PDF WORD

Банда қабрида ажри келиб турадиган етти иш

Банда вафотидан кейин қабрида бўлган ҳолатда ажри келиб турадиган етти иш

Фазилатли шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг мўмин бандаларига улкан неъматларидан бири, У улар учун эзгулик, хайр ва яхшилик қилишдан иборат бир қанча эшикларни ҳозирлаб қўйди. Тавфиқ ато этилган банда ушбу ҳаётда уларни адо этади ҳамда ўлимдан кейин уларнинг савоби унга келиб туради. Қабр аҳли ўз қабрларида гаровга олинган, амалдан узилган, ҳаётларида қилиб ўтганларига биноан сарҳисоб қилиниб, жазо-мукофот олгувчи бўлиб турган бир кезларида ушбу қабридаги муваффақ бандага ҳасанотлар кетма-кет келади, ажр ва фазлу марҳаматлар узилмай келади. Амал диёридан кўчиб ўтган-у, савоб эса узилмаган. У қабрида экан даражаси зиёдалашади, ҳасанотлари ўсиб боради ва ажри бир неча баробар бўлиб бораверади. Қандай ҳам мукаррам бир ҳолат! Қандай ҳам гўзал ва пок оқибат!

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон вафот этганидан кейин қабрида савоби келиб турадиган етти ишни ёдга олдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Етти нарсаки, банда вафотидан кейин қабрида экан уларнинг ажри келиб туради: Кимки илм ўргатса ёки дарё-(ариқ) оқизса ёҳуд қудуқ қазиса ёкида хурмо-(кўчат) ўтқазса ё масжид қурса ёки мусҳаф қолдирса ёки унга вафотидан кейин истиғфор айтадиган фарзанд қўйиб кетса».[1]

Мусулмон иним, ушбу амалларни бир тин олиб, ўйлаб кўринг ва модомики муҳлат берилган диёрда экансиз, шулардан улуш ва насибадор бўлишга ошиқинг. Умр тугаб, ажал етишидан олдин уларга ниҳоятда шошилиб қолинг. Эътиборингизга ушбу амалларнинг қисқача баён ва изоҳини ҳавола қиламиз:

Биринчи: Илм ўргатишлик. Бу ўринда илмдан мурод: одамларнинг кўзини динларини кўриш учун чароғон айлайдиган, уларга Раббилари ва маъбудларини таниттирадиган ҳамда уларни тўғри йўлга бошлайдиган фойдали илмдир. Унинг воситасида ҳидоят нима-ю залолат нима, ҳақ нима-ю ботил нима, ҳалол нима-ю ҳаром нима экани маълум бўладиган бир илмдир. Шу ўринда самимий уламолар ва мухлис даъватчиларнинг фазли улкан экани маълум бўлади. Улар ҳақиқатда бандалар маёғи, ўлкалар шамчироғи, умматнинг таянчи ва ҳикмат чашмаларидир. Ҳаётлари ғанимат, вафотлари эса мусибатдир. Улар билмаганга илм берадилар, ғофилга эслатма қиладилар, адашганга тўғри йўл кўрсатадилар. Улардан бахтсизлик-(кулфат) кутилмайди, улар томондан ёмонлик-(фалокат) хавфи бўлмайди. Улардан бири вафот этканда илми одамлар орасида мерос бўлиб қолади ҳамда асар ва сўзлари ўрталарида қўлма-қўл бўлиб кетади. Улардан фойда ва (илм) оладилар. У қабрида экан, унга ажру савоб кетма-кет узилмай келиб туради. Қадимдан айтишган-ку: «Олим ўлади, китоби эса боқий қолади». Ҳозирда олимнинг овози, унинг илмий дарс, фойдали муҳозара ва қимматли нутқларини ўз ичига олган тасмаларда ёзилиб қолади. Улар сабабидан унга асрдош бўлмаган ва у билан юз кўришишлик тақдир бўлмаган авлодлар фойдаланади. Кимки фойдали китоблар босмадан чиқиши ва истифода қилинадиган асарлар нашр юзини кўриши ҳамда илмий ва даъватга оид тасмалар тарқатишда илтифот кўрсатса, бас, у ҳам ана шундан ўзининг тўлиқ улушига эга бўлади, иншааллоҳ.

Иккинчи: Дарё-(ариқ) оқизса. Бундан мурод, одамлар турган жой ва шудгорларига сув етиб бориши учун булоқ ва анҳорлардан иборат сув йўлларии очишликдир. Натижада одамлар қонади ва экинзорлар суғорилади ҳамда йўловчи ҳам ичади. У сабаб тириклик юз берадиган, балки у ҳаётнинг энг муҳим омили бўлган сувни қўлга киритишда енгиллик яратиш билан ушбу буюк амал ва олий ишга ўхшашида одамларга қанчадан-қанча яхшилик қилиш ва улардан қийинчиликни аритиш бор. Одамлар турган ерларга қувурлар орқали сув етказиш ҳам шу сафдан ўрин олади. Шунингдек, уларнинг йўллари ва эҳтиёжли ўринларга сув музлатгичлар ўрнатишлик.

Учинчи: Қудуқ қазиш. У юқоридаги сингари. Дарҳақиқат, суннатда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари ворид бўлган: «Бир киши ниҳоятда чанқаб йўлда кетаётган эди. Шунда бир қудуқ топиб, унга тушиб, ичди. Сўнг чиқиб не кўз билан кўрсаки, бир ит чанқоқ сабаб тош еганча-(ялаганча) ҳансираб турарди. Шунда киши: Дарҳақиқат, ушбу итга менинг бошимга тушган чанқоққа ўхшаши тушибди, деди-да қудуққа тушиб, махсисини сувга тўлдирди ва итни суғорди. Натижада Аллоҳ унга ташаккур билдириб, уни мағфират қилди». (Саҳобалар): «Эй, Аллоҳнинг элчиси! Бизга жониворлар сабабли ажр бўладими?» - дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бир ҳўл жигар-(тирик жон) сабаб ажр бор» – дедилар.[2] Энди қудуқ қазиган, унинг вужудга келишига сабабчи бўлган, ҳатто ундан махлуқотлар қониб, кўпчилик фойдаланган киши ҳақида нима дейсиз?

Тўртинчи: Хурмо-(кўчат) ўтқазиш. Маълумки, хурмо-(палма) дарахтларнинг саййиди, уларнинг энг афзали, энг фойдалиси ва одамларга нафи энг кўпидир. Ким хурмо ўтқазса ва мевасини мусулмонлар учун хайрия мақсадида ажратса, батаҳқиқ, унинг ажри, унинг мевасидан еювчи егани сари ва ҳар сафар унинг хурмосидан инсон ёки ҳайвондан иборат фойдаланувчи фойдалангани сари давомий бўлади. Одамлар фойдаланадиган ҳар бир дарахтни ўтказишлик ҳолати шундайдир. Бу ўринда хурмонинг хос зикр қилиниши, унинг фазли ва имтиёзли экани учундир.

Бешинчи: Аллоҳга энг суюкли ўрин, Аллоҳ жалла ва аъла у ерда Ўз исми баралла зикр қилинишига изн берган масжидлар бино қилишлик. Агар масжид қурилса у ерда намоз ўқилади, Қуръон тиловат қилинади, Аллоҳ ёдга олинади, илм тарқалади, мусулмонлар тўпланади ва бундан бошқа улкан фойдалар бор. Уни қурган кишига эса шуларнинг барида ажр бор. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ким Аллоҳнинг Юзини истаб бир масжид бино қилса, Аллоҳ жаннатда унга шунга ўхшашини бино қилади».[3]

Олтинчи: Мусҳаф қолдиришлик. Бу, мусҳафларни босмадан чиқариш ёки уни сотиб олиб, масжид ва илм давраларига вақф қилишлик билан бўлади. Тоинки ундан мусулмонлар фойдалансин. Ушбу мусҳафдан тиловат қилувчи тиловат қилгани сари, ундан тадаббур қилувчи тадаббур қилгани сари ва ундаги нарсаларга амал қилувчи амал қилгани сари вақф қилувчига улкан ажр бўлади.

Еттинчи: Фарзандлар тарбияси, уларга гўзал одоб беришлик ҳамда тақво ва салоҳиятда ўсиб, улғайишларига ошиқишлик. Тоинки қобил фарзандлар ва солиҳ болалар бўлишсин. Натижада ота-оналари ҳаққига дуои хайр қиладилар ва Аллоҳдан улар учун раҳмат ва мағфират сўрайдилар. Батаҳқиқ, бу, маййит қабрида фойдаланадиганлар жумласидандир.

Ушбу бобда юқоридаги ҳадис маъносида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мўминга вафотидан кейин амал ва ҳасанотларидан етиб турадиганлари жумласидан: Таълим берган ва тарқатган илми, қолдириб кетган солиҳ фарзанд, қўйиб кетган мусҳаф, ёки бино қилган масжид, ёҳуд мусофир учун қурган уй-(карвонсарой), ёкида оқизган дарё-(ариқ), ё сиҳат-саломатлик ва ҳаётлик чоғида молидан чиқарган садақа вафотидан кейин унга етиб туради».[4]

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Тўрт нарсаки, ўлимдан кейин уларнинг ажри уларга бориб туради: Аллоҳнинг йўлида чегарада турган ҳолда вафот этган киши, модомики унга амал қилинар экан илм ўргатган кишига унинг ажри етиб туради. Мудом юриб турган экан садақа қилган кишига ажри етиб туради. Унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд қолдирган киши».[5]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Инсон вафот этганда уч нарсадан ташқари амали узилади: юриб турувчи садақа, ёки фойдаланиб турилган илм, ёҳуд унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».[6]

Дарҳақиқат, илм аҳлидан иборат бир жамоа юриб турувчи садақани вақфлар дея изоҳлади. У, асли ушлаб турилади-ю, манфаати кўпчиликнинг фойдаланиши учун ажратиб қўйилади. Юқорида ўтган хислатларнинг катта қисми садақаи жория остига дохилдир.

У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисдаги ушбу: «Ёҳуд мусофир учун қурган уй-(карвонсарой)», қавлларида эса бино қуриш ва уни хоҳ мусофир, ёки талаба, ёҳуд етим, ёкида тул аёллар, ё фақир ва мискин бўлсин мусулмонлар фойдаланиши учун вақф қилишнинг фазилати мавжуд. Бу ишда қанчадан-қанча хайр ва яхшилик қилиш бор.

Дарҳақиқат, юқорида бир қанча муборак амаллар ўтдиким, банда ҳаётлик чоғида уларни қилса, ўлимдан кейин унинг савоби унга етиб туради. Суютий раҳимаҳуллоҳ ушбу байтларда уларни назмга солиб, шундай дедилар:

Одам боласи ўлар чоғи,

Ўн ишдан ўзгаси бориб турмас.

Тарқатган илм, фарзанд дуоси,

Хурмо ўтқазиш, садақаи жория.

Мусҳаф қолдириш, сарҳад қўриқлаш,

Қудуқ қазиш ёки дарё-(ариқ) ўтказиш.

Бегонага бошпана қиларлик бино бунёд этиш,

Ёҳуд зикр ўрни-(масжид) қуришлик.

У киши (раҳимаҳуллоҳ)нинг ушбу: «Сарҳад қўриқлаш», қавлларининг шоҳиди юқоридаги Абу Умома (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадислари ҳамда Салмон ал-Форсий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларидир. Айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Бир кеча ва кундуз пойлоқчилик қилиш бир ой рўза ва (кечалари) қоим бўлишдан яхшироқ. Агар вафот этса, бажариб турган амалининг ажри унга етиб туради ва ризқи унга келиб туради ҳамда қаттиқ фитнага солувчидан ҳотиржам бўлади».[7] Яъни, қиёмат кунигача амали унинг фойдасига ўсиб боради ҳамда қабр фитнасидан ҳотиржамликда бўлади.

Аллоҳ жалла ва аъладан бизни барча яхшиликка муваффақ айламоғини, яхшилик бобларини амалга оширишда бизга кўмак бермоғини ҳамда бизни тўғри йўлга йўлламоғини сўраймиз.

 

Мақоланинг асл манбаси: http://al-badr.net/muqolat/2477

Манба:Тавҳид форуми

 

 

[1] Баззор «Кашф ал-Астор» (149), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ал-Жомеъ» (3602)да «Ҳасан» даражасида деди.

[2] Бухорий (2466), Муслим (2244).

[3] Бухорий (450), Муслим (533).

[4] Ибн Можжа (242), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ Сунан ибн Можжа» (198)да «Ҳасан» даражасида деди.

[5] Аҳмад (5/260-261), Табароний (7831), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ал-Жомеъ» (877)да «Ҳасан» даражасида деди.

[6] Муслим (1631).

[7] Муслим (1913).

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.