Рамазонга оид мақолалар

15 – Намознинг Рамазондаги шаъни

 

Саҳиҳайнда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан (ушбу ривоят) собит бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ҳамда Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни ўташ, уйни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш».[1]

Рўза ойида эканмиз, муҳим ва улкан бир мавзу ҳақида суҳбатлашмасак бўлмас. Унинг аҳамияти рўзадан оз эмас. Балки у мартаба ва даражада рўзадан олдинда. У ҳам бўлса намоздир. Албатта, намоз Аллоҳ бандаларига вожиб қилган вожиботларнинг энг улкани ва фарз қилган фароизларининг энг олийларидандир. У диннинг устуни ва икки шаҳодатдан кейин энг таъкидли рукнидир. У банда билан Раббиси ўртасидаги алоқа, ҳамда банда қиёмат куни у ҳақда сарҳисоб қилинадиган биринчи нарсадир. Агар у салоҳиятли бўлса бошқа амаллар салоҳиятли бўлади. Агар у барбод бўлса бошқа амаллар ҳам барбод бўлади. У куфр ва ислом ўртасини ажратувчидир. Уни тўкис адо этишлик иймон, ҳамда уни зое қилишлик куфр, залолат ва исёндир. Намози йўқ кимсанинг дини ҳам йўқ. Намозни тарк этган кимса учун исломда улуш йўқ. Ким уни муҳофаза қилса-(риоя қилса) қалби, юзи, қабри ва қайта тирилиш кунида нур, ҳамда қиёмат куни нажот бўлади. Пайғамбар, сиддиқ, шаҳид ва солиҳлардан иборат Аллоҳ инъом қилганлр билан қайта тирилади. Улар қандай ҳам яхши ҳамроҳлардир. Ким уни муҳофаза қилмаса Қиёмат куни унга нур, ҳужжат ва нажот бўлмайди. Ҳамда Фиръавн, Ҳомон, Қорун ва Убай ибн Халафлар билан бирга қайта тирилади.

«Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Намозни тарк этган кимса учун исломда улуш йўқ». Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) уфқларга шундай мактуб битардилар: «Мени наздимда ишларингизнинг энг муҳими намоздир. Ким уни сақласа динини сақлабди. Ким уни зое қилса, бас, у ундан бошқасини зое қилувчироқдир. Намозни тарк этган кимса учун исломда улуш йўқ». Айтдиларки: Намозни назар-писанд қилмайдиган, унга енгил-елпи муносабатда бўлувчи ҳар бир кимса, исломни назар-писанд қилмайдиган, унга енгил-елпи муносабатда бўлувчидир. Балки уларнинг исломдаги улушлари намоздаги улушлари миқдоричаликдир. Исломга рағбатлари намозга рағбатлари миқдоричалик. Эй Аллоҳнинг қули! Ўзингни таниб ол. Сенинг наздингда исломнинг қадри бўлмаган ҳолатда Аллоҳга йўлиқишдан ҳазир бўл. Қалбингдаги исломнинг қадри қалбингдаги намознинг қадри кабидир. Дарҳақиқат, ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари ривоят қилинган: «Намоз диннинг устунидир». Устунлари тушиб кетса чодир ҳам тушиб кетиши ва на арқону қозиқларидан фойда бўлмаслиги ҳамда чодир устунлари тикка турса арқон ва қозиқларидан фойда бўлишини билмайсанми?! Намознинг исломга нисбатан тутган ўрни ҳам шундай. Ҳадисда шундай ворид бўлган: «Қиёмат куни банда саволга тутиладиган амалининг биринчиси намоздир. Агар намози ундан қабул қилинса бошқа амаллари ҳам қабул қилинади. Агар намози унга қайтарилса бошқа амаллари ҳам қайтарилади». Намозимиз динимизнинг охири ва эртага қиёмат куни сўраладиган амалларимизнинг биринчиси. Исломдан кетадиган нарсанинг охири намоз бўлар экан, намоз кетгандан кейин ислом ва дин бўлмайди». Сўзлари тугади.[2]

Намозни зое қилиш ва унга эътиборсиз муносабатда бўлиш жуда хатарли ва енгил қараладиган иш эмас. Қуйида намознинг шаъни хусусидаги баъзи ҳужжатларга тўхталиб ўтамиз.

Аллоҳ таоло деди: «Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушлангувчидир. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни ҳаёти-дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотларгина дўзахдан) нажот топгувчидирлар. Улар жаннатларда бир-бирлари билан (дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида савол-жавоб қилишурлар. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида), Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик»» (Муддассир: 38-43). Субҳанаҳу, намозни тарк этувчини жиноятчи ва «Сақар»га йўл олувчилар дея хабар берди. У жаҳаннамдаги водийдир. Аллоҳ таоло деди: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59). Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, «Ғой»-(«Ёмон жазо») жаҳаннамдаги бир дарё бўлиб, таъми ёмон, туби чуқурдир. Унга йўлиққан кимсанинг мусибати қандай ҳам улкан ва унга кирган кимсанинг ҳасрати қандай ҳам қаттиқ. Аллоҳ таоло деди: «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11). У Зот уларнинг биродар эканликларини намозни адо этишга боғлади. Бу эса, улар уни адо этмасалар уларга биродар эмасликларига далолат қилади. Субҳанаҳу шундай деди: «Қачон уларга: «Рукуъ қилинглар, (яъни намоз ўқинглар)», дейилса, рукуъ қилмаслар!» (Мурсалат: 48). Буни ушбу қавлидан кейин зикр қилди: «(Эй кофирлар) озгина вақт (яъни тўрт кунлик дунёда ақлсиз ҳайвонлардек) еб, фойдаланиб қолинглар! Албатта сизлар жиноятчидирсизлар!» (Мурсалат: 46).

Бу борадаги ҳадисларга келсак, улар кўпдир. Шулардан: Муслим ўз «Саҳиҳ»ида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Киши билан куфр ва ширк ўртаси намозни тарк этишликдир».[3] Аҳмад ва сунан аҳли саҳиҳ иснод билан Язид ибн Ҳубайб ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Биз билан улар ўртасидаги битим намоздир. Ким уни тарк этса, дарҳақиқат, куфр келтирибди».[4] Имом Аҳмад яхши санад билан Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир куни намозни ёдга олиб, шундай дедилар: «Ким уни муҳофаза-(риоя) қилса унга нур, ҳужжат ва қиёмат куни нажот бўлади. Ким уни муҳофаза қилмаса унга нур, ҳужжат ва нажот бўлмайди. Ҳамда қиёмат куни Қорун, Фиръавн, Ҳомон ва Убай ибн Халафлар билан бўлади».[5] Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ) деб гувоҳлик берса, қибламизга юзланса ва намозимизни ўқиса, ҳамда сўйган жонлиғимизни еса, бас, у мусулмон. Мусулмоннинг фойдасига бўлган нарса унинг ҳам фойдасига ва мусулмонга қарши-(зиёнига) бўлган нарса унга ҳам қарши-(зиёнига)дир».[6] Аҳмад, Молик ва Насоий саҳиҳ иснод билан Миҳжан ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир мажлисда эдилар. Намозга азон айтдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турдилар. Сўнг қайтиб келсалар Миҳжан ўз ўтирган ўринларида экан. Шунда унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сени намоз ўқишдан нима тўсди. Мусулмон киши эмасмисан?» – дедилар. У: «Худди шундай. Бироқ мен аҳли оиламда ўқиб бўлган эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Агар келсанг одамлар билан бирга намоз ўқи. Гарчи ўқиб бўлган бўлсанг ҳам» – дедилар».[7]

Дарҳақиқат, саҳобалар розияллоҳу анҳумдан бу маънода кўплаб асарлар ворид бўлган. Шулардан: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар: «Намозни тарк этган киши учун исломда улуш йўқ».[8] Ва дедилар: «Намозни тарк этган кишининг исломи йўқ». У киши ушбу сўзни саҳобалар ҳозирлигида айтдилар ва бирор киши у кишига инкор қилмади. Балки у кишининг сўзига ўхшашини бир қанча саҳобалар ҳам айтишган. Шулардан: Муоз ибн Жабал, Абдурроҳман ибн Авф, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқалар розияллоҳу анҳум. Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Кимники эртага Аллоҳга мусулмон ҳолда йўлиқиши хурсанд қилса, бас, мана бу намозларни муҳофаза қилсин. Чунки у улар билан нидо қилинади. Албатта, Аллоҳ Пайғамбарларингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳидоят йўлларини жорий қилди. Албатта, у (намоз)лар ҳидоят йўлларидандир. Агар сизлар мана бу ортда қолувчи уйида намоз ўқигани каби уйларингизда намоз ўқисангиз, батаҳқиқ, Пайғамбарларингизнинг суннати-(йўли)ни тарк этган бўласизлар. Агар Пайғамбарларингизнинг йўлини тарк этсангиз, батаҳқиқ, адашасизлар. Қайси бир киши таҳорат олиб, таҳоратини гўзал қилса, сўнг ушбу масжидлардан бирини қасд қилса, албатта, Аллоҳ унга босадиган ҳар бир қадами учун бир ҳасанот ёзади, уни бир даражага кўтаради, ҳамда у сабабли ундан бир гуноҳни ўчиради. Дарҳақиқат, биз ундан (жамоат намозидан) фақат нифоқи маълум мунофиқгина ортда қолади деб билардик. Дарҳақиқат, кишини то сафга турғазилгунча икки киши ўртасида суяган ҳолда олиб келинарди».[9]

Агар бу жамоат намозига ҳозир бўлмаган кишининг шаъни, саҳобалар нифоқи маълум мунофиқ деб санаган эканлар, ундай бўлса уни тарк этувчи ҳақида нима дейсиз?! Аллоҳдан омонлик сўраймиз. Дарҳақиқат, намозни муҳофаза қилиш, ҳамда унга беписанд ёндашган кимсанинг уқубати қаттиқ бўлиши ҳақида юқорида ўтганлардан бошқа ҳужжатлар кўп бўлиб, уларни келтиришга бу ўрин торлик қилади.

Шунга қарамай айрим рўзадорлар томонидан намозга эътиборсизлик ва унга ё уни ўз вақтидан кечиктириш ёки рўзага эътибор ва аҳамият қаратиш билан бирга баъзи намозларда камчиликка йўл қўйиш кузатиляпти. Бу кимсалар намознинг ўрни ва шаъни улуғлигини билмайдиларми?! Улар учун рўза мадрасасида намозни муҳофаза қилиш ва Аллоҳ субҳанаҳудан тақво қилишни рўёбга чиқаришга бошлайдиган нарса бўлмадими?! Балки уларнинг айримлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: «Ким Рамазонни иймон ва (ажрини) Аллоҳдан умид қилган ҳолда рўза тутса ўтган гуноҳлари кечирилади» қавллари далолат қилган маънони бузуқ тушунчада тушунишди ва мақсаддан узоқлашиб кетишди. Ушбу рўза мағфиратга эришиш учун етарлидир деган ўйга бордилар. Натижада ушбу фикрга таяниб, намозларни зое қилдилар. Бу қандай ҳам бузуқ фаҳм, ҳамда ҳақ ва ҳидоятдан қандай ҳам узоқ. Бу, намозга тарғиб ва қўрқитув тарзида ворид бўлган кўплаб ҳужжатлардан қаерда қолди? Дарҳақиқат, уларнинг баъзиси юқорида ўтди. Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуда ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дердилар: «Беш вақт намоз, жума жумагача, Рамазон Рамазонгача агар гуноҳи кабиралардан четлашса ўрталаридаги нарса-(гуноҳ)ларни каффорот қилувчидир». Намозни тарк этиш гуноҳи кабиралардандир. Балки юқорида ўтган ҳужжатлар у куфр эканига, ҳамда банда қиёмат куни сўраладиган амалининг биринчиси намози эканига далолат қилади. Агар у қабул қилинса, унинг бошқа амаллари ҳам қабул қилинади. Агар у қайтарилса бошқа амаллари ҳам қайтарилади.

Аллоҳдан барчамизни намозни тўкис адо этиш ва уни Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилганларидк масжидда жамоат билан адо этишликка муваффақ айлашини, мусулмонларнинг адашганларини ҳидоят қилишини, ҳамда бизга намоз ва бошқа ибодатларни суюкли қилишини сўраймиз. Албатта, У Эшитувчи, Қариб-(Яқин), ижобат қилувчидир.

 


[1] Бухорий (8), Муслим (16), Муслимнинг лафзи.

[2] Ибнул Қоййим «Ҳукм Тарикус Солаҳ» (9).

[3] Муслим (82).

[4] Имом Аҳмад «Муснад» (22833), Термизий (2621) «Ҳасан саҳиҳ» ҳадис деди, Насоий (463) ва Ибн Можжа (1079).

[5] Имом Аҳмад «Муснад» (2/169 6576-рақам) Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ дедилар.

[6] Бухорий (393).

[7] Имом Аҳмад «Муснад» (16347), имом Молик «Муватто» (293) ва Насоий (857).

[8] Имом Молик «Муватто» (74), Сунан Байҳақий (6291), Абдурраззоқ «Мусоннаф» (3/125) ва Ибн Абу Шайба «Мусоннаф» (8/581)).

[9] Муслим (654).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan