Мавлидни жоиз деганларнинг ҳужжатларига жавоб

Мавлидни жоиз деганларнинг ҳужжатларига жавоб

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамдлар, пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг:

Мавлидни (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини) нишонлаш жоиз деганлар ушбу амал шаръий эканлигини исботлаш учун далил сифатида қуйидаги ривоятни келтирадилар. Айтишларича бу ривоятни имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ» тўпламида келтирган экан:

Аббос ибн Абдулмуталлиб ривоят қилади: «Абу Лаҳаб вафот этганида мен уни тушимда даҳшатли ҳолатда кўрдим ва у айтди: «Мен сизларни тарк қилганимдан бери енгилликни кўрмадим. Фақатгина ҳар душанба кунидаги жазони енгиллатишади!» Чунки Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) душанба куни туғилганлар. Сувайба Абу Лаҳабни у зотнинг туғилганлари (хабари) билан хурсанд қилганида, уни озод қилган эди».

Ушбу ҳужжатга, Аллоҳнинг изни билан, бир неча жиҳатдан жавоб берилади:

Биринчидан, ушбу ривоятни Суҳайлий келтиради, Бухорий эмас! Бухорийга келсак, бу ривоят унда қуйидагича келтирилади:

Умму Ҳабиба бинт Аби Суфён ҳикоя қиладилар: «Бир куни мен Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдим: «Эй Расулуллоҳ, менинг синглим, Абу Суфённинг қизини, никоҳингизга олсангиз». У зот сўрадилар: «Сен шуни хоҳлайсанми?» Мен айтдим: «Ҳа, ахир мен ягона хотинингиз эмасман. Ушбу яхшиликни айни синглим билан бўлишишни кўпроқ истайман». Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Дарҳақиқат, бу иш менга мумкин эмас». Мен айтдим: «Ахир бизга айтишларича сиз Абу Саламанинг қизини никоҳингизга олмоқчи экансиз-ку». У зот сўрадилар: «Умму Саламанинг қизини?» Мен айтдим: «Ҳа». Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Агар у менинг ўгай қизим бўлмаганида ҳам, мени унга уйланишим мумкин бўлмайди. Чунки у менинг эмикдош биродаримнинг қизидир. Мени ва Абу Саламани Сувайба эмизган. Менга хотинликка қизларингиз ва сингилларингизни таклиф қилманглар»».

Сўнг Урва (ҳадис ровийси) деди: «Сувайба Абу Лаҳаб озод қилган ва Пайғамбарни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эмизган жория эди. Абу Лаҳаб вафот этганида, қариндошларидан бири уни тушида ёмон ҳолатда кўриб сўради: «Сен нимани учратдинг?» Абу Лаҳаб бунга жавобан деди: «Ҳеч нарсани (яъни яхшиликни), фақатгина мен Сувайбани озод қилганим учун мени мана бу (сув) билан суғоришади холос»» (Бухорий 5101).

Кўриб турганимиздек, бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини нишонлаш жоизлигига ҳеч қандай далил йўқ.

Иккинчидан, кўпгина имомлар, хусусан Ҳофиз Ибн Абдулбарр, имом Ибн ал-Жавзий, Ибн Ҳажар ва саҳобаларнинг ҳаётлари ҳақида китоблар ёзган бошқа олимларнинг айтишича, Абу Лаҳаб Сувайбани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларидан анча кейин озод қилган (Қаранг: «ал-Итийъаб фи асма ас-саҳаб» 1/12, «ал-Исаба фи тамъиз ас-саҳаба» 4/250, «ал-Вафа би аҳвали ал-Мустафа» 1/106).

Учинчидан, Урванинг қўшимчаси мурсалдир. Бу ҳақда Ибн Ҳажар «ал-Фатҳ»да (9/145) айтиб ўтган. Чунки Урва на Аббосни, на Сувайбани учратмаган.

Тўртинчидан, ушбу қўшимча саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам, Аббос ибн Абдулмуталлиб бу тушни Исломга киришидан аввал кўргани ҳақида гапирилган.

Бешинчидан, ҳатто агар Аббос Абу Лаҳабни мусулмон бўлганида тушида кўрганида ҳам, бу ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлар эди. Чунки шариатда тушга асосланиб бирор нарса на жорий қилинади ва на тасдиқланади. Бу масалада Аҳли суннада ихтилоф йўқ. Шубҳа йўқки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини нишонлаш жоизлигига бу туш асос бўла олмайди. Абу Лаҳаб билан бўлиб ўтган воқеага асосланиш, ҳатто агар бу воқеа ҳақиқатдан содир бўлган бўлса ҳам, динда на Аллоҳ, на Унинг Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва на салафларнинг бирортаси қилмаган ишни шаръийлаштириш бўлиб қолади.

Хориса ибн Мударриб ҳикоя қилади: «Бир куни бир киши ушбу тунда намозни масжидда ўқиган инсон жаннатга киришини тушида кўрибди. Бу ҳақда Ибн Масъуд эшитганида масжидга бориб деди: «Чиқинглар, залолатга кетманглар! Дарҳақиқат, бу шайтоннинг ўйинидир!»» (Ибн Аби Шайба 7/233).

Олтинчидан, ушбу туш Қуръон ва суннат матнларига тескаридир. Чунки кофирга қилиб ўтган солиҳ амаллари Қиёмат куни ёрдам бермайди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз» (Фотир: 36).

Аллоҳ таоло яна айтади:

«Албатта жиноятчи кимсалар (яъни кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлгувчидирлар!» (Зухруф: 75).

Аллоҳ таоло яна айтади:

«Албатта туғёнга тушгувчиларнинг борар жойлари бўлган жаҳаннам (ўзига қулаб тушадиган кофирларга) кўз тутиб тургувчи бўлди. Улар у жойда узоқ замонлар (яъни абадул-абад) қолгувчидирлар! Улар у жойда (жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар! Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар) (Набаъ: 21 – 25).

Бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Қози Иёз дедилар: «Уламолар иттифоқ қилдиларки, кофирларга қилиб ўтган амаллари наф келтирмайди. Баъзилари баъзиларига нисбатан қаттиқроқ азобга дучор бўлишларига қарамай, улар бу амаллари учун роҳат билан мукофотланмайдилар» (Қаранг: «ал-Икмал» 1/597).

Кимдир айтиши мумкин: «Ахир Абу Толиб кофир ҳолида вафот этганига қарамай азоби енгиллатиладику?»

Жавоб: «Албатта, бироқ бу ҳолат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат кунидаги шафоатларидан кейингина бўлади. Бу эса бизга саҳиҳ ҳадислардан маълум, Қуръон ва суннатда тасдиқини топмаган аллақандай тушлардан эмас».

Шундай қилиб, бу инсонларни залолатга етакловчи сўфий ва уларга эргашганларнинг навбатдаги далилларидир. Улар бу ривоят ва тушни Бухорийда келтирилган деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берадилар.

Суфён ас-Саврий ҳақ сўзни айтганлар: «Ҳеч бир залолат йўқки, магарам у безатилган бўлмаса!» (Қаранг: «ал-Ҳужжа» 2/484).

Уларнинг ҳужжат ва далиллари янги пайдо бўлган фақиҳларнинг далилларини эслатади. Улар Исрофил фаришта Қиёмат қоим бўлишидан аввал сур чалишига қиёс қилиб мусиқани ҳалол дейишди. Ёки улар фаришталар пайғамбарларнинг олдига инсон қиёфасида келганларини қиёс қилиб театр саҳнаси жоиз дейишади.

Азиз биродарлар, уларнинг ботил ҳужжатларига эътибор берманглар!

Бидъат аҳлидан бирор нарсани қабул қилманглар. Ҳатто улар турли манбаларни келтирсалар ҳам. Чунки кейин барчасини текшириб чиқишга тўғри келади. Билингларки, бу навбатдаги шубҳа ва хатодир.

Қози Абдуллоҳ ибн Лаҳиъа ҳавориж бўлган бир қариянинг тавба қилганини эшитганларини айтиб беради: «Бу ҳадислар – диндир. Шундай экан, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг. Дарҳақиқат биз бирор нарсани истаганимизда, ўша нарсани ҳадисга айлантирар эдик» (ал-Лалакаий 1/85).

Имом Хатиб Боғдодий дедилар: «Агар ҳаққа тескари бўлган ровий ҳаво аҳли ёки мазҳабга кўр-кўрона эргашувчи бўлса, ундан ҳеч нарса қабул қилма, ҳатто унинг ёдлаш қобилияти яхши бўлса ҳам» (Қаранг: «ал-Жомиъул-аҳлақир-ровий» 1/136).

Имом Лайс ибн Саъд дедилар: «Мен бидъат аҳлидан ҳеч нарсани қабул қилмаган бўлар эдим, ҳатто агар уни сув (усти)да юрганини кўрсам ҳам» (Қаранг: «ал-Иттибоъ» 35).

Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

One thought on “Мавлидни жоиз деганларнинг ҳужжатларига жавоб

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan