PDF WORD

Масолиҳул-мурсала ҳақида

Масолиҳул-мурсала ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд…

«Маслаҳатул-мурсала» (кўплиги – «Масолиҳул-мурсала») деб шариатда унинг эътиборга олинганлиги ёки бекор қилинганлиги маълум бўлмаган ҳукмга айтилади.

Шавконий «Иршодул-фуҳул»да ал-Ҳоразмийдан нақл қиладики, «маслаҳа» («фойда»)дан мурод халқдан зарарни даф қилиб, шариат мақсадини муҳофаза қилишдир.

Бу масалада 3 мазҳаб борлигини Шавконий айтади: «Биринчиси, масолиҳул-мурсалани мутлақ ман қилиш, бу жумҳур фикри. Қуртубийнинг айтишича, бу Шофеъийнинг мазҳаби ва Абу Ҳанифанинг кўпчилик шогирдларининг фикри. Иккинчиси, мутлақ жоизлиги, Моликдан ҳикоя қилинган. Учинчиси, шартлар билан жоизлиги».

«Масолиҳул-мурсала»ни мисрлик шайх Абдулваҳҳоб Ҳаллоф «Усулул-фиқҳ» китобида диний масдар (ҳукм чиқариладиган манба) сифатида белгилаб унинг учун 3та шарт қўйган:

1. Маслаҳатул-мурсалани талаб қилаётган ҳожат ҳақиқий бўлиши керак.

2. Маслаҳатул-мурсалани талаб қилаётган ҳожат ом (умумий) бўлиши керак, яъни бир гуруҳ одамларнинг ҳожати учун эмас.

3. Маслаҳатул-мурсала шариатга хилоф келмаслиги керак.

У киши буни Абу Ҳомид Ғаззолийдан олган бўлишлари мумкин, чунки Шавконийнинг айтишича Ғаззолий қуйидаги уч шартни қўйганлар: ҳожат зарурий, қатъий ва умумий бўлиши лозим.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан масолиҳул-мурсаладан нақл қилиб қуйидагиларни айтган. Бу ерда ўша нақлнинг маъноси келтирилади холос.

Агар масолиҳул-мурсалага олиб келган сабаб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида мавжуд бўлиб, ушбу масолиҳул-мурсалани Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишлатмаган бўлсалар, унда бу иш бидъат бўлади.

Агар масолиҳул-мурсалага олиб келган сабаб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида мавжуд бўлмаган бўлса, унда қаралади: бу масолиҳул-мурсала шариатнинг ҳукмларидан бирон ҳукмга амал қилишни нуқсонлаштирадиган бўлса, унда бу масолиҳул-мурсала бўлмайди. Яъни бу иш жоиз бўлмайди.

Агар бу масолиҳул-мурсала шариатнинг ҳукмларидан бирон ҳукмга амал қилишни нуқсонлаштирмайдиган бўлса, унда бу иш жоиз бўлади.

Мисол учун, Албоний Усмон розияллоҳу анҳунинг иккинчи азонни (яъни, хутбадан олдинги азондан бурун айтиладиган азонни) бозорда айтишни жорий қилганларини мисол қилиб келтирадилар. Унинг сабаби одамларнинг Мадинада кўпайиб кетиши бўлиб, бу сабаб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида мавжуд бўлмаган эди. Шунинг учун саҳобалардан ҳеч ким буни инкор қилгани нақл қилинмаган.

Масолиҳул-мурсалага Абдулваҳҳоб Ҳаллоф мадрасалар қуриш, қамоқлар қуриш, пул чиқаришни мисол қилиб келтирганлар.

Қамоқ қуришни Бухорий муааллақ ҳолда Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши Маккада қамоқ қуриш учун ер сотиб олмоқчи бўлганлар ва бир саҳобийга бошқа саҳобий орқали уйини сотиб олиш учун пул юборганлар. Бу ривоятни Байҳақий «Сунан Кубро»да ва Абдураззоқ «Мусаннаф»да тўлиқ санад билан келтиришади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирни масжидда ҳибс қилиб боғлаб қўйганлари ва бир кишини қарзи учун ҳибс қилганлари ҳақида ривоятлар бор.

Албоний масолиҳул-мурсалага микрофонда азон айтишни мисол қилиб келтирадилар, чунки бу азоннинг мақсади бўлмиш эълонни етказишни амалга оширади.

Аммо иқоматни ва қироатни микрофонда айтишни Албоний масолиҳул-мурсала эмас, деганлар, чунки иқомат ва қироат ташқарига эмас, ичкаридагиларга эшитилиши лозим. Яъни, микрофонсиз иқомат ва қироат ичкаридагиларга эшитилса, унда микрофонга ҳожат йўқ, ёки ҳеч бўлмаса, уларни ташқарига эшиттирмаслик керак.

Яна мисол қилиб солиқлар келтирилади. Бу масалани имом Шотибийдан нақл қилиб Албоний тушунтириб айтадиларки, аслида бу қайтарилган амал, чунки Муслим ривоят қилган ҳадисда унинг қайтарилганлиги айтилган. Бунинг яна бир далили шариатда закот ва фитр садақадан бошқа молиявий мажбурият йўқ. Бунинг устига солиқ омма одамлардан олинади, ваҳоланки: «Садақа фақат бойларнинг устига юкланган», деган ҳадис бор. Худди шундай номли бобни Бухорий ҳам «Саҳиҳ»ларида қўйганлар. Яъни, закот фақат бой одамлардан, фитр садақаси жумҳур наздида бир кунлик таоми бор одамдан ҳам олинади. Абу Ҳанифа фитр садақасини юқоридаги ҳадисга биноан вожиб эмас деганлар.

Энди агар, айтилсаки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида биздаги бюджетдан халққа сарф қилиниб амалга ошириладиган ишлар (ўқув юртлари, шифохоналар, ҳуқуқ-тартибот органларини таъминлаш ва ҳоказо) мавжуд бўлмаган, шунинг учун солиқ олишга зарурат бор. Унда Шотибий айтадиларки: ««Зарурат ҳаромни мубоҳ қилади», деган қоидага биноан фақат ҳақиқий зарурат пайтда бу чорани ишлатиб, зарурат кўтарилганида, бу чорани бекор қилиш керак, чунки аслида бу қайтарилган иш. Воқеликда эса бу ишга бундай ёндошилмайди, балки одатий мубоҳ иш деб қаралади».

Бу солиқни масолиҳул-мурсала дейиш ҳам мумкин эмас, чунки у шариатдаги закот ҳукмини амалга оширишдаги нуқсонга олиб келади. Кўпгина мусулмон мамлакатларида солиқ олиниб, закотга давлат эътибор бермайди. Аслида давлат бюджетини закотдан тўлдириш лозим эди.

Масжидда меҳробни бино қилишни баъзилар маслаҳатул-мурсала дейишади. Имом Суютийнинг айтишича, меҳроб истилоҳи Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида мавжуд бўлмаган. Буни Ибн Ҳажар ва Самҳудий ҳам айтишган. Баззор эса Абдуллоҳ ибн Масъуддан келтирадики, у киши меҳробда намоз ўқишни кариҳ кўриб: «У фақат каниса (черков)ларда бўларди, аҳли китобларга ўзларингизни ўхшатмангизлар», деганлар. Нававий «Мажмуъ»да унинг ровийларини «ишончли ҳисобланган», деди, Албоний «Самарул-мустатоб»да бу ҳадисни далил сифатида ишлатган. Шунга ўхшаш ривоятни Саъид ибн Мансур ҳам келтиради. Албоний айтишларича, Абдуллоҳ ибн Масъуд меҳроб олдида намоз ўқишга дуч келсалар, ўнгга ёки чапга сурилиб намоз ўқирдилар, яъни меҳробда намоз ўқимасдилар. Убайд ибн Абул-Жаъд эса саҳобалардан ушбу меҳроблар қиёмат аломатлари эканлигини нақл қилган. Буни Албоний «Самарул-мустатоб»да келтирадилар. Баззор Воилдан ривоят қилган: «Меҳробда, яъни меҳроб ўрнида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб ўнг қўлларини чап қўллари устига кўкракларига қўйдилар», деган ҳадис заифдир. Яъни, «меҳробда» деган зиёдаси заиф. У ривоятда учта камчилик бўлиб, у жуда заифдир. Бунинг устига ровий «меҳроб» сўзини: «Яъни, меҳроб ўрнида», деб таъвил қилиши ҳам меҳроб бўлмаганлигига далолат қилади.[1] Саҳл ибн Саъднинг Табароний ҳадисида «меҳроб» сўзи мункар, яъни заиф ровий ишончли ровийларга хилоф қилган. Буни бирдан кўп муҳаддислар заиф деган. Бухорий унинг ўша ровийсини «мункар», деган, Насоий эса «ишончли эмас», деган. Яъни, бу жуда заиф ҳадис. «Меҳроб қиблага далолат қилади», деган гапга Албоний қуйидагича жавоб берадилар. Биринчидан, кўпчилик масжидларда минбарлар бор, демак меҳробга ҳожат йўқ. Иккинчидан, қиблани кўрсатиш учун кичик меҳробча қилса кифоя, ваҳоланки, кўпчилик масжидларда меҳроб улкан бўлиб, унинг ичига имом сиғиб ичида намоз ўқийди. Унинг устига у мусулмонларнинг фикрини ва ҳушуъсини чалғитадиган зийнат макони бўлиб қолган, масжидларни зийнатлашдан эса қатъий қайтарилган. Учинчидан, бу меҳроб насороларнинг амали бўлиб, ундан юз ўгириб, иттифоқ қилинган амални қилиш лозим, яъни имом олдидан устун (сутра) қўйиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмга масжид қилиб берганларида, атрофини чизиқ билан чегаралаб имом олдига ёғоч ўрнатиб қўйдилар. Буни Табароний «Кабир» ва «Авсат»да Жобир ибн Усома ал-Жуҳанийдан ривоят қилган, Албоний унинг санадини ҳасан, деган. Бундан кейин устун қилиш меҳроб қилишдан осонроқ. Меҳробларнинг кароҳиятини Ибн Ҳазм ҳам айтган ва тобеъинлардан бўлмиш Иброҳим Нахаийдан у меҳробни кариҳ кўрганини ривоят қилган. Суфён Саврийдан эса Ибн Ҳазм қуйидагини нақл қилади: «Биз меҳробни кариҳ кўрардик». Яъни, биз деб тобеъинлар давридаги бирдан кўп одамни айтяптилар. Шайх Алиййул-Қори ҳам «Мирқот»да (1/473) меҳробни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг пайдо қилинган иш («муҳдас»), деганлар ва бир гуруҳ салафлар буни кариҳ кўрганларини айтганлар.

Мусҳафни жамлаш, муртадлар ва хаворижларга қарши курашиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам замонларида бўлмаган, лекин уларни асли шариатда бор, деганлар шайхулислом Ибн Таймия.

Таровиҳ ўқишнинг аслини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга уч кун давомида кўрсатиб бердилар. Демак, унинг асли шариатда бор.

Видеофилмларни даъватда ишлатишга келганда, Ибн Боздан маййитни ювишни таълим учун видеога олишни сўрашганларида бир жавобда мумкин, иккинчи жавобларида мумкин эмас деганлар.

Албоний эса видеони ҳаж амалларини ўрганиш учун жоиз деганлар. Лекин инсонларни олиб ҳаёлий (бизда бадиий дейилади) филмларга мусулмонларнинг ҳожати йўқ, дейдилар Албоний. Чунки бизнинг тарихимизда ўрнак оладиган ҳақиқий қаҳрамонлар бор, биз ҳаёлий қаҳрамонларга муҳтож эмасмиз, бунга кофирлар муҳтож.

Айниқса, агар филмда аёл-эркак аралашиб юрса, аёллар ёки эркаклар аврати кўринса, мусиқа эшитилса, бундай ҳаром ишлар орқали даъват қилинмайди.

Сурат (фото)га келсак, Албоний, Ибн Боз ва Ибнул-Усаймин уларни фақат зарурат (масалан, ҳужжат) учун жоиз дейишган. Ибнул-Усаймин бундай заруратга тергов ишларини ҳам мисол қилиб келтирганлар.

Лекин «зарурат ҳаромни мубоҳ қилади, зарурат эса ўз ўлчови билан ўлчанади», деган қоида, кофирларнинг «ғоя воситани оқлайди», деган қоидаси билан тенг эмас. Чунки зарурат шундай ҳолатки, киши иккита зарардан бирини албатта танлаши лозим бўлади.

Аллоҳ таолодан барчаларимизни ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз.


[1] Қизиғи шуки, баъзилар бу ҳадисни далил сифатида келтиради-ку, унинг барчасига амал қилмайди. Бу ҳадиснинг «меҳроб» зиёдаси заиф. Улар шу зиёдани қабул қилишади. Кўкракка қўлларни қўйиш матни эса заиф эмас. Улар «меҳроб» заиф зиёдасини олиб, саҳиҳ бўлган «кўкракка қўл қўйдилар» матнини олишмайди.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.