PDF WORD

Нима учун жума намозига икки марта азон айтилади?

Нима учун жума намозига икки марта азон айтилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Кўпчилигимизни нима учун жума намозига икки марта азон айтилади, ҳолбуки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилганларида, олдиларида бир марта азон айтиларди деган савол қизиқтирса ажаб эмас.

Шу каби саволга шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ қуйидагича жавоб бердилар: «Ҳақиқатда иш савол берувчи айтгандек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида такбир билан бирга бир марта азон айтиларди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ва намозга деб чиққанларида муаззин азон айтарди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки марта (орада ўтириб) хутба қилардилар. Сўнг эса намозга такбир айтиларди. Маълум бўлгани ва савол берувчи айтгандек суннатда келгани ана шундай эди. Ушбу ҳолат илм ва иймон аҳли наздида маъруфдир.

Сўнг тўғри йўлдаги халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларига келиб Мадинада одамлар кўпайиб кетишди. Ана шунда у киши (розияллоҳу анҳу) учинчи азон зиёда қилинмоғини тўғри деб билдилар. Одамлар заволдан кейинги одатий, маъруф бўлган азондан аввал намозга тайёргарлик кўриб, тезлашсинлар дея бугун жума куни эканини огоҳлантириб қўйиш учун биринчи азон айтилди. У киши (розияллоҳу анҳу) замонларидаги саҳобалар бу борада у кишига эргашишди. У киши (яъни, Усмон розияллоҳу анҳу) замонларида Али розияллоҳу анҳу, ўнта (жаннат билан башорат берилганларни) бири Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу, яна ўнтанинг бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу, Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ва булардан бошқа кибор саҳобалар мавжуд эди. Шундай қилиб мусулмонлар кўплаб диёр ва шаҳарларда тўғри йўлдаги халифа Усмон розияллоҳу анҳу йўлга қўйган ишга эргашган ҳолатда ана шундай қиладиган бўлишди. Бу борада у кишига (яъни, Усмон розияллоҳу анҳуга) тўғри йўлдаги халифа Али розияллоҳу анҳу ва қолган саҳобалар ҳам эргашишди.

Демак, ушбу иш Усмон розияллоҳу анҳу хилофотларида юз берди. У кишидан кейин аксар мусулмонлар турли диёр ва бугунги кунимизгача бўлган замонлардан бери Усмон розияллоҳу анҳу томонларидан бўлган ижтиҳод ва мусулмонларга холис туриш бобидан йўлга қўйган суннатга амал қилган ҳолатда давом этиб келишяпти. Бунда ҳараж-танглик йўқ. Чунки Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизларга мени йўлим ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларимнинг йўли лозим бўлади». У киши (Усмон розияллоҳу анҳу) тўғри йўлдаги халифалардандирлар. Бу борадаги фойда кўзга яққол ташланиб турибди. Шу сабабли аҳли сунна вал жамоа ушбу ишга амал қилиб, тўғри йўлдаги халифа Усмон, Али ва ўша замонда ҳозир бўлган саҳобалар, Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин, суннати бўлгани учун бунда бирор монелик йўқ деб биладилар» («Йўлдаги ёғду фатволаридан» (2/1038)).

Соиб ибн Язиддан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо даврларида жума кунги азоннинг биринчиси имом минбарга ўтиргач бўларди. Усмон розияллоҳу анҳу даврларига келиб, одамлар кўпайгач Зарвода учинчи азон қўшилди» (Бир ривоятда: «Усмон биринчи азон (айтилиши)га буйруқ берди», бошқа ривоятда эса: «Усмон иккинчи азон (айтилиши)га буйруқ берди», деб нақл қилинган. Ушбу ривоятлар ўртасида зиддият йўқ. Азон ва такбирга зиёда бўлгани эътибори билан қаралганда учинчи деб номланади. (Иккинчи) азон ва такбирдан аввал айтилгани эътибори билан қаралганда биринчи деб номланади. Такбир айтишни ҳисобга олмай ҳақиқий азон эътибори билан қаралганда иккинчи деб номланади). Абу Абдуллоҳ (яъни, Бухорий) шундай дедилар: «Зарво – Мадинадаги бозордир» (Бухорий (870)).

Сўнг ушбу ишнинг оқилона сабаблари ҳам кўрсатиб ўтилдики, одамларга намоз вақти яқин қолганини огоҳлантиришдир. Шуни билмоқ лозимки, ушбу азон айтилиши билан олди-сотдининг ҳаром бўлиши ёки масжидга боришнинг вожиб эканига ўхшаш бирор ҳукм ўртага чиқмайди. Балки бу Усмон розияллоҳу анҳунинг фиқҳлариданки, у киши ушбу азонни масжидда эмас, бозорда айтиладиган қилдилар. Бунга ўхшаш ишлар уйлар узоқ жойлашгани боис одамларни намоз вақти яқинлашиб қолганидан огоҳ этишдан нарига ўтмайди. Шу сабабли ҳам Али розияллоҳу анҳу бунга ҳожат бўлмагани учун Кўфада ушбу ишга амал қилмаганлари ривоят қилинган.

«Жума кунининг биринчи ва иккинчи азони ўртасини ажратиб турадиган вақт, одамлар жума намозига тайёргарлик кўриб, йўлга тушишлари учун етарли бўлган вақт (бўлмоғи лозим). Дарҳақиқат, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида, Мадинада одамлар сони ортиб кетгач «Зарво» деб аталадиган жойда азон айтилишига буйруқ бердилар. Тоинки одамлар огоҳ бўлиб, олди-сотди ва дунёвий ишларини тўхтатиб, жума намози сари отлансинлар.

Иккинчи азон эса намоз вақти кирганини билдириш учун бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлганидек имом кириб, минбарга ўтирганда бўлади.

Икки азондан кўзланган мақсадни билиб олдик: биринчи азон одамларни огоҳлантириш ва жума намозига отланиш учун бўлиб, аввалроқ ва эртароқ айтилади. Одамлар жума намозига тайёргарлик кўриб, эртароқ йўлга тушишлари учун. Иккинчи азондан кўзланган мақсад эса вақт кирганини билдириш учундир. Ва бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бўлганидек хатиб ҳозир бўлиб, минбарга ўтирганда айтилади.

Биринчи азондан фойда ҳосил бўлиши учун икки азон ўртасида (муайян бир) вақт бўлиши лозимдир. Баъзи диёрларда амал қилинганидек аввалги азонни иккинчисига қўшиб юбориш ва натижада икки азон ўртасида оз вақт бўлиши, аввалги азоннинг фойдасини чиппакка чиқаради. Ва бу Усмон розияллоҳу анҳу ушбу ишга буюргандаги кўзлаган мақсадлари эмас. Бундан фойда йўқдир» («ал-Мунтақо мин фатава шайх Солиҳ ал-Фавзан» (2/101)).

«Учинчи азон зиёда бўлди», яъни, жума куни уч марта азон айтилади. Биринчи азон – Усмон розияллоҳу анҳу зиёда қилганлари. Иккинчи азон хутба вақтидагиси. Учинчи азон эса такбир тушуришдир. Чунки иқомат азон деб аталади. Абдуллоҳ ибн Муғаффал ал-Музаний (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳар икки азон ўртасида намоз бор» (Бухорий (624), Муслим (838)). Яъни, азон ва такбир ўртасида.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳга қуйидагича савол йўлланди: «Жума (намозининг) биринчи ва иккинчи азони ўртасидаги жорий қилинган вақт қанча?»

Жавоб: «Воқелик шундайки, биз Наждда биринчи азон билан иккинчи азон ўртасида таҳминан ярим соат ёки қирқ беш дақиқа фарқ тайин қиламиз. Макка ва Мадинада эса икки азон ўртасида бирор фарқ-орани ажратиб турадиган вақт тайин қилишмайди. Вақт кирса, (яъни) пешин вақти кирса муаззин биринчи деб аталадиган азонни айтади. Сўнг хатиб келгач иккинчи азонни айтади. Менга Нажд аҳлининг иши саҳиҳроқ бўлиб кўриняпти. Чунки ана шундагина фойда ҳосил бўлади. Одамлар аввалги азонга қулоқ тутишади-да, сўнг намозга тайёргарлик кўриб, жомеъ масжид сари отланадилар. Дарҳақиқат илм аҳли раҳимаҳумуллоҳ шундай дейишди: Кимда-ким жума куни иккинчи азонни эшитса, унга (азоннинг) эшитиши биланоқ (йўлга) отланиши лозим бўлади. Кимни уйи узоқ бўлса жумага хатиб билан етишиб олар даражада ҳаракат қилиши лозим бўлади. Демак, жумага пешин вақти киргандагина биринчи азонни айтадиганларга қараганда, бу ердаги (Нажддаги) одамларнинг ишлари мени наздимда тўғрироқдир. Бироқ бундан бизга (бу борада) хилоф қилганларни адашганлар деб айтишимиз келиб чиқмайди. Толиби илмларга айтиб қўйишим (лозим бўлган) муҳим нуқта шуки: Фуқаҳолар бирор суннат амалда ихтилофлашиб, баъзилари: бу суннат, бошқалари эса: бу суннат эмас, дейишса, бундан суннат эмас дейдиганлар бошқаларни бидъатчи деб айтишлари лозим дегани келиб чиқмайди. Уларни асло бидъатчи деб айтмайдилар. Чунки биз ушбу ишлар борасида бизга хилоф чиққанларни бидъатчи деб атасак, бундан ихтилофли масаларда барча фуқаҳолар бидъатчи эканлиги келиб чиқади. Чунки менга: сен бидъатчисан, деб айтадиган кимсага мен ҳам: сен ўзинг бидъатчисан, дейман. Натижада барча фақиҳлар ихтилофли масалаларда бидъат аҳлидан бўлиб қоладилар. Бу қовлни эса ҳали бирор киши айтмаган. Уламолар раҳимаҳумуллоҳ ақидага боғлиқ бўлмаган ва (динда) янги пайдо қилинмаган масалаларда ихтилофга боришса, албатта улар ҳужжатларни тушунишда ихтилофлашган бўладилар. Шунда биз: иш кенг-ихтилофга бориш ажабланарли эмас, деб айтамиз. (Бундай масалаларда) бир-биримизни бидъатчи дейишимиз мумкин эмас» («Лиқо аш-шаҳрий» (3/69)).

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

1 та мулоҳаза

  1. Фарход → 29.09.2012 йил

    Барак Аллоху фикум!

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.