PDF WORD

Ҳайит намозини ўтказиб юборган одам нима қилади?

Ҳайит намозини ўтказиб юборган одам нима қилади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ Таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Бирор сабаб билан ҳайит намозини тарк этган одам, ушбу намоз қазосини ўтаб қўйиши жоиз ва мустаҳабми, ёки умуман адо этиши керак эмасми деган масалада уламолар ихтилоф қилишди. Жумҳур имомлар ушбу намоз қазосини ўтаб қўйиш шарт эмас, бироқ ўташи жоиз ва мустаҳаб дедилар.

Ушбу намоз қазосини ўтаб қўйиш макруҳ деб ҳисоблаганлар орасида имом Музаний, шайхулислом Ибн Таймия ва бошқалар бор. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу борада бирор нарса келмаганини эътироф этишади.

Бироқ жумҳур уламолар саҳоба ва салафларнинг амалларига таянишди. Улар икки ҳайит (Ийдайн) намозини ўтказиб юборишса, қазосини ўтаб қўйишар эди.

Убайдуллоҳ ибн Аби Бакр ибн Анас ривоят қилади: «Анас ҳайит намозини ўтказиб юборганида, озод қилган қули Ибн Абу Утайбага намоз учун жой ҳозирлашини буюрди. Сўнг оила аъзоларини тўплади ва улар билан бирга ҳайит намозини ўқиди. У бу намозни худди шаҳар аҳли ўқигандек, такбирлари билан ўқиди» (Бухорий 1/241).

Бу иш машҳур бўлган ва салафлар орасида кенг тарқалган эди:

Муҳаммад ибн Сирин деди: «Улар (салафлар) агар инсон икки ҳайит намозини ўтказиб юборса, бўш (чўлга ўхшаган) жойга бориш ва ушбу намозни имом адо этганидек адо этишни мустаҳаб санаганлар» (Байҳақий 3/305).

Икрима деди: «(Ийд намозини ўтказиб юборган) қишлоқ аҳли бирга тўпланишади ва имом ўқиганидек намозни адо этишади» (Байҳақий 3/305).

Яъни, намозни ўтказиб юборганлар худди имом ўқиганидек ўқишади: икки ракаат, қироатни жаҳрий қилиб, қўшимча такбирлари билан.

Бироқ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дегани ривоят қилинади: «Ҳайит намозини имоми билан ўқишни ўтказиб юборган одам тўрт ракаат қилиб ўқисин» (Ибн Аби Шайба 2/19. Ҳофиз Ибн Ражаб ва ҳофиз Ибн Ҳажар саҳиҳ деди).

Ҳофиз Ибн Ражаб деди: «Ривоят қилинишича, Аҳмад Ибн Масъуд ва Анаснинг фикрни жамлади ва дедики, агар Ийд намозини кўпчилик бўлиб ўтказиб юборганлар ўқиётган бўлса, улар Анас ўқиганидек, имом каби икки ракаат ўқишади. Агар Ийд намозини ўтказиб юборган бир ўзи ўқиётган бўлса, Ибн Масъуд айтганидек, тўрт ракаат қилиб ўқийди» («Фатҳул-Борий» 9/78).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келган ривоят саҳиҳ бўлишига қарамай, унинг санадида узлиш бор. Чунки ушбу асарни Ибн Масъуддан ривоят қилган Шаъбий уни учратмаган. Бу ҳақида имом Дорақутний, Ҳоким ва бошқалар айтишган. Шунинг учун ҳам шайх Албоний ушбу асарни узилган деди (Қаранг: «Ирваул-ғалиль» 3/121).

Шу сабабдан бу борадаги тўғрироқ қавл шуки, ўтказиб юборилган ҳайит намози қазосини, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом машруъ қилганидек ва Анас ўқиганидек, икки ракаат қилиб ўқилади.

Имом Шофеъий деди: «Биз айтамизки: агар бирор ким Ийд намози қазосини ўтамоқчи бўлса, уни имом қандай ўқиган бўлса шундай ўқисин. Биринчи ракаатда, Қуръон қироат қилишидан аввал, еттита такбир, иккинчисида эса бешта такбир айтади» («Маърифату-Ссунан вал-асар» 5/103).

Имом Ибн Қудома деди: «Кимки Ийд намози қазосини ўтамоқчи бўлса, уни хоҳлаганича ўқийди, хоҳласа бир ўзи, хоҳласа жамоат билан. Имом Аҳмаддан сўрашди: «Намозни (Ийд қазосини) қаерда ўқисин?» У жавоб берди: «Қаерда хоҳласа ўша ерда. Хоҳласа ҳайит намози ўқиладиган жойда, ёки (бошқа ўзи) хоҳлаган жойида»» («ал-Муғний» 2/290).

Яъни, инсон ўтказиб юборган ҳайит намозини хоҳлаган жойида ўқиши мумкин.

Шайх Абдулазиз ибн Боз раислигидаги «Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси» уламолари дедилар: «Кимки ҳайит намозини ўтказиб юборган бўлса ва қазосини ўтамоқчи бўлса, уни аввалдан қандай ўқилган бўлса, шундай ўқийди. Аммо ундан сўнг хутба ўқимайди. Бу ҳақида имом Молик, Шофеъий, Аҳмад, Наҳаий ва бошқа уламолар айтишди. Бу масаладаги асос қуйидаги ҳадисдир: «Қачон намозга келсанглар, хотиржам юриб келинглар. Етган жойингиздан ўқийверинглар, қолиб кетганини кейин тўлдириб қўйинглар» (Муслим). Шунингдек, Анас розияллоҳу анҳудан келган ривоят, қачонки у ҳайит намозини ўтказиб юборганида, у ўзининг озод қилган қули Ибн Абу Утайбага намоз ўқиш учун жой ҳозирлашини амр қилди. Сўнг оила аъзоларини тўплади ва улар билан бирга ҳайит намозини шаҳар аҳли ўқиганидек, такбир билан ўқиди. Агар кимдир ҳайит намозига имом хутба қилаётганида келса (Ийд намози тугаганида), хутбани тингласин, кейин эса, икки (хутба ва Ийд намози) яхшилигини жамлаш учун, Ийд намози қазосини ўтаб қўйсин» (Қаранг: «Фатава ал-Лажна» 8/306).

Шайх Абдулазиз Рожиҳийдан сўрашди: «Агар мен Ийд намозини ўтказиб юборган бўлсам ва биродарларим билан жамоат бўлиб ўқисам, (қироатни) жаҳрий ўқийманми?»

Шайх жавоб берди: «Ушбу намозни, ўқилиши керак бўлганидек (яъни одатда ҳамма ўқиганидек) жаҳрий ўқинг» (Қаранг: «Фатава ал-мутанаввий» № 22).

Шундай қилиб, кимки Ийд намозини ўтказиб юборса, хоҳласа унинг қазосини адо этиб қўйиши мумкин. Бироқ унга бу нарса вожиб эмас. У бу намозни бир ўзи ёки ўзи каби ўтказиб юборганлар билан жамоат бўлиб ўқиши мумкин. Уни икки ракаат ўқийди, қироатни жаҳрий қилади ва қўшимча такбирларни айтади. Шунингдек, Ийд намозининг қазосини намозхон истаган жойида адо этиши мумкин.

Валлоҳу аълам.

1 та мулоҳаза

  1. mr.muvahhid → 31.08.2011 йил

    Jazakallohu xoyron, qidirgan edim shu mavzuni, ko’nglimni xotirjam qildiz

Фикр билдиринг