Сафарда рўза тутиш афзалми ёки тутмасликми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Уламолар бу масалада 3 хил қавлга бўлинишди:
Биринчи қавл: Жумҳур уламолар сафарда рўза тутишга қийналмайдиган инсон рўза тутгани афзал дедилар.
Иккинчи қавл: Имом Аҳмад рухсатни олиб рўза тутмаслик афзал дедилар.
Учинчи қавл: Баъзи уламолар инсон қай бир йўлни истаса шуни қилиши мумкин: хоҳласа рўза тутсин, хоҳламаса тумасин, иккала ҳолат ҳам бир хил дедилар.[1]
Биринчи қавл: Жумҳур уламоларнинг мазҳабидир.[2] Уларнинг фикрича сафарда рўза тутишга қийналмаганлар рўза тутганлари афзалдир.[3] Уларнинг далиллари имом Бухорий ва Муслимнинг Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир:
«Биз Рамазонда қаттиқ иссиқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқдик. Баъзиларимиз иссиқнинг зўридан қўлини бошига қўйиб олар эди. Ичимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва Абдуллоҳ ибн Равоҳадан бошқа рўзадор йўқ эди».
Бу ҳадисдаги далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иссиқнинг зўрида рўза тутганликларидир. Бу сафарда рўза тутишнинг фазилатига далолат қилади. Агар рўза тутмаслик афзал бўлганида эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилган бўлардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи сафарларида рўза тутмаганларига сабаб, умматларига қийинлаштирмаслик ва сафарда рўза тутишга қийналганларга рўза тутмаслик мумкин эканлигини кўрсатиш учун бўлган эди. Рўза тутишга қийналмаганлар учун эса рўза тутишлари афзалдир.
Иккинчи қавл: Кўпгина уламолар рўза тутмасдан рухсатни олишлик афзал дейишди. Бу ал-Авзоий, Аҳмад, Исҳоқ ибн Равоҳайҳнинг мазҳабидир. Улар далил сифатида имом Муслимнинг Ҳамза ибн Амр ал-Асламийдан ривоят қилган ҳадисни келтирдилар. У киши сўради:
«Эй Расулуллоҳ, мен ўзимда сафарда рўза тутишга куч топаябман. Бу ишда менга гуноҳ борми?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Бу рухсат Аллоҳдандир (яъни Аллоҳ сафарда рўза тутмасликка рухсат берган). Ким бу рухсатни олса яхши бўлади. Ким рўза тутса бунда унга гуноҳ йўқдир».
Ушбу ҳадисдаги далил ҳақида ибн Таймийя айтганлар:
«Ҳамза Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сафарда рўза тутишга қодир эканлиги ва бу у учун осон эканлиги ҳақида айтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Бу рухсат Аллоҳдандир. Ким бу рухсатни олса яхши бўлади» дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «яхши бўлади», яъни мақсадга мувофиқ бўлади дедилар. Агар кимки рўза тутишни истаса унга гуноҳ йўқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «гуноҳ йўқдир» сўзлари фақатгина рўза тутишга рухсат эканлигини кўрсатмоқда. Тафаккур қилганлар учун бу тушунарли бўлиши керак».[4]
Ибн Таймийя ва унинг фикрига эътироз: Ҳамза ибн Амр ал-Асламийдан
«Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» ривояти рухсат ҳақидаги ривоятдан саҳиҳроқ ровийлар орқали етиб келган. Улар Абдуллоҳ ибн Вағба Амр ибн ал-Хорисадан, Абул-Асваддан, Урва ибн Зубайрдан, ал-Марваҳдан, Ҳамзадан етиб келган.
Имом Насоий «ас-Суғра» (4/186) да:
«Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» жумласини Убайдуллоҳ ибн Саиддан келтириб айтади:
«Амаким ушбу матнни отамдан, у эса Абу Мирваҳадан, у эса Ҳамзадан ривоят қилди».
Шунингдек имом Аҳмад (3/494), Таҳовий «Маани ал-асар» (2/69) нинг шарҳида, Табароний «ал-Кабир»да Саид ибн Аби Урвадан, Қатодадан, Сулаймон ибн Ясирадан, Ҳамза ибн Ясирадан «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» жумласини ривоят қилишган.
Шунингдек яна бошқа кўпгина ривоятлар мавжуд. Улардан баъзилари заифдир.
Буларнинг барчаси зоҳиран қаралганда Ҳамза билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам орасидаги ҳодиса бир мартагина содир бўлганлигини кўрсатмоқда. Демак, икки ҳолатдан бирини ихтиёр қилишимиз керак. Шубҳасиз ровийлар силсиласи саҳиҳроқ матнни ихтиёр қиламиз.[5]
Ибн ал-Арабий айтади:
«Тўғриси шуки, умумий оят сабабли сафарда рўза тутишлик афзалдир: «Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 184). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда рўза тутмаганликларига келсак, (ҳадисда келишича) одамлар рўза тутишга қийналдилар ва улар (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзаларидан воз кечишларини кутдилар. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзаларидан воз кечдилар (яъни очиб юбордилар). Рўзани тутишда қийналган рўзасини очиб юборишида ихтилоф йўқдир».
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисида айтилишича:
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан рамазонда жиҳодга чиқар эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди».
Ибн Ҳажар айтади:
«Бошқалар: бунда ихтиёр бор, хоҳласа рўза тутади, хоҳламаса рўза тутмайди дедилар».[6]
Яна бир гуруҳ уламолар инсонга нима қулай бўлса ўшани қилиши афзал дедилар. Аллоҳ айтади:
«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185). Агар унга рўзасини очиб юбориш яхши бўлса, демак бу унинг ҳаққи. Агарда у учун рўза тутгани енгилроқ бўлса, масалан, кейин қазосини тутиб беришликка қийналса, унда у учун рўза тутгани афзалдир.
Умар ибн Абдулазиз ва ибн Мунзир шу фикрда бўлишган.
Хулоса қилиб айтганда, жумҳур уламоларнинг қавли қуйидагичадир:
Ким рўза тута олса рўза тутгани афзал. Ким рўза тута олмаса ёки рухсатни олишга ҳаё қилса, рўза тутмасин. Кимга фарқи бўлмаса (ҳар қандай ҳолатда ҳам қийналмаса), рўза тутиш ва уни тутмасликдан бирини танлайди.
Аллоҳ билгувчироқдир!
____________________________________________________
[1] Қаранг: «Бидаяту ал-мужтаҳид» 1/296.
[2] Улардан имом Молик, Шофиий ва Абу Ҳанифа, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!
[3] Қаранг: «Фатҳул Борий» 4/216.
[4] Фатава, китабу ас-сиям, 216.
[5] яъни «Хоҳласанг, рўза тут, хоҳламасанг тутма» ривояти назарда тутилаябти.
[6] Фатҳул Борий, 4/216.