Рамазонга оид мақолалар

7 – Аллоҳни зикр қилишликнинг аҳамияти

 

Аллоҳ жалла ва аълани зикр қилишлик амалларнинг энг сермаҳсули, яхшиси ва У табарока ва таолонинг ҳузурида афзалидир. Имом Аҳмад «Муснад»да, Термизий «Жомеъ»да, Ибн Можжа «Сунан»да, Ҳоким «Мустадрок»да ва бошқалар Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизларга амалларингизнинг яхшиси, Эгаларингизнинг ҳузурида энг софи, даражаларингизни энг юқори қилувчиси, сизлар учун тилла ва кумушни инфоқ қилишдан яхшиси, ҳамда сизларга душманингизга йўлиқиб, сизлар уларнинг бўйниларига ва улар сизларнинг бўйнингизга(қилич) уришидан кўра яхшиси ҳақида хабар бермайми?». Улар: «Албатта» – дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таолони зикр қилишлик» – дедилар.[1]

Ушбу буюк ҳадис зикрнинг афзал экани, у қул озод қилиш, мол инфоқ қилиш ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида от чоптириш, ҳамда У субҳанаҳунинг йўлида қилич билан уришга тенг эканини ифодалаяпти. Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Дарҳақиқат, зикрни мол садақа қилиш ва ундан бошқа амаллардан афзал қилишлик ҳақида ҳужжатлар жуда кўпдир».[2] Сўнг юқоридаги Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадислари ва айни шу маънога далолат қилувчи бошқа ҳадислардан иборат бир қанчасини келтирдилар.

Ибн Абид Дунё (Мунзирийнинг «Ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб»ида ворид бўлган ва исноди «Ҳасан» деди) Аъмашдан, у Солим ибн Абил Жаъддан ривоят қилади. У (Абул Жаъд) деди: АбуДардо (розияллоҳу анҳу)га бир киши юзта қул озод қилди дейилди. У киши (розияллоҳу анҳу): «Албатта, кишининг молидан юзта қул(ни озод қилишнинг ажри) кўпдир. Бундан афзали кеча ва кундуз лозим тутилган иймон, ҳамда сизлардан бирингизнинг тили мудом Аллоҳни зикр қилишда нам бўлиб туришидир» – дедилар.[3] У киши розияллоҳу анҳу қул озод қилишликнинг фазли ҳамда унинг фазли улкан бўлишига қарамай зикрни лозим тутиш ва унда бардавом бўлишга тенг келмаслигини баён қилдилар. Ҳамда Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳум каби бир неча саҳоба ва тобеинлардан зикрни бошқа амаллардан афзал санашликнинг баёни ворид бўлган. Ушбу қавлларнинг баъзисини Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ «Жомеъил Уълум вал Ҳикам»да келтирганлар.

Имом Аҳмад ва Табароний Саҳл ибн Муоз ибн Анас ал-Жуҳанийдан, (у) отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ривоят қилинди: Бир киши у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шундай савол бериб: «Эй Расулуллоҳ! Қайси мужоҳидларнинг ажри улканроқ?» – деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. У: «Қайси рўзадорларнинг ажри улканроқ?» – деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. Сўнг у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га намоз, закот, ҳаж ва садақани зикр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг барчасида: «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» -дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Зикр қилувчилар барча яхшиликни олиб кетди!» – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: « Ҳа, шундай» – дедилар.[4]

Ушбу улуғ ой зикр ва оламларнинг Раббиси Аллоҳга олқиш айтиш ойидир. Балки рўза жорий қилиниши ва рўзадорлар рўза тутишлари Аллоҳни зикрини қоим қилишликлари учунгинадир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (юқорида ўтганидек) одамларнинг даражаси энг олийси, ҳамда тоатлардан бири ёки еру осмонлар Раббиси учун бўлган қурбатлардан бирини адо этишда шерик бўлган вақтларидаги ажри улканроқлари Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари эканини хабар бердилар. Бу эса зикрнинг нақадар аҳамиятли экани ва у жамийки тоат ва ибодатларни адо этишдан қасд қилинган ғоя эканига далолат қилади. Демак, рўзадорларнинг ажри кўпроқлари Аллоҳни кўпроқ зикр қилганларидир.

Аллоҳни зикр қилишлик барча нарсадан улуғроқ ва афзалроқдир. Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб – Қуръондан бўлган(оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётан ишларингизни билиб турур» (Анкабут: 45). «Яъни, Аллоҳ сизларни савоб ва сизларга олқиш айтиш билан эслаши, сизлар Уни ўз ибодат ва намозларингизда эслашларингиздан улуғроқ. У, Уни зикр қилганни Ёдга олувчидир. Шу маънодаги қавлни Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Абу Дардо, Абу Қурра ва Салмон (розияллоҳу анҳум), ҳамда Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) айтишди ва бу Табарийнинг ихтиёри. Ва айтилдики: «Аллоҳни намозингиз ва Қуръон қироат қилишда зикр қилишингиз барча нарсадан афзал». Ва (оят) маъноси шундай дейилган қавл ҳам бор: «Давомийликда Аллоҳни зикр қилишлик фаҳш ва мункаришлардан қайтаришда намоздан улуғроқдир». Ибн Зайд ва Қатода шундай дедилар: «Албатта, Аллоҳни зикр қилмоқ барча нарсадан улуғроқдир», яъни, зикрсиз барча ибодатлардан афзалдир».[5]

«Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тўғриси шуки, оятнинг маъноси: Намозда икки улкан мақсад бор. Бири бошқасидан улканроқ. Албатта, у (намоз) фаҳш ва мункардан қайтаради. Ва у Аллоҳ таолони зикр қилишликни ўзичига олган. Унда Аллоҳ таолони зикр қилиш бўлган чоғда фаҳш ва мункардан қайтариши ҳам улканроқ бўлади». Дарҳақиқат, Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга шундай савол берилди: «Амалларнинг қайсиниси афзал? У киши (розияллоҳу анҳу): «Қуръон ўқимайсанми?! Албатта, Аллоҳни зикр қилмоқ барча нарсадан улуғроқдир» – дедилар». [6]Ибн Абу Дунё Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, у кишига шундай савол йўлланганини эслайди: «Амалнинг қайсиниси афзал?» У киши (розияллоҳу анҳумо): «Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир» – дедилар».[7]

Дарҳақиқат, Аллоҳ Китобида мўмин бандаларини турган, ўтирган ва ён бошлаган ҳолатларида, кечаю кундуз, қуруқлик ва денгизда, сафар ва муқимликда, бойлик ва камбағалликда, соғлом ва касалликда, сирли ва ошкора ва барча ҳолатда Уни кўп-кўп зикр қилишга амр қилди. Ҳамда уларга бунинг учун мўл-кўл ажр, улкан савоб ва гўзал оқибатни таъйин қилди. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган зотдир. (Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик – омонлик тилаш бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб: 41-44).

Ушбу оятда Аллоҳ таолони кўп-кўп зикр қилишликка тарғиб, ҳамда бунинг учун таъйин қилинган улкан ажр ва умумяхшилик баён қилинди. Аллоҳ таолонинг ушбу: «УваУнингфаришталарисизларгасаловатйўллайди», қавлида Аллоҳни кўп-кўп зикр қилишликка энг улкан тарғиб ва энг чиройли ундашлик мавжуд. Яъни, У субҳанаҳу сизларни эслайди. Бас, сизлар Уни зикр қилинглар. Қуръонда мана бу Аллоҳ таолонинг қавли каби ушбу оятга ўхшашлари кўп: «Шунингдек, сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларга Бизнинг оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва билмаган нарсаларингизни билдирган бир пайғамбар юбордик. Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз» (Бақара: 151-152). Жазо-(мукофот) айни шу амалнинг жинсидандир. Кимда-ким Аллоҳни ёлғиз ўзи эсласа, Аллоҳ уни ёлғиз Ўзи эслайди. Ким Аллоҳни бир жамоа ичида эсласа, Аллоҳ уни улардан яхши бир жамоа ичида эслайди. Кимда-ким Аллоҳни унутса, Аллоҳ ҳам уни унутади.

Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар яхшиликлар сари ўзиб кетувчи, юқори даража ва олий мақомлардан насибадорлардир. Муслим ўз «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка йўлида юриб борардилар. Жумдон деб айтиладиган бир тоғ олдидан ўтиб: «Юринглар, бу Жумдон. Муфарридлар ўзиб кетди» – дедилар. (Саҳобалар): «Эй Расулуллоҳ! Муфарридлар ким?» – дейишди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар» – дедилар».[8]

Бироқ, банда бунга қандай эришади?

Бу улкан бир савол бўлиб, ҳар бир мусулмонга бу ҳақда тўхталиши ва унинг жавобини билиши лойиқ бўлади. Салафлардан Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёлларнинг маъноси ҳақида ривоят қилинганларнинг энг яхшиси, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ворид бўлган асардир: «Мурод шуки: Улар намозларнинг кетидан, эрталаб ва кечқурун, тўшакларида, ҳар сафар уйқусидан уйғонганда, ҳар манзилидан эрталаб чиқиб, кечқурун қайтганида Аллоҳ таолони зикр қиладиганлардир».[9]

Шайх, аллома Абдурроҳман ибн Саъдий раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари ҳам шу маънода: «Бунинг энг ози, инсон эрталаб ва кечқурунги, беш вақт намоздан кейинги зикрлар, ҳамда бирор сабаб ва ҳожат-(истак)лар вақтидаги зикрларни лозим тутишлигидир. Буни жамийки ҳолатларда, барча вақтларда бардавом қилишлик лозим бўлади. Албатта бу ибодат бўлиб, амал қилувчи у сабабли дам олувчи бўлган ҳолатда ўзиб кетади. Ҳамда у Аллоҳни яхши кўриш ва Уни танишликка чорловчи. Яхшиликка ҳамда тилни қабиҳ сўзлардан тийишликда кўмакчидир».[10]

Аллоҳ субҳанаҳудан гўзал исмлари ила мени ва сизларни Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллардан, Аллоҳ улар учун мағфират ва улкан ажрни ҳозирлаб қўйганлардан қилишини сўрайман. Албатта, У бунга Қодир ва ижобат қилишга ҳақлидир.

 

 


[1] Имом Аҳмад «Муснад» (21599, 21601), Термизий «Сунан» (3377) Термизийнинг лафзи.

[2] Ибн Ражаб «Жомеъул Уълум вал Ҳикам» 25-ҳадис (66).

[3] Албоний «Заиф ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб»да «Заиф Мавқуф» дедилар.

[4] Имом Аҳмад «Муснад» (15553), Табароний «Дуо» (1887). Табаронийнинг лафзи.

[5] Қуртубий тафсири (Анкабут: 45).

[6] Табарий ўз тафсирида ривоят қилди (20/183).

[7] Ибнул Қоййим «Вабил ас-Соййиб» (151-152).

[8] Муслим «Саҳиҳ» (2676).

[9] Нававий «Азкор» (10).

[10] Саъдий тафсири (Аҳзоб: 41), (667).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan