Яҳудий давлатини «Исроил» деб аташлик ҳукми нима? » Тавҳид
PDF WORD

Яҳудий давлатини «Исроил» деб аташлик ҳукми нима?

Яҳудий давлатини «Исроил» деб аташлик ҳукми нима?

Фазилатли шайх Робиъ ибн Ҳадий ал-Мадхалий ҳафизаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Росулуллоҳга, аҳли оила ва саҳобалари, ҳамда у кишининг йўлларига эргашганларга саловату саломлар бўлсин.

Сўнг:

Ҳозирда мусулмонлар ўртасида кенг тарқалган ажабланарли бир одат мавжуд. У ҳам бўлса ғазабга учраганлар бўлмиш яҳудий давлатини «Исроил» деб номлашликдир!

Ушбу хатарли ҳодисани инкор қилган бирор кишини кўрмадим! Ушбу атама пайғамбарларнинг пешволаридан бўлган улуғ бир пайғамбар қадрини ерга уради. У ҳам бўлса Аллоҳ таоло Ўзининг Азиз Китобида у кишини мукаррам оталари бўлмиш Иброҳим ва Исҳоқ билан олқиш айтган Яъқуб алайҳиссаломдир. Аллоҳ табарока ва таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг! Дарҳақиқат Биз уларни бир тоза (хислат — мудом охират) диёрини эслаш (хислати) билан холис қилдик — покладик. Ҳақиқатан улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир» (Сод: 45-47).

Ушбу улуғ пайғамбарнинг исломдаги ўрни шундай. Энди, у киши яҳудлар билан ва яҳудлар у киши билан қориштирлиши қандай бўларкин? Кўплаб мусулмонлар у кишининг исмини ушбу давлатни қоралаганда тилга олиб: «Исроил шундай қилди. Шундай қилар эмиш», дейдилар!

Бу менинг назаримда бирор қаршиликсиз одатга кирган ҳодиса бўлишлиги у ёқда турсин, балки мусулмонлар ўртасида содир бўлишлигини ўзиёқ жоиз бўлмаган мункар ишдир!

Шулардан келиб чиқиб ўртага савол ташладик ва унга жавобан шундай деймиз:

Кофир, ярамас яҳудий давлатини «Исроил» деб аташлик сўнг унга «Исроил» исми билан мазаммат ва таъна етказиш жоизми?

Ҳақ сўз шуки, ушбу иш жоиз эмас!

Дарҳақиқат, яҳудийлар мусулмон диёрларининг ўртасида Иброҳим ва Исроил мероси деган ном билан давлат барпо қилиш йўлида ўз ҳақ-ҳуқуқини шаръий ҳақ-ҳуқуққа айлантириб олишлик нуқтаи назаридан катта макр-ҳийлага қўл урган! Ўзининг сионист давлатини «Исроил» давлати исми билан номлашликда катта макр-ҳийлага қўл урган!

Уларнинг ҳийласига мусулмонлар лаққа тушди, ҳали мен омма деб айтмаяпман. Балки кўплаб маданиятлилар ўз хабар, саҳифа, ойнома ва гап-сўзларида «Исроил давлати», балки «Исроил» деб номлайдиган бўлишди. Хоҳ қуруқ хабарлар оқимида ёки таъна ва мазаммат сиёқида бўлсин. Балки лаънат айтишда ҳам. Ана шуларнинг бари мусулмонларнинг ўртасида юз беряпти. Минг афсуслар бўлсинким, ҳали бирор марта инкор қилинганини эшитмаяпмиз!

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръонда яҳудийларни кўп бор мазаммат қилди, лаънат айтди ва уларга ғазаб қилганини хабар берди. Бироқ «Яҳудийлар» ва «Исроил болаларидан иборат кофир бўлганлар» номи билан (зикр қилди). Улуғ пайғамбар, Аллоҳнинг халили Иброҳимнинг ўғли Аллоҳнинг улуғ пайғамбари Исҳоқнинг ўғли улуғ пайғамбар Яъқуб бўлмиш Исроил исми билан эмас, алайҳиссалоту вассалам!

Яҳудийлар учун ушбу икки пайғамбар меросида бирор ҳақ-(улуш) йўқдир. Балки у мўминларгагина хосдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Одамларнинг Иброҳимга яқинроғи унинг йўлига эргашган зотлар, мана бу пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва иймон келтирган кишилардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир» (Оли Имрон: 68). Аллоҳ таоло Ўзининг халили Иброҳимни яҳудий, насроний ва мушрикларга дахлсиз эканини эълон қилган ҳолда шундай деди: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган» (Оли Имрон: 67).

Мусулмонлар яҳудийларни Иброҳим ва Исроил наслидан эканини инкор қилмайди. Бироқ улар, яҳудийлар Аллоҳнинг, унинг элчиларининг душмани эканини қатъий айтадилар. Шу жумладан Муҳаммад, Иброҳим ва Исроилнинг душманларидир, алайҳиссалоту вассалам. Ҳамда пайғамбарлар билан уларнинг кофирлардан иборат душманлари ўртасида бирор мерос бўлмаслигини қатъий айтадилар. Хоҳ улар яҳудий ёки насроний ёҳуд араб мушриклари ёкида бошқалар бўлсин. Иброҳим ва бошқа пайғамбарларга одамларнинг энг яқинроғи, уларга иймон келтириб, муҳаббат қўйган ва эҳтиром кўрсатиб, уларга нозил қилинган Китоб ва Саҳифаларга иймон келтирган, ҳамда буларни динларининг асосларидан дея қарайдиган мусулмонлардир. Улар ушбу пайғамбарларнинг меросхўрлари ва уларга одамларнинг энг яқинроғидир!

Аллоҳнинг ери Унга ва ушбу улуғ пайғамбарларга иймон келтирган бандаларига хосдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Дарҳақиқат Биз (Лавҳул-маҳфузда) зикр қилгандан сўнг Забурда: «Албатта (жаннатнинг) ерига менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз. Албатта мана шу (Қуръонда) ибодат қилгувчи қавм учун етарли нарса бордир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик» (Анбиё: 105-107). Пайғамбарларнинг душманларига ер юзида мерос йўқдир. Хоссатан яҳудлар учун ушбу дунёда ва уларга охиратда абадий жаҳаннам азоби бўлур!

Яҳудийларнинг Фаластин ерига ворис бўлишлик ва улар у кишини кофирликда айблаб, турли қабиҳ сўзлар билан ҳақоратлайдиган Сулаймон (алайҳиссалом) ҳайкалини излашлик даъволарига рози бўлган кўплаб мусулмонларнинг ҳолатига ажабланасан киши! Ҳолбуки улар Сулаймон ва у кишидан бошқа Бани Исроил пайғамбарларининг энг хусуматгўй душманларидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳар қачон бир Пайғамбар сизларга ёқмайдиган нарса (оятлар) билан келса, бировини ёлғончи деб, бировини ўлдираверасизларми?» (Бақара: 87).

Ахир, қандай қилиб айрим мусулмонлар (тиллари билан айтмасаларда) ўз ҳолатлари билан уларнинг ушбу ботил даъволарига рози бўляптилар?! Шу билан бирга уларни «Исроил» ва «Исроил давлати» деб атайдилар!

Аллоҳга қасамки, уларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа пайғамбар, ҳамда уларнинг рисолатларига ҳақиқий иймон келтирган Аллоҳ ва пайғамбару элчиларнинг дўстлари томонидан ҳам бир (қасос) куни бор ҳали!

Мусулмонлар Раббиларининг Китоби, пайғамбарларининг суннати, ҳамда Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у кишининг саҳобалари ва тобеъину дин пешволаридан иборат уларга гўзаллик билан эргашганларнинг йўлига асосланган ҳолатда ўзларини ақида ва манҳаж жиҳатидан ҳозирласинлар. Ана шу душманлари устидан ғалаба қозониш, дунё ва охиратдаги иззат ва саодатлари учун энг улкан воситадир!

Бидъат ва ботилга кўр-кўрона тақлид қилиш, ҳамда унинг аҳлидан қўлларини бутунлай тортсинлар. Сўнг турли кўринишдаги қуроллардан иборат моддий тайёргарликка ва бу борада лозим бўладиган онг ва аскарий-(ҳарбий) машқларга жиддий киришсинлар. Аллоҳ таоло Ўзининг элчисини бунга амр қилганидек: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни, ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар» (Анфол: 60).

Ушбу ҳужжатдаги қувват турли қуроллардан иборат душманни қўрқитадиган барча куч-қувватни ўз ичига олади.

Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Огоҳ бўлинг, қувват – ўқ отишдир. Огоҳ бўлинг, қувват – ўқ отишдир. Огоҳ бўлинг, қувват – ўқ отишдир». Ўқ отиш эса ўқ узиладиган ҳар бир қуролни ўз ичига олади. Буларнинг барини ё ишлаб чиқариш, ёки сотиб олиш, ёҳуд бошқа йўллар билан қўлга киритиш вожиб бўлади!

Дарҳақиқат, ушбу шарафли, улуғ пайғамбар исмини пасткаш давлат, ғазабга дучор бўлган ва ёлғончи умматга ишлатилишидан яна бир бор ниҳоятда ажабланаман. У ҳақда гап кетганда, хабарлар ва мазаммат ўрнида: «Исроил» ва «Исроил давлати» дейилади. Гўёки кенг исломий араб-(ўзбек) тили торлик қилиб, фақат ушбу номни топганларидек!

Сўнг ушбу иш борасида ўзлари ҳақида ҳеч фикр юритиб кўрдилармикин, у Аллоҳ ёки Унинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўладиган ишми? У Аллоҳнинг пайғамбари Исроил рози бўладиган номми ёки у киши тирик бўлганда норози бўлармиди?

Яҳудийларга у кишининг номлари билан йўналтирилаётган мазаммат ва таъна ўзлари билмаган ҳолда у кишига ҳам бориб тегишини билмайдиларми?! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло мендан Қурайшнинг ҳақорат ва лаънатларини қандай буриб юборганига ажабланмайсизларми? Улар мен Муҳаммад-(мақталган) бўлганимга қарамай музаммам-(мазаммат қилинган, қораланган) дея сўкиб, лаънатлайдилар». Аҳмад ва Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида (3533) ҳамда Насоийлар ривоят қилишди.

Ахир, қандай ўз мазаммат, лаънат ва таъналарингизни Аллоҳнинг душманлари қолиб, Унинг пайғамбар, элчи ва танлаганларидан бири бўлмиш улуғ пайғамбарнинг исмига қўллайсизлар?

Агар бирор киши: «Ушбу атама Тавротда мавжуд» деса, биз шундай деймиз: Бу ҳам аҳли Китобнинг ўзгартирганларидан бўлишлиги эҳтимолдан узоқ эмас. Аллоҳ таоло улар ҳақида гувоҳлик берганидек, улар Китобни ўз қўллари билан ўзгартириб, сўнг: у Аллоҳнинг ҳузуридан, дейдилар. Балки ўзгартирилган Тавротда Аллоҳнинг пайғамбарларини куфр ва тубан сифатлар билан айбловлар топилади. Ҳолатлари шундай бўлса, уларнинг китобларидаги нарса қандай ҳужжатликка ярасин?!

Аллоҳ таолодан мусулмонларнинг барчаларини Ўзи яхши кўриб, рози бўладиган сўз ва амалларга муваффақ айламоғини сўраймиз. Албатта Раббимиз дуоларни Эшитувчидир.

http://www.rabee.net/show_book.aspx?pid=3&bid=52

 

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.