Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳар ойда уч кун нафл рўза тутишлик борасида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Шулардан баъзиларини қуйида эслаб ўтамиз:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Ҳар ойдан уч кун (рўза тутиш) ва Рамазон кейинги Рамазонгача – бу умрбод рўза демакдир» (Имом Аҳмад ва Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос разияллоҳу анҳу:
«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен узлуксиз рўза тутиб, кечанинг ҳаммасида ибодат қилар эмишсан», — дедилар. Мен: «Ҳа, шундоқ», — дедим. Ул киши: «Агар шундоқ қилаверсанг, кўзингнинг «кўриш қобилияти заифлашади ва бутун аъзоларинг толиқади. Умр бўйи тутган рўзанг савобсиз қолиб, зое кетади. Ҳар ойда уч кун рўза тутган кишига эса, умр бўйи рўза тутганнинг савоби берилади», — дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, бундан ҳам кўпроқ тутмоққа кучим етади», — дедим. Шунда ул зот: «Бўлмаса, Довуд алайҳиссалом тутган рўзани тутгин, ул киши бир кун рўза тутиб, бир кун тутмас эдилар. Душман билан рўбарў келганларида ҳам қочмас эрдилар», — дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй Абдуллоҳ, сенга ҳар куни рўза тутиб, ҳар кеча ухламай, ибодат қилмоқ хусусида айтайинми?» — дедилар, мен: «Айтинг, ё Расулуллоҳ!» — дедим. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундоқ қилмагин, рўза ҳам тутгин, оғиз ҳам очгин, кечаси ибодат ҳам қилгин, уйқуга ҳам ётгин! Чунки сенда ўз танангнинг ҳам ҳаққи бор. Сенга ҳар ойда уч кун рўза тутмоғинг кифоя қилади, чунки ҳар бир қилган яхшилигинг учун ўн баробар савоб тегади, бу эса сенга умр бўйи рўза тутганлик савобини беради», — дедилар»
Росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Юрак кўйигини нима кеткизишини айтайми? Ҳар ойда уч кун рўза тутиш (юрак кўйигини кеткизади)» (Насоий ривояти. Саҳиҳул-жомеъ, Албоний, саҳиҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар:
«Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ойда уч кун рўза тутишни, (кунда) икки ракъат чошгоҳ намозини ҳамда ухлашдан аввал витр намозини ўқишни менга васият қилдилар» (Муттафақун алайҳ).
Ҳунайда бин Холид аёлидан ривоят қилади. У айтди:
«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бирлари дедилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни, Зулҳижжанинг тўққиз кунида, ҳар ойдан уч кун: биринчи душанбада ва икки пайшанбада рўза тутар эдилар» (Сунани Насоий, Албоний: саҳиҳ).
Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Рамазон суҳбатлари» рисолаларида ушбу бир ойда уч кун рўза тутишлик уч кун ой тўлган кунлар яъни «Айёмул Бийз» – ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари бўлиши афзал бўлади деб айтганлар.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Эй Абу Зар, бир ойдан уч кун рўза тутмоқчи бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешинчи кунлари тутгин» (Имом Аҳмад, Насоий ривоятлари).
Валлоҳу аълам.
Қўшимча сифатида ойда уч кун рўза тутишлик борасида уламоларнинг баъзи фойдали фатволарини эътиборингизга ҳавола этамиз:
Рўза тутиш ва закот бериш учун энг афзал ой
Савол: Нафл рўзаларни тутиш учун энг фазилатли кунлар қайси? Закотни чиқариш учун энг афзал ойчи?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Нафл рўзалар учун энг фазилатли кунлар – душанба ва пайшанба, Бийз кунлари – ҳар (қамарий) ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари, зулҳижжа ойининг ўн куни хусусан Арафа куни, бир кун аввалги ва бир кун кейинги кунлари билан бирга муҳаррам ойининг ўнинчи куни ва шаввол ойининг олти кунидир.
Закотга келсак, (одамнинг мулки) қайси ойда нисобга етган бўлса, бир йил ўтгач ўша ойда чиқариш керак.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 12128.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Бийз кунларининг рўзаси душанба ва пайшанба рўзаларининг ўрнига ўтадими?
Савол: Бийз кунларининг рўзаси душанба ва пайшанба рўзаларининг ўрнига ўтадими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Бийз – ҳар ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари ҳамда душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш, мустақил ва машруъ ибодатдир. Агар уларнинг бирини тутган бўлсангиз, сизга савоб ёзилаверади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6467-15.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Ҳар ой уч кун рўза тутаман ...
Савол: Мен ҳар ойда уч кун рўза тутаман. Гоҳида қийналиб рўза тутишга мажолим қолмайди. Агар шундай пайтда рўза тутмасам гуноҳкор бўламанми? Тутмай қўйганим учун олдинги рўзаларимнинг савоби камаймайдими? Ҳар ойда уч кун рўза тутган одам мудом давом этиши лозимми ёки йўқми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Тутган рўзаларингиз учун савоб олаверасиз. Нафл рўзаларни тутмай қўйсангиз сизга зарар бўлмайди.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 11346-4.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Ғудайён