Узри сабабли Рамазон рўзасини тутмаган одам фитр закотини бериши фарзми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Жумҳур уламолар, шу жумладан тўрт мазҳаб имомлари ҳам, мусулмон киши фитр закотини тўлаши фарз деб ҳисоблайдилар, ҳатто агар у узри сабабли рўза тутмаган бўлса ҳам. Барча уламолар бунга иттифоқ қилишган, Саид ибн Мусайяб ва Ҳасан Басрий бундан мустасно. Улар фитр закотини фақат рўза тутган одам тўлайди деб ҳисоблашган. Бироқ жумҳурнинг қавли тўғрироқдир. Бунга қуйидаги далиллар далолат қилади:
1) Фитр закоти фарз экани ҳақидаги ҳадиснинг умумий маъноси шунга далолат қилади: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондаги фитр закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида мусулмонлардан қулига ҳам, озод кишисига ҳам, эркагига ҳам, аёлига ҳам, каттасига ҳам, кичигига ҳам фарз қилдилар» (Бухорий 1503, Муслим 984). «Кичигига» сўзи рўза тутмайдиган ёш болаларни англатади.
2) Садақа билан закот фақир ва мискинларга ёрдам беришлик, ижтимоий ҳимояларини таъминлашлик учун жорий қилинган. Каттаю-кичикка, қулу-ҳурга, эркагу-аёлга жорий қилинган фитр закотининг маъноси ҳам айни шунда. Аллоҳ таоло закотга ўхшаб фитр закотини ҳам фарз қилувчи энг оз нисобни ёки бир йил ўтишини шарт қилиб тайин қилмади. Шунинг учун биз айтамизки, рўза тутмаган одам учун фитр закоти беришлиги шарт эканининг сабаби, унинг жорий қилиниш мақсадидадир.
3) Рўза тутмаган одам учун фитр закоти фарз эмас эканини таъкидловчилар далил сифатида Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мана бу сўзларини келтиришади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини рўзадорнинг қилган беҳуда ишлари, гапирган ҳаёсиз сўзларидан поклаш ва бечоралар учун эса озиқ бўлиши учун фарз қилдилар» (Абу Довуд 1609).
Улар: «Рўзадорни поклаш» жумласи фитр закоти фақатгина рўза тутганлар учун фарз эканини англатади дейишади.
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу каби далилларга қуйидагича жавоб берадилар: ««Поклаш» сўзи умумий маънога эга. Чунки покланишлик гуноҳ қилмаган одамдан ҳам талаб қилинади. Масалан, ўта солиҳ одамдан ёки қуёш ботмасиндан Исломни қабул қилгандан» («ал-Фатҳ», 3/369).
Яъни фитр закоти рўзадорни поклаш учун жорий қилинган. Бироқ покланиш унинг фарз бўлиш шарти ҳисобланмайди. Закот ҳақида ҳам ҳудди шундай дейишимиз мумкин. У ҳам қалбни поклашлик учун жорий қилинган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир» (Тавба: 103).
Шунга қарамай агар етарли маблағи бўлса закот ёш болага ҳам фарз бўлади. Ваҳоланки ёш бола покланишликка муҳтож эмас. Чунки унга ҳали гуноҳ амаллар номаи амалига ёзилмаган.
Шайх Ибн Жибрийн раҳимаҳуллоҳ бу масалага бошқачароқ жавоб бердилар: «Фитр закоти ёш бола, балоғотга етмаган ва касаллик ёки сафар сабабли узрли сабабларга кўра рўза тутмаган (одамлар) учун тўланади. Бу балоғатга етмаганларга масъул бўлганларнинг покланишига хизмат қилади. Яна у, узри кетиши билан рўза тутишни бошлашини эътиборга олган ҳолда, узрли сабабларга кўра рўза тутмаганларни поклайди. Яъни келажак учун, инсон рўза тутиши ёки рўзасини тугатишидан аввал (уни) поклайди» («Фатава аз-закат» (Закатул фитр: 2)).
Валлоҳу аълам.
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми