Қарздан тўланадиган закот

Қарздан тўланадиган закот

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Қарз – қарз берувчининг мулки ҳисобланади. Бироқ қарз сифатида берилган пул ҳақиқий мулкдорнинг қўлида эмас экан, фақиҳлар бу борада ихтилоф қилишди:

Ибн Умар, Оиша ва Ибн Аббоснинг мавлоси Икрима, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, қарзга берилган пулдан закот берилмайди деб ҳисоблашган. Улар буни ўша мулк кўпаймаслиги ва у шахсий фойдаланиш учун ишлатиладиган мулк каби экани, шунинг учун ҳам ундан закот берилмайди деб тушунтиришган.

Жумҳур фуқаҳолар эса масалани мана бундай изоҳлашади:

Қарз икки хил ҳолатга эга бўлиши мумкин:

1) Қайтариши умид қилинган «қарз тўлови» (яъни тўлов муддати келган қарз).

2) Қайтариши умид қилинмаган «қарз тўлови».

1. Қайтариши умид қилинган «қарз тўлови» – бу қарзни тан олган, уни тўлашга интилган (тўлашга қодир) кимса қўлидаги қарздир. Бу борада уламоларнинг фикри қуйидагича:

Ҳанафий, Ҳанбалийлар ва Саврийнинг фикрича, қарз берган одам бундай қарздан ҳар йили закот тўлаши керак. Чунки бу унинг мулки. Аммо у закотни ўша пулларни қўлига олганида, бу пул қарздорда бўлган барча йиллар учун тўлаши керак бўлади. Улар буни шундай тушунтиришади: қарз қарздорники бўлиб турибди, шунинг учун то у қўлига тушмагунича, унга закот тўлаши фарз бўлмайди. Шунингдек уларнинг айтишича, у (қарз берувчи) айни пайтда ушбу пуллардан ҳеч қандай фойда олмайди. Фойда келтирмаган пулдан закот тўлаш тўғри бўлмайди. Бироқ эгаси истаган вақт олиши мумкин бўлган, фойдага тикилган маблағ бу каби қарздан фарқ қилади ва бундан бир йил ўтгач закот берилиши керак.

Имом Шофеий, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Исҳоқ ва Абу Убайданинг фикрича, ўз қўлида бўлган маблағдан тўланиши керак бўлганидек, қайтариши умид қилинган қарздан ҳам ҳар йил ўтиши билан закот тўланади. Бунинг сабаби қарз берувчи у пулни истаганида қайтариб олиши ва улардан фойдаланиши мумкин бўлади… (Қаранг: «ал-Муғний» 3/46; «Шарҳ ал-Минҳаж» 2/40).

2. Қайтариши умид қилинмаган «қарз тўлови» – бу камбағал, ёки қайтаришни чўзаётган, ёки қарздан бош тортаётган одам қарзидир. Бу борада уламоларнинг фикри қуйидагича:

Ҳанафий мазҳаби, шунингдек Қатода, Исҳоқ, Аҳмаддан келган бир ривоятдаги фикрга кўра, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, ва бу фикр имом Шофеийнинг фикрига хилоф фикр: тўлиқ эгалик бўлмагани учун бу каби қарздан закот берилмайди. Чунки у (қарз берувчи) улардан фойда ололмайди.

Бошқа қавл (имом) Саврий, Абу Убайда, (имом) Аҳмаддан келган бир ривоятда ва имом Шофеийнинг фикридир. Уларнинг фикрича: у (қарздор) пулларни қўлига олганида ўша маблағдан ҳар йил учун закот тўлаши керак. Бу Алий розияллоҳу анҳудан қайтарилиши умид қилинган қарз ҳақида келган ривоятга мувофиқдир: «Агар у ҳақ бўлса, уни олганида ўшандан ўтган вақт учун закот берсин».

Имом Моликнинг фикрича, агар қарздан закот берилиши лозим бўлган ҳолат бўлса, қарз неча йил қарздорнинг қўлида турмасин, у бир йил учунгина закот беради. Бу фақатгина қарзни қўлига қайтариб олгандагина бўлади. Бу Умар ибн Абдулазиз, Ҳасан, Лайс ва Авзоийнинг фикри бўлган, Аллоҳ барчаларига раҳм қилсин.

Муҳлати кечиктирилган қарз

Ҳанбалийлар, шунингдек Шофеийларнинг икки фикридан бирига кўра: муҳлати чўзилган қарз, қарзини ўташга қодир бўлмаган қарздор каби бўлади. Бунда қарз берувчи берган қарзини айни вақтда олиш имконига эга бўлмаслиги керак. Шунинг учун у қарзидан закотни, пулини қўлга олганида, қарз эгасида турган барча йиллар учун тўлайди. Шофеийларнинг бошқа фикрига кўра, бундай қарз учун ҳар йили закот бериш керак бўлади, ҳатто агар қарз тўланмаган бўлса ҳам (Қаранг: «ал-Муғний» 3/46: «Шарҳ ал-Минҳаж», «Хошия ал-Қалубий» 20/40).

Моликий ва Ҳанафийларда биз «қарз тўлови» ва «муҳлати кечиктирилган қарз» орасини фарқлашганини кузатмадик.

Манба: «ал-Мавсуа ал-Фиқҳийя» 23 жилд, 238-239 бет.

Маълумки шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Шарҳ ал-Мумтиъ» номли китобларида баён қилишларича тўлашга қодир бўлган қарздор қўлидаги «қарз тўлови» борасида, пул қўлга келиб тушганидан кейин, қарздорда турган барча йиллар учун закот тўлаш керак деган фикрга мойил эканликларини билдирганлар. Қарзни қайтаришга қодир бўлмаган қарздан «қарз тўлови» бериш борасида эса шайх имом Молик фикрларига мойил бўлганлар: яъни қарз қарздорнинг қўлида қанча йил турмасин, қарз қайтарилганида фақатгина бир йил учун ундан закот берилиши лозим. Қарз қарздор қўлида кўп йиллар мобайнида бўлгани аҳамиятсиз (Қаранг: «Шарҳ ал-Мумтиъ» 6 жилд, 27-28 бет).

Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan