshanba kunlari va h,k.
Umuman safarda nafl ro’za tutkan avfzalmi yoki tutmaganmi?
Jazakallohu xoyron.
http://tavhid.com/kitoblar/roza/safarda-...omment-820
mutaallim   05-22-2012, 08:50 PM
#3
Қай бири афзал: Сафарда оғиз очишликми ёки рўза тутишлик?

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир.
“Тўрт имом ҳамда жумҳур саҳоба ва тобеинлар сафарда рўза тутишлик саҳиҳ, қарор топган ишдир. Ва агар киши рўза тутса рўзаси раводир, деган фикрга бордилар”. Мавсуа ал-фиқҳийя (28/73).
Қай бири афзал деган сўзга келсак, ушбу қуйидаги тафсилот ила маълум бўлади:
Биринчи ҳолат: Рўза тутиши билан оғиз очиши баробар бўлса, яъни, рўза унга салбий таъсир қилмаса, ушбу ҳолатда қуйидаги далилларга биноан унга рўза тутишлиги афзал бўлади:
а) Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Рамазонда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жуда қаттиқ иссиқда (сафарга) чиқдик. Ҳатто биримиз қўлини офтоб тиғидан бошига қўярди. Орамизда фақат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абдуллоҳ ибн Роваҳа рўзадор эди”. (Бухорий (1945), Муслим (1122)).
б) Зиммадаги вожиботдан тезроқ қутулади. Қазо рўза (ўз-ўзидан) кечроқ адо этилади. Вожибот бўлмиш Рамазон рўзасини адо этишлик эса муқаддам қилинади.
в) Ушбу (яъни, Рамазон рўзасини ўз вақтида тутишлик) кўпинча енгил кечади. Чунки одамлар билан бирга рўза тутиб, оғиз очишлик рўзани (бир ўзи) қайта бошлашга қараганда енгилроқдир.
г) Фазилатли онлар бўлмиш Рамазон(да рўза тутишлик бахти)га муяссар бўлади. Албатта Рамазон бошқа ойлардан афзалдир. Чунки у (рўза) вожиб бўлиш онларидир. Ушбу далиллар сабабли Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтган қовл рожиҳки, рўза тутишлик ва оғиз очишлик баробар бўлган киши ҳаққида рўза тутишлик афзалдир.
Иккинчи ҳолат: Оғиз очишлик енгил келади. Шунда айтамизки: оғиз очишлик афзалдир. Агар баъзи нарсалар унга машаққатли бўлса, у кишига рўза тутишлик макруҳ бўлади. Чунки рухсат бўла туриб киши ўзини машаққатга қўйиши Аллоҳ азза ва жалланинг рухсатидан бурилишни англатади.
Учинчи ҳолат: рўза тутишлик адо этиб бўлмас даражада оғир машаққат туғдиради. Ушбу ҳолатда у кишига рўза тутишлик ҳаром бўлади.
Ушбуга далил Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисдир: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда Маккани фатҳ (қилиш учун ҳижратнинг ўнинчи) йили чиқдилар. У киши ва одамлар рўза тутишганди. “Куроъал Ғомим”га (жой номи) етгач бир қадаҳ сув (келтиришга) буюрдилар. Уни (сувни оғизларига) кўтардилар. Одамлар тикилиб туришарди. Сўнг ичдилар. Ана шундан сўнг у кишига айтилдики: дарҳақиқат, баъзи кишилар рўза тутгандилар. У киши эса: “Ана ўшалар итоатсизлардир. Ана ўшалар итоатсизлардир”, дедилар”. Бошқа бир ривоятда эса: “У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтилдики: одамларга рўза тутишлик машаққат туғдирди. Улар сиз қилган ишга қараб турибдилар. Шунда асрдан сўнг бир қадаҳ сув (олиб келишга) буюрдилар”. (1114). У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оғир машаққат бўла туриб рўза тутганларни итоатсизлар дея сифатладилар”. Шайх Муҳаммад ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ал-Мумтиъ” (6/355).
Нававий ва Камол ибн Ҳумам шундай деди: “Оғиз очишликни афзал эканига далолат қиладиган ҳадислар рўза тутиш сабабли зарар кўрадиган киши ҳақидадир. Бази ҳадисларда эса ушбу очиқ айтилган. Ҳадислар жамлансин учун ана шундай изоҳ киритишдан ўзга чора йўқдир. Ва бу бази ҳадисларни аҳамиятсиз қолдиришдан, ёки бирор қатъий далилсиз мансух бўлган дея даъво қилишдан авлороқдир. Рўза тутиш ва оғиз очиш баб-баробардир дейдиганлар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларини далил сифатида ёдга олдилар: “Ҳамза ибн Амр ал-Асламий розияллоҳу анҳу пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди: “Сафарда рўза тутаманми?”. -У кўп рўза тутарди.- У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хоҳласанг рўза тут. Хоҳласанг тутма”, дедилар”. Муттафақун алайҳ”.
Мавсуъа Фиқҳийя (28/73).
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.