PDF WORD

Эрини ака деб чақириш жоизми?

Эрини ака деб чақириш жоизми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Одатда бизнинг халқимизда аёллар ўз эрларининг исмидан кейин «ака» деб қўшимча қўшишади. Бу фақатгина аёллар эрларига эмас, балки барча ўзидан катта бўлган эркак исмига «ака», аёлга эса «опа» деб қўшимча қўшишади. Бундан ташқари уйланган келин-куёвлар қайнона-қайноталарини «ада», «ойи» дейишади. Бундай чақиришнинг ҳукми қандай бўлиши барчани қизиқтирса ажаб эмас.

Шайх ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раислигидаги «Лажна ад-Даима» (20/357-359) уламолари айтишди: «Инсон ўзидан ёшроқ бўлган (одам)га меҳр кўрсатиш, ғамхўрлик ва ҳамдардлик билдириш, у ўзини қулайроқ хис қила олиши учун, унинг насиҳатига қулоқ солиши ёки ўзига ёрдамчи қилиб олиши учун унга: «Эй ўғлим» дейиши мумкин. У ҳам ўзидан каттароқ одамга ҳурмат қилиб ва қалбини юмшатиб, яхши муомала ва холис насиҳат, ёрдам ва мадад олиш учун: «Эй отажон» деб айтиши мумкин. Мана шу тарзда яхши ҳулқлар жамиятда ёйилади ва одамлар орасидаги алоқа мустаҳкамлашади. Одамлар инсонларнинг холис биродарчилик ва иймонни хис қилишади. Ислом бизга яхшилик ва тақво устида ҳамкорлик қилишга буюради. Одамларни бир-бирларини яхши кўриш ва бир-бирларига яхши муносабатда бўлишга тарғиб қилади. Аллоҳ айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Моида: 2). Пайғамбар (соллаллаоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Мўминларнинг ўзаро дўстлашиш, бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш ва меҳр-оқибатли бўлишдаги мисоллари битта жасад мисолидирки, жасаднинг бир аъзоси оғриса, бошқа барча аъзолари бедорлик ва иситмада бирга бўлади» (Аҳмад ва Муслим ривояти)».

Савол: Қайнонани она, қайнотани ота деб чақирса бўладими?

Жавоб: Агар бу сўз ўша ернинг урфи бўлса, муҳаббатларини қозониш ва ўзининг (муҳаббатини) намоён қилиш учун, эр тарафидан қариндоши бўлгани сабабидан (бундай деса), бунинг зарарли жойи йўқ. Ўзининг муҳаббати ва ҳурмат юзасидан уларни (қайнона ва қайнотани) ҳудди шундай амаки ва хола деб номлашади (Шайх Ибн Жибрин, фатво № 12795).

Бу каби сўзлар ҳурмат ва қадрлашни ўзида акс этади. У қалбларни қувонтиради ва яқинлаштиради. Шариат эса бундай юмшоқ, ҳурмат билан бўлган муомалага тарғиб қилади. Буни Аллоҳ таолонинг: «Кишиларга чиройли сўзлар сўзлангиз» (Бақара: 83) буйруғига киритиш мумкин.

Бу каби муомалаларга Қуръон ва Суннатда мисоллар кўп.

Аллоҳнинг китобидан мисол: «У (Юсуф) ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди» (Юсуф: 100).

Юсуфнинг онаси ушбу воқеадан аввалроқ вафот этган бўлган. Оятда эса унинг холаси назарда тутилган. Бу ерда ушбу сўзларни ҳақиқий онаси бўлмаган шахсга нисбатан қўллашлик жоиз эканига далил бор (Қаранг: «Фатва Ибн ас-Салоҳ» 1/186).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан мисол: Анас ибн Молик розиляллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот айтдилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга дедилар: «Эй ўғлим! …»» (Муслим № 2151).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисга қуйидагича сарлавҳа қўйдилар: «Ўғли бўлмаган одамга «Эй ўғлим!» деб мурожаат қилиш жоиз ва мустаҳаб экани» («Шарҳ Саҳиҳ Муслим» 14/129).

Бегона одамга ўғлим дейишлик билан, қайнонани онажон дейишликнинг ўртасида фарқ йўқ. Иккала ҳолатда ҳам инсон ўзининг муомаласи билан ўз ўғлини ва онасини ҳурмат қилгандек ҳурмат қилишини изҳор қилади холос.

Хотин қайнонасини она, қайнотасини ота дейишлиги бирор шаръий ҳолатини тақазо этмайди. Масалан, аёл ўша оила қизи сифатидаги меросга ҳақли бўлиб қолмайди. Эрнинг ота-онасини ота-она дейишлиги ҳурмат юзасидандир. Бу уларнинг ҳақиқий қизи эканига далолат қилмайди. Шунинг учун ҳам бундай номлашлик билан у қариндош бўлиб қолмайди. Энди инсон ўзининг наслини бошқа наслга нисбат бериши эса бошқа бир ҳолат. Масалан, маълум бир шахс унинг отаси эканини эълон қилишлик. Бунинг оқибатида баъзи шаръий ҳолатлар келиб чиқади. Масалан, унинг мана шу насл меросига ҳақли бўлишлиги, ўзининг отаси эканини эътироф қилган одам ўғиллари билан никоҳ қуришлиги ҳаром бўлиши ва ҳоказо.

Икки ҳолат ўртасидаги фарқнинг катталиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Биринчи ҳолат жоиз, иккинчиси эса Қуръон ва Суннатнинг очиқ матнларига кўра ҳаром.

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

2 та мулоҳаза

  1. Latifkhon → 23.03.2012 йил

    Мавзуни номи -Эрини ака деб чақириш жоизми? Лекин ман укиб шу саволга жавоб топомадим! Балким яхшилаб укимадиммикин.

  2. Administrator → 24.03.2012 йил

    Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
    Latifkhon, эрини ака деб чақиришлик билан бегонани ота, ёки она, ёки ўғлим деб чақиришлик ўртасида фарқ йўқ. Юқорида уламоларнинг эрини айни ака деб чақиришлик ҳақидаги қовллари келтирилмаган бўлсада, шунга ўхшаш ҳолатлар келтирилган. Ўша ҳолатларга қиёс қилганда бундай дейишликнинг зарари йўқ экани маълум бўлади.
    Валлоҳу аълам.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.