Куфр ва ширк ўртасидаги фарқ

Куфр ва ширк ўртасидаги фарқ

Савол: Риёздан синглимиз Н.С.А. ўз саволида шундай дейди: куфр ва ширк ўртасидаги фарқ нима? Бизга фатво бериш билан ажрга сазовор бўлинг!

Жавоб: Куфр ҳақни инкор қилиш ва уни яширишдир. Намоз, закот, Рамазон рўзаси, қодир бўла туриб ҳаж қилишлик ёки ота-онага яхшилик қилишни вожиб эканини инкор қилган кимса каби. Ва зино, маст қилувчи ичимлик ичиш, ота-онага оқ бўлиш ёки шунга ўхшашларнинг ҳаром эканини инкор қилган кимса каби. Ширкка келсак, у баъзи ибодатларни Аллоҳдан ўзгасига сарф этишликдир. Ўлик, ғойиб, жин, санам ёки юлдуз ва шунга ўхшашлардан ўтиниб мадад сўрайдиган кимса каби. Ёки уларга жонлиқ сўядиган ёҳуд назр атайдиган кимса каби. Кофир ҳақида у мушрикдир ва мушрик ҳақида у кофирдир деб айтилади. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «ҳақ» илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117). Субҳанаҳу шундай деди: ««Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72). Жалла ва аъла Фотир сурасида деди: «Ана шу Аллоҳ сизларнинг Роббингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13-14). У Зот Аллоҳдан ўзгасига қилган дуоларини ушбу сурада ширк деб, Мўминун сурасида эса куфр деб атади.

Субҳанаҳу Тавба сурасида шундай деди: «Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хоҳламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди. У (Аллоҳ) Ўз росулини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хоҳламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 32-33). У Зот Унга кофир бўлганларни кофир ва мушриклар деб номлади. Бу эса кофир мушрик деб, мушрик эса кофир деб аталишига далолат қилади. Бу борада оят ва ҳадислар кўпдир. Ана шулардан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Киши билан ширк ва куфр ораси намозни тарк этишликдир» (Муслим (117)). Муслим ўз саҳиҳларида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар. Ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Улар билан бизнинг ўртамиздаги аҳд намоздир. Бас, кимда-ким уни тарк этса, дарҳақиқат, куфр келтирибди» (Имом Аҳмад (21859), Термизий (2545), Насоий (459)). Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можжа саҳиҳ иснод ила Бурайда ибн Ҳусойб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

 

 Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

«Аробийя» ойномаси томонидан тақдим этилган саволлар зимнидан

Турли фатво ва мақолалар тўплами, 9-жузъ.

 http://www.binbaz.org.sa/mat/2069

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan