PDF WORD

Таҳорат шартлари, фарзлари ва суннатлари

ТАҲОРАТ

шартлари, фарзлари ва суннатлари

Шайх Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ ал-Фавзоннинг

“Ал-Мулакхас Ал-Фиқҳи” номли китоблари асосида тайёрланди

Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн, вассолату вассаламу ала Ашрафил Анбияи вал-Мурсалин, ва баъд:

Таҳоратга Қуръондан далил: Аллоҳ таоло айтади:

Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! (Моида сураси, 6-оят).

Мусулмон биродарим, шуни билгинки, таҳоратнинг шартлари, фарзлари ҳамда суннатлари мавжуддир.

Таҳорат тўғри бўлиши учун унинг шартлари ҳамда фарзлари бажарилиши шарт (агар инсон бунга қодир бўлса).

Таҳоратнинг суннатлари эса таҳоратни янада мукаммал қилувчи ва қўшимча савоб берувчи амаллардир. Таҳоратнинг суннатларини қолдириш таҳоратнинг тўғри бўлишига таъсир қилмайди.

Таҳорат шартлари.

Таҳорат шартлари булар: Ислом, ақл, мустақил, аниқ ҳукм қила олиш ёшида бўлишлик ва ният. Демак, кофир, мажнун (ақлсиз), аниқ ҳукм қила олмайдиган ёш бола, ҳамда таҳорат қилишга ният қилмаган кишининг таҳорати тўғри эмас ва қабул бўлмайди.

Бундан ташқари таҳорат шартларига сувнинг тоза бўлишлиги ҳам киради. Агар таҳорат қилинаётган сув тоза бўлмаса, у ҳолда таҳорат қабул бўлмайди. Агар сув ҳаром йўллар билан олинган сув бўлса ундан қилинган таҳорат қабул бўлмайди.

Таҳоратнинг шартларига яна ўзининг аврат аъзоларини сув ёки тош (кесак) билан тозалашлик ҳам киради. Баданга сувни тегишига тўсқинлик қилувчи нарсалардан тозалашлик ҳам таҳорат шартларидан ҳисобланади.

Таҳорат фарзлари, бу агар бадан қисмларини эътиборга олганда, 6 тадир:

1. Юзни ювиш. Бунга оғиз ва бурун ҳам киради. Агар киши юзини ювсаю оғиз ва бурнини чаймаса, у ҳолда унинг таҳорати тўғри эмас. Чунки бурун ва оғиз юзнинг қисмларидандир. Аллоҳ таоло айтадики: “… юзларингизни … ювингиз” (Моида: 6). Демак шу оятда Аллоҳ юзни ювишликка буюрди. Шунинг учун ҳам, агар бурун ёки оғиз ювилмай қолдирилса, Аллоҳга осийлик қилган бўлади.

2. Икки қўлни тирсаклари билан ювишлик. Бунга далил Аллоҳ таолонинг худди шу оятдаги сўзларидир: “… қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз (Моида: 6). Яъни тирсакларни ҳам қўшиб ювингиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилганларида тирсакларини ҳам қўшиб ювар эдилар.

3. Бошга масҳ тортишлик. Бунга қулоқ ҳам киради. Чунки қулоқ бошнинг бир қисмидир. Аллоҳ таоло шу оятда айтадики: бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз)(Моида: 6).

4. Икки оёқни тўпиқларигача (тўпиқни) қўшиб ювишлик. Аллоҳ таоло айтадики: “оёқларингизни ошиқларигача ювингиз” (Моида: 6). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилганларида тўпиқларини ҳам қўшиб ювар эдилар.

5. Таҳоратни Моида сураси, 6-оятида кўрсатилган тартибда қилишлик. Яъни аввал юз, кейин икки қўл, кейин бошга масҳ тортиш, кейин эса оёқларни ювишлик. Аллоҳ таоло айтадики:

Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! (Моида сураси, 6-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратни мана шу тартибда қилар эдилар ва Аллоҳ мана шундай таҳоратни қабул қилади, деган маънода айтганлар.

6. Ал-Мувалат, яъни таҳоратни шу тартибда қилишда баданнинг бир қисмидан бошқасига ўтишда бўш вақт қолдирмаслик. Демак, масалан юзни ювгандан сўнг бир соатдан кейин қўл ювилса, бу таҳорат нотўғридир. Юзни ювганидан сўнг, дарҳол қўлни ювишга ўтиши лозим.

Мана шу таҳоратнинг 6 та фарзидир. Уламолар таҳоратни бошлашдан аввал “Бисмиллаҳ”ни айтишни фарз ёки суннат эканлигида ихтилоф қилишди. Аммо барчаси “Бисмиллаҳ”ни айтишлик шариатдан эканлигини таъкидлашган. Шу сабабли таҳоратни “Бисмиллаҳ” деб бошлашлик ва бу амални тарк қилмаслик афзалдир.

Мана шу 6 фарзга қўшимча бўлган таҳорат амаллари таҳоратнинг суннатлари ёки мустаҳаблари дейилади.

Таҳорат суннатлари.

1. Мисвок ишлатиш. Таҳоратни бошида ёки оғизни ювганда мисвок ишлатиш суннатдир.

2. Юзни ювишдан аввал кафтларни 3 марта ювишлик.

3. Юзни ўзини ювишдан аввал оғизни ва бурунни чайишлик.

4. Соқол орасидан сув ўтказишлик, қўл ҳамда оёқ бармоқлари орасини ҳам ювишлик (ҳилол қилишлик).

5. Аввал ўнг, кейин эса чап тараф аъзоларини ювишлик.

6. Юз, қўл ва оёқни ювганда 3 мартадан ювишлик.

Мана шулар таҳоратнинг суннатларидир. Баъзилар таҳоратда бўйинларига ҳам масҳ тортишади. Бу амал бидъатдир. Бўйинга масҳ тортишга буюрилмаганмиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларнинг саҳобалари, Аллоҳ улардан рози бўлсин, бу амални қилишмаган.

Таҳоратдан сўнг:

{أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له و أشهد أن محمد عبده و رسوله}

“Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ” деб айтишлик ҳам суннатдир.

Маъноси: “Шериги йўқ, Ягона Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз таҳоратни комил олиб, сўнгра: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ” деса Жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан киради”, деганлар (Имом Муслим ва Термизий ривоятлари).

Имом Термизийда эса:

{اللهم اجعلني من التوابين و اجعلني من المتطهرين}

“Аллоҳуммаж-ъални минат-таввабийна важ-ъални минал мутатоҳҳирийн” деган зиёдаси бор.

Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени тавба қилувчи ва покланувчи бандаларингдан қил”.

Манба: SofIslom.com

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.