Шайх Албоний ва Абдулмуҳсин ал-Аббоднинг шанба куни рўза тутиш борасидаги суҳбати
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Яқинда шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ва Абдулмуҳсин ал-Аббод ўртасида бўлиб ўтган шанба куни рўза тутиш борасидаги суҳбатни аудио тасмасини матн шаклига ўгириб, интернетда тақдим этилди. Биз суҳбатнинг барчасини таржима қилмасакда, Аллоҳнинг мадади билан, ундаги муҳим бўлган ўринларини қисқача таржима қилдик. Ушбу суҳбатнинг аслини «Силсилатул-ҳуда ва-ннур», № 366 тасмадан топишингиз мумкин. Мусулмонларга ушбу суҳбат фойда келтиради деб Аллоҳдан умид қилиб қоламиз.
Шайх ал-Аббод: Шанба куни рўзасига келсак... Сиз шанба куни умуман рўза тутиб бўлмайди деябсизми ёки фақат ёнма-ён жойлашган кунлардан алоҳида, хослаб тутиб бўлмайдими?
Шайх Албоний: Шанба куни умуман рўза тутиб бўлмайди, фарз рўзаси бундан мустасно.
Жувайрийдан ривоят қилинган ҳадисга келсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассаллам унинг жума куни рўза тутганини билиб қолиб сўрадилар:
«Сен бу кундан бир кун олдин ҳам рўза тутганмидинг?... Сен бу куннинг эртасига ҳам рўза тутасанми?» ва у:
«Йўқ» деб жавоб берди. Шунда у зот унга айтдилар:
«У ҳолда рўзангни оч».
Ушбу ҳадис зоҳири, агар сен жума куни ҳам рўза тутган бўлсанг, шанба куни рўза тутишлик мумкинлигига ишора қилмоқда. Аммо
«Шанба куни фарз рўзадан бошқа рўза тутманглар! Ҳатто узум пўстлоғи ёки дарахт шоҳидан бошқа ҳеч нарса топа олмасангиз ҳам, барибир ўшаларни чайнанг» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Доримий, Байҳақий, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Таҳовий. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 7235) ҳадиси эса ман этувчидир. Қачонки биз икки бир бирига тескари диний матнларни учратсак, айниқса бири бирор амалга рухсат берса, иккинчиси эса худди ўшани ман этса, бундай ҳолатда ман этувчи диний матнни танлаш лозим. Бунга шариатдаги «ал-ҳазир муқаддам ала ал-мубиҳ» - «Ман этувчи матн рухсат берувчидан авлодир» қоидаси асос бўлади.
Шайх ал-Аббод: Ахир ушбу ҳадисдан фақатгина шанба кунини хослаб, бошқа кунлардан айри ҳолда рўза тутиш ҳаром, деган хулосага келиш мумкин эмасми?
Шайх Албоний: Бундай хулоса қилиш мумкин эмас. Чунки (шанба куни рўза тутманглар) ҳадисида бошқа мустасно ҳолатлар келтирилмаган.
Бир мисол келтирай. Уламолар агар «Ийдул Адҳо» шанба кунига тўғри келиб қолиши ҳақида нима дейишади? Бундай ҳолатда жума куни Арафа куни бўлган бўлар эди. Бу кунда, ҳаж қилаётган ҳожилардан ташқари, барчага рўза тутиш ўта мустаҳабдир. Бироқ жума кунидаги рўзани қўшни кунга улаш керак. Бу мисолда эса кейинги кун «Ийдул Адҳо»га тўғри келувчи шанба кунидир. Нима дейсиз, бу ҳолатда шанба куни рўза тутиш мимкинми?
Шайх ал-Аббод: Мумкин эмас. Чунки бу кун байрам кунидир. Ийд куни эса рўза тутиш ҳаром.
Шайх Албоний: Тўғри. Мана шу ерда ҳаммамиз рўза тутиш мумкин эмаслигида якдилмиз. Аммо ундай бўлса, шанба куни рўза тутиш мумкин эмаслигининг сабаби, шанба кунини қўшни кунлардан айри ҳолда рўза тутиш эмас эканда, деган хулоса келиб чиқмоқда. Ахир бу мисолда жума куни ҳам рўза тутиладику. Бу ҳолатдаги сабаб шуки, барчамизга маълум бўлган байрам кунида рўза тутиш ҳаромлигидир. Шунда савол туғилиши мумкин: ахир бир тақиқ (байрам кунидаги рўза) билан бошқа тақиқ (шанба кунидаги рўза) ўртасида қандайдир фарқ борми? Шундай бўлдики, байрам куни рўза тутиш ҳаромлиги барча уламоларга маълум, шанба куни рўза тутиш мумкин эмаслигини эса кўпчилик билмас эди. Аслида эса, биз биринчи ҳолатда ҳам, иккинчи ҳолатда ҳам тақиқни кўраяпмиз.
Шайх ал-Аббод: «Кимки Рамазон рўзасини тутсаю кейин унга Шавволдан яна олти кунни илова қилса ...» (Муслим), ҳадисига асосланган Шаввол ойидаги олти кунлик рўзачи? Агар бу кунлардан бири шанба кунига тўғри келса, рўза тутиш мумкин эмасми? Худди шундай, ҳар ойнинг ўртасидаги уч кундан бирининг (рўзаси) шанба кунига тўғри келиб қолса нима қилиш лозим? Шунингдек, Арафа кунидачи?
Шайх Албоний: Шаввол ойининг олти кунлик рўзасига келсак, ушбу рўзанинг фазилати ҳаммага машҳурдир. Сизнинг сўзларингиздан, агар бир неча кун кетма-кет рўза тутилса, шанба куни ҳам рўза тутиш мумкин бўлади, деган нарса келиб чиқмоқда. Аммо мен бошқача йўл тутган бўлар эдим: Шавволнинг олти кунлик рўзасини тутишни бошлайман. Агар бу кунларнинг бири шанба кунига тўғри келса, бу кунни рўза тутмасдан ўтказиб юбораман. Агар, айтайлик, пайшанба ва жума кунларига тўғри келса, рўза тутавераман. Аммо шанба кунига тўғри келиб қолса, рўза тутмайман.
Менинг тушунчам бўйича, шанба кунига тўғри келувчи олти кунлик Шаввол ойи рўзасини тутгандан кўра, шундай қилиш тўғрироқ бўлади. Нега ундай? Чунки мен шанбадаги рўзани ўз нафсимга эргашиб ёки диндаги бидъат сифатида тарк қилаётганим йўқ. Мен уни Аллоҳ учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва ссалламнинг: «Кимки фақат Аллоҳ учун бир нарсадан воз кечса, Аллоҳ унга унданда яхшироғини беради» деган буйруқларига эргашган ҳолда тарк қилаябман.
Шундай қилиб, шариат қоидасида «Ман этувчи матн рухсат берувчидан авлодир» дейилгани боис, биз барча хос масалаларда шу қоида асосида иш тутишимиз лозимдир. Шу жумладан, фарз рўза қаторига кирмайдиган, шанба кунига тўғри келувчи қандайдир рўза ҳақидаги масаласида ҳам.