PDF WORD

Фитр закотини пулда бериш жоиз эмас

Фитр закотини пулда бериш жоиз эмас

 

بسم الله الرحمن الرحيم

 

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Аҳли илмдан бўлган кўпчилик жумҳур уламоларнинг сўзларга кўра фитр закотини пулда бериш жоиз эмас. Булар жумласидан учта мазҳаб соҳиблари моликийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлар. Бу масалада фақатгина Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ хилоф қилдилар. Қуйида баъзи қавлларни келтирамиз.

Имом Молик айтдилар: «Киши фитр закоти ўрнига бирор мол-мулк (қийматини) беришлиги ўрнига ўтмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари ҳам бундай эмас» (ал-Мудавванаҳ ал-Кубро, 2/385).

Имом аш-Шофеъий айтадилар: «Фитр закотини қийматини бериш ўрнига ўтмайди» (ал-Мажмуъ, 6/110, ал-Умм, 2/72).

Имом Нававий (шофеъий мазҳабининг машҳур олимларидан) айтдилар: «Омма (кўпчилик) уламолар (фитр закоти) қийматини беришни жоиз эмас дейишган» (Шарҳ Саҳиҳ Муслим, 7/60).

Имом Аҳмад айтдилар: «Унинг қиймати берилмайди». У кишига айтишди: «Умар ибн Абдулазиз унинг қийматини олардилар». (Аҳмад жавоб берди:) «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини ташлаб, фалончи бундай деди дейишадими? Ибн Умар розияллоҳу анҳу: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз қилдилар, дедилар. Аллоҳ таъоло айтдики: «Аллоҳга итоат қилинглар ва Росулга итоат қилинглар». Шундан сўнг ҳам суннатларни рад қилувчи қавм фалончи айтди, пистончи айтди, дейишадими?!» (Ал-Муғний, 2/352).

Фазилатли шайх Муҳаммд Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳнинг фитр закоти тўғрисидаги фатволарида шундай дедилар: «Фитр садақасини пул билан бериш жоиз деётганлар хато қилаяптилар, чунки улар нассга хилофдир. Икки шайх (Бухорий ва Муслим) ўз саҳиҳ тўпламларида ривоят қилишган, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда, айтдилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закоти учун бир соъ ҳурмо беришни, ёки бир соъ арпа беришни, ёки бир соъ пишлоқ беришни фарз қилдилар».

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу фарзни Роббиларининг буйруғига бўйсинган ҳолда пул эмас, ўша замонда шаҳар аҳли истеъмол қиладиган таом бўлишлигини белгилаб бердилар. Бу ҳадиснинг маъноси одамларнинг ҳаётига енгиллик киритиш, фақир ва мискинлар янги ва тоза кийимлар кийиши учун ва ҳоказолар учун эмас. Бундан мурод ўша кунлари ва ҳайитдан кейинги кунларда таом ва шаробда тўкис қилиш учун.

Бир киши айтсаки: Йўқ, биз қийматини берамиз, деб айтса у икки тарафдан хато қилди.

Биринчидан: У киши нассга хилоф қилди. Ҳукм эса таъаббудийдир (бу ибодат масаласи, нассга эргашиш вожибдир).

Иккинчидан: Катта хатар, у ҳам бўлса у киши айтмоқчики оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ Пайғамбарига мана шу таомдан бир соъ таомни умматга фарз қилишни ваҳий қилганида, Аллоҳ таоло фақир ва мискинларга нима фойдали эканини билмаган экан. Қийматини бериш афзал деб ўйлайдиганлар билган нарсани Аллоҳ билмаган экан. Агар қийматини бериш афзал бўлганида у асл бўларди ва таом бериш уни бадали бўларди» (Силсилатул Ҳуда ва Нур, 274-кассета).

Аллома Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ фитр закоти қийматини беришни жоиз эмаслиги ҳақида шундай дедилар: «Биз муҳим қоидани билишимиз лозим, Аллоҳ азза ва жалла таом ёки таомлантириш лафзи билан зикр қилган аҳкомлар таомда бўлиши вожиб. Аллоҳ таъоло рўза ҳақида айтди: «(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин бечоранинг (бир кунлик) таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 184). Фитр садақасида эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соъ таом бўлишини фарз қилдилар. Нусусларда (Қуръон ва ҳадисда) таом лафзи билан ёки таомлантириш лафзи билан келган ҳукмни ўрнига дирҳамлар (пуллар) ўтмайди» (Мажмуъ ал-Фатава, 19/116).

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли-оила ва саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.