PDF WORD

Ҳижобли аёл телекўрсатувларда даъват қилиши

Ҳижобли аёл телекўрсатувларда даъват қилиши

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Бугунги кунда турли исломий телеканалларда аёл кишилар одамларга дарс бериш учун ойнаи жаҳон орқали чиқиш қилишяпти. Бундай аёл ўзининг мукаммал ҳижобида, балки ҳатто ниқобда чиқади дея тасаввур қилсак ҳам, бу ҳолат юзасидан қуйидаги танбеҳ ва мулоҳазаларни эслаб ўтишлик ўринли бўлади:

Биринчидан: Шариатга мувофиқ бўлган исломий телеканаллар, шак-шубҳасиз Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилиш воситаларидан бўлган фойдали бир воситадир. Бироқ ўзини исломий деб даъво қилган ҳар бир телеканал ҳам ўшандай эмас. Уларнинг ичида кўплаб ўринларда шариатга хилоф келиш билан чегарани бузганлари бор. Мисол учун: аёлларни кўрсатувда эркаклар билан бирга чиқиш қилиши, мусиқа асбобларининг чалиниши, баъзи телеканалларга араб тилидаги театр ва сериалларни кириб келиши ва бундан бошқа мункар ишлар.

Иккинчидан: Аёл кишига Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш, таълим бериш ва Қуръондан дарс беришида зарар йўқ. Бироқ бу ўзи билан бир жинсда бўлган қизлар орасида бўлмоқлиги лозим. Бу ўринда тўла топилиши керак бўлган ўлчов-меъёрлар бор.

Учинчидан: Шаръий ҳукмларни таълим беришда ташаббус кўрсатиб чиқишдаги асл бу, эркак кишини муаллим бўлмоқлигидир. Сабаби Аллоҳ таоло одамларни бошқариш, қозилик ва бошқа ишлардаги мансабни адо этишни эркак кишига тайин қилди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло фақат эркак кишини пайғамбар қилиб жўнатди. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари ҳам (фаришталарни эмас) фақат шаҳар аҳлларидан бўлган кишиларни (яъни, иснонларни) пайғамбар қилиб, уларга ваҳий юборганмиз» (Юсуф: 109). Чунки эркак киши Аллоҳнинг йўлига даъват қилишни адо этиш ва бу йўлдаги машаққатларни кўтаришга қодирроқдир.

Аёл кишини умум инсонларни даъват қилиш учун телеканаллардан чиқиш қилиши шаръий далилларга, мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳунналарнинг йўлига хилофдир. Ҳолбуки улар уммат аёлларининг яхшиларидир.

Бу ишнинг шаръий далилларга хилоф эканига тўхталадиган бўлсак, дарҳақиқат Аллоҳ таоло аёлларни уйларда қолишга амр этиб, шундай деди: «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар» (Аҳзоб: 33). Ва Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишининг уйда ўқиган намозини Каъба ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ўқиган намозидан яхши деб айтдилар. Демак аёл кишини миллионлаб одамлар кўрадиган ўринда даъват деб кўриниш бериши ушбу (далилларга) хилофдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аёлларингизни масжидлардан тўсманглар. (Ҳолбуки) уйлари улар учун яхшидир» (Абу Довуд (567), Албоний «Соҳиҳ Аби Давуд»да саҳиҳ санадилар).

Шамсулҳақ Азим Ободий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: ««(Ҳолбуки) уйлари улар учун яхшидир»: яъни, қани энди аёллар уйларида ўқишган намозларини масжидда ўқишган намозларидан яхши эканлигини билишганида, бироқ улар буни билмадилар. Шу сабабли ҳам масжидда (ўқиган намозларининг) ажри кўпроқ бўлади деб эътиқод қилган ҳолда масжидга чиқишни сўрашди. Уйда ўқиган намозларини афзал экани, бу фитнадан омон бўлгани учундир. Бу ишни кейинги (замонларда) аёллардан ясан-тусан ва зийнат ошкора рўй бериши мавжуд экани янада таъкидлайди» («Авнул Маъбуд» (2/193)).

Аёл киши бу ишни аёлларга таълим беришда татбиқ қилсин. Бу ўзининг уйида бўлсин. Агар ундай бўлмаса, аёллардан бошқа бирортасининг уйида бўлсин. Масжидда бўлмаслиги керак. Чунки масжид кўп ҳолатларда эркаклар йиғиладиган ўриндир. Энди бу дарс бериш ишини эркагу аёллар томоша қиладиган телеканал орқали бўлмаслик кераклиги лойиқроқ ва авлороқ бобдандир.

Шу сабабли ҳам аёллар Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламдан таълим бериш учун бирор кунни тайин қилишни талаб қилишганида, у киши уларга барчалари келиб йиғилашадиган бир уйни тайин қилдилар. Уларга таълим бериш учун масжидни тайин қилмадилар! Шунинг учун ҳам шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ баъзи отинчаларга аёлларни масжидда жамлаш каби ишларини инкор қилганлар. Энди мана бу даъватчи аёл телевиденияда чиқиш қилиб, эркакларга овоз кўтариши қандай бўларкин?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Аёллар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, айтишдики: «Эй Росулуллоҳ, мажлисингизда эркаклар бўлгани сабабли сизга яқин келолмаймиз. Бизга сизни олдингизга келишимиз учун бир ўрин тайин қилсангиз». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унда фалончининг уйига (боришни) келишдик», дедилар. Ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни уларнинг олдига, келишилган жойга бордилар (Аҳмад (12/313), Албоний «Силсила Ас-Соҳийҳа» (2680)да саҳиҳ санадилар).

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Охирги вақтларда Дамашқда одат тусига кириб бораётган аёлларни муайян вақтларда, даъво қилишларича «отиной» деб аталадиган бир аёлдан дарс тинглаш учун масжидма масжид кезиб юришларига тўхталадиган бўлсак, бу на Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на салаф солиҳлар замонида бўлмаган, (динда) янги пайдо бўлган ишлардандир. Балки, одатда аёлларга таълим бериш ишини хос бир ўринда, ёки ҳадисда келганидек, эркакларга масжидда дарс беришда улардан (эркаклардан) тўсилган ҳолда, агар имконият бўлса, солиҳ уламолар бошқариб борадилар. Акс ҳолда (масжидда) асосан эркаклар бўлгани учун улар (аёллар) илм ҳосил қилиш ва савол йўллашга имконият тополмайдилар. Энди бугунги кунда аёллар орасида Китобу-Суннатга йўғрилган илм ва соғлом тушунчага эга бўлган (бирор аёл) топилса, ўзининг уйида ёки аёллардан бирорталарининг уйида хос бир мажлис уюштиришида зарар йўқ. Бу улар учун яхшидир. Қандай қилиб йўқ, (бу яхши эмас деб айтамиз)?! Ахир Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиддаги жамоат намози ҳақида бундай деб айтган бўлсалар: «(Ҳолбуки) уйлари улар учун яхшидир». Демак иш намоз борасида шундай бўлсаки, муслима аёл намозда одоб, уят-иффатни лозим тутишга, намоздан ташқари ҳолатлардан кўра кўпроқ мажбур бўлади. Энди уйларида илм олишлари улар учун қандай авлороқ бўлмасин?! Айниқса баъзиларини овози кўтарилса ва гоҳида унга бошқаси ҳам (овозни баланд кўтаришда) шерик бўлса. Демак улар учун масжидда (илм мажлиси уюштириш) хатарли, қабиҳ ва мазамматлангандир. Афсуслар бўлсинким, бу биз эшитиб, ўзимиз гувоҳи бўлган бир ҳолатдир.

Сўнг мен ушбу (динда) янги пайдо бўлган ишни бошқа диёрларга ҳам кўчиб ўтганини кўрдим. Мисол учун Аммонга. Аллоҳдан (динда) янги пайдо бўлган ҳар бир бидъатдан саломатлик сўраймиз» («Силсила ас-Соҳиҳа» (6/179)).

Аёл киши ниқоб кийган бўлса-да, ойнаи жаҳон орқали чиқиш қилиши сабаб рўй берадиган баъзи шариатга хилоф ва қайтарилган ишларни эслаб ўтишимиз мумкин:

1) Ойнаи жаҳон орқали чиқиш қилиши ортидан: уйидан чиқиши, ўзини суратга олувчи, кўрсатувни бошқарувчи ва булардан бошқа кўрсатувдаги чиқишларини эфирга узатишда иштирок этадиганлардан иборат эркак кишилар билан аралашишдек бир ишга кўндаланг қўяди. Ана шу ишнинг ўзини олиб қараганимизда ҳам, бу қабиҳ саналган эркак ва аёл аралашишини айни ўзидир. Зеро бунда ўзаро суҳбат, таналарни бир-бирига яқинлашиши мавжуддир. Ва у аёл киши уйида барқарор бўлиши, ҳамда эркаклар бор бўлган ўринлардан узоқ бўлиши каби шаръий асосга ҳам зиддир.

2) Аёл кишини ойнаи жаҳон ёки оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиши сабабли юз минг балки миллионлаб эркак кишилар ҳожатсиз унинг овозига қулоқ тутишади. Бу эса олим одам жоиз деб айтиши мумкин бўлмаган ишдир. Уламолар аёл кишининг овози авратми ёки йўқми, деган масалада ихтилофлашишди. Бироқ уламолар аёл киши бегона эркаклар ҳожат тушмаса-да овозини эшитиш даражасида баланд кўтармаслиги борасида ихтилофга боришмади. Дарҳақиқат Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини имом намозда хатога йўл қўйганда сўз билан огоҳлантиришидан ман қилдилар. Балки чапак чалиши(га изн бердилар). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Тасбиҳ (субҳаналлоҳ деб айтиш) эркаклар учун. Чапак чалиш эса аёллар учундир» (Бухорий (1204), Муслим (421)).

Дарҳақиқат уламолар аёл киши ҳаж ёки умрада овозини баланд кўтариб, талбия айтишини ман қилишди. Тоинки бегона номаҳрам эркаклар унинг овозини эшитишмасин.

Ибн Ақил роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Аёл кишининг овозига беҳожат қулоқ тутиш макруҳдир».

Ибн ал-Жавзий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Аёл кишининг овозига қулоқ солиш макруҳдир».

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: «Аёл киши тунда қироат қилса, қироати асносида овозини пастлатиши лозим бўлади» («Инсоф» (8/31)).

3) Ойнаи жаҳон орқали аёл киши чиқиш қилишида, хоссатан ўзини, умуман эса ҳижобли ёки ниқобли аёлларни масхара ва истеҳзога қўйган бўлади. Унинг кўрсатуви шариатни ҳазл-мазаҳ қиладиганлар завқланадиган бир вақт бўлиб қолади.

4) Баъзи кўрсатувларни ниқоб билан олиб борилишига муносиб эмаслиги. Мисол учун ниқоб кийган аёлни тажвиддан дарс беришига ўхшаш. Аёл киши тажвиддан дарс берар экан, у икки лаби ва тилини очишга эҳтиёж сезади. Тоинки аёллар тўғри нутқ қилиш услубини ўрганиб олсинлар. Шу сабабли аёл кишини ушбу фандан дарс бериши кўзлаган мақсадига олиб бормайди.

5) Ўша аёлларда таълим беришда очиқ-ойдин заифлик кўзга яққол ташланиб турибди. Эркаклар шак-шубҳасиз таълим беришдек бир вазифани адо этишда улардан кўра қодирроқдир.

6) Ушбу иш бориб-бориб ниқобдан ҳам воз кечишга бўлган илк қадамлар бўлиб қолишидан хавотир олинади. Мусулмон фитна ўринларидан узоқ бўлишга буюрилган.

7) Аёл киши ўз муаммоларини билувчироқ ва у ўзига тегишли масалаларни баён қилишга қодирроқдир, деган даъво тўғри эмас. Дарҳақиқат эркак киши бу ишга қодирроқ ва билувчироқ экани собит бўлди. Чунки эркак турли табақа вакиллари билан ўралашиб юради ва у аёл киши воқиф бўлмаган масалаларга воқиф бўлади. Хўп келинг майли аёл киши ўз муаммоларини билувчироқ ва ўзига тегишли масалаларни баён қилишга қодирроқдирдир деб фараз қилайлик. Бироқ у ўша муаммоларни ҳал қилишга қодирроқ эмас. Бу мана гувоҳ бўлинган ва маълумдир.

8) Бу ўринда ғарбга мана аёл кишини ҳам бизни орамизда ўз ўрни бор ва у эркаклар билан иш ўринларида шерикдир, деган рисолани тақдим қилишимизга ҳожат йўқ. Чунки ғарб ниқобли аёл ҳали у ёқда турсин, ҳижобли аёлдан ҳаргиз рози бўлмайди. Балки биз ғарбга муслималарнинг иффат ва ор-номусли эканлари ҳақидаги рисолани тақдим қиламиз.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, биз аёл кишини ойнаи жаҳон орқали чиқиш қилишини жоиз деб билмаймиз. Агарчи тўла суратдаги ҳижоби билан бўлса-да. Аёлларни ишларида эркаклар билан аралаш юришларини ўзи, ушбу ишни ман қилинишига етарлидир. Энди бунга бошқа ишлар қўшилса қандай бўларкин?! Валлоҳу Аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.