Кучли мўмин

Кучли мўмин

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله و الصلاة و السلام على رسول الله و على آله و أصحابه أجمعين،

أما بعد:

Азиз биродарлар, бу дарсимизда cизларга мўминларнинг даражалари тўғрисида қуйидаги ҳадисга асосланиб дарс ўтамиз, иншааллоҳ.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسو ل الله صلى الله عليه و سلم: «المؤمن القوي خير، و أحب إلى الله من المؤمن الضعيف. و في كل خير. احرص على ما ينفعك، و استعن بالله ولا تعجز.. و إن أصابك شيء فلا تقل: لو أني فعلت كذا، كان كذا و كذا، و لكن قل: قدر الله، و ما شاء فعل، فإن لو تفتح عمل الشيطان»               ( رواه مسلم: 2664 و غيره)

Маъноси: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтадиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қувватли мўмин кучсиз мўминдан Аллоҳга яхшироқ ва суюклироқдир. Ҳаммасида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган нарсаларга тиришгин. Аллоҳдан ёрдам сўра. Ожизлик қилма. Сенга бирон мусибат етганда: Агар ундай қилганимда, бундай ва бундай бўлар эди, демагин. Лекин, Аллоҳ тақдир қилган ва хоҳлаган нарсасини қилди, дегин. Чунки, «агар» калимаси Шайтоннинг амалини очиб юборади».

Ҳурматли ўқувчилар (сизларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), бу ҳадис улуғ қоидалар ва сермазмун калималарни ўз ичига олади. Улардан бири: Аллоҳ таолога муҳаббат сифатини исботлашдир.[1] Аллоҳ таолодаги муҳаббат сифати Унинг севган бандаларининг ҳолатларига таалуқли бўлади. Бандалар У зотнинг муҳаббатига олиб борувчи эзгули амаллар қилишгандан кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни яхши кўради. Аллоҳ таолонинг муҳаббат сифати Унинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ. Бу сифат фазилатининг мартабалари бир хил эмас. Масалан: Қувватли мўминга бўлган Аллоҳнинг муҳаббати кучсиз мўминга нисбатан бўлган муҳаббатидан юксакроқдир.

Қалб эътиқод қиладиган нарсалар, сўзлар ва феълларни иймон ўз ичига олади. Мазкур ҳадис бунга далил. Бу аҳли суннат вал-жамоатнинг йўналишидир. Зеро иймон етмиш нечтадир бўлимдан иборат. Уларнинг энг олийси لا إله إلا الله  калимаси бўлса, энг кичиги озор берувчи нарсани йўлдан олиб ташламоқдир. Ҳаё ҳам иймондан бўлган бир бўлак. Иймоннинг барча кўринадигану-кўринмайдиган амаллари мана шу бўлакларга қайтади. Шунақа экан кимки, иймоннинг барча бўлакларини жамлаб адо этса, фойдали илм ва эзгули амаллар билан ўз нафсини камолотга етказса ва бошқаларни ҳаққа ҳамда сабр қилишга чиройли насихат қилса, бундай инсон иймон мартабаларининг энг олийсига етган қувватли мўминдир. Энди кимда ким, мазкур мартабага етмаган бўлса, кучсиз мўмин деб ҳисобланади.

Бу ҳадис иймонни зиёда бўлиши ва нуқсонлашиб боришига асос бўлган салаф уламоларимизнинг далилларидан. Иймон илмларини тахсил олиб солиҳ амаллар қилган кишининг иймони зиёдалашиб борса, маъсиятга юз тутган мўминнинг иймони нуқсонлашиб боради. Иймонни зиёда ва нуқсонли бўлиб туриши Қуръон ва суннатнинг кўп ўринлари далил бўлган асл-қоидадир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларнинг орасини фазилат билан ажратганларида, пастда қолганларини кимдир камситмаслиги учун, «Уларнинг ҳаммасида яхшилик бор» деб қўшиб қўйдилар. Бу эҳтиёткорона сўзлашувда қанчалар фойда борлиги махфий эмас. Инсонлар орасидаги мартабалар ҳақида сўз юритаётган киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу одобларини ҳам эсидан чиқармаслиги лозим.

Бу ҳадисдан яна шу нарса хулоса қилинадики: яхшилик, Аллоҳни севиш ва динни барпо қилишда мўминлар орасида тафовут ва даражалар бор.

«Амал қилган нарсаларида инсонларнинг ҳар бирлари – яхшиларию-ёмонлари – учун даражалар бор» (Аҳқоф: 19). Яхшилар амалларига қараб дунёда ҳам, охиратда ҳам турли мартаба ва даражаларда бўлганларидек, ёмонлар ҳам қилмишларининг кўп-камлиги сабабли турли табақаларга ажратилади.

Мўминлар дунёда уч қисмга бўлинади:

Биринчиси: Яхшиликларга ошиқувчилар. Булар фарз ва мустаҳаб амалларини чиройли адо этиб, ҳаром ва макруҳ қилмишларни тарк этган кишилар. Бундай кишилар қилиниши жоиз бўлган ортиқча ишларни ҳам қолдириб, ибодатларини комил суратда адо этадилар ва барча камол сифатлари билан сифатланадилар.

Иккинчиси: Иқтисод қилиб қониқарли йўл тутганлар. Бундай кишилар фақат фарз амалларини барпо қилиб ҳаром ишларни тарк қиладиган кишилар.

Учинчиси: Ўз нафсларига зулм қилган кишилар. Бундай кимсалар солиҳ амалларининг орасига бузуқ қилмишлар ҳам аралаштириб юборадилар. Бундай кимсалар ибодат ҳам қилади, гуноҳга ҳам қўл уради.

Ҳадиснинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Сенга фойдали бўлган нарсага тиришгин. Аллоҳдан ёрдам сўра» деган сўзлари дунё ва охират саодатини қамраб олувчи серфойда сўз. Фойдали ишлар икки қисмга бўлинади. Диний ишлар ва дунёвий ишлар. Одам диний амалларга муҳтож бўлганидек, дунёвий ишларга ҳам ҳожатмандир. Бахтли инсон Аллоҳдан ёрдам сўраб ҳам диний, ҳам дунёвий манфаатли ишларга тиришади. Мана шу даража инсоннинг камолотга етганлиги ва охиратда нажот топиш аломатидир. Кимки фойдали ишларга тиришмасдан дангасалик қилган бўлса, юқоридаги ширин сўзлар ва олий мартабалар унга қаёқдан келсин?! Ялқовлик зиён кўриш ва бўшашишнинг аслидир. Ялқов на яхшиликка эришади, на ҳурмат кўради ва на дину-дунёда насибадор бўлади.

Диндаги фойдали ишлар икки нарсадан иборат:

1. Фойдали илм.

2. Солиҳ амал.

Фойдали илм қалблар ва руҳларни поклаб икки дунё саодатига эришадиган самара беради.

Аллоҳ таолога ихлосни жамлаб ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб қилинган солиҳ амал эса, инсонни Аллоҳ толога яқинлаштиради. Юқоридаги шартлар асосида буюрилган амалларни адо этиш ва қайтарилган қилмишларни тарк этишга солиҳ амал дейилади.

Дунёдаги фойдали ишлар деганда бандани ризқ излашининг лозимлиги назарда тутилади. Шунинг учун инсон ўзининг ҳолатига лойиқ равишда энг фойдали сабабларни топиши керак. Бу ишларда кучига суяниб қолмасдан Роббисидан ризқ ва унга барака сўраши лозим.

Касбларнинг энг яхшиси қайси, деб савол туғилса, қуйидагича жавоб берилади. Илм аҳли бу борада турли фикрлар билдиришди. Баъзилари деҳқончилик ишларини афзал кўрса, бошқалари олди-сотди ишларини афзал дейишган. Яна баъзилари ишлаб чиқариш корхоналарини юргизиш афзал бўлади дейишди. Буларнинг ҳаммалари ўз фикрларига далиллар келтиришади. Бу турли туман фикрларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сенга фойдали бўлган нарсаларга тиришгин. Ожизлик қилма» сўзлари билан келиштирадилар. Дунёвий ишлар ҳолатлар ва шахсларга нисбатан турличадир. Кимгадир деҳқончилик фойдали бўлса, кимгадир олди-сотди. Бошқасига эса корхона.

Сермазмун калом сўзлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳнинг салот ва саломлари бўлсин!

Ҳадиснинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам куч сарф қилингандан кейин Аллоҳнинг тақдирига рози бўлишга чақирадилар. Агар инсонга мусибат етиб қолса, анави-манави ишларни қилганимда эди, мусибат етмасди демасин. Аллоҳнинг тақдирини аччиғлигига ҳам иймон келтирсин. Шунда қалб таскин топиб нафси ором олади. «Агар» деса, тақдирга бўлган иймони нуқсонли бўлиши билан бирга Шайтон амалини очиб юборади. «Агар» калимаси мусибат етган вақтда ножоиз бўлгани каби, ёмонлик ва гуноҳни исташда ҳам ишлатиш қораланади. Гарчи бу истовчи хоҳлаган гуноҳини қилмаган бўлса ҳам, хоҳлагани учун гуноҳкор бўлади. Аммо «агар» калимаси яхшиликни орзу қилишда ёки фойдали илмни баён қилишда ишлатилса мақтовга сазовор бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисда тақдирга иймон келтириш билан фойдали сабаблар ила амал қилишни жамладилар. Бу икки асосга Қуръон ва суннатнинг кўп ўринлари далил бўлади. Буларсиз дин тўлиқ бўлмайди.

«Аллоҳдан ёрдам сўра» сўзлари билан Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга таваккул қилишга амр қиладилар. Сабабларга риоя қилиш билан барча нарсаларда Аллоҳга суянишга таваккул дейилади.

Ҳурматли мусулмонлар, Сизларни ҳам бизларни Аллоҳ таоло мағфират қилиб, яхшиликларга ошиқувчилар жумласидан қилсин! Омийн!

Бу мавзуни Абдурраҳмон бин-Носир Ас-Саъдийнинг

«بهجة قلوب الأبرار…» китоби асосида тайёрладик.


[1] Аҳли суннат вал-жамоатнинг эътиқодида яхши кўриш сифати Аллоҳнинг камол сифатларидандир. Яхши кўриш сифати буюк Аллоҳга лойиқ тарздадир. Аллоҳ таолонинг бу ва бундан бошқа барча сифатлари ёлғиз Ўзига хос бўлиб махлуқлар сифатларига асло ўхшамайди. Аллоҳдаги муҳаббат сифати билан инсон ёки бошқа махлуқдаги муҳаббат сифатининг бор йўғи номи бир. Маъноси эса чексиз фарқлидир. Аллоҳнинг сифатларини йўққа чиқариш оғиб кетиш ва ҳалокат бўлгани каби, Ул зотнининг сифатларини махлуклар сифатларига ўхшатиш ёки маъносини ўзгартириш бидъат ва залолатдир.

One thought on “Кучли мўмин

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan