PDF WORD

Икки кишидан иборат жамоат намозидаги саф ҳақида

Икки кишидан иборат жамоат намозидаги саф ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Икки киши бирга намоз ўқиганида маъмум имомнинг ўнг тарафида туриши керак. Бунга Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадиси далил бўлади: «Мен болалик вақтимда бир кеча ҳолам Маймуна розияллоҳу анҳо ҳузурларида ётиб қолдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозни ўқиш учун турдилар. Мен чап тарафларида туриб, иқтидо қилдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоғимдан ушлаб, мени ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар» (Бухорий 1981 (6316)).

Ушбу ҳадисдан келиб чиқиб, имом намозда чап тарафга туриши, маъмум эса ўнг тарафга туриши керак бўлади.

Маъмум ёлғиз бўлса имомнинг ёнида туриши керак.

Баҳовуддин Мақдисий «Умда»нинг шарҳида айтадилар: «Бир кишининг саф ортида ёлғиз туриши тўғри эмас. Бу Абу Довуд Восиб ибн Маъбаддан қилган ривоятига мувофиқдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафнинг ортида ёлғиз эркак намоз ўқиётганини кўрдилар ва унга намозни қайта ўқишни буюрдилар». Аҳмад ҳадисни ҳасан деди» (Қаранг: «аль-Удда фи шарҳил умда», масаили 293-294).

Буҳутий ўзининг «ар-Рауд ал-мурбий» (136-бет) асарида айтади: «Имомнинг орқасида ёки сафнинг орқасида ёлғиз бўлиб ўқилган намоз тўғри бўлмайди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига мувофиқдир: «Саф ортида бир киши учун (жамоат) намоз йўқдир»» (Аҳмад 4/23, саҳиҳ ҳадис).

Маръий ибн Юсуф ушбу масалани қуйидагича изоҳлайди: «Ёлғиз эркак (маъмум) у (имом)нинг ўнг тарафига жойлашади ва у билан ёнма-ён туради. Унинг ортида ва чап тарафида туриши тўғри бўлмайди» (Далил ат-Толиб 1/46).

Демак, жамоат намозини тўғри адо этиш учун ёлғиз маъмум имомнинг ўнг тарафида ва ёнида туриши керак бўлади.

Кўпчилдикда «Ёнида қандай турилади? Ёнида бир сафдами ёки бир оз орқароқдами?» деган савол туғилиши мумкин. Бундай ҳолатда имом ва ёлғиз маъмум баробар бўлиб, бир сафда туришлари керак бўлади. Далил сифатида баъзи асар ва уламоларнинг қавлларини келтирамиз.

Ибн Аббоснинг ҳадисини шарҳлаб имом Бухорий айтади: «У (маъмум) имомнинг ўнг тарафида, у билан баробар бўлиб туради, агар улар икки киши бўлсалар». Сўнг баробар (سواء) сўзининг маъносини изоҳлаб туриб айтадилар: «Ундан ўзиб кетмайди ва ундан чекинмайди» (Фатҳул Борий 2/190).

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни ўзларининг фатволарида қуйидагича шарҳлайдилар: «Бу ҳолатда (икки кишилик жамоат намозида) маъмумнинг имом билан баравар туриши суннатдир. Ундан ўзиб ҳам кетмайди ва чекинмайди ҳам».

Сўнг у киши буни қуйидаги далил билан изоҳладилар: «Чунки у (маъмум) имом билан турганида, улар ягона сафда турдилар. Сафга оид қоида эса – бир кишининг иккинчисидан қандайдир чекинишисиз текислашликдир. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари далил бўлади: «Эй Аллоҳнинг бандалари, ё сафларингизни баробар қиласиз ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўяди» (Бухорий (717), Муслим (436) Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар)».

Кейин шайх раҳимаҳуллоҳ адолат билан танбеҳ бериб ўтадилар: «Зикр қилиб ўтилган уламоларга келсак (саволда улар ҳақида гапирилган) улар ушбу ҳолатда имом маъмумдан бир оз олдинроқда туради деб ҳисобладилар. Аммо суннатдан бунга далил йўқ. Аксинча, суннат бунинг аксига далолат қилади».

Фатво манбаси: http://www.ibnothaimeen.com/all/noor/article_2529.shtml

Шунингдек ушбу ҳадисни Ибн Дуваян қуйидагича шарҳлайдилар: «Ёлғиз эркак (маъмум) имомнинг ўнг тарафига ва баравар бўлиб туради. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббосни ўгириб қўйганларига мувофиқдир» (Манар ас-сабил 1/128).

Ибн Жарир келтирган мана бу асар ушбу масалани батафсил баён қилиб беради:

Абдурраззоқ ибн Жариждан ривоят қилади:

Мен Атодан сўрадим: «Эркак бошқа эркак билан намоз ўқиябти. Унга нисбатан қаерда туриши керак?»

У жавоб берди: «Ўнг тарафида».

Кейин мен сўрадим: «У улар бир сафни ташкил қилмагунларича ва бири иккинчисини ортида қолдирмайдиган ҳолатда бўлмагунича текислашнишлари керакми?»

У жавоб берди: «Ҳа».

Кейин мен сўрадим: «Ораларида жой қолмагунича текисланишлари мустаҳаб бўладими?»

У жавоб берди: «Ҳа» (Фатҳул Борий 2/191).

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.