Рамазонга оид мақолалар

24 – Ёлғон сўзлаш ва унга амал қилишнинг хатари

 

Бухорий ўз «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки ёлғон ва унга амал қилишни тарк қилмаса, емоқ-ишмоғини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ».[1]

Рўзани Аллоҳ бандалари учун нафслари тарбияланиши, хулқлари тўғри-(устивор) бўлиши, улар тақвони рўёбга чиқаришлари, ҳамда қалб, аъзолар ва тил покланиши учун жорий қилди. Аллоҳга иймон келтирувчи қалби, тили ва аъзоларини Рабни ғазаблантирадиган нарсалардан сақлашга ҳаракат қилади ва ҳарис бўлади. Аллоҳдан сўрайди ва қалби иймон, тавҳид, ихлос ва бундан бошқа қалбнинг солиҳ амалларига эга бўлиши, аъзолари эса эшитаётган, кўраётган, ушлаётган ёки ҳаракатланаётган нарсаларида, ҳамда ейиладиган, ичиладиган, кийиладиган ёки бундан бошқа истеъмол қилаётган ва фойдаланаётган нарсаларида тоат ёки ҳалол нарсаларга йўналган бўлиши учун сабабларни сарф этади. Қалбининг таржимони ва ичидаги нарса ҳақида хабар берувчи тили эса зикр, истиғфор, Қуръон тиловати ва мубоҳ сўзлардан иборат Аллоҳни рози қиладиган нарсалар билангина машғул бўлади. Қалб тил ва жамийки аъзоларни бошқарувчидир. Унинг саломат бўлиши билан тил саломат бўлади. Натижада фақат яхшилик сўзлайди. Ва яна қалб саломатлиги билан аъзолар ҳам саломат бўлади. Натижада фақат яхшиликни қилади. Қолган маъсиятлар, ёлғон, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик, сўкиш, ҳақорат ва бундан бошқа тил ва қолган аъзолар қўл урадиганлардан иборат Аллоҳни ғазаблантирадиган ишларга келсак, батаҳқиқ, у булардан орқа ўгирмай қочади ва унинг хатари ҳамда ёмон оқибатини билгани боис уларга тушиб қолишдан қўрқади.

Сўнг тилда айланаётган гуноҳлар кўплаб инсонларнинг ҳалокати, жаннатдан маҳрум бўлиши ва дўзахга тушишига сабабдир. Ҳалокатга сабаб бўладиган ушбу гуноҳлардан: ёлғон сўзлаш ва унга амал қилиш, ғийбат, чақимчилик, сўкиш, фисқу фужур ва шунга ўхшашларки, бу рўза у сабабли жорий қилинган фойдаларга тамоман қаршидир. Кимнинг тили ушбу қабиҳ ишлардан тийилмаса ҳамда мубоҳ нарсалардан тийилишидан ёлғон, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик, фириб билан муомала қилиш, сўкиш ва ҳақоратдан иборат ҳаром ишлардан тийилишни фойда олмаган экан, унда қачон фойда олади?! Тилнинг ҳосиласи ўз соҳибини (ноқулай) ўринларга туширадиган, уни ҳалок ва таҳқир қиладиган нарсадир. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз (розияллоҳу анҳу)га васиятларида шундай дедилар: «Сенга буларнинг барини тизгини ҳақида хабар бермайми?» Мен: «Албатта эй Аллоҳнинг пайғамбари, ахир биз сўзлаганларимиз сабабли (азобга) тутиламизми?» – дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Онанг сени йўқотиб қўйгур Муоз! Ахир одамларни юзтубан ёки бурунларини ишқаб дўзахга улоқтирадиган фақат тилларининг ҳосиласи эмасми?!» – дедилар.[2] Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тилнинг ҳосиласидан мурод: ҳаром сўзнинг жазоси ва уқубатидир. Албатта, инсон ўз сўзи ва амали билан яхшилик ва гуноҳларни экади. Сўнг қиёмат куни экканини йиғиб олади. Ким яхши сўз ёки амални экса барака йиғиб олади. Ким ёмон сўз ва амални экса эртага надоматни йиғиб олади. Муоз (розияллоҳу анҳу) ҳадисининг зоҳири, одамларни дўзахга киритадиган нарсанинг аксари тиллари билан нутқ қилганларидир. Нутқ маъсияти остига ширк ҳам дохил бўлади. Ва у Аллоҳ азза ва жалланинг наздида гуноҳларнинг энг улканидир. Унинг остига яна Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлаш ҳам дохил бўлади. Ва у ширкнинг ҳамроҳидир. Унинг остига Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтиришга тенг бўлган ёлғон гувоҳлик бериш ҳам дохил бўлади. Унинг остига сеҳр, туҳмат ҳамда бундан бошқа ёлғон, ғийбат, чақимчилик каби катта ва кичик гуноҳлар ва кўпинча унга шерик бўлиб, кўмакчи бўладиган сўздан холий бўлмаган бошқа феълий маъсиятлар киради».[3]

Барчамизга ушбу ойимиз ва бундан бошқа вақтларимизда ёлғон сўз, ёлғон гувоҳлик, ғийбат ва чақимчиликдан ҳазир бўлишимиз, ҳамда тилларимизни ҳар бир ҳаром ва қабиҳ сўздан сақлашимиз вожиб бўлади. Чунки тилнинг ҳосиласи даҳшатли ва Аллоҳнинг наздидаги уқубати улкандир.

Ёлғон сўзлашликка келсак, дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу уни ушбу қавлида Ўзига ширк келтириш билан ёнма-ён зикр қилди: «Бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлингиз ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз!» (Ҳаж: 30). Имом Аҳмад ва Термизий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилган ҳолда туриб, шундай деганларини ривоят қиладилар: «Эй инсонлар! Ёлғон гувоҳлик бериш Аллоҳга ширк келтиришга тенг бўлди», уч марта (айтдилар). Сўнг (ушбу оятни) ўқидилар: «Бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлингиз ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз!»[4] Саҳиҳайнда Абу Бакрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизларга (гуноҳи) кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар бермайми?» Уч марта (шундай дедилар). Улар: «Албатта, эй Расулуллоҳ», дедилар. У киши: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», ва таянган ҳолда эдилар, ўтириб олдиларда: «Огоҳ бўлинг! Ёлғон сўзлаш» – дедилар. Уни мудом такрорлайвердилар, ҳатто кошкиди жим бўлсалар, дедик.[5]

Ғийбатга келсак, дарҳақиқат, Аллоҳ у ҳақда шундай деди: «Ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз) (Ҳужурот: 12). Чақимчилик ҳақида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Чақимчи жаннатга кирмайди».[6]

Ёлғон ҳар бир гуноҳнинг асоси. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, ёлғон гуноҳга бошлайди. Ва гуноҳлар дўзахга бошлайди».[7] Чунки у тил ва бошқа аъзолар қўл урадиган барча маъсиятларга тортади. Ҳар бир солиҳ амалнинг – зоҳирий ёки ботиний бўлсин – келиб чиқиши ростгўйликдандир. Ҳар бир бузуқ амалнинг – зоҳирий ёки ботиний бўлсин – келиб чиқиши ёлғондандир. Аллоҳ таоло ёлғончини ўз фойда ва манфаатларидан маҳрум қилиб, тўхтатиб қўяди. Ростгўйни эса дунё ва охират фойдаларини адо этишга муваффақ қилиши билан тақдирлайди. Дунё ва охират фойдалари ростгўйликка ўхшаши билан, ҳамда уларнинг зарар ва бузуқликлари ёлғонга ўхшаши(чалик бошқа бирор нарса) билан қўлга киритилмади. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтадики: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119).

Мусулмонга исломини ҳаққирост амалга ошириши ва иймонини мукаммал қилиши учун буларнинг баридан тилини сақлаши, ҳамда жаннатга кириш ва дўзахдан нажот топишга эришиш учун динини сақлаши вожибдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мусулмон – мусулонлар унинг тили ва қўлидан омон қолганлардир».[8] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимда-ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас, яхши сўзни сўзласин, йўқса жим бўлсин».[9] Бухорий ўз «Саҳиҳ»ида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман».[10] Бундан мурод тил ва таносил аъзосидир. Саҳиҳайнда Муслимнинг лафзи билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда ундаги нарса-(маъно)ни аниқлаштирмай бир сўзни айтиб қўядида, у сабабли дўзахга машриқ билан мағриб орасиданда узоқроққа тушади».[11] Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Хонавайрон ким эканини биласизларми?» Улар: «Ичимиздаги хонавайрон на дирҳами ва на матоси-(моли) бўлмаган киши» – дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Умматим ичидан хонавайрон бўлгани қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади. Ҳамда буни сўккан, уни бузуқликда айблаган, ана уни молини еган, анавини қонини тўккан ва ана унисини эса урган (ҳолда) келади. Шунда бунга ва ана унга унинг ҳасанотларидан берилади. Агар гарданидаги нарса ажрим қилинишидан олдин ҳасанотлари тугаб қолса уларнинг хатоларидан олиниб, унга итқитилади, сўнг дўзахга улоқтирилади» – дедилар.[12]

Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз. У субҳанаҳудан тил ва бошқа аъзоларимизни сақлашлигини, ҳамда бизни Ўзининг тўғри йўлига бошлашини сўраймиз.

 

 


[1] Бухорий (1903).

[2] Термизий (2616) «Ҳасан саҳиҳ» ҳадис дедилар.

[3] «Жомеъул Уълум вал Ҳикам» 29-ҳадис (147).

[4] «Муснад» (16943) ва Термизий (2299).

[5] Бухорий (2654, 5976) ва Муслим (87).

[6] Бухорий (6056) ва Муслим (105).

[7] Бухорий (6094) ва Муслим (2607).

[8] Бухорий (10) ва Муслим (41) Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадисларидан.

[9] Бухорий (6018) ва Муслим (47).

[10] Бухорий (6474).

[11] Бухорий (6477) ва Муслим (2988).

[12] Муслим (2581).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan