(06-23-2011, 11:28 PM)beruni2008 Wrote: Ассаламу алейкум ва рахматуллахи ва баракатух!
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
(06-23-2011, 11:28 PM)beruni2008 Wrote: агар бир аёл ахли жаннат булса ва у уч ёки туртта эрга теккан булса, (бу дунёда) туррта эри хам ва аёлнинг узи хам жаннатга тушса, аёл кайси эри билан бирга булади
Аёл Жаннатда ким билан бирга бўлади?
Агар аёл кишининг ҳаёти мобайнида бир нечта эри бўлган бўлса, яъни аввалгисининг ўлимидан сўнг кейингисига эрга теккан бўлса, ана шундай аёл Жаннатда ким билан бирга бўлади?
Ушбу масала борасида уламолар уч хил қавлни айтишган.
Биринчи қавл шундан иборатки, унда айтилишича аёл киши Жаннатда энг хулқи яхшироқ бўлган эри билан бирга бўлади. Ушбу қавл тарафдорлари далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирадилар: Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳадан ривоят қилинишича, кунларнинг бирида у киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Агар ҳаёти мобайнида иккита эри бўлган аёл бўлса, Жаннатда қайси бири билан бирга бўлади?» Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Эй Умму Ҳабиба, у хулқи яхшироғи билан бирга бўлади. Чунки гўзал хулқ бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам энг афзал (нарса)дир».
Ушбу ҳадис заифдир. Унинг заифлиги ҳақида имом Абу Хотим, Яҳё ибн Маъин, Насоий, Бухорий, Аздий, Дорақутний, Ибн Адий, Заҳабий ва бошқа кўпгина имомлар айтишди (Қаранг: «ад-Дуъафа» 2/171, «Жарҳ ва таъдил» 5/401, «ал-Камил» 5/347).
Шунга биноан, яъни ушбу ҳадис заифлиги сабабидан, ушбу қавл ҳисобга олинмайди.
Иккинчи қавл шундай иборатки, унда айтилишича аёл қайси эри билан бирга бўлишини ўзи танлайди. Бироқ ушбу қавл соҳиблари бирор нарсага таянишмайди, яъни далиллари йўқ. Шайх Мунажжид деди: «Мен ушбу қавл тарафдорларининг бирорта ҳам далилларини кўрмадим» (Қаранг: «Ислом савол ва жавоб» № 8068).
Ушбу қавлни лозим топган уламолардан бири шайх Ибн Усаймин бўлган. Бироқ ушбу қавл ҳам ҳисобга олинмайди. Чунки у бирор асосга эга эмас.
Ва ниҳоят учинчи қавл ва ягона тўғри қавл шундан иборатки, унда айтилишича аёл бу дунёда охирги эри бўлган кимса билан Жаннатда бирга бўлади. Ушбу қавл тўғри эканига қуйидаги далиллар далолат қилади.
Ривоят қилинишича Муовия Абу Дардонинг вафотидан сўнг Умму Дардога (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!) совчи қўйди. Шунда Умму Дардо деди: «Дарҳақиқат, мен Абу Дардонинг мана бундай деганини эшитганман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканларки: «Эри вафот этган, ундан сўнг эрга теккан ҳар қандай аёл, унинг охирги эри ким бўлган бўлса, ўша билан бўлади»». Умму Дардо деди: «Мен Абу Дардони сенга алмаштиришни истамайман» (Табароний «ал-Авсат» 3/275, Асбаҳоний «ат-Табақот» 4/36, ал-Хатиб «Тарих» 9/228).
Шунингдек Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аёл охирги эрининг хотини бўлади» (Хароитий ривояти).
Ушбу ҳадислар бир неча ривоятлар силсиласига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири бошқасини қувватлайди. Шу сабабдан ҳам имом Абу Шайх, ҳофиз Суютий ва Албоний ҳадисни саҳиҳлигини тасдиқлашди (Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1281 ва «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 2704, 6691).
Шунингдек ушбу ҳадисларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан келган асарлар қувватлайди. Ривоят қилинишича Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ўз хотинига айтган экан: «Агар Жаннатда менинг хотиним бўлишни истасанг, унда менинг вафотимдан кейин турмушга чиқма. Чунки аёл Жаннатда охирги эри билан бўлади. Айни шу сабабдан ҳам Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларига ундан кейин турмушга чиқишни таъқиқлади. Чунки улар унинг Жаннатдаги хотинлари бўлишади» (Байҳақий «Сунан» 7/69).
Шунингдек ривоят қилинишича, Асмо Зубайр билан ажрашишни истаганида унинг отаси Абу Бакр (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) уни бундай қилмасликка кўндирди ва деди: «Эй қизалоғим, сабр қил. Чунки агарда аёлнинг солиҳ эри бўлса, у унинг ўлимидан сўнг турмуш қурмаган бўлса, унда Аллоҳ уларни Жаннатда жамлайди» (Ибн Асокир 1/193).
Хулоса:
Аёл хулқи яхшироқ эри билан бирга бўлишига келсак, ушбу қавлнинг далили саҳиҳ эмас. Аёл эрларидан бирини ўзи танлайди деган қавлга келсак, унинг умуман ҳеч қандай далили мавжуд эмас. Аёл охирги эри билан бирга бўлиши ҳақидаги қавл эса ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки у Умму Дардо ҳадисига суянади. У эса ўз ўрнида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни далил қилади ва ушбу қавл Ҳузайфа ва Асмо каби саҳобаларнинг асарлари билан қувватланади. Валлоҳу аълам.
Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!