Бу қиёмнинг давомлиги ва унда тўхтаб туриш фарзлиги
Олдин айтилганидек, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қиёмларини рукуъчалик вақт турардилар. Балки “Баъзан шундай турардиларки, ҳатто турган одам: “[Узоқ вақт турганларидан] унутиб қўйганлари аниқ” дерди”.[394]
Намозни ёмон ўқиганга бу қиёмда тўхтаб туришга буюрдилар: “Кейин бошингни кўтар, то ростланмагунингча [ва ҳар бир суяк ўз жойига қайтиб келмагунича]. (Бир ривоятда: “Агар кўтарилсанг, умуртқангни тўғрила, бошингни токи суяклар бўғинларга қайтмагунича кўтар”. Шунингдек унга эслатдилар: “Одамларнинг биронтасининг намози тўлиқ бўлмайди, агар шуни қилмаса”.[395]
Айтардилар: “Аллоҳ азза ва жалла банда намозида рукуъ билан саждада умуртқасини ростлаб турмаса, намозига қарамайди”.[396]
Сажда
Кейин “ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир айтиб саждада йиқилардилар”[397], намозни ёмон ўқиганни ҳам шунга буюриб айтдилар: “Одамлардан биронтасининг намози тўлиқ бўлмайди токи ... “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” демагунича; қаддини ростлаб “Аллоҳу акбар” демагунича, сўнг бўғинлари барқарорлик топиб сажда қилмагунича”.[398] “Агар сажда қилмоқчи бўлсалар, такбир айтардилар, [қўлларини ёнларидан олардилар], кейин сажда қилардилар”.[399] “Баъзан сажда қилаётганларида қўлларини кўтарардилар”.[400]
Саждада қўлга йиқилиш
“Қўлларини ерга тиззаларидан олдин қўярдилар”.[401]
Шунга буюрардилар ва айтардилар: “Сизлардан биронтангиз сажда қилса, туяга ўхшаб тиззага чўкмасин ва қўлларини тиззаларидан олдин қўйсин”.[402]
Айтар эдилар: “Албатта қўллар юз каби сажда қилишади. Сизлардан биронтангиз юзини қўйса, қўлларини ҳам қўйсин. Агар у (юз)ни кўтарса, у иккови (қўллари)ни ҳам кўтарсин”.[403]
“Кафтларига тиралиб, уларни ёярдилар”[404], кафт бармоқларини ёпиб қисардилар[405] ва уларни қиблага қаратардилар.[406]
“Уларни (қўлларини саждада) елка баробарида қилардилар”,[407] гоҳо эса “қулоқлари баробарида”.[408]
“Бурунларини ва пешоналарини ерга маҳкам жойлаштиралдилар”.[409]
Намозни ёмон ўқиганга айтдилар: “Агар сажда қилсанг, саждада барқарор туриб ол”.[410] Бир ривоятда: “Агар сажда қилсанг, токи ҳар бир суягинг ўз жойига келмагунича юзингни ва қўлларингни маҳкам жойлаштириб ол”.[411]
“Буруни билан пешонаси ердан теккан жойга тегмагунича намоз йўқ”.[412]
“Яна тиззалари ва қадамларининг учини маҳкам жойлаштирардилар”,[413] “[қадамларининг устки қисмини] ва оёқларининг учини қиблага қаратардилар”,[414] “товонларини (бир-бирига яқинлаштириб) йиғардилар”,[415] “қадамларини тикка қўярдилар”[416], ва “шунга буюрардилар”[417], ҳамда оёқ бармоқларини қадамнинг ички томонига яқинлаштириб букардилар,[418] орқаларини кўтарардилар[419], (тирсакларини белларидан ва ердан) узоқлаштирардилар.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган еттита аъзо мана шулар: икки кафт, икки тизза, икки қадам, пешона ва бурун. Охирги икки аъзони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтиб бир аъзо каби қилдилар: “Етти аъзога сажда қилишга: пешонага – ва бурунга қўллари билан кўрсатдилар – икки қўлга (бир лафзда: икки кафтга), икки тиззага, икки қадамнинг учига буюрилдим (бошқа ривоятда: сажда қилишга буюрилдик), кийим ва сочни йиғмасликка[420] (буюрилдик)”.[421]
Айтардилар: “Банда сажда қилганида у билан тўрт аъзо сажда қилади: юзи, икки кафти, икки тиззаси, икки қадами”.[422]
Бир киши ул зотнинг орқаларида сочини кокилга ўраб[423] намоз ўқиганида у ҳақида айтдилар: “Бу худди қўллари орқасига боғланиб намоз ўқиётганга ўхшайди”.[424] Яна айтдилар: “Бу шайтоннинг орқаси”, яъни шайтоннинг ўтирадиган жойи, яъни кокил бойланган жой(ни айтдилар).[425]
“Билакларини ерга ёймасдилар”[426], балки “қўлларини ердан кўтарадилар ва ёнларидан узоқлаштирардилар ҳатто орқадан қўлтиқларининг оқи кўринарди”,[427] “ҳатто агар қўзичоқ қўллари остидан ўтмоқчи бўлса, ўтарди”.[428]
Бу ишда шунчалик тиришардиларки, ҳатто баъзи саҳобалар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганларида қўлларини ёнларидан узоқлаштирганларидан раҳмимиз келарди” дейишди.[429]
Шунга буюриб айтардилар: “Агар сажда қилсанг, қўлларингни (ерга) қўй ва тирсакларингни кўтар”.[430] Айтардилар: “Саждада тўғриланинглар ва билакларингизни ит ёйиши билан (бир ривоятда: ит ёйгандек) (ерга) ёйманглар”.[431] Бошқа лафз ва бошқа ҳадисда айтардилар: “Сизлардан ҳеч ким билакларини (ерга) ит ёзиши билан ёзмасин”.[432] Дердилар: “Билакларингни [ҳайвон ёзиши билан] (ерга) ёзма, кафтларингга таян, қўлларингнинг ўртасидан узоқлаш. Дарҳақиқат, шундай қилсанг, сенинг ҳар бир аъзоинг сен билан бирга сажда қилади”.[433]
Саждада тўхтаб туришнинг фарзлиги
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждани тўлиқ қилишга буюрардилар, бундай қилмаганни оч одамга ўхшатардилар: у бир-икки хурмо еди, аммо улар буни ҳеч нарсадан тўйғизмади. Айтардилар: “Албатта у одамларнинг энг ёмон ўғриларидан”.
Рукуъ ва саждада умуртқасини ушлаб турмаган одамнинг намозини ботил (бузилган, саҳиҳ эмас) деб ҳукм қилганлар, “рукуъ”да тафсилоти келгани каби. Олдинги бобда келгани каби намозни ёмон ўқиганни ҳам саждада тўхтаб туришга буюрдилар.
Саждадаги зикрлар
Бу рукнда турли зикрлар ва дуоларни айтардилар, баъзан бирини, баъзан бошқасини.
1- ((سبحان ربي الأعلى (ثلاث مرات) )).
1. “Субҳана роббиял-аъло” (Олий Роббим айбу нуқсон ва тенглардан пок) – уч марта[434], гоҳо “ундан кўпроқ такрорлардилар”.[435]
Бир марта тунги намозда бу зикрнинг такрорлашини кўпайтирдилар, ҳатто рукуълари қиёмларига яқинлашиб қолди ва қиёмда узун энг суралардан учтасини ўқирдилар: “Бақара”, “Нисо”, “Оли Имрон”. “Тунги намоз”да айтилганидек намозда дуо ва истиғфор қилардилар.
2- ((سبحان ربي الأعلى وبحمده (ثلاثاً) )).
2. “Субҳана роббиял-аъло ва биҳамдиҳи” (Олий Роббим айбу нуқсон ва тенглардан пок, у сабабли унга бу тасбиҳни айтаман) – уч марта.[436]
3 - ((سبوح قدوس رب الملائكة والروح)).
3. Суббууҳун қуддусун[437] роббул-малааикати вар-рууҳ. (Аллоҳ) тенги бўлишдан узоқ, баракотли, айбу нуқсондан пок Зот, малоикалар ва Руҳнинг Роббиси.)[438]
4 - ((سبحانك اللهم! وبحمدك، اللهم! اغفر لي. وكان يكثر منه في ركوعه وسجوده؛ يتأول القرآن)) .
4. “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика. Аллоҳуммафғирли”. (Аллоҳим айбу нуқсондан поксан, Сен сабабли (бу тасбиҳни айтяпман). Аллоҳим, мени кечиргин). Буни рукуъ ва саждада кўп қилардилар ва Қуръонни (бу зикр билан) тафсир қилардилар.[439]
5 - ((اللهم! لك سجدت، وبك آمنت، ولك أسلمت، [وأنت ربي]، سجد وجهي للذي خلقه وصوّره، [فأحسن صوره]، وشق سمعه وبصره، [فـ] تبارك الله أحسن الخالقين)).
5. Аллоҳумма лака сажадту, ва бика аманту. Ва лака асламту, [анта роббий], сажада ваджхий лиллазий холақоҳу ва соввараҳу, [фа аҳсана сувараҳу], ва шаққо самъиҳии ва басириҳии, [фа] табаракаллоҳу аҳсанул-холиқийн. (Аллоҳим, Сенга сажда қилдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таслим бўлдим, [Сен менинг Роббимсан] юзим уни яратган ва унга сурат берганга [ва суратини чиройли қилганга] ҳамда унга эшитиш ва кўришни берганга сажда қилди. Яратувчиларнинг энг яхшиси бўлган Аллоҳ барокатли бўлди.)[440]
6 - ((اللهم! اغفر لي ذنبي كله، ودقه وجلّه، وأوله وآخره، وعلانيته وسره)) .
6. Аллоҳуммағфирлии занбии куллиҳии ва, ва диққиҳии ва жиллиҳи, ва аввалиҳии ва аахириҳии, ва ъалааниятиҳи ва сирриҳии. (Аллоҳим, барча гуноҳиларимни, кичигию каттасини, бошию охирини, очиғию махфийсини кечиргин.)[441]
7 - ((سجد لك سوادي وخيالي، وآمن بك فؤادي، أبوء بنعمتك عليّ، هذي يدي وما جنيتُ على نفسي)).
7. Сажада лака саваадии ва хойаалии, аамана бика фуаадии, абуу биниъматика ъалаййа, ҳаазии йадии ва маа жанайту ъалаа нафсии. (Сенга баданим ва соям сажда қилди, Сенга қалбим иймон келтирди, Сенинг неъматларингги тан оламан, бу менинг қўлим ва мен ўзимга қарши қилган нарса.)[442]
8 - ((سبحان ذي الجبروت والملكوت والكبرياء والعظمة)).
8. Субҳаана зил-малакуути вал-жабаруути, вал-кибрийааи вал-ъазомат”. Куч-қудрат, мулк, кибр ва улуғлик Эгаси айбу нуқсондан покдир – буни тунги намозларда айтардилар.[443] Бу ва кейинги зикрни тунги намозларда қилардилар.
9 - ((سبحانك [اللهم!] وبحمدك، لا إله إلا أنت)).
9. Субҳаанака [аллоҳумма] ва биҳамдика, лаа илааҳа иллаа анта”. (Аллоҳим айбу нуқсондан поксан, Сен сабабли (бу тасбиҳни айтяпман). Сендан бошқа илоҳ йўқ).[444]
10- ((اللهم! اغفر لي ما أسررت، وما أعلنت)).
10. “Аллоҳуммағфирли маа асрорту ва маа аъланту”. (Аллоҳим, яширин ва очиқ қилган гуноҳларимни кечиргин.)[445]
11 - ((اللهم! اجعل في قلبي نوراً، [وفي لساني نوراً]، واجعل في سمعي نوراً، واجعل في بصري نوراً، واجعل من تحتي نوراً، واجعل من فوقي نوراً، وعن يميني نوراً، وعن يساري نوراً، واجعل أمامي نوراً، واجعل خلفي نوراً، [واجعل في نفسي نوراً]،وأعظِم لي نوراً)).
11. Аллоҳуммажъал фий қолбии нуурон, [ва фий лисаании нуурон] важъал фий самъии нуурон, важъал фий басории нуурон, важъал фий мин таҳтии нуурон, важъал фий мин фавқии нуурон, ва ъан ямиинии нуурон, ва ъан ясаарии нуурон, важъал амаамии нуурон, важъал холфии нуурон, [важъал фии нафсии нуурон], ва ъазим лии нуурон. (Аллоҳим, қалбимда нур қил, [тилимда нур], эшитишимда нур қилгин, кўришимда нур қилгин, остимда нур қилгин, устимда нур қилгин, ва ўнг томонимни нур, ва чап томонимни нур, олдимни нур, ортимни нур, [ўзимда нур қилгин] мен учун нурни кўпайтиргин.)[446]
12 - (([اللهم!] [إني] أعوذ برضاك من سخطك، و[أعوذ] بمعافاتك من عقوبتك، وأعوذ بك منك، لا أحصي ثناء عليك أنت كما أثنيت على نفسك)).
12. “Аллоҳумма [иннии] аъуузу биризоока мин сахотика, ва [аъуузу] бимуъаафаатика мин ъуқуубатика, ва аъуузу бика минка, лаа уҳсии санааун ъалайка, анта камаа аснайта ъалаа нафсика”. (Аллоҳим, розилигинг билан ғазабингдан [мен] паноҳ сўрайман, ва офиятинг билан уқубатингдан [паноҳ сўрайман], ва Сенинг паноҳингни Ўзингдан сўрайман, Сенга мақтовларни санай олмайман, Сенга Ўзинг мақтаганингдек мақтовлар бўлсин.)[447]
Саждада Қуръон ўқишнинг тақиқланиши
“Рукуъ ва саждада Қуръон ўқишдан қайтарардилар”.[448] Айтардилар: “Огоҳ бўлинглар, мен сизларни рукуъ ва саждада Қуръон ўқишдан қайтардим. Рукуъда Роб азза ва жаллани улуғлангизлар, саждада эса дуода тиришинглар, у (сажда) сизларга ижобат бўлишига арзийди”.[449] Айтардилар: “Банда роббисига энг яқин бўлган ҳоли сажда қилганида. Бас, [унда] дуони кўпайтиринглар”.[450]
Сажданинг давом этиши
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаларини рукуъларига деярли баробар қилардилар, баъзан содир бўлган ишга қараб уни узайтирардилар, худди баъзи саҳобалар айтганидек:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон [пешин ёки аср] намозидан бирига олдимизга Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб чиқдилар. Уни [ўнг оёқлари олдига] қўйдилар. Кейин намозга такбир айтиб намоз ўқидилар. Намознинг ичида саждани узоқ қилдилар. (Саҳобалардан бири) айтди: “Мен [одамларнинг орасида] бошимни кўтардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саждада турибдилар, гўдак эса - орқаларининг устида. Кейин саждамга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлгач, одамлар айтди: “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз [ушбу] намозингиз ичида узоқ сажда қилдингиз, ҳатто биз бирон иш содир бўлди ёки ваҳй нозил бўлди деб ўйладик”. Ул зот айтдилар: “Буларнинг ҳеч бири содир бўлгани йўқ. Лекин ўғлим устимга чиқиб олди ва мен ҳожатини қондирмагунича уни шоштиришни ёқтирмадим”.[451]
Бошқа ҳадисда: “Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётгандилар. Сажда қилганларида Ҳасан ва Ҳусайн орқаларига сакраб олишди. У иккисини бундан тўсишганди, ул зот одамларга уларни тегмасликка ишора қилдилар. Қачон намозни тугатганларида у иккисини ёнларига қўйиб айтдилар: “Ким мени яхши кўрса, бу иккисини ҳам яхши кўрсин”.[452]
Сажда фазилатлари
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтардилар: “Қиёмат куни умматимдан мен танимайдиган биронта одам бўлмайди”. (Саҳобалар) айтди: “Уларни кўп халоиқ ичида қандай танийсиз, эй Аллоҳнинг Расули?” “Айтинглар-чи, агар қўрага кирсам, у ерда қора отлар ҳам, пешонаси ва оёкларида оқ қашқаси от ҳам бўлса, уларнинг ичидан у (қашқали от)ни таниб ололмайманми?” Улар: “Ҳа, (таний оласиз)” дейишди. Ул зот дедилар: “Албатта умматим ўша кунда саждадан ғур (пешоналарида оқ белгили) ва таҳоратдан муҳажжал (билак, оёқларида оқ белгили) бўлади”.[453]
“Аллоҳ дўзах аҳлидан кимга раҳматини ирода қилса, фаришталарга Аллоҳга ибодат қилаётганларни чиқаришни буюради. Улар (фаришталар) шундайларни чиқаради ва уларни сажда изларидан таниб олади. Аллоҳ дўзах ўтига сажда изларини ейишни ҳаром қилди. Улар дўзахдан чиқади. Одам боласининг сажда изларидан бошқа ҳамма жойини дўзах ўт ейди”.[454]
Ер ва бўйрага сажда қилиш
Ул зот ерга кўп сажда қилардилар.[455]
“Ул зотнинг саҳобалари қаттиқ иссиқда ул зот билан бирга намоз ўқишарди. Улардан биронтаси пешонасини ерга қўйиб туришга тоқати қолмаса, кийимини ёзиб, унга сажда қиларди”.[456]
Айтар эдилар: “… Менга ва умматимга ер масжид ва пок қилинди. Қаерда намоз умматимдан бўлган кишига етса, у ерда намозгоҳи, у ерда поклик бор. Мендан бурун бу иш катта бўларди. Улар фақатгина каниса (черков) ва ибодатхоналарда намоз ўқишарди”.[457]
Баъзан лой ва сувга сажда қилардилар. Бу Рамазоннинг йигирма биринчи туни тугаб тонг отганида воқеъ бўлди. Осмондан ёмғир ёғди, масжид томидан эса (сув) оқиб кетди. У (том) хурмо шохларидан ясалган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва лойга сажда қилдилар. Абу Саъидул-Худрий айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим: у кишининг пешоналари ва бурунлари сув ва лой излари турарди”.[458]
Баъзан “хумрада[459] намоз ўқирдилар”,[460] баъзан бўйрада[461], “кийган кийимларида – бир марта – намоз ўқидилар, (сажданинг узоқлигидан) кийимлари қорайиб қолди”.[462]
Саждадан кўтарилиш
Сўнг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саждадан такбир айтиб бошларини кўтарардилар”[463] ва намозни ёмон ўқиганни шунга буюриб дедилар: “Одамлардан биронтасининг намози тўлиқ бўлмайди, то … сажда қилмагунича, ҳатто бўғинлари қарор топмагунича; кейин: “Аллоҳу акбар” демагунича, ва тўғри ўтиргунча бошини кўтармагунича”.[464] Баъзан “бу такбир билан қўлларини кўтарардилар”.[465]
Кейин “чап оёқларини ёзиб, устига ўтирардилар [барқарор бўлиб]”.[466] Намозни ёмон ўқиганни шунга буюриб айтдилар: “Агар сажда қилсанг, саждангни маҳкам қил, агар (саждадан) кўтарилсанг, чап сонингга ўтир”.[467]
“Ўнг қадамларини тираб қўярдилар”,[468] “(ўнг қадамларининг) бармоқларини қиблага қаратиб қўярдилар”[469] (муфтариш ўтириш).
Икки сажда ўртасида иқоъа ўтириши
“Ул зот – баъзан - иқоъа ҳолда ўтирардилар [қадамларининг товонлари ва ички томонига ўтирардилар]”.[470]
Икки сажда орасида тўхтаб туришнинг фарзлиги
“Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам то ҳар бир суяк ўрнига қайтмагунича қарор топиб тўхтардилар”[471], ва намозни ёмон ўқиганни шунга буюриб дедилар: “Сизлардан биронтангизнинг намози, то шуни қилмагунича, тўлиқ бўлмайди”.[472]
“Бу (ўтириш)ни узунлиги саждаларига яқинлашмагунича узайтирардилар”[473], баъзан “(ўтиришда) қолаверардилар, ҳатто (одамлар) “эсларидан чиқардилар” дейишарди”.[474]
Икки сажда орасидаги зикрлар
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ўтиришда айтардилар: “Аллоҳумма (бир лафзда: роббий) ғфирлии, варҳамнии [важбурнии], [варфаънии], ваҳдинии, [ва ъаафинии], варзуқнии”.
((اللهم (وفي لفظ: رب)! اغفر لي، وارحمني، [واجبرني]، [وارفعني]، واهدني، [وعافني]، وارزقني)).
Аллоҳумма, (бир ривоятда: робби) ғфирли , варҳамнии, [важбурнии], [варфаънии], ваҳдинии, [ва ъаафинии], варзуқнии. (Аллоҳим, (роббим) мени кечир, мени раҳм қил, [менга ёрдам бер], [менинг даражамни кўтар], мени ҳидоят қил, [офият бер - халос қил], мени ризқлантир.)[475] Гоҳо:
((رب! اغفر لي اغفر لي)).
“Роббиғфирлии-роббиғфирлии” (Роббим мени кечиргин, кечиргин.)[476]
Бу иккаласини тунги намозда айтардилар.[477]
Сўнг “такбир айтиб иккинчи сажда қилардилар”,[478] ва намозни ёмон ўқиганни шунга буюрдилар. Уни, илгари айтиб ўтилганидек, икки сажда орасида тўхтаб туришга буюриб айтдилар: “Кейин “Аллоҳу акбар” деб айт, сўнг сажда қил, токи бўғинларинг қарор топишсин. [Кейин шуни ҳамма намозларингда қил]”.[479]
Баъзан “ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу такбир билан қўл кўтарардилар”.[480]
Бу саждада биринчи саждада қилгандек амал қилардилар, кейин “такбир айтиб бошларини кўтарардилар”.[481]
Намозни ёмон ўқиганга шуни буюрдилар. Юқорида ўтганидек иккинчи саждага буюрганларидан сўнг айтдилар: “кейин бошини кўтаради ва такбир айтади”. Унга айтдилар: “[Кейин буни ҳамма ракаатлар ва саждаларда қил], шуни қилсанг, намозинг тўлиқ бўлади. Агар бундан бир нарса (қазо бўлиб) ўтиб кетса, намозингдан (қазо бўлган) ўтган бўлади”.[482]
Баъзан “қўл кўтарардилар”.[483]
---------------------------
[394] Бухорий, Муслим, Аҳмад, “Ирво” (307).
[395] Бухорий, Муслим, Доримий, Ҳоким, Шофеъий, Аҳмад. Танбеҳ: бу ҳадиснинг маъноси тушунарли, яъни рукуъдан кўтарилганидан сўнг туриш фарз дегани. Ҳижоздаги ва бошқа биродарларимизнинг мазкур ҳадисга асосланиб ушбу қиёмда ўнг қўлини чап қўлининг устига қўйиш кераклиги ҳақидаги фикрига келсак, барча йиғилган ҳадислар кўрсатган нарсадан узоқ ва хатодир. Ўнг қўлини чап қўлга қўйиш фикри ҳадисларда зикр қилинмаган. Мана шу ҳадисларга асосан қандай қилиб хулоса қилса бўлади? Бу мавзуда келтириладиган барча ҳадисларни кўрадиган бўлсак ҳам, улар бунинг қаршисига далолат қилади. Рукуъдан кўтарилгандан сўнг ўнг қўлини чап қўлига қўйиш бидъат эканлигига шубҳам йўқ. Намозга тегишли жуда кўп ҳадисларнинг биронтаси бу нарса келтирилмайди. Буни тасдиқлайдиган биронта ҳадис йўқ. Салафи солиҳлардан келган нарсаларда ҳам бунга тасдиқ топмаймиз, муҳаддислардан ҳам биз билган нарсада бу келтирилмайди. Шайх Тувейжирий ўз китобида (18-19-с) Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан келтирган нарсага бу хилоф эмас. У киши (Имом Аҳмад) айтдилар: “Агар хоҳласанг рукуъдан сўнг қўлингни тушир, хоҳласанг уларни кўкракка қўй”. Бу Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи васаллам)нинг сўзлари эмас, балки ижтиҳод асосидаги фикрдир. Фикр эса, маълумки, хато бўлиши мумкин. Агар бу иш бидъат эканлиги аниқ маълум бўлса, бу иш бидъат бўлиб қолаверади, гарчи имомдан чиқаётган бўлса ҳам, бунга шайхул-ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ишора қилганлар. Аслида Имом Аҳмаднинг сўзлари у кишида суннатдан далил бўлмагани учун бу рукнда нима қилишда қийналганларига далолат қилади – ёки қўлни тушириш керак, ё кўкракка қўйиш керак. Имом шу фикрни рукуъдан олдин қўлни кўкракка қўйишга буюрган ҳадислардан қилганлар деб ўйлайдими Шайх (Тувейжирий )? Бу иш суннатда келмагани исботланиши керак эди ва бу исботланди. Тафсилотини бу китобнинг муқаддимасида кўринг.
[396] Аҳмад, Табароний “Кабир”да саҳиҳ санад билан.
[397] Бухорий, Муслим.
[398] Абу Довуд ва Ҳоким. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[399] Абу Яъло жаййид санад билан (2/284), Ибн Ҳузайма (2/79/1) саҳиҳ санад билан.
[400] Насоий, Дорақутний, Ал-Мухлис “Фавоид”да (2/2/1) икки саҳиҳ санад билан. Ўнта саҳобадан келтирилади. Бу тўғри деб Ибн Умар, Ибн Аббос, Ҳасанул-Басрий, Товус ва унинг ўғли Абдуллоҳ, Ибн Умарнинг озод қилган қули Нофиъ, унинг ўғли Салим, Қосим ибн Муҳаммад, Абдуллоҳ ибн Динор, Ато. Абдураҳмон ибн Маҳдий айтди: “Бу суннат”. Бу суннатга суннат Имоми Аҳмад ибн Ҳанбал амал қиларди, бу ҳақда Молик ва Шофеъий гапиришган.
[401] Ибн Ҳузайма (1/76/1), Дорақутний; Ҳоким ва Заҳабий уни саҳиҳ дейишган. Бу ҳадисни рад этаётганлар хато қилади. Бу ҳақда Молик ва Аҳмад зикр қилишган. Шунингдек Ибнул-Жавзийнинг “Таҳқиқ”ига қаранг. Марузий “Масоил”да (1/147/1)) саҳиҳ санад билан Имом Авзоийдан келтиради: “Мен одамлар (саҳобалар)га етишдим, улар саждадан олдин қўлни қўйишарди”.
[402] Абу Довуд тўлиқ лафз билан (1/108) “Фавоид”, Насоий “Суғро вал-кубро” (1/48, буни Молик ибн Абдулазиз Маккада йиққан нарса) саҳиҳ санад билан, унинг саҳиҳлигини Абдулҳаққ “Ал-Аҳком”да (1/54) да исботлаган. У киши “Таҳажжуд” бобида (1/56) бу ҳадиснинг санади бунга тескари бўлган Воилнинг ҳадисидан яхшироқлигини кўрсатган. У (Воилнинг ҳадиси) саҳиҳ манбаларга хилоф бўлганидан ташқари у носаҳиҳ санад билан ривоят қилинди, мен буни “Заифа” (№929) ва “Ирво” (357)да тушунтирганман. Билингки, тиззаларни туширишдан олдин қўлларни қўйиш туяга ухшамоқлик эмас, чунки туя биринчи галда олди оёқларининг тиззаларига чўкади. Бу аъзолар араб тилида шундай дейилади, “Лисонул-араб” ва араб тили бўйича бошқа китобларга қаранг. Бу ҳақда Таҳовий “Мушкилатул-асар” ва “Шарх маниа асар”да зикр қилган. Шунингдек имом Қосим Саракустий раҳимаҳуллоҳ “Ғарибул-ҳадис” (2-1/80/2)да Абу Ҳурайрадан саҳиҳ санад билан келтиради, у (Абу Ҳурайра) айтди: “Туя чайласи билан тиззага чўккандек чўкманглар”. Имом (Саракустий) айтди: “Бу саждада. Туя чайласи билан чўккандек собитсиз бўлиб бутун бадан билан чўкманглар. Тескарисини қилинглар, текис тушинглар, олдин қўлларни, сўнг тиззаларни қўйинглар. Бу ҳақда марфуъ ҳадисда келтирилади”. Бундан кейин Ибнул-Қоййимнинг сўзлари ажабланарлидир: “Бу сўзлар тушунарсиз ва араб тилида номаълумдир”. Балки биз кўрсатган манбалар ва бошқалар алки бунинг тескарисини айтмоқда. Буни батафсилроқ мен шайх Тувейжирийга бўлган жавобимда тушунтирганман.
[403] Ибн Ҳузайма (2/79/1), Аҳмад, Сирож. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ деди.
[404] Абу Довуд. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[405] Ибн Ҳузайма, Байҳақий. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[406] Байҳақий саҳиҳ санад билан, Ибн Аби Шайба (2/82/1), Сирож бошқа санад билан.
[407] Абу Довуд. Термизий. Термизий ва Ибнунл-Мулқин (2/27) уни саҳиҳ дейишди. “Ирво”да (309) чиқарилган.
[408] Абу Довуд, Насоий саҳиҳ санад билан.
[409] Абу Довуд. Термизий ва Ибн Мулқин (2/27) уни саҳиҳ дейишди. “Ирво”да (309) чиқарилган.
[410] Абу Довуд, Аҳмад саҳиҳ санад билан.
[411] Ибн Ҳузайма (1/140/3) саҳиҳ санад билан.
[412] Дорақутний, Табароний (1/140/3), Абу Нуъайм “Ахбору Асбаҳан”да.
[413] Байҳақий, саҳиҳ санад билан, Ибн Аби Шайба (2/82/1), Сирож.
[414] Бухорий, Абу Довуд. Ибн Саъд (157/4) Ибн Умардан ривоят қилади: “намозда ҳамма нарсани қиблага қаратишни яхши кўрарди, ҳатто бош бармоқларини ҳам қиблага қаратарди”.
[415] Таҳовий, Ибн Ҳузайма (654). Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[416] Байҳақий саҳиҳ санад билан.
[417] Термизий, Сирож. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишган.
[418] Абу Довуд, Термизий. Термизий уни саҳиҳ деди. Насоий,Ибн Можа.
[419] Ҳоким, Байҳақий, Аҳмад. Ҳоким ва Заҳабий уни саҳиҳ дейишган. Абу Довуд, Насоий, Байҳақий ва Аҳмаддан келган бошқа санадни Нававий ҳасан деган.
[420] Яъни, рукуъ ва саждада кийим ва сочни қўл билан йиғиб олмаслик.
[421] Бухорий, Муслим. “Ирво”да чиқарилган (310).
[422] Муслим, Абу Авона, Ибн Ҳиббон.
[423] Ибн Асир айтди: “Бу ҳадиснинг маъноси – агар унинг сочи ёйилган бўлганида, сажда вақтида ерга тушиб турган бўларди. Сочи билан қилган саждаси учун намоз ўқиётган одам ажр оларди. Лекин соч кокилга ўралган бўлиб сажда қилмади, шунинг учун ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари боғланган кишига ўхшатдилар: у сажда қилганида қўллари у билан бирга сажда қила олмади”. Менинг фикрим (Албоний): бу ҳукм эркакларга тегишли, бу ҳақда Ибнул-Арабийдан Шавконий айтган.
[424] Муслим, Абу Авона, Ибн Ҳиббон.
[425] Абу Довуд. Термизий ҳасан дедилар. Ибн Ҳузайма ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ дейишди. “Саҳиҳ Абу Довуд” (654).
[426] Бухорий, Абу Довуд.
[427] Бухорий, Муслим, “Ирво”да чиқарилган (359).
[428] Муслим, Абу Авона, Ибн Ҳиббон.
[429] Абу Довуд, Ибн Можа ҳасан санад билан.
[430] Муслим, Абу Авона.
[431] Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Аҳмад.
[432] Аҳмад, Термизий. Термизий саҳиҳ деди.
[433] Ибн Ҳузайма (2/80/1), Мақдисий “Танланган” китобида, Ҳоким. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[434] Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа, Дорақутний, Таҳовий, Ал-Баззор, Табароний “Кабир”да еттита саҳобадан. Рукуъда бу зикрни қаранг.
[435] Бундан олдин бу ҳадис келган.
[436] Абу Довуд, Дорақутний, Аҳмад, Байҳақий, Табароний, саҳиҳ.
[437] Исҳоқ айтди: “Суббууҳ – тенги бўлишдан узоқ, Қуддус – баракотли, (айбу нуқсондан) пок. Ибн Саййид айтди: “Суббууҳ ва Қуддуус – Аллоҳ азза ва жалланинг сифатлари, чунки тенглар, айблар ва нуқсонлардан поклашади”.
[438] Муслим, Абу Авона.
[439] Бухорий, Муслим. “Қуръонни тафсир қилардилар” деганнинг маъноси Қуръондаги буйруқни бажариш.
[440] Муслим, Абу Авона, Дорақутний, Таҳовий.
[441] Муслим, Абу Авона.
[442] Ибн Наср, Баззор, Ҳоким. Ҳоким саҳиҳ деди. Заҳабий уни рад этди. Лекин бунга “Асл”да зикр қилинган гувоҳлар бор.
[443] Абу Довуд, Насоий саҳиҳ санад билан. Рукуъдаги зикрларни қаранг.
[444] Муслим, Абу Авона, Насоий, Ибн Наср.
[445] Ибн Аби Шайба (1/112/62), Насоий. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[446] Муслим, Абу Авана, Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да (1/106/12, 1/112).
[447] Муслим, Абу Авана, Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да (1/106/12, 1/112).
[448] Муслим, Абу Авона.
[449] Муслим, Абу Авона. Рукуъ ва саждада Қуръон ўқишдан қайтариқ ҳам фарз ва нафл намозларга тегишли. Ибн Асокирнинг эса (1/299/17) нафл намознинг рукуъ ва саждаси Қуръон ўқишнинг мумкинлиги ҳақидаги гаплари эса нотўғри ва шоздир. Ибн Асокир бу фикрга эътибор қилган бўлса ҳам, бизга унга амал қилиш мумкин эмас.
[450] Муслим, Абу Авона, Байҳақий. “Ирво”да чиқарилган (456).
[451] Насоий, Ибн Асокир (1-2/257/4), Ҳоким. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[452] Ибн Ҳузайма “Саҳиҳ”ида (887), Байҳақий. Ибн Ҳузайма айтди: “(Ишорани) тушунадиган одамга намозда ишора қилиш жоиз ва уни (намозни) бузмайди”.
[453] Аҳмад саҳиҳ санад билан, бир қисми Термизийда саҳиҳ санад билан ривоят қилинади. Саҳиҳ ҳадислар ичида келади.
[454] Бухорий, Муслим.
[455] Масжидлари бўйра ёки шунга ўхшаш нарса билан тўшалмаган эди, бунга кўпгина ҳадислар далолат қилади, улардан Абу Саъиднинг ҳадисини кейинроқ келтирамиз.
[456] Муслим, Абу Авона.
[457] Аҳмад, Сирож, Байҳақий саҳиҳ санад билан.
[458] Бухорий, Муслим.
[459] Хумра – саждагоҳ. Одатда майда тош ва ўсимликлардан бўлиб ҳажми (одам) юзидан катта бўлмайди.
[460] Бухорий, Муслим.
[461] Муслим, Абу Авона.
[462] Бухорий, Муслим. Бунда кийим устида намоз ўқиш жоизлигига далил бор, шойи-ипак кийим устида эса намоз ўқиш жоиз эмас, чунки эркакларга ипак кийим тақиқланган (Бухорий, Муслим ва бошқалар). Баъзи олимлар ипак устида намоз ўқишга рухсат берганидан ҳеч ким алданмасин.
[463] Бухорий, Муслим.
[464] Абу Довуд. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[465] Аҳмад, Абу Довуд саҳиҳ санад билан. Бу жойда қўл кўтариш ҳақида Имом Аҳмад айтдилар. Ибнул-Қоййимнинг “Бада’а” (89/4) китобларида ривоят қилинади: “Ал-Асрам ривоят қилди, у (Аҳмад)ни (ушбу ўринда) қўл кўтариш ҳақида сўрашганида, у айтди: “(Саждада) ҳар бир эгилганда ва ҳар кўтарилганда”. Ал-Асрам айтди: “Мен Абу Абдуллоҳ (Аҳмад)ни ҳар бир намозда ҳар эгилганида ва ҳар кўтарилганида қўлини кўтарганини кўрдим”.
[466] Бухорий “Қўлкўтариш” бобида, Абу Довуд саҳиҳ санад билан, Муслим. Абу Авона. “Ирво”да чиқарилган.
[467] Аҳмад, Абу Довуд саҳиҳ санад билан.
[468] Бухорий, Байҳақий.
[469] Насоий саҳиҳ санад билан.
[470] Муслим, Абу Авона. Абуш-шайх “Жобирдан ташқари Абу Зубайрдан нима ривоят қилинади” китобида (104, 106), Байҳақий. Ибнул-Қоййим раҳимаҳуллоҳ чап оёққа ўтириш ҳадисининг зикридан сўнг: “Бу ўринда (чап оёққа ўтиришдан) бошқа ўтириш маҳфуз (ёдланган, деярли доим зикр қилинган) эмас” деб хато қилди.
[471] Абу Довуд, Байҳақий саҳиҳ санад билан.
[472] Абу Довуд, Ҳоким. Ҳоким ва заҳабий саҳиҳ деган.
[473] Бухорий, Муслим.
[474] Бухорий, Муслим. Ибнул-Қоййим айтди: бу саҳобалар замони ўтганидан сўнг одамлар қолдирган суннатдир. Ким суннатга мувофиқ ҳукм қилса, тўғри йўлланмадан бошқа нарсага эътибор бермайди.
[475] Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди.
[476] Ибн Можа жаййид санад билан. Бу дуони Имом Аҳмад танлаган эдилар. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ айтди: “Хоҳласа шуни уч марта айтарди, хоҳласа “Аллоҳуммағфирлии ...”ни айтарди, чунки иккала лафз ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан икки сажда орасида ворид бўлган”. Бу “Масоилул-имом Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ” китобида Исҳоқул-МАрузий ривояти билан келади (19-с.).
[477] Бу фарз намозларда айтиш мумкин эмаслигига далолат қилмайди, чунки фарз ва нафл намозлар орасида фарқ йўқ. Бу ҳақда Шофеъий, Аҳмад, Исҳоқ айтишган. Буни фарз ва нафл намозда айтиш мумкинлиги ҳақида Термизий ва Имом Таҳовий “Мушкилул-асар”да зикр қилишган.
[478] Бухорий, Муслим.
[479] Абу Довуд. Ҳоким ва Заҳабий саҳиҳ дейишди. Бухорий ва Муслимда қўшимчаси бор.
[480] Абу Авона ва Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилишди. Бу ҳақда Аҳмад, Молик, Шофеъий айтишган.
[481] Бухорий, Муслим.
[482] Аҳмад, Термизий. Термизий саҳиҳ деган.
[483] Абу Авона ва Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилишди. Бу ҳақда Аҳмад, Молик, Шофеъий айтишган.