Мусиқа чалиш ва тинглашнинг ҳукми

Мусиқа чалиш ва тинглашнинг ҳукми

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Алҳамдулиллаҳи Роббил Аъламин. Вас-солату вас-салааму ъала саййидина Муҳаммад ва ъала аалиҳи ва асҳабиҳи ажмаъин. Амма баъд.

Биз мусиқа масаласида аввало мазҳаб уламоларининг сўзларига мурожаат қилайлик. Ҳанафий мазҳаб уламолари мусиқа асбобларининг барча турини ҳаром дейишган. Жумладан, чертиб чалинадиган, уриб чалинадиган, пуфлаб чалинадиган асбобларни улар рад этганлар. Фақат тўйда, яъни никоҳ тўйида чалинадиган доира билан жангда чалинадиган дўмбиранигина ҳалол дейишган.

«Ҳашият ибну ъАбидийн» китобида ёзадилар:

«Ҳар қандай беҳуда ишлар, ҳаракатлар макруҳдир. Ҳар қандай беҳуда иш деганда ўша ишларнинг ўзи ҳам ва уни томоша қилган, эшитганлар ҳам мана шу ҳукмга дохил бўладилар. Рақс бўлсин, масхарабозлик бўлсин, чапак чалиш бўлсин, тор чалиш, танбур чалиш, барбад, рубоб, қонун, сурнай, чанг, карнай – буларнинг барчаси макруҳдир. Чунки буларнинг ҳаммаси кофирларнинг одатларидир. Доира ва сурнай овозига қулоқ солиб, тинглаб туриш ва булардан бошқаларини ҳам эшитиш ҳаромдир. Агар буларни қўққисдан, беихтиёр эшитиб қолса, узрли бўлади. У эшитмасликка ҳаракат қилиши лозим», – деб ёзадилар «Раддул Мухтор» муаллифи Ибни Обидийн.

Астараҳсий раҳимаҳуллоҳ «Ал-Мабсут» китобида ёзадилар:

«Мана бу айтилган ашула ёки йиғи солиш, сурнай чалиш, дўмбира чалиш – мана шунга ўхшаш беҳуда ишлар учун пул тўлаб, уларни ёллаш жоиз эмас. Чунки улар маъсиятдир – маъсиятга пул тўлаб ёллаш ботилдир». Яна Астараҳсий давом этиб, бу сўзларнинг охирида айталидар: «Никоҳ тўйида чалинадиган дўмбирани эса, унинг зарари йўқ». Яъни унга пул тўланса, ёлланса, жоиз.

«Такмияту Ҳашият Раддул Мухтор» китобида ёзадилар, яъни бу китобда шаҳодати (гувоҳлиги) рад этиладиган одамларни мана шу ўринда зикр қилганларида, жумладан, муҳаннаслар ва айтиб йиғловчилар, азада айтиб йиғлаб берувчилар, тўйда ашула айтиб берувчилар, қушлар ва чолғу асбоблар билан ўйновчилар (мана шулар, ва яна), салафларни сўкувчилар – булар, шаҳодати (гувоҳлиги) қабул қилинмайдиган одамлар қаторида саналганлар.

Мана шу айтилган масалалар машҳур ҳанафий мазҳаби уламолар томонларидан айтилган сўзлардир. Аммо бугунги кунда кўпгина одамлар мусиқа ҳақидаги сўзларни «ваҳҳобийлар»нинг сўзи деб гапирадилар. Буни улар ё билмасдан гапирадилар, ёки била туриб одамларни чалғитиш ва алдаш учун тўқиб тарқатадилар.

Энди мана шу ҳанафий мазҳабининг китобларига асос бўлган ҳадисларга мурожаат қиламиз.

Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган мана бу ҳадисга эътибор берайлик:

Абу Молик Ашъарийдан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Умматимдан бир гуруҳ одамлар ароқни ўз отидан бошқача исм билан атаб ичадилар. Уларнинг бошлари узра чолғу асбоблари ва ашулачи аёллар билан базм уюштиришади. Аллоҳ уларни ерга ютқизиб юборади ва улардан баъзиларини маймун ва тўнғизларга айлантиради» (Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти. Албоний саҳиҳ санаганлар).

Яна, мана шу ҳадисни бошқача иборалар билан имом Бухорий ҳам ривоят қилганлар.

Шу ҳадиснинг шарҳида «Фатҳул Борий» соҳиблари Ибн Ҳажар айтадиларки: «Ал-маъазифнинг маъноси, чолғу асбобларидир». Яна баъзилар маъазифдан мурод ашулалар дейишган.

Яна, шу ҳадиснинг бир ривоятида «Аллоҳ тоғни уларнинг устига қулатади» дейилган. Яъни, бир гуруҳ одамлар тоғ ёнбағрига бориб базм уюштиришади, мусиқа чалишади, ароқ ичишади ва кечаси билан мана шундай ўйин-кулгу қилиб чиқишади. Тонг яқинлашганда, саҳар пайтида, тоғнинг бир чўққиси қулаб, уларнинг устига тушади ва уларнинг бир қанчалари ҳалок бўладилар. Қолганларини эса Аллоҳ тўнғиз ва маймунларга айлантиради дейилган.

Ибн Ҳажар мана шу борада давом этиб айтадилар: «Бу тўнғиз ва маймунларга айлантирилади деган ибора ҳақиқатан бўлиши мумкин. Ўтган замондаги баъзи умматларга бўлгани каби. Ёки уларнинг хулқларининг ўзгариши назарда тутилган киноя бўлиши мумкин (яъни бир мажозий тарзда айтилган бўлиши мумкин бу ҳадис). Лекин менинг назаримда биринчи фикр тўғрироқдир». Юқоридаги ҳадиснинг сиёқи келиши ҳолатига қарасангиз, биринчи таъвил мувофиқроқ келади. Яъни бу маймун ёки тўнғизларга айланиб қолиши бу ҳақиқатдан бўлиши эҳтимолга яқин дейдилар Ибн Ҳажар.

Ибн Ҳажар давом этадилар: «Бу ҳадисда ҳаром бўлган нарсанинг отини ўзгартириб, уни ҳалол қилиб олиш учун қилинадиган ҳийла, ана шундай ҳийла қилувчи одамларга нисбатан қаттиқ бир ваъийд (яъни қаттиқ азоблар) айтилганлигини англаш керак. Нарсаларга чиқариладиган ҳукм асли моҳиятга қараб, иллатга, сабабга қараб бўлади, зоҳирига қараб эмас». Ароқнинг ҳаром қилинишининг иллати, сабаби маст қилиш жиҳатидир. Ана шу маст қилиш жиҳати нима нарсада топилса, унинг оти ароқми, бошқами, нима бўлишидан қатъий назар, маст қилувчилик сифати-ҳислати бўлса, у ҳаром бўлади.

Ана шунга кўра, инсонларни йўлдан адаштирадиган, уларни худди ароқ каби ҳаёлларини бузадиган, аҳлоқларини бузадиган, бошқа нарсалар ҳам харом бўлади, деб масаланинг бу жиҳатига ҳам эътибор бериб кетганлар Ибн Ҳажар.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ мана шу мавзудаги ҳадисларнинг шарҳида айтадилар:

«Ғино – ашуланинг барчаси ҳаром деб айтилмайди. Балки уларнинг ичларидан аёлларнинг қад-қомати, уларнинг ҳаракатлари ва бошқа шунга ўхшаган нарсаларни таърифлаган ашулалар бўлса, улар қатъий ҳаромдир. Аммо ўшандай ҳаром нарсалардан ҳоли бўлган ашула бўлса, унинг кўпи макруҳдир (яъни шунга берилиш яхши иш эмас). Аммо чолғу асбоблари эса, улар ҳаромдир. Чолғу асбобларининг ҳаром дейилганига сабаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадисларидир: «Менинг умматимдан шундай бир қавмлар пайдо бўладилар. Улар зинони ва ипак кийимни, ароқни ва чолғу асбобларини ҳалол санайдилар (яъни ҳалол қилиб олган бўладилар)». Имом Бухорий таълиқ тарзида ривоят қилганлар, Абу Довуд ва бошқалар эса саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар» дейдилар шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ.

Демак, мана шу юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, хулоса қиламизки, мусиқасиз ёки фақат дўмбира ва доира билан айтилган ашулаларни тинглаш мумкин. Доирани никоҳ тўйида аёллар чалишади. Дўмбирани эса қадимда жанг пайтида эркаклар чалишган.

Валлоҳу аълам.

3 thoughts on “Мусиқа чалиш ва тинглашнинг ҳукми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan