Рамазонга оид мақолалар

26 – Дўзах – фожирлар диёри

 

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рўза қалқон ва дўзахдан мустаҳкам қўрғондир».[1] Усмон ибн Абул Ос ас-Сақофий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Рўза сизлардан бирингизнинг жангдаги қалқони каби дўзахдан қалқондир».[2] Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Раббимиз азза ва жалла: «Рўза банда дўзахдан ҳимояланадиган қалқондир. У Мен учун ва уни Ўзим мукофотлайман», деди».[3] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ уни жаҳаннамдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади».[4] Бу бобдаги ҳадислар ҳисобсиздир. Дарҳақиқат, юқорида дўзах эшиклари Рамазон ойида ёпилиши ўтган эди.

Дўзах – Аллоҳ бизни ундан асрасин – хору зорлик, азоб ва муваффақиятсизлик диёридир. У оҳу фарёд, дўзах аҳлининг овози эса чинқириқ ва йиғи, инграш ва йиғилари тўхтамайди. Улар доимий бахтсизлик, надомат ва йиғидадир. Кишан ва занжирлар қўллари ва бўйинлари орасини жамлайди. Юзлари билан қайноқ сувга судралиб сўнг дўзахда куйдириладилар. Унинг оловдан иборат соябонлари бўлиб, остлари ва устларидан аланга олади. Ҳавоси иссиқ шамол. Дўзах аҳлининг ичимлиги қайноқ сув «У (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур» (Ҳаж: 20). Таомлари эса заққум «(У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир!» (Духон: 45-46). У ерда ўлимни чорлайдилар-(чақирадилар), бас, уларга ижобат қилинмас. Аллоҳдан уларни дўзахдан чиқаришини сўрайдилар, ҳамда ўзлари юриб ўтган оғишиш ва залолатга қайтмасликни ваъда берадилар. Шунда уларга айтадики: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!» (Мўминун: 108). Фаришталардан гарчи бир кунга бўлсада Аллоҳ улардан азобни енгиллатиши учун шафоат сўрайдилар. Шунда фаришталар уларга: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни бефойдадир)» (Ғофир: 50) дейдилар. Дўзах аҳлининг азоби энг енгили, икки оёғининг пошна-(товон)ига икки чўғ қўйилади. У иккисидан мияси қайнайди. Дўзах аҳли, амалларининг қабиҳлигига қараб қуйи қатламларда бўладилар. У ерда кофир, мушрик ва мунофиқлар ҳамда осий, зинокор ва фосиқлар бўлади. Дўзах аҳли ўрталарида фақат маломат, койиш ва лаънат бўлади. «Қачон бир жамоат (ўша дўзахга) кирганида, шеригини (яъни ўзини йўлдан урганларни) лаънатлайди» (Аъроф: 38). На эргашувчиларга ва на раҳбарларга нажот бор. Азобдан на ўзларини ва на издошларини қутқаришга қодир бўладилар. У ердаги имомлари иблис, уларга хитоб қилади ва улардан безор эканини эълон қилади. Улар учун у ерда оқловчилар ва яқин дўст ҳам бўлмас. Унинг аҳлидан бўлганларга қанчалар надомат, унга кирганларга қанчалар ҳам талофат. Дўзах аҳли унга хўрлаш ва ҳақорат қилиш билан даҳшатли-(қўпол) тарзда ҳайдаб бориладилар. Ва унга чанқаган ҳолда тушадилар. У ерда кар, соқов ва кўр ҳолда тирилтириладилар. Унинг етти дарвозаси бўлиб, унинг ҳар бир дарвозасидан кирадиган дўзах аҳлидан иборат маълум бир қисми бор. Ушбу дарвозалар соҳиблари устидан ёпилади ва ундан чиқишга қодир бўлмайдилар. «Уларнинг устида қопланиб қолгувчи олов – дўзах бўлур!» (Балад: 20). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дедилар: «Ёпиқ эшиклар».

Дўзахнинг иссиғи қаттиқ, қаъри эса чуқур. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Дўзах Раббисига шикоят қилиб: «Раббим, баъзим-(бир қисмим) баъзисини-(бошқа қисмини) еб қўйди», деди. Шунда У унга икки марта нафас олишга изн берди: қишда бир нафас ва ёзда бир нафас. У сизлар тотаётган энг қаттиқ иссиқ ва сизлар тотаётган энг қаттиқ аёз-(совуқ)дир».[5] Бухорий ва Муслим – Муслимнинг лафзи – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одам боласи ёқадиган ушбу оловингиз жаҳаннам иссиғининг етмишдан бир қисмидир». Улар: «Аллоҳга қасамки, агар шундай бўлганда ҳам, албатта, кифоя қиларди, эй Расулуллоҳ!» – дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Батаҳқиқ, у олтмиш тўққиз баробар унга қўшилди. Барчаси унинг иссиғлиги каби», дедилар.[6]

Ким жаннатга кирса бошидан ўтказган бахтсизлигини ҳис қилмайди ва ким дўзахга кирса кўрган неъмат ва бахтни ҳис қилмайди. Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни дўзах аҳлидан бўлган дунё аҳлининг энг неъматлангани олиб келинадида, дўзахга бир марта ботириб олинади. Сўнг: «Эй, Одам боласи! Ҳеч яхшилик кўрдингми? Ҳеч сенга неъмат берилганмиди?», дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Раббим», дейди. Жаннат аҳлидан бўлган дунёдаги одамларнинг энг оғирчилик кўргани олиб келиниб, жаннатга бир бора ботириб олинади. Ва унга: «Эй, Одам боласи! Ҳеч қийинчилик кўрдингми? Ҳеч бошингдан қийинчилик ўтганмиди?», дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Раббим. Ҳеч бошимдан қийинчилик ўтказмадим ва ҳеч оғирлик кўрмадим», дейди».[7]

Жаҳаннамнинг ёқилғисига келсак, у одам ва тошлардир. Аллоҳ таоло деди: «У ҳолда одамлар ва тошлар ўтин бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг» (Бақара: 24). Ибн Жарир шундай деди: «Агар бирор киши: «Нима учун тош хос зикр қилиниб, одамлар билан бир ўринда ёдга олинди. Ҳатто жаҳаннам олови учун ўтин қилинди?», деса, шундай дейилади: «У гугурт тошидир. У бизга етган хабарга кўра қиздирилганда энг иссиқ тош…» Ҳамда Аллоҳ таолонинг ушбу қавли борасида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга тақаладиган иснодлари билан шундай ривоят қилдилар: «Одамлар ва тошлар ўтин бўладиган». (Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу) дедилар: «У гугуртдан бўлган тош бўлиб, Аллоҳ уни осмонлар ва ерни яратганда дунё осмонида яратган, уни кофирлар учун ҳозирлаб қўйган»».[8]

Қуртубий ушбу тош ҳақида шундай деди: «У хос зикр қилинди. Чунки у барча тошлардан азобнинг беш тури билан ортиқдир: 1-тез ёниши 2-бадбўйлиги 3-тутуни кўплиги 4-баданга қаттиқ ёпишиши 5-қиздирилганда кучли ҳарорати».[9]

Инсон дўзах ва унинг азобини сифатлашга қодир эмас. Балки Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлари билан кифояланади. Унинг азоби тасаввурдан юқори ва хаёлга келган нарсадан улканроқдир.

Дўзах Аллоҳнинг бандаларидан азобга лойиқ бўлганларидан иборат хоҳлаганини у ила азоблайдиган азоби. Дўзах аҳли унга фақат ўзлари қилган амаллари ҳамда қўл урган гуноҳ ва маъсиятлари сабабли кирадилар. У (гуноҳ)лар кўпдир. Дарҳақиқат, Шайхул Ислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ унинг энг катта сабабларидан бир жумласини санаб, шундай дедилар: «Дўзах аҳлининг амалига келсак: Аллоҳга ширк келтириш, элчиларни ёлғончи қилиш, куфр, ҳасад, ёлғон, хиёнат, зулм, фаҳш ишлар, ғаддорлик, қариндошчилик ришталарини узиш, жиҳоддан қўрқиш, бахиллик, ич ва ташқарининг икки хил экани, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш, Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш, мусибатлар вақтида бетоқат бўлиш, фахрланиш, неъмат вақтида кибр қилиш, Аллоҳнинг фарзларини тарк қилиш, Унинг ҳудудларига тажовуз қилиш, Унинг шиорларини оёқости қилиш, Холиқни қўйиб махлуқдан қўрқиш, Холиқни қўйиб махлуқдан умид қилиш, Холиқнни қўйиб махлуққа таваккул қилиш, риё ва сумъа қилган ҳолда амал қилиш, Китоб ва суннатга қарши йўл тутиш, Холиққа маъсият ўрнида махлуққа итоат қилиш, ботилга мутаассиблик қилиш, Аллоҳнинг оятларини истеҳзо қилиш, ҳақни инкор қилиш, илм ва гувоҳликдан иборат зоҳир қилиш вожиб бўладиган нарсаларни яшириш. Дўзах аҳли амалидан: сеҳр, ота-онага оқ бўлиш, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етимнинг молини ейиш, рибо ейиш, душман билан учрашканда қочиш ҳамда иффатли, (зинодан) ғофила, мўмина аёлларни (бузуқликда) айблаш».[10] Сўзлари тугади.

Эй Аллоҳ! Биз Сендан дўзах ва унга яқинлаштирадиган ҳар бир сўз ва амалдан паноҳ сўраймиз. Эй Аллоҳ! Эй оламларнинг Рабби! Ушбу ойда бўйинларимизни дўзахдан озод қил.

______________________________________________________________

[1] «Муснад» (9197).

[2] «Муснад» (15687), Ибн Можжа «Сунан» (1639).

[3] «Муснад» (14669).

[4] «Муснад» (8336).

[5] Бухорий (3260) ва Муслим (617).

[6] Бухорий (3265) ва Муслим (2843).

[7] Муслим (2807).

[8] Табарий тафсири (Бақара: 24).

[9] Қуртубий «Жомеъул Аҳком ал-Қуръон» (1/235, Бақара: 24).

[10] «Мажмуъ ал-Фатава» (10/423-424).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan