Рамазонга оид мақолалар

20 – Рамазоннинг охирги ўн кунлиги

 

Муборак Рамазон ойининг бари, кечаларию кундузлари барака ва раҳмат ойидир. Унинг охирги ўн кунлиги бошқаларидан хос бўлган улкан хусусият ва олий фазилатлар билан унинг қолган кеча ва кундузларидан зиёда имтиёз ила хослангандир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ўзларидан кейин у кишининг саҳобалари розияллоҳу анҳум ушбу охирги ўн кунликни муҳим санашар, ҳамда у кунларда ўзгаларида тиришгандан кўра кўпроқ тиришардилар. Имом Аҳмад «Муснад»да ва Муслим «Саҳиҳ»да Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деганликларини ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда, бошқасида тиришгандан кўра кўпроқ тиришардилар».[1] Икки шайх Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (охирги) ўн кунлик кириб келса белбоғларини маҳкам боғлардилар, кечаларини тирилтирадилар ва аҳлларини уйғотардилар».[2]

«Белбоғларини маҳкам боғлардилар», яъни, ибодатда жидду жаҳд қилар, ҳамда аёллардан четлашардилар. Ушбу кечаларда Раббилари билан сирли суҳбат қуриш ва Унга қурбат ҳосил қилиш билангина лаззатланардилар. Аллоҳ у кишига Рамазон кечалари ҳалол қилган жимоъ-(қўшилишлик)ни қўйиб, ушбу ўн кунликнинг савобига эришиш ва қадр кечасига етишишликка муваффақ қилинишга умид боғлаган ҳолда ибодат ва тоат билан машғул бўлардилар.

«Кечаларини тирилтирадилар», яъни, унда тоат билан машғул бўлган ҳолда бедор бўлар ва шу билан уни тирилтирардилар. Унда Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, ёлбориш ва бандалик бажо қилиш нуқтаи назаридан бедор бўлишлик билан ўзларини тирилтирардилар. Чунки уйқу ўлимнинг инисидир. Руҳ, тана, вақт ва умрлар фақат Аллоҳнинг тоати билан тирик бўлади. Ана шу ҳақиқий ҳаётдир. Аллоҳ таоло деди: «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?!» (Анъом: 122). У Зот ушбу тана-(жасад)ларни ерда юриши ва еб-ичишига қарамай ўлик деб атади. Бунинг сабаби, уларнинг Раҳмонга иймон ва тоат қилишдан узоқ, ҳамда адашиш, фисқ ва туғён билан машғул бўлгани учундир.

«Аҳлларини уйғотардилар», яъни, уларни ушбу кечаларда намоз ва ибодатга турғизардилар. Бу у киши томонларидан, Аллоҳ у кишини бошлиқ қилган раҳбарлик вожиботини адо этишлик ҳамда у киши томонларидан яхшиликка далолат қилишга ташна бўлиш жиҳатидан аҳли оилаларига ҳарис ва уларга аҳамият беришликларининг тўкис эканидандир. Яхшиликка далолат қилувчи уни бажарувчиси каби. Бу ўзлари учун тиришишлари сабабли қўлга киритадиган ажрга қўшимча ўлароқ эди. Бунда яна умматга у кишининг изларидан юриш ва бу борада у кишига иқтидо қилиш жорий қилинганини ўрганамиз. Ва яна бу ишда ота-оналарга фарзандлари тарбиясига эътибор бериш ҳамда уларга хоссатан ушбу улуғ ойда аҳамият қаратиш, ибодатларида уларни кузатиб, назорат қилишлари, уларни ниҳоятда риоя қилишлари, тоатларни бажариш ва қайтариқлардан четлашиш, ҳамда қизиқтириш ва қўрқитиш воситаларидан кўмак олиш учун мусобақа қилишга шижоатлантиришларига йўлланма ва ундашликни кўрамиз.

Ибн Ҳажар шундай дедилар: «Ҳадисда чиройли якун ясашга тарғиб қилишга ишора ўлароқ охирги ўн кунликда қиёмда бардавом бўлишга ошиқишлик мавжуд. Аллоҳ бизнинг хотимамизни чиройли қилсин, аамиин!»[3]

Ушбу ўн кунлик ажралиб турадиган жиҳатларидан бири, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унда эътикоф ўтирардилар. У кишидан кейин саҳобалари эътикоф ўтиришди. Эътикоф – Аллоҳнинг тоатига тўла киришишлик учун масжидни лозим тутишлик. Ва у Китобу суннат билан собит бўлган суннатлардандир. Аллоҳ таоло деди: «Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг!» (Бақара: 187). Саҳиҳайнда Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деганликлари ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам то Аллоҳ азза ва жалла вафот эттиргунгача Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирардилар. Сўнг у кишидан кейин аёллари эътикоф ўтирдилар».[4]

Дарҳақиқат, аллома, шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ, Аллоҳ таоло уни кўп фойдали қилган Рамазон ойига хос машҳур мажлисларида эътикоф ҳукмларини очиқлаб бердилар. Аллоҳ таоло у кишини ислом ва мусулмонлар номидан яхшилик билан мукофотласин. У кишини Ўзининг кенг раҳматига буркасин. У кишига ушбу муборак ойда шу ва бундан бошқа китобларидан фойда ва манфаат олган ҳар бир кишининг ажри каби (ажр) ёзсин. Ушбу китобларида ворид бўлганлардан:

Мана бу қавлларидир: «Эътикофдан мақсад: Инсон Аллоҳнинг фазли, савоби, ҳамда қадр кечасига етишишлик талабида масжидлардан бирида Аллоҳнинг тоатига тўла киришиш учун одамлардан узилишликдир. Шунинг учун эътикофдаги кишига зикр, қироат, намоз ва ибодат билан машғул бўлиши, ҳамда ўзига тегишли бўлмаган дунё суҳбатидан четлашиши лозим бўлади. Бирор фойдани кўзлаб аҳли оиласи ва улардан бошқалар билан озгина ҳалол бўлган сўзлар ила гаплашишида зарар йўқ. Мўминларнинг онаси София розияллоҳу анҳонинг ҳадисларига биноан: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирган эдилар. Бир кеча у кишини зиёрат қилиб келдим. У киши билан суҳбатлашдим сўнг жўнашлик учун турдим – яъни, уйимга кетишлик учун –. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен билан турдилар…».[5]

Эътикофда ўтирган кишига жимоъ ҳамда шаҳват билан бўса олиш ва ушлашликдан иборат ундан (жимоъдан) аввал бўладиган ишлар ҳаром бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу қавлига биноан: «Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг!» (Бақара: 187). Масжиддан чиқишига келсак, агар танасининг баъзи (қисми) билан бўлса бунда зарар йўқ. Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларига биноан: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофда бўла туриб бошларини масжиддан чиқарардилар. Мен ҳайз ҳолатимда уни ювиб қўярдим».[6] Бир ривоятда эса: «У (Оиша розияллоҳу анҳо) ҳайз ҳолатида, у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидда эътикофда ҳолатларида, у (Оиша розияллоҳу анҳо) ўз ҳужраларида эканликларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларини тараб қўярдилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларини унга (Оиша розияллоҳу анҳога) узатардилар».[7]

Агар чиқиши танасининг бари била бўлса, у уч турлидир:

Биринчи: Катта ва кичик ҳожатларни ўташ, вожиб бўлган таҳорат, жунублик ёки бошқаси сабаб вожиб бўлган ғусл, ейиш ва ичиш каби табиий ёки шаръий жиҳатдан чорасиз бўлган бирор иш учун чиқишлик. Бу жоиздир, агар уни масжидда бажаришлик мумкин бўлмаса. Агар масжидда бажаришлик мумкин бўлса, йўқ (жоиз эмас). Мисол учун ҳожатини ўташ ва ғусл қилиш мумкин бўладиган ҳаммом масжидда бўлиши ёки унга таом ва ичимликни олиб келадиган бирор одами бўлиши. Ана шу вақт ҳожатманд бўлмагани боис (масжиддан) чиқмайди.

Иккинчи: Касални бориб кўриш, жанозада қатнашиш ва шунга ўхшашлар каби унга вожиб бўлмаган бирор тоат иши учун чиқишлик. Уни, эътикофининг бошланишида ўзи учун шарт қилиб олсагина бажаради. Мисол учун унинг бориб кўриши ёки вафот этиб қолишидан ҳавотир оладиган бирор касал одами бўлиши ва у эътикофининг бошланишида шу сабабли (масжиддан) чиқишини ўзи учун шарт қилиб олади. Бунинг зарари йўқ.

Учинчи: Савдо-сотиқ, аҳли билан қўшилиш, улар билан ўйнашиш ва шунга ўхшашлар учун чиқишлик каби эътикофга қарши бўладиган иш учун чиқишлик. Уни на бирор шарт ва на шартсиз бажаради. Чунки у эътикофни бузади ва ундан мақсад қилинган нарсага зид келади».[8]

Ушбу ўн кунлик ажралиб, ўзига хос бўлиб турадиган нарсалардан бири, унда қадр кечаси бор. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ (кечалари)да талаб қилинглар-(изланглар)».[9] Яқинда келгуси суҳбатда ушбу муборак ой, унинг фазилатлари, уни ғанимат билишнинг аҳамияти ва уни зое қилмаслик ҳақида сўз келади, иншааллоҳ.

Эй Аллоҳ! Бизни ушбу ўн кунликда Сени рози қиладиган амалларни қилишга муваффақ айла. Ушбу ойимизни биз учун солиҳ амаллар ила хатм қил. Уни биздан қабул эт, эй саҳийларнинг энг саҳийси!

 

 


[1] Муслим (1175) ва имом Аҳмад (24409).

[2] Бухорий (2024) ва Муслим (1174), Бухорийнинг лафзи.

[3] «Фатҳул Борий» (4/270), 2024-рақам ҳадиси остида.

[4] Бухорий (2026) ва Муслим (1172).

[5] Бухорий (3281) ва Муслим (2175).

[6] Бухорий (2031) ва Муслим (297), Бухорийнинг лафзи.

[7] Бухорий (2046).

[8] «Мажалис Шаҳр Рамазон» (118-119).

[9] Бухорий (2017).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan