Жума намозига ижобат қилиш фарз

Жума намозига ижобат қилиш фарз

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Аммо баъд…

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Жума намози ҳар бир вояга етган мусулмон учун Қуръон, Суннат ва уламоларнинг ижмосига кўра фарз ҳисобланади.

Қуръондан далил:

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, қачон Жума кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жума: 9).

Суннатдан далил:

Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума жамоатдаги ҳар бир мусулмон кишига фарздир, бундан фақат тўрт киши мустасно: бировнинг мулки бўлган қул, аёл киши, ёш бола ва бемор киши» (Абу Довуд 1067, Ҳоким 1/321. Имом Нававий, ҳофиз Ибн Ражаб, ҳофиз Ибн Касир ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «ал-Мажмуъ» 4/483, «Фатҳул Борий» 5/327, «Иршод ал-фақиҳ» 1/190, «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 3111).

Ижмога кўрсатма:

Имом Ибнул Мунзир, ҳофиз Абу Бакр ибн Арабий ва имом Ибн Қудома айтишди: «Жума намозини адо этиш фарз эканига ижмо қилинган» (Қаранг: «ал-Ижмоъ» 8, «Аъридатул аҳвазий» 1/483, «ал-Муғний» 2/295).

Бундан ташқари жума намозини бирор сабабсиз тарк қилишлик ниҳоятда хатарлидир! Абу Ҳурайра ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинишича, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ёғочдан ясалган минбарларида туриб мана бундай деганларини эшитишган экан: «Аллоҳга қасамки, ёки одамлар жума намозини тарк этишдан тўхтайдилар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбини муҳрлаб қўяди. Сўнг улар ғофиллардан бўлиб қоладилар» (Муслим 856).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки учта жума намозини сабабсиз тарк этса, мунофиқлар орасига ёзиб қўйилади!» (Табароний. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ат-тарғиб» 728).

Ота-онанинг қаршилиги ёки уларнинг таъқиқлашлари жума намозини тарк этишга узр ҳисобланмайди. Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ деди: «Жума ва жамоатни тарк этишга буюрса, ота-онага ҳам итоат қилинмайди» (Қаранг: «ат-Тарғиб» 1/143).

Шайх Ибн Боз раҳимуҳуллоҳ раислигидаги доимий фатво қўмитаси уламолари айтишди: «Жума намози ҳар бир мусулмон учун фарз. Уни иш, ўқиш ва шунга ўхшашлар сабабидан тарк қилиш мумкин эмас» (Қаранг: «Фатава ал-Лажна» 8/184).

Шайх Ибн Усаймин раҳимуҳуллоҳга савол берилди: «Мен Америкада ўқийдиган талабаман. Маълумки жума куни бизда ўқиш. Бу кунда дарслар ва шаҳарнинг кичик масжидида соат 13:30 да ўқиладиган жума намози бир вақтга тўғри келиб қолади. Менда ушбу вақтда ҳам намозни ва ҳам ўқишни бирга олиб боришнинг имконияти йўқ. Айниқса ўша (жума намозига тўғри келадиган) дарсларнинг ўрнини босувчиси йўқ ва бу менинг мутахасислигимнинг асосий фани. Мен бир куни домламдан жума намозига жавоб сўрадим, бироқ у айтдики: «Мен сенга бошқа жавоб бермайман. Чунки бу сени ўқишинг даражасига ёмон таъсир қилади». Мен нима қилай? Аллоҳ сизга ёрдам берсин, менга маслаҳат беринг!»

Шайх раҳимуҳуллоҳ жаоб берди: «Менинг фикримча, агар инсон жума намози азонини эшитса, Аллоҳнинг ушбу қавлидан келиб чиқиб, унга бориши шарт бўлади: «Эй мўминлар, қачон Жума кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жума: 9). Агар Аллоҳ инсон жуда қаттиқ муҳтож бўлиши мумкин бўлган тижоратни тарк этишга буюрган бўлса, унда ўқишни ҳам тарк этиб, жума намозига бориш керак бўлади. Бироқ агар масжид ундан узоқда бўлса, агар бу (жума намозига бориш) қийинчилик туғдираётган бўлса, унинг намозга бориши шарт эмас» (Қаранг: «Фатава Ибн Усаймин» 16/51-52).

Шайх Ибн Усаймин раҳимуҳуллоҳ гапираётган нарса кўпгина имомларнинг, хусусан шофеийларнинг фикри бўлган. Уларнинг айтишича, жума намози, ҳудди беш вақт масжидда ўқиладиган жамоат намози каби, унинг адо этиш жойига яқин бўлганлар ва азонни эшитадиганлар учунгина фарз бўлади. Ушбу қавл тарафдорлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга суянишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума намози азонни эшитган барча учун фарздир» (Абу Довуд 1056, Байҳақий 3/173).

Бироқ уламолар ушбу ҳадис борасида ихтилоф қилишди. Чунки аксар уламоларнинг айтишича ушбу сўзлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли эмас, балки саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга тегишли.

Шайх Албоний раҳимуҳуллоҳ ҳам бу Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг сўзлари экани саҳиҳ деб айтган. Бироқ ушбу ҳадисни қувватловчи бошқа баъзи ривоятларнинг мавжудлиги сабабидан, у киши ҳадисни ҳасан деди (Қаранг: «Ирво ал-ғалил» № 593, «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 3112).

Мана шу ҳадисга далил сифатида шофеий уламолари суянишган. Имом Широзий раҳматуллоҳи алайҳ деди: «Жума намози ўқиладиган шаҳар ёки қишлоқнинг азон эшитилмайдиган жойида яшовчи учун жума намозини адо этиш фарз бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган (ҳадис) бунга далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума намози азонни эшитган барча учун фарздир». Қачонки муаззин шаҳарнинг чеккасида туриб, овозлар паст ва шамол сокин бўлганида азон айтса, шундаги азоннинг эшитилиши ҳисобга олинади. Кимки уни эшитса, унга жума намозида ҳозир бўлиши фарз бўлади. Кимки эшитмаса, йўқ (фарз бўлмайди)» (Қаранг: «ал-Муҳаззаб» 1/205).

Азон эшитилганида жума намозини адо этишлик фарз бўлиши ҳақидаги қавл бошқа ҳадислар билан ҳам қувватланади. Уларда жума намозини сабабсиз қолдириш учун бўлган ваъидлар азонни эшитиш ва унга ижобат қилишга боғланган.

Абдуллоҳ ибн Аби Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки жума намози азонини эшитса, аммо унга уч бора жавоб бермаса, ўшанинг қалби муҳрланиб қўйилади ва у мунофиқнинг қалбига айланиб қолади» (Табароний «ал-Кабир»да. Ҳофиз Ироқий ва ҳофиз Ибн ал-Мулаққийн ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «ал-Бадр ал-мунир» 4/588, «Найлул автор» 6/221).

Яҳё ибн Асъад ибн Зурорий ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки жума намози азонини эшитса, аммо унга уч бора жавоб бермаса, мунофиқлардан бири деб ёзиб қўйилади» (Абу Яъло 7167. Ҳофиз Бусайрий ва ҳофиз Ибн Ражаб ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «Фатҳул Борий» 5/458).

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума куни азонни эшитадиган ва намозга бормайдиган одамлар ёки (бу ишни) бас қиладилар, ёки Аллоҳ қалбларини муҳрлаб қўяди. Шундан сўнг улар шубҳасиз ғофиллардан бўлиб қоладилар» (Табароний «ал-Кабир»да. Ҳофиз Мунзирий, ҳофиз Ҳайсамий ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «Мажмаъуз заваид» 2/194, «Саҳиҳ ат-тарғиб» 730).

Шундай қилиб, агар мусулмон вояга етган бўлса ва жума намози ўқиладиган жойга яқин жойда ишласа ёки ўқиса, ўша масжид муаззинининг микрофонсиз айтган азони товушини эшитса, бундай ҳолатда унга жума намозига бориш фарз бўлади.

Агарда у ҳали вояга етмаган бўлса ёки жума намози ўқиладиган масжиддан йироқда бўлса, агар у ишда ёки ўқишда бўлса, унга жума намозига бориш фарз бўлмайди.

Бироқ ҳатто агар у ўз шаҳридаги жума намози ўқиладиган масжиддан йироқда бўлса ҳам, лекин бормаслик учун унда бирор узрли сабаб бўлмаса, шубҳасиз жума намозига бориши керак бўлади. Чунки саҳобалар шаҳарнинг турли чеккаларидан жума намози учун келишган. Шу билан у ўзини ихтилофдан омонда сақлаган бўлади.

Бундан ташқари, қўшимча сифатида айтамизки, жума намози – улуғ ажрга эга бўлишга имноят берувчи ўта енгил ва ажойиб амалдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким жума куни ғусл қилса, сўнг хутбага улгуриш учун эртароқ жума намозига йўл олса ва маркабда эмас балки пиёда кетса, имомга яқин келиб, чалғимай хутбани диққат билан тингласа, унинг ҳар бир қадамига тунги нафл намозлар ўқиган ва йил давомида рўза тутганнинг савоби ёзилади» (Аҳмад 4/8, Термизий 496, Абу Довуд 1/476. Имом Абу Исо Термизий, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, имом Байҳақий, шайх Албоний, Абдулқодир Арнаут ва Шуъайб Арнаут ҳадисни саҳиҳ деди).

Шайх Муборакфурий раҳимаҳуллоҳ деди: «Баъзи имомлар айтишдики: «Биз шариатда бу каби савобни ўз ичига олган саҳиҳ ҳадисни эшитмадик»» (Қаранг: «Туҳфатул аҳвазий» 3/15).

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ пағамбаримиз Муҳаммадга, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин!

Манба: Тавҳид форуми

2 thoughts on “Жума намозига ижобат қилиш фарз

  1. Жумъа намози яроқли бўлиши учун ундан олдин икки хутба қилиниши шарт қилинади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим шундай қилганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик турган ҳолда иккита хутба қилардилар, хутбалар орасини бир ўтириш билан бўлардилар» (Бухорий (928) ва Муслим (861) ривоятлари).
    Хутбаларнинг яроқли бўлиши шартлари жумласига Аллоҳга ҳамду сано айтиш, икки шаҳодат калимасини айтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш, Аллоҳдан тақво қилишга буюриш, панд-насиҳат қилиш, Қуръондан бир оят бўлса ҳам ўқиш киради. Афсуски, замонамиздаги баъзи хатибларнинг хутбалари ушбу шартлардан ёки уларнинг аксариятидан холи бўлади.
    Имом Ибнул Қаййим айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбалари ва у зот асҳобларининг хутбалари ҳақида фикр юритган киши уларни ҳидоят ва тавҳид баёнини, Парвардигор жалла жалолуҳунинг сифатлари ва иймоннинг асослари зикрини, Аллоҳга бўлган даъватни, Аллоҳни бандаларига суюмли қиладиган неъматлари ва азобидан қўрқитадиган бало-қазолари эслашни, Унинг зикри ва шукрига буюришни ўз ичига олганини топади. Улар Аллоҳнинг буюклиги ва исм-сифатлари зикри билан бандалар қалбида У зотга бўлган муҳаббатни шакллантиришар, Унинг тоати, зикри ва шукрига буюриш билан уларни Аллоҳга суюмли кишилар қилиб тарбиялашар, ушбу хутбаларни тинглаган кишилар Аллоҳга муҳаббат қўйган ва Унга суюмли бўлган ҳолда қайтар эдилар.
    Замонлар ўтиб, нубувват нури сўниб борди, шариатлар ва амру фармонлар моҳият ва асл мақсадлари унутилган қуруқ расм-русумларга айланди. Русум ва шаклларни тил теккизиш мумкин бўлмайдиган суннатлар (йўл, қонун) қилиб олдилар, аслида бузиш номуносиб бўлган моҳият ва мақсадларга эса путур етказдилар. Хутбаларни қофияли қилиб, балоғату фасоҳатли сўзларни маржон шодаларидек тердилар. Ушбу хутбалардан қалбларнинг насибаси камайди, балки буткул йўқолиб ҳам кетди ва улардан кўзда тутилган мақсад йўққа чиқди» (Зодул-маъод: 1/409).
    Ибнул Қаййимнинг бу сўзлари ўз асридаги хутбалар табиати ҳақида эди. Ҳозирга келиб, иш у айтганидан кўра ҳам ўзгариб, бугунги кунда аксарият хутбалар фойдаси кам гаплар йиғиндисига айланиб қолди.
    Баъзи хатиблар – кўпчилиги десак ҳам бўлади – хутбани мактабда ёзиладиган иншо сифат қилиб ёзиб оладилар ва мавзуга алоқаси бор-у йўқ гапларни шариллатиб ташлайдилар, хутбани малол келадиган даражада чўзиб юборадилар, айримлари ҳатто хутбанинг шартларига аҳамият ҳам бермайдилар, унинг шаръий қонун-қоидаларига риоя қилмайдилар, натижада хутбанинг савиясини ундан кўзда тутилган мақсад амалга ошмайдиган, яъни ҳеч ким ундан таъсирланмайдиган ва фойда олмайдиган даражага тушириб юборадилар.
    Баъзи хатиблар умуман хутба мавзусига тааллуқли бўлмаган мавзуларга ўтиб кетиб қоладилар, баъзан уларнинг гаплари тингловчилар савиясидан юқори бўлгани учун кўпчилик уни тушунмай ҳам қоладилар, баъзан гаплари орасига тингловчиларга фойдаси бўлмаган матбуотдаги мавзулар, сиёсий шарҳлар ва дунёда юз бераётган можароларни киритиб юборадилар.
    Муҳтарам хатиблар! Хутбани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутба қилишдаги йўлларига қайтаринг! Аллоҳ таоло: «Сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал ибрат бордир», деган (Аҳзоб: 21). Хутбаларнинг мавзуларини ҳолатга муносиб бўлган оят ва ҳадислар асосига қуринг, улар Аллоҳнинг тақвосига буюриш ва гўзал панд-насиҳатларни ўз ичига олган бўлишига эътибор беринг, улар воситасида жамиятлардаги иллатларни очиқ-ойдин ва мухтасар услублар билан муолажа қилинг, уларда қалбларнинг ҳаёти ва кўзларнинг нури бўлган Қуръони карим оятларидан кўпроқ тиловат қилинг.
    Мақсад – иккита хутбанинг қилиниб қолишигина эмас, балки мақсад – уларнинг жамиятга таъсиридир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганидек: «Хутбада дунёни айблаш ва ўлимни зикр қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, чунки хутба деган ўз номига яраша бўлиши, яъни қалбларни ҳаракатга келтириши ва уларни яхшиликка ундаши лозим. Дунёни қоралаш ва ундан огоҳлантиришни шариатни инкор қилувчи кимсалар ҳам қилишади. Хутба тоатга ундаши, маъсиятдан қайтариши, Аллоҳга даъват ва Унинг неъматларини эслатиш бўлмоғи лозим» (Ал-фатавал-кубро: 5/354).
    Яна айтади: «Хутба мақсад ҳосил бўлмайдиган даражада ўта қисқа ҳам бўлмаслиги лозим» (Юқоридаги манба).
    «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилганларида кўзлари қизариб, овозлари кўтарилиб, ғазаблари кучаяр, ҳатто душман бостириб келиб қолганидан лашкарни огоҳлантираётган кишидек таассурот қолдирардилар» (Иқтизоус-сиротил-мустақийм: 267-бет).
    Фуқаҳолар – раҳимаҳумуллоҳ – айтишларича, жумъа хутбаларини минбарда туриб қилиш суннатдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар, қолаверса, бундай қилинганда ҳозир бўлган кишилар хутбани хатиб билан юзма-юз ўтириб тинглашларига ва унинг таъсири кучлироқ чиқишига сабаб бўлади.
    Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Минбарда хутба қилиш ижмоъ қилинган суннатдир» (Ал-мажмуъ: 4/398).
    Хатиб минбарга кўтарилгач, намозхонларга юзланиб, уларга салом бериши суннатдир. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилгач, салом берардилар» (Ибн Можа (1109) ривояти).
    Шундан сўнг то муаззин азондан фориғ бўлгунича минбарда ўтириш суннатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилгач, то муаззин фориғ бўлгунича ўтарардилар, сўнг туриб, хутба қилардилар» (Абу Довуд (1092) ривояти).
    Икки хутба ўртасида ўтириш ҳам жумъа хутбаларига доир суннатлардан. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоя қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккала хутбани тик турган ҳолда қилардилар ва улар ўртасини бир ўтириш билан бўлардилар» (Муттафақун алайҳ).
    Хатиб тик туриб хутба қилиши ҳам хутбанинг суннатларидан. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар, Аллоҳ таоло ҳам: «… сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» (Жумъа: 11), деди.
    Хатиб асо ёки шунга ўхшаш нарсага суяниб туриши ҳам суннатдир.
    Хатиб рўпарасига қараб туриши ҳам суннат, чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай қилардилар. Қолаверса, бир томонига ўгирилиб олиш иккинчи томондагилардан юз ўгириш бўлиб қолади ва бу суннатга хилофдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбаларида олд тарафларига қараб турардилар. Ҳозир бўлганлар у зот билан юзма-юз ўтирардилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилганларидан кейин биз у зотга юзланиб олардик» (Термизий (509) ривояти).
    Хутбани малоллантирмайдиган ва одамларни зериктириб қўймайдиган узун, фойда ҳосил бўлмайдиган даражада ўта қисқа қилмасдан, ўртача қилиш суннатдир. Аммор розияллоҳу анҳу ривоят қилган марфуъ ҳадис борки: «Кишининг намозининг узун бўлиши ва хутбасининг қисқа бўлиши унинг фақиҳлигидан дарак беради. Шундай экан, намозни узайтирингиз ва хутбани қисқартирингиз» (Муслим (869) ривояти).
    Хутбани баланд овозда қилиш ҳам суннат. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилсалар овозларини кўтарардилар ва ғазаблари кучаярди. Чунки, бундай қилинганда хутбанинг таъсири кучлироқ ва ваъз-насиҳат етукроқ бўлади. Шунингдек, хутбада аниқ-тиниқ, кучли, таъсирчан иборалар қўллаш суннатдир.
    Хатиб мусулмонлар ҳаққига уларнинг дину дунёларида салоҳият сўраб дуо қилиши, мусулмонларнинг раҳбарларига салоҳият ва тавфиқ сўраб дуо қилиши ҳам суннатдир. Хутбада бошлиқлар ҳақларига дуо қилиш мусулмонларда маъруф бўлган ишлардан, улар шунга амал қилиб келганлар. Зеро, мусулмонларнинг бошлиқларига тавфиқ ва салоҳият сўраб дуо қилиш аҳли сунна вал-жамоа манҳажи, уни тарк қилиш эса бидъат аҳллари манҳажидир. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар бизнинг фақат биргина ижобат қилинажак дуойимиз бўлса, ўшани ҳам султон ҳаққига қилган бўлардик» (мажмуъул-фатава: 28/391). Чунки, бошлиқлар солиҳ бўлиши билан мусулмонларнинг солиҳликлари юзага келади.
    Мазкур суннат тарк қилиниб, ҳатто айрим кишилар бошлиқлар ҳаққига дуо қилинишини ажабланарли санайдиган ва ҳатто бундай қилувчилар ҳақида ёмон гумонга борадиган бўлиб қолинди.
    Хатиб икки хутбадан фориғ бўлиши билан намозга иқомат айтилиш ва узоқ бўшлиқ қолдирилмасдан тезгина намозни бошлаш суннатдир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan