PDF WORD

Ҳайз ёки нифос кўраётган аёлга яқинлик қилиш

Ҳайз ёки нифос кўраётган аёлга яқинлик қилиш

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Эркак киши хотини ҳайз ёки нифос қони кўраётганда вақтда яқинлик қилиши ва эркалаши уч хил бўлади:

Биринчи: Қинга яқинлик қилиш. Бу барча мусулмонлар ижмоъси билан ҳаром бўлган ишдир. Бунга Қуръон оятлари далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади»» (Бақара: 222).

Иккинчи: Киндикдан тепаси ва тиззадан пасига яқинлик қилиш. Бу ерда яқинликдан мурод эркалаш (ўпиш, қучоқлаш ёки ушлаш кабилар) тушунилади. Бу ишнинг жоиз эканига барча уламолар ижмоъ қилишган (Қаранг: Нававий Шарҳ Муслим; ал-Муғний 1/414).

Учинчи: Киндик ва тизза орасидаги ўринга яқинлик қилиш, эркалаш, қинга ва орқа йўлга яқинлик қилмаган ҳолда. Бу масалада уламолар ихтилоф қилишди. Имом Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеий бундай қилишни ҳаром деб ҳисоблаган. Имом Аҳмад эса буни жоиз деб санаган. Имом Аҳмаднинг фикрларини баъзи ҳанафий, моликий ва шофеий уламолари тўғри деб санаган. Нававий роҳимаҳуллоҳ деди: «Бу энг кучли далил ва лозим тутиш керак бўлган фикрдир».

Учинчи турни жоиз санаган уламолар Қуръон ва Суннат далилларига суянишган. Қуръонга келсак, улар қуйидаги оятга суянишган: «Сиздан ҳайз (ал-маҳийд) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади»» (Бақара: 222).

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ деди: «Оятда зикр қилинган «ал-маҳийд» сўзи ҳайз муддати ва унинг ўрнини англатади. Ҳайз ўрни қиндир. Аёл киши ҳайзда экан, қинига яқинлик қилиш ҳаромдир» (Шарҳ ал-Мумтиъ 1/413).

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ деди: «Оятда ажратилганидек, қон чиқадиган ўриндан четлашишга буйруқ ундан бошқа барчаси жоиз эканига далолат қилади» (ал-Муғний 1/415).

Суннатга келсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, яҳудийлар аёлларининг ҳайзи бошланганида бирга еб-ичмас ва бир уйда жамланишмас экан. Шунда саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишди ва Аллоҳ таоло бу ҳақда оят нозил қилди: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У (эр-хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз» (Бақара: 222). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверинглар». Яҳудийлар буни эшитганидан кейин шундай дейишди: «Бу одам биз қилаётган ҳар бир ишнинг тескарисини қилмагунича тинчимайди шекилли?!» (Муслим № 302).

Нававий роҳимаҳуллоҳ деди: ««Бир уйда жамланишмасди», яъни улар билан гаплашишмасди ва бир уйда яшашмасди».

Икрима Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи аёлларидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз вақтида аёлларидан бирор нарса истасалар, жинсий аъзосига кийим ташлардилар (Абу Довуд № 272). Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ деди: «Ушбу ҳадис исноди кучли». Албоний ҳадисни «Саҳиҳ Аби Довуд» (№ 242)да саҳиҳ деди.

Доимий фатво қўмитаси фатволарида шундай дейилган: «Эр хотини ҳайз кўраётганида қинига қўшилиши ҳаром. Унга бундан бошқасида у билан яқинлик қилиши жоиз» (Фатава ал-Лажна ад-Даима 5/395).

Агарда эркак киши ҳайз кўраётган хотинидан лаззатланмоқчи бўлса, хотинига киндик ва тиззаси оралиғини ёпиб турадиган кийим кийиб олишига буюргани афзал. Шундан кейингина бундан бошқа жойига яқинлик қилиши, яъни эркалаши мумкин бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бизлардан бировимиз ҳайз ҳолатида бўлса-ю, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кийимсиз ҳолда қучмоқчи бўлсалар, ҳайз даврида изор кийиб олишни буюрар, сўнг уни қучар эдилар» (Бухорий № 302, Муслим № 2293).

Маймуна розияллоҳу анҳо айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ҳайз кўраётганда изорларининг юқори қисмига яқинлик қилар эдилар (Муслим № 294).

Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ «Авнул маъбуд» китобидаги 2167-ҳадисни шарҳ қила туриб шундай деди: ««Қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверинглар» ҳадиси таъқиқ фақатгина ҳайз ўрнига таалуқли эканига далолат қилади, бу (ҳадис матнидан) зоҳир (бўлган маъно)дир. Қинга яқинлик қилиш ҳаром, бундан ташқари барчаси жоиздир. Изор ҳақидаги ҳадислар бунга тескари эмас, чунки бу зарар (ҳайз қони)дан йироқ қилади ва мана шу афзалдир» («Таҳзиб ас-сунан»дан қисқартирилган ҳолда келтирилди).

Мумкинки ҳайз муддати боши ва охири орасида фарқ бўлиши мумкин. Одатда ҳайз бошланишида қон кўп бўлади, бу кунларда киндик ва тизза ораси ўрнини изор билан ёпишлик мустаҳаб бўлади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ деди: «Буни Ибн Можа ҳасан иснод билан Умму Саламадан қилган ривояти қувватлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қон кучли келган уч кунда четлашар, шундан сўнг яқинлик қилардилар» (Қисқартирилган ҳолда келтирилди).

Эслатма: Юқорида эслаб ўтилган барча ҳолатлар нифос қони кўраётган аёлга ҳам тегишли. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ эр ҳайз аёлига яқинлик қилиш турларини санаб ўтганларидан сўнг шундай дедилар: «Нифос кўраётган аёл ҳайз кўраётган аёл кабидир» (ал-Муғний 1/419).

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли-оила ва саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.