PDF WORD

Рамазонга тайёргарлик

Рамазонга тайёргарлик

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Китобларни нозил қилиш ва пайғамбарларни юбориш билан бандаларига лутф ато этиб, ақлларни очиб, уларга тушунтирган ҳамда Ўзининг зарарига бандаларининг фойдасига ҳужжат қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Салаф солиҳлар Аллоҳ таолога ибодат қилиш масалаcига қаттиқ эътибор билан ёндашар эдилар. Шу билан бирга улар Муборак Рамазон ойига катта эътибор қаратар эдилар. Улардан кўпчилиги Рамазон тугагач, ярим йил давомида Аллоҳдан рўзаларини қабул қилишини сўрардилар. Сўнг, Муборак ойдаги рўза каби улуғ ибодатни яна бир бор адо этиш имкониятига мушарраф бўлиш учун, ярим йил Аллоҳдан кейинги Рамазон ойига етказишини сўрардилар. Бошқа сўз билан айтганда, биз ушбу уммат (Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати) салаф солиҳлари Рамазонга йўлиқишга тайёргарлик кўрганларини кўришимиз мумкин. Абу Бакр Балҳий раҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: «Ражаб ойи – экин экиш ойидир. Шаъбон ойи – экинни суғориш ойидир. Рамазон ойи эса – ўша экинни ўриш ойидир». Яна айтадилар: «Ражаб ойи шамол кабидир. Шаъбон ойи булут кабидир. Рамазон ойи эса ёмғир кабидир».

Шу ўринда савол туғилади: Рамазонга қандай тайёргарлик кўриш керак?

Жавоб: Муборак Рамазонга тайёргарлик кўрар экансан, қуйидагиларга эътиборингни қарат:

1 – Холис тавба. Тавбани ҳар доим, ҳар қандай вақт қилиш лозим. Бироқ, Муборак ой яқинлашар экан, сенга Аллоҳ таоло ва унинг махлуқларига нисбатан қилган барча гуноҳларингга тавба қилишга шошилишинг яхшироқдир. Шу билан Муборак Рамазон кириб келишига тоза ва ҳотиржам қалб билан қадам қўя олишинг учундир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

Ағар ибн Ясор ал-Музаний розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва ундан мағфират талаб қилинглар. Мен бир кунда юз марта тавба-истиғфор қиламан» (Имом Муслим, 2702 (42)).

2 – Дуо. Баъзи салаф солиҳлардан ривоят қилинишича, улар Аллоҳдан олти ой давомида Рамазонга саломат етишни дуо қилар эканлар. Сўнг, Рамазондан кейинги олти ой унда (Рамазонда) қилинган солиҳ амалларини қабул қилишини Аллоҳдан сўрар эканлар. Шунинг учун сен ҳам уларга эргаш, Аллоҳ таолодан Рамазонни саломат ва мустаҳкам иймон билан қарши олишингга имконият беришини дуо қил. Унга ибодат қилишингда ёрдам беришини ва солиҳ амалларингни қабул қилишини Ундан сўра.

3 – Муборак Рамазон ойи яқинлашиши муносабати билан шодланиш. Чунки ушбу Муборак ойнинг кириб келиши ҳар бир мўмин учун буюк яхшиликдир. Чунки ушбу ой – яхшилик мавсумидир. Ушбу ой, Жаннат дарвозалари очиладиган ва Жаҳаннам дарвозалари ёпиладиган ойдир. Ушбу ой, Қуръони Карим нозил бўлган ойдир. Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир»» (Юнус: 58).

4 – Қазо рўзаларини адо этиш. Абу Салама розияллоҳу анҳу деди: «Мен Оиша розияллоҳу анҳо шундай деганларини эшитдим: «Зиммамда Рамазон рўзаси бўлар, мен унинг қазосини Шаъбонга борибгина тутишга қодир бўлардим»» (Бухорий 1849, Муслим 1146). Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ деди: «Оишанинг Рамазон рўзаси қазосини Шаъбон ойида адо этишга интилишидан шундай фойда олинадики, ўтган Рамазондаги қазони кейинги Рамазонга қолдириш мумкин эмас» (Фатҳул Борий, 4/191).

5 – Илм олиш. Яъни, Рамазон ойи фазилати ва рўзага боғлиқ илмларни эгаллаш.

6 – Рамазон ойида ибодат қилишдан чалғитиши мумкин бўлган барча ишларни тезроқ тамомлаш.

7 – Оила аъзолари, қариндош ва дўстларга рўзанинг асосий аҳкомларини тушунтириш. «Кичик»ларни рўза тутишга тарғиб қилиш. Шу орқали Исломнинг асосий ибодат турларига ёшликларидан чиниқсинлар.

8 – Шаъбон ойи рўзаси. Бу рўза Рамазон ойига тайёргарлик мақсадидадир. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда айтадилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутсалар энди (бу ой охиригача) рўзаларини очмас эканлар деб ўйлаб қолардик, рўза тутмай юрсалар энди тутмас эканлар деган ҳаёлга борардик. Рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутганларини билмайман, Шаъбон ойида эса бошқа ойлардан кўра кўп рўза тутганларини гувоҳи бўлганман» (Бухорий 1969, Муслим 1156 (175)). Шунингдек ривоят қилинишича, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу деди: «Ё Расулуллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман» (Насоий 2357, шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳадисни ҳасан деган). Ушбу ҳадисда Шаъбон ойи рўзасининг ҳикмати баён қилинган. Ҳикмат шундан иборатки, ушбу рўза фарз намозидан аввал адо этиладиган суннат намозига ўхшайди. Шу билан инсон ўзини фарз ибодатига тайёрлайди.

9 – Қуръон тиловати. Салма раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шаъбон ойини қорилар ойи деб номлашарди». Амр ибн Қайс раҳимаҳуллоҳ Шаъбон ойи кирганида ўз хоналарига қулфланиб оларди ва барча вақтини Қуръон тиловатига баҳшида қиларди.

Энди юқоридаги барча айтилганлардан сўнг, келинг ўз ҳолатимизга бир қарайлик. Ўзимизга холис жавоб берайлик: ушбу Муборак ойга қандай тайёргарлик кўраябмиз ва уни қандай кутиб олмоқчимиз?

Аллоҳ таолодан рўзага тайёргарлик кўришда ва Муборак Рамазон ойини муносиб равишда кутиб олишда ёрдам, кўмак беришини сўраб қоламиз!

Фикр билдиринг