PDF WORD

Шайхул Ислом Ибн Таймиянинг онасига йўллаган мактуби

Шайхул Ислом Ибн Таймиянинг онасига йўллаган мактуби

بسم الله الرحمن الرحيم

Шайхул Ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Мисрда истиқомат қилиш сабаб оналари бағрида бўлолмаганлари учун узрларини баён қилишлари.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аҳмад ибн Таймиядан бахту саодатли онага! Аллоҳ Ўзининг неъмати билан унинг кўзларини қувонтирсин. Унга мўл-кўл саховатидан тортиқ қилсин. Уни энг яхши банда ва хизматчиларидан қилсин. Саламуллоҳи алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Биз Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳни сизларга мақтаймиз. У ҳамд айтилишга лойиқ. У барча нарсага Қодир. Ундан пайғамбарларнинг сўнгиси ва муттақинларниниг имоми бўлмиш Ўз бандаси ва элчиси Муҳаммадга саловат йўллашини сўраймиз. Аллоҳ таоло у кишига ва аҳли оилаларига кўпдан-кўп саловат ва саломлар йўлласин.

Сизларга Аллоҳнинг улкан неъматлари, олий марҳамати ва катта саховати ҳақида мактуб (йўллаяпман). Бунинг учун Аллоҳга шукр қиламиз. Ундан янада кўпроқ фазлини сўраймиз. Аллоҳнинг неъматлари ҳар сафар келганда ўсиш ва зиёдаликдадир. Неъматлари бирма-бир санашдан юқори-(олий). Биласизларки, ҳозирги соатда бу ўлкада туришимиз зарурий ишлар сабаблидир. Қачон уларни эътиборсиз ташлаб қўйсак дин ва дунё иши барбод бўлади. Биз, Аллоҳга қасамки, сизлардан узоқ бўлишни ихтиёр қилмадик. Агар қушлар бизни кўтариб олса, албатта, сизлар томон борамиз. Бироқ ғойиб кишининг узри ўзи билан. Агар сизлар ишнинг ички томонидан хабардор бўлганингизда, батаҳқиқ, ҳозирги соатда фақат шуни танлаган бўлардингиз, барча мақтовлар Аллоҳга хос. Бир ой бўлса ҳам (бу ерда) яшаш ва ватан тутишни азму қарор қилмаганмиз. Балки ҳар куни Аллоҳдан бизу сизларга хайр сўраймиз-(истихора қиламиз). Бизнинг ҳаққимизга хайр тилаб дуо қилинглар. Буюк Аллоҳдан бизу сизларга ва мусулмонларга хайр ва офиятда танлов бўлган нарсани ихтиёр қилишликни сўраймиз. Шу билан бирга дарҳақиқат, Аллоҳ фикрга келмайдиган ва хаёлдан ўтмайдиган яхшилик, раҳмат, ҳидоят ва барака эшикларини очди. Биз ҳар вақт Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан истихора қилган ҳолда сафар ғамидамиз. Бирор гумон қилувчи биз дунё ишларидан бирор нарсани сизларга яқин бўлишдан ийсор-(ихтиёр) қилганмиз деб асло гумон қилмасин. Балки сизларга яқин бўлиш ундан кўра рожиҳроқ-(афзалроқ) бўлган дин ишларини ҳам (сизларнинг бағрингизда бўлиш ўрнига) ийсор-(ихтиёр) қилмаймиз. Бироқ катта ишлар турибдики, уни эътиборсиз қолдириш сабаб хос ва авомга зарар етишидан қўрқамиз. Гувоҳ бўлиб турган киши ғойиб бўлган киши кўрмаган нарсаларни кўради. Яхшилик сўраб кўп дуо қилиш талаб қилингандир. Дарҳақиқат, Аллоҳ билади, биз эса билмаймиз. У тақдир қилади, биз тақдир қилмаймиз. У ғайбни Билгувчидир. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одам боласи Аллоҳдан хайрлисини сўраши-(истихора қилиши) ва Аллоҳ унга тақсимлаган нарсасидан рози бўлиши унинг саодатли эканидандир. Одам боласи Аллоҳдан хайрлисини сўраш-(истихора қилиш)ни тарк этиши ва унга тақсимлаган нарсасидан ғазабланиши унинг бадбахтлигидандир». Тижоратчи мусофир бўлиб, молининг баъзиси зое бўлишидан қўрқади. Натижада уни тамомлагунича истиқомат қилишга муҳтож бўлади. Биз ҳозир унинг бошида турган ишни таърифлашга тил ожиз. Куч ва қувват фақат Аллоҳнинг ёрдами билан. Сизларга ҳамда катта-ю кичик хонадондаги қолган (яқин)ларга, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёру биродарларнинг ҳар бирига кўпдан-кўп салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари бўлсин! Барча мақтовлар оламларнинг Рабби Аллоҳга хос. Аллоҳ таоло Муҳаммадга, у кишини аҳли оилалари ва саҳобаларига кўпдан-кўп саловат ва саломлар йўлласин!

Онасига мактуб етиб боргач, у киши шундай дея жавоб хати битди:

Севимли, (мен ундан) рози бўлган болам Аҳмад ибн Таймия! Сенга ҳам салом, Аллоҳнинг раҳмати, баракаси, мағфирати ва розилиги бўлсин! Аллоҳга қасамки, шунга ўхшаш (иш) учун сени тарбия қилганман. Ислом ва мусулмонлар хизмати учун сени назр қилганман. Дин шариатларини сенга таълим бердим. Эй болажоним, менга яқин бўлишинг, сен дининга яқин бўлишинг ҳамда турли юртларда ислом ва мусулмонлар хизматида бўлишингдан кўра менга севимлироқ деб ўйлама! Балки, эй болагинам, сендан ғоятда рози бўлишим, фақат ва фақат дининг ва мусулмонлар фойдасига тақдим қилаётган хизматинг миқдоричалик бўлади. Эй болагинам, эртага Аллоҳнинг олдида сендан, мендан узоқ бўлганинг ҳақида асло сўрамайман. Чунки мен, сен қаерда ва нима билан машғул эканингни биламан. Бироқ эй Аҳмад, агар Аллоҳнинг динига хизмат қилиш ҳамда мусулмон биродарларингдан иборат унинг (диннинг) издошларига хизмат қилишда ҳафсаласизлик қилсанг яқин келажакда Аллоҳнинг олдида сендан сўрайман ва ҳисоб беришингни талаб қиламан. Аллоҳ сендан рози бўлсин. Йўлингни яхшилик билан ёритсин! Қадамингни ўнгласин! Аллоҳ мени ва сени Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ бўлган кунда Раҳмон аршининг сояси остида жамласин! Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

 

«Мажмуъ Фатава» 28/48.

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.