PDF WORD

Умматнинг (бугунги аянчли) воқелиги

Умматнинг (бугунги аянчли) воқелиги

Аллома, Шом диёрининг муҳаддиси

Муҳаммад Носируддин Албоний

роҳимаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳга мусулмонларнинг (бугунги аянчли) воқелиги борасида, мусулмон киши уммат рўбарўсида нима қилмоқлиги вожиб бўлади, дея савол берилди.

Жавоб: Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.

Жавобга ўтадиган бўлсак, мусулмонларнинг бугунги ҳолати аввалги исломий даъват давридаги ҳолатдан озида ҳам, кўпида ҳам фарқ қилмайди. Бу билан Макка даврини назарда тутяпман. Бугунги кундаги исломий даъват эгаллаб турган вазият, даъватнинг аввалги босқичидаги шарт-шароитдан умуман фарқ қилмайди, деб айтмоқчиман. У ҳам бўлса Макка давридир. Барчага маълумки ўша куни даъват тепасида турган киши, у пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламдир. Бу гапим билан айтмоқчи бўлганим шуки, мана Қуръони Каримда келганидек, ўша куни ҳам даъват Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ораларидан пайғамбар қилиб жўнатилган қавм томонидан исканжага олинганди. Сўнг даъват доираси кенгайиб, ён атрофдаги араб қабилаларига ҳам тарқалгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилишга амр этдилар. Албатта биз ҳозир бутун сийратни ёдга олмоқчи эмасмиз, чунки Ислом тарихи ва пайғамбар сийрати бу ерда ҳозир бўлганларнинг кўпчилигига маълум. Бироқ мен гапимни қисқа-мухтасар қилиш билан саволга жавоб бериб, мақсадга кўча қолай дегандим.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам саҳобалари билан Мадинага ҳижрат қилгач, Мадинаи мунавварада исломий давлат қуриш йўлидаги илк уруғларни қададилар. Ушбу янги бошланган даъватни янги душмани ҳам майдонга чиқди, яъники, Мадинада. Чунки даъват Рум давлатининг шоҳи Ҳирақл бўлмиш насронийлар ўлкасига, ҳозирги кундаги Сурияга, яқинлашиб бораётганди. Натижада улар ҳам ушбу янги даъватнинг ёғийларига айланишди. Демак душман фақат араб жазирасидаги араблар эмасди. Балки араб жазирасининг шимолидаги, яъни Суриядаги, насронийлар ҳам эди. Сўнг яна бошқа бир душман майдонга чиқди, у ҳам бўлса Форсдир. Демак исломий даъват барча жиҳатдан, араб жазирасидаги мушриклар, насронийлар, ичкаридаги баъзи яҳудийлар, сўнг Форс томонидан исканжага олинганди. Форс билан насронийлар ўртасидаги қаттиқ адоват Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлидан барчага маълумдир:

«Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар» (Рум: 1-3).

Оятдан оладиган хулосамиз: Биз исломий даъватнинг ҳозирги барча жиҳатдан сиқувга олинган (аянчли) ҳолатидан асло ҳайратга тушмаймиз. Чунки исломий даъват аввалги қадамларини ташлаган кезлари ҳам ҳудди шундай барча томондан сиқув-исканжага олинганди. Энди ана шу ерда бир савол туғилади.

Хоп, унда нима қилиш керак?

Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам ўша куни оз сонли саҳобалари билан нима қилдилар? Ҳолбуки мусулмонларнинг бугунги кундаги адади катта сонни ташкил қилади.

Жавоб эса ўз-ўзидан маълумки: Мусулмонлар даъватнинг аввалги босқичида ўзларига қарши бўлган қавмлари бўлмиш арабларга қарши жангга киришишдими? Мусулмонлар ишнинг бошида насронийларга қарши курашишдими? Ишнинг биринчи босқичида Форсга қарши жанг қилишдими?

Жавоб: Ушбу саволларнинг барчасига йўқ, йўқ, йўқ деб жавоб берамиз.

Хоп, унда мусулмонлар нима қилишди?

Бизга ҳозирги кунда айнан аввалги мусулмонлар қилишган ишни қилишимиз вожиб бўлади. Чунки биз тотаётган оғриқни улар ҳам тотиб кўришган. Биз ўз мусибатимизни, ўша зотлар ўз мусибатларини муолажа қилган услуб билан муолажа қилишимиз вожиб бўлади. Ушбу сўзим билан саволга нима деб жавоб бермоқчи бўлганимни ҳозир бўлганларнинг барчалари англаб етишди деб ўйлайман.

Энди саволга очиқроқ қилиб жавоб берсам: Ушбу тарихий ва бир вақтнинг ўзида ҳам мантиқий бўлган воқеалар силсиласидан маълум бўладики, Аллоҳ азза ва жалла кофир ва мушрикларга нисбатан жуда оз сондаги ўша аввалги мўминларга иймонлари сабабли нусрат берди.

Демак даъватни қамраб олган ушбу қаттиқ душманликни арита олган ўша муолажа ва даво, мусулмонлар бугунги кунда қабул қилишлари лозим бўлган даво ва муолажанинг айни ўзидирки, ўша аввалги муолажа ўзининг самарасини берганидек ушбу муолажа ҳам ўз самарасини берсин. Иш эса масалда келганидек, тарих чарҳпалаги қайта-қайта айланаверади. Балки ушбу масалдан ҳам айтишимиз мумкин бўлган яхши сўз шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг ажойиб бир интизом ва тартибда яратган ушбу борлиқ ва бандаларида асло ўзгармас қонун-қоидалари бордир.

«Бас, сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг алмашганини кўрмассиз» (Фотир: 43).

Мусулмон киши ушбу ўзгармас қонун-қоидалар борасида чуқур ўйлаб кўриши ва уларга ҳаққирост риоя қилиши лозим бўлади. Хоссатан унинг ичидаги шаръий қоидаларига.

Демак бу ўринда шаръий ва кавний ўзгармас қоидалар бор экан. Бугунги кун тили билан айтганда табиий қоидалар. Ушбу ўзгармас кавний, табиий қоидаларни билишда мусулмон ва кофир, солиҳ ва фосиқ кимса баб-баробардир. Яъни, инсоннинг моддий ҳаётини таъминлаб турадиган нарса, нима у? Таом, шароб, тоза ҳаво ва ҳаказо. Демак инсон емаса, ичмаса, тоза ҳаводан нафас олмаса, у ўз жонини моддий жиҳатдан ўлишдек бир таҳлика остига қўйган бўлади. Демак инсон ушбу ўзгармас кавний қонун-қоидалар доирасидан чиқса яшай оладими?

Жавоб эса: Йўқ.

«Аллоҳнинг йўли-қонуни бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз» (Фатҳ: 23).

Ушбу ҳозиргина айтиб ўтганларимни ҳар бир инсон тажриба йўлига кўра жуда яхши билади. Бунда мусулмон билан кофирнинг, солиҳ билан фосиқнинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Бироқ бизга аҳамиятли бўлгани, бу шаръий ўзгармас қонун-қоидаларни билишимизки, уларни яхши билиб олишимиз вожиб бўлади. Ким ушбу ўзгармас қонун-қоидаларга риоя қилса, мақсадига эришиб, тезда самарасини кўради. Энди кимки ушбу мақсадга элтувчи ўгармас қонун-қоидаларга риоя қилмаса, ҳаргиз ўз ғоясига ета олмайди.

Кавний ўзгармас қонун-қоидалар ҳақида айтиб ўтганимиздек, инсон уларни қабул қилиб, татбиқ қилса, ўз мақсадига етади. Шаръий ўзгармас қонун-қоидалар ҳам ҳудди шундай. Мусулмон киши уларга риоя қилса, Аллоҳ таоло ниҳоий мақсадга етиш учун ўрнатган ушбу қоидалар сабабли албатта ғоя ҳаққирост рўёбга чиққай. Акс ҳолда эса натижа ҳам чиппакка чиқади. Ушбу жумлалар тушунарли бўлди деб ўйлайман. Бироқ бироз аниқлик киритишга эҳтиёж тушади, гаплашмоқчи бўлган масаламизнинг моҳияти ҳам шундадир, ана шу ўринда юқоридаги муҳим бир саволга жавоб топган бўламиз.

Барчамиз Аллоҳ азза ва жалланинг оятларидан бўлган ушбу оятни тиловат қиламиз. Балки ушбу оят баъзи йиғинларга очилиш қисмида ёки баъзи уйларнинг деворларига зийнат бағш этиб туради. У ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир:

«Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур» (Муҳаммад: 7).

Ҳолатлар ўзгариб, ушбу оят наққошлик услубида зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб, минг афсуслар бўлсинким, деворга осиб қўйиладиган бўлди. Ушбу оят деворларга зийнат бағш этадиган бўлди. Мусулмонларнинг қалблари эса ушбу оятдан батамом холийдир. Ушбу оят олдинга қўяётган мақсад нима эканини билмасак ҳам керак. «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур». Шунинг учун ҳам бугунги кунда Ислом оламининг ҳолати ташвишли ва хавотирли бир ҳолатдадир. Ушбу аянчли ҳолатдан чиқиш йўлини ҳам тополмай қоляпти. Ҳолбуки чиқиш йўли кўплаб оятларда эслаб ўтилгандир. Ушбу оят ҳам ана ўша оятлар жумласидандир. Агар ушбу оятни мусулмонларнинг ёдига солсак, ўйлайманки бу катта шарҳ ва изоҳга эҳтиёж сезмайди. Балки бу мўминларга манфаат бўладиган бир эслатма ва мавъизадир.

Барчамиз, иншааллоҳ, Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлини биламизки: «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар», шарт қўйиляпти. Шартнинг жавоби эса: «У Зот ҳам сизларга ёрдам берур».

Агар еб, ичсанг ва ҳоказо, демак яшашда давом этасан.

Агар еб, ичмасангчи? Нобуд бўласан!

Оятдаги маъно ҳам ҳудди шундайдир: «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур». Оятдан тушунилган маънони аксига ўгириб кўрадиган бўлсак, агар сизлар Аллоҳга ёрдам бермайдиган бўлсангизлар, У Зот ҳам сизларда ёрдам бермайди. Мана шу мусулмонларнинг бугунги кундаги воқелигидир.

Ушбу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган бир қанча ҳадисларда очиқ-ойдин ёритиб ўтилган. «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар», ўз-ўзидан маълумки, Аллоҳ таоло ушбу оятда биз Унга, душманларига қарши ўзимизнинг лашкарларимиз, салтанатимиз ва моддий куч-қувватимиз билан ёрдам қўлини чўзишимизни назарда тутмади. Йўқ, ундай эмас!

Аллоҳ азза ва жалла Ўз ишида ғолибдир. У Зот бирор киши Унга моддий ёрдам беришига ҳожатманд эмас, бу ўз-ўзидан маълум нарса. Шу сабабли Аллоҳ таолонинг ушбу «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар», қовлининг маъноси, агар Аллоҳнинг ҳукмларига эргашсангиз, мана шу Аллоҳ табарока ва таолога ёрдам берганингиз бўлади, деган маънодадир.

Ҳозир эса мусулмонлар ушбу шартни адо этишдими? Авваламбор ушбу вожиботни бажаришдими? Чунки бу Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат беришини ҳаққирост рўёбга чиқариш учун бўлган шарт эди.

Жавоб эса барчангизнинг наздингизда, мусулмонлар Аллоҳ азза ва жаллага ёрдам беришни адо этмадилар.

Йўқ деганда шу ерда ҳозир бўлганларнинг баъзиларига таълим бериш бобидан эмас, эслатма тарзида муҳим бир сўзни ёдга олишни истардимки, бугунги кунда омма мусулмонлар динларини, дин ҳукмларини таълим олишдан юз ўгиришган. Кўпчиликлари, боринг ана аксар мусулмонлар Ислом нима эканини билмайдилар. Ислом ҳақида бирор нарса билмайдилар. Исломни ўзининг ҳақиқий суратида билмайдилар. Балки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам ҳамда саҳобалари яшаб ўтган Исломдан ўзга, оғишган бир Исломни биладилар.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Унга ёрдам берганларга ваъда қилган нусрати авваламбор Исломни Китобу Суннатда келганидек соғлом маърифат ила билишга, сўнг эса унга амал қилишга асосланади. Акс ҳолда ушбу маърифат ўз соҳибининг бошига битган бало бўлади. Аллоҳ таоло айтадики:

«Эй мўминлар, нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз, деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Соф: 2-3).

Демак биз Исломни таълим олишга ва унга амал қилишга ўта муҳтож эканмиз.

Мен, боя айтиб ўтганимдек, бир нарсани эслатиб қўйишни истардимки, бугунги кунда мусулмонлар ўзларини эгаллаб олган хору-зорлик сабабидан бутун мағзавани ҳукмдорларга ағдаришади. Бутун маломатни динга ёрдам қўлини чўзмаётган ҳукмдорларга тўкиб-солишади. Минг афсуслар бўлсинким, улар ҳақиқатда яҳудий, насроний ва улардан бошқалардан иборат кофирларнинг катталари томонидан хорланаётган мусулмонларга ва динга ёрдам қўлини чўзмаяптилар. Бугун мусулмонларнинг ўрталарида ана шундай шукуҳ ҳукм суряпти. Бор мағзавани ҳукмдорларга ағдариш. Ҳуддики ҳукмдорларга қилишаётган маломатлари халқнинг ўзига ҳам тегишли эмасдек! Ҳақиқатда олиб қарайдиган бўлсак ушбу маломат умматнинг барчасига, ҳоким-у маҳкумларнинг барига тегишлидир. Масала шунинг ўзи билан чекланиб қолмай, балки бу ерда дин аҳкомларини (ҳаётга) татбиқ қилмаётганлари сабабли ҳукмдорларни маломат қилаётган шундай бир тоифа борки, аслида ўшаларнинг ўзи маломатга ҳақлидир. Сабаби эса улар Аллоҳ таолонинг ушбу: «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар», қовлига хилоф иш тутишди.

Бу билан фақат ҳукмдорларнигина маломат қиладиган ўша мусулмонларни айни ўзини назарда тутяпман. Дарҳақиқат улар Ислом ҳукмларига хилоф иш тутишди. Мусулмонларнинг бошига тушган ушбу (қалбни эзиб юборадиган) ачинарли ҳолатни ўзгартиришда Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг йўлларига хилоф келадиган йўл бўйлаб юришяпти. Биринчи мусулмонларнинг ҳукмдорларини кофир дея атрофга жар соладилар! Иккинчидан уларга қарши бош кўтариб чиқишни вожиб эканини барилла айтадилар! Қарабсизки мусулмонларнинг ўзларини ўрталарида кети узилмайдиган бир ёнғин каби фитна юз беради. Мусулмонларнинг бирлиги бузилади. Улар мен боя ишора қилиб ўтган кимсаларки, мусулмонларнинг бошига тушган ушбу хорликни ўзгартириш – бу ҳукмдорларга қарши бош кўтариб чиқиш билан бўлади деб ўйлайдилар. Сўнг муаммо ушбу масаланинг ўзида тўхтаб қолмайди. Балки муаммо кенгайгандан кенгайиб, ҳаттоки ҳалиги ҳукмдор бир чеккада қолиб, ихтилоф мусулмонларнинг ўзларидан нарига ўтмайдиган бўлиб қолади!

Ушбу аянчли воқеликни бартараф этишда баъзи исломийлар томонидан ғулувга кетишдан иборат келишмовчилик бошланди. У ҳам бўлса, ушбу ҳолатни ўнглаш учун мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши кураш олиб бориш шарт эмиш. Ҳолат шу даражага етиб бордики, ушбу аянчли воқеликни бартараф этиш ҳукмдорларга қарши бош кўтариб чиқиш билан бўлмайди деб биладиган мусулмонлар билан анавилар ўртасида хусуматлашишгача етиб борди. Ҳақиқатда ўша ҳукмдорларнинг кўпчилиги Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан бошқарув олиб бормаётганлиги сабабли, уларга қарши бош кўтариб чиқишга ҳақлидирлар! Бироқ кофирлар томонидан мусулмонларнинг бошига тушаётган мусибатларни аритишдаги ислоҳот, анави кимсалар даъво қилганидек, мусулмонлардан иборат исломий диёрлардаги ҳукмдорларни муҳокама қилишимиз билан бўладими? Биз ўша ҳукмдорларнинг баъзиларини ҳозирги аср тили билан айтганда жўғрофий мусулмонлар деб ҳисоблаймиз.

Энди ана шу ўринда биз айтамизки: Шак-шубҳа йўқки, Ислом душманларининг эгаллаб турган мавқифи қатъий-иродалидир. Улар яҳудий, насроний ва Ислом диёрларининг ташқарисидаги худосизлардир. Уларнинг зарарлари мусулмонларнинг Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан бошқарув олиб боришдек бир истакларига жавоб бермаётган ушбу ҳукмдорларнинг баъзиларидан келадиган зарардан қаттиқроқдир. Хоп энди мана бу мусулмонларнинг қўлларидан нима ҳам келарди? Бу гапим билан мен анави мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши курашиш вожиб деб жар солаётганларни назарда тутяпман. Боринг ана олдин ўзимизни ислоҳ қилиш қолиб ҳукмдорларга қарши бош кўтариш вожиб бўлди ҳам дейлик. Хоп анавиларнинг қўлларидан нима иш ҳам келарди?!

Демак (муаммони) бартараф этиш бу Росул алайҳиссалом бошлаган ишни айни ўзидир. Анавиларни эса мутлақо бирор иш қилиш қўлларидан келмайди. Воқелик бунга энг катта далилдир. Улар амалга оширмоқчи бўлган муолажа эса, яъни мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши курашишдан бошлашмоқ, кутилган самарани бермайди. Чунки муаммо, мен боя айтиб ўтганимдек, ҳукмдорларнинг ўзидагина эмас. Балки халқнинг ўзида ҳамдир. Шу сабабли уларга олдин ўзларини ислоҳ қилишлари вожиб бўлади. Ислоҳ қилиш масаласи эса бошқа бир баҳсга эҳтиёж сезадики, биз буни такрор-такрор айтиб ўтганмиз. Иншааллоҳ қуйида ҳам бунга бир тўхталиб ўтамиз.

Муҳими шуки, мусулмонларнинг барчалари ҳолатлари ҳасад ва ҳавас қиларли даражада эмаслигига иттифоқ қилишади. Балки ҳолат хорлик ва хўрликдаки, Ислом ҳали бунга ўхшашини кўрмаган. Хоп, унда ишни нимадан бошлаймиз?

Ишни мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши курашишдан бошлаймизми?!

Ёки ишни бутун дунёдаги барча кофирларга қарши курашишдан бошлаймизми?!

Ёки ишни тинмай ёмонликка буюрадиган нафсга қарши курашишдан бошлаймизми?

Демак ишни (санаб ўтилганларнинг охиргисидан) бошлаш вожиб бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам, сўзимизнинг аввалида эслаб ўтганимиздек, Ислом даъватининг аввалида даъват қилинаётган мусулмонларни ёлғиз шахсларни ислоҳ қилишдан бошладилар. Даъват Маккада бошланиб, сўнг Мадинага кўчиб ўтди. Сўнгра кофирлар билан мусулмонлар ўртасида тўқнашув бошланди. Сўнг эса Рум, Форс … ва ҳаказо. Боя айтиб ўтганимдек, тарих қайта такрорланяпти.

Ҳозирги вақтда мусулмонлар ушбу аянчли воқеликни бартараф этиш учун Аллоҳга ёрдам беришлари вожиб бўлади. Фақат бир томонни муолажа қилиш билан эмас. Бу кутилган самарани бермайди. Агарда ушбу ишни бажариш қўлларидан келганда ҳам!

Ушбу бир томон деганимиз нима у? Бу – Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан бошқарув олиб бормаётган ҳукмдорларга қарши курашишдир! Биринчидан, бугунги кунда бу нарсани қилишнинг иложиси йўқ. Яъни, ҳукмдорларга қарши курашиш. Бунинг сабаби эса, ўша ҳукмдорлар яҳуд ва насоролар каби кофир бўлишди ҳам дейлик. Энди мусулмонлар бугунги кунда яҳуд ва насороларга қарши кураш олиб боришга қодирми?

Жавоб эса: Йўқ. Ҳолат тамоман аввалги мусулмонларнинг Макка давридаги ҳолати кабидир. Улар заиф, хор, барча томондан сиқув-исканжага олинган, азобга гирифтор қилинган, оз сонли эдилар. Нима учун?! Чунки уларнинг куч-қуввати бўлмаган заиф-бечора эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг даъватларига эргашишлари сабабли қалбларига ўрнашган иймолари бундан мустаснодир. Азиятларга сабр қилиш билан боғлиқ бўлган ушбу иттибо (эргашиш) бугунги кунда гувоҳ бўлиб турганимиздек ўзининг кутилган самарасини берди. Демак ушбу самарага олиб борадиган йўл қайси экан?

Бу йўл Росул алайҳиссалоту ва саллам саҳобалари билан босиб ўтган йўлнинг айни ўзидир!

Демак бугунги кунда мусулмонлар турли залолатларга ботганлари сабабидан кофирларга қарши кураша олмайдилар. Хоп, унда нима қилишлари вожиб бўлади? Уларга Аллоҳ-у Росулига ҳақиқий иймон келтиришлари вожиб бўлади. Бироқ мусулмонлар бугунги кунда оламларнинг Роббиси азза ва жалла айтгандекдирлар: «Лекин жуда кўп одамлар билмайдилар» (Аъроф: 187).

Мусулмонларнинг фақат номи қолди. Ҳақиқий мусулмонларни тополмайсиз! Ушбу инкор қилишимдан нимани қасд қилганимни билиб турибсизлар деб ўйлайман.

Мен сизларга Аллоҳ таолонинг ушбу қовлини эслатаман:

«Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби шариати исломияда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир» (Мўминун: 1-7). Яъни тажовуз қилиб, зулмга қўл урувчилардир.

Фақат ушбу хислатларни ўзини олсак-да, ушбу оятларни қўйиб, бу ўринда зикр қилинмаган бошқа хислатларни ўз ичига олган оятларга ҳали ўтмай турайлик. Бу оятлар Исломга амал қилиш атрофида айланяпти. Кимда ҳозиргина тиловат қилинган ушбу оятларда эслаб ўтилган сифатлар ҳаққирост бўлар экан, ана ўша зотлар Аллоҳ таоло уларни мана бу қовлида айтиб ўтган кишилардир: «Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир» (Анфол: 4).

Биз ҳақиқий мўминлармизми?!

Жавоб эса: Йўқ. Ундай бўлса, эй биродарлар, ҳали ҳовлиқманглар!

Биз бугунги кунда ушбу хислатга эга бўлган намозхонлар бўла олдикми?! «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир». Биз намозларимизда хушуъ қила оляпмизми? Мен бир, икки, беш, ўн, юз, икки юз, минг, икки мингта одам ҳақида гапирмаямман. Мен камида ушбу саволни ўзаро бир-бирларига бераётган мусулмонлар ҳақида гапиряпман. Демак, мусулмонларнинг бошига тушган мусибатларни ҳал қилиш йўли нима экан? Мен ҳали охиратларини муҳим деб билмайдиган, балки шаҳватлари ва қоринларинигина ўйлайдиган кўнгилхушлик қилиб юрган фосиқ мусулмонларни айтаётганим йўқ. Мен ҳозир намозхон мусулмонлар ҳақида гапиряпман. Ушбу намозхонлар мўминун сурасининг аввалида зикр қилинган сифатлар билан сифатланишдими? Жавоб эса: умматга қараб яна йўқ деб айтамиз… Демак:

Нажотни умид қилибсан-ку, унинг йўлидан юрмабсан,

Кема асло қуруқликда юрмайди.

Кавний ўзгармас қонунлардан кейин шаръий ўзгармас қоидалар мукаммал амалга ошишлиги учун ҳам сабабларни бажаришимиз шартдир. Тоинки Роббимиз азза ва жалла биздан ушбу барчамизни қамраб олган хорликни кўтарсин.

Мен ушбу суранинг аввалида зикр қилинган мўминларнинг сифатларидан бўлган ушбу сифатларни эслаб ўтдим. Бироқ бу ўринда, бугунги кундаги мусулмонларнинг ҳолатларини эслатганимда доим биродарларимнинг ёдига соладиганим бир Пайғамбар ҳадиси бор. Ушбу ҳадисни ёдда тутганларида эди, нима учун бизга ушбу хорлик тушди деб ўзаро савол беришни ор деб билган бўлардилар! Чунки улар Аллоҳнинг шариатига хилоф иш тутаётганларидан ғофил қолишди. Ана шу ҳадислардан алайҳиссалоту ва салламнинг ушбу қовлларидир: «Иъйна савдосига келишсангиз, сигирнинг думини тутиб, экин-тикинга рози бўлсангиз ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк этсангиз, Аллоҳ сизларнинг устингизга хорликни ҳукмрон қилиб қўяди. Уни сизлардан то динларингизга қайтмагунингизгача тортиб олмайди» (Абу Довуд «Сунан» (3462), Аҳмад «Муснад» (5007,5562), Табароний «Муснад аш-Шамиййин» (2417) ва улардан бошқалар Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди).

Турли муносабатлар билан ушбу ҳадис борасида жуда кўп тўхталиб ўтганман. Мен фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларини айтмоқчиман: «Иъйна савдосига келишсангиз». Иъйна: рибо билан муомала қилишнинг бир кўриниши, ҳозир мен бу масалага батафсил киришишни истамайман. Сизлардан бирортангиз мусулмонларни рибонинг турли кўринишлари билан муомала қилаётганидан бехабар бўлмаса керак. Ислом ўлкаларидаги ушбу бошидан оёғигача рибога ботган банкларнинг қандай қонунларга асослангани маълумдир.

Мен яна муаммонинг бари ҳукмдорларда эмас деган гапга қайтаман. Чунки ушбу банклар билан муомала қилаётган кимсалар билан муноқаша қилиб, айтилсаки: рибони ҳаром эканини биласизлар. Бу иш алайҳиссалоту ва саллам айтгандекдир: «Кишининг рибо билан еган бир дирҳами, Аллоҳ азза ва жалланинг наздида ўттиз олтита зинодан ҳам оғирроқдир» (Аҳмад «Муснад» (22007,22008), Дорақутний «Сунан» (3/16) ва булардан бошқалар Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди). Биродар энди нима учун рибо билан муомала қиляпсан, дейилса, сизга шундай деб айтади: «Нима ҳам қилардик… Биз ҳам яшашни истаймиз!»

Демак муаммо фақат ҳукмдорларга эмас, балки одамларни ўзига ҳам боғлиқ экан. Ҳақиқатни олиб қарайдиган бўлсак, одамлар ўша ҳукмдорларга лойиқдирлар. Масалда айтилганидек: «Ўзингдан чиққан дардга, қайга қочарсан давога».

Ўша ҳукмдорлар бизни олдимизга Миррих юлдузидан келиб тушишгани йўқ!! Балки ўзимизнинг ичимизда ўсиб-улғайишди. Энди ҳолатимизни ўнглашни истасак, бу ўзимизни унутган ҳолда, ҳукмдорларимизга қарши аёвсиз курашни эълон қилишимиз билан бўлмайди. Муаммонинг бари ўзимизда! Яъни, муаммо Ислом олами узра ҳукм суряпти. Шунинг учун ҳам биз мусулмонларга динларига қайтишларини, динларидан билганларини ҳаётга татбиқ қилишларини насиҳат қилиб қоламиз.

«Ўша куни мўминлар Аллоҳ ғолиб қилгани сабабли шодланурлар» (Рум: 4-5).

Бугунги кунда устимизга соя солиб турган ва ёшлар эҳтиросга берилиб, нима қилсак экан дейишаётган ушбу муаммоларнинг бари, ён атрофимиздаги Ислом оламини, араб оламини мустамлакага айлантирилиши, яҳудлар Фаластинни босиб олиши деймизми ёки салибийлар Эритрея, Сомали, Босния ва бугунги кундаги бундан бошқа диёрлардаги муаммолар.

Ушбу муаммоларнинг барчасини ҳиссиёт билан бартараф этиб бўлмайди. Балки илм ва амал билан бартараф этилади.

«Айтинг: «(Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу-шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) Билгувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур» (Тавба: 105).

«Айтинг: «(Хоҳлаган) амални қилинглар». Ҳозир ушбу нуқтага тўхталамиз: бугунги кунда исломий саҳнадаги ислом учун қилинаётган амалларни олайлик. Ушбу амал турли жамоат ва гуруҳларда ранг-баранг суратларда акс этган. Ҳолбуки ушбу гуруҳлар Ислом оламида баъзилар ўйлаётгандан ҳам каттароқ муаммоларга сабаб бўлади. Баъзилар муаммони яҳудлар Фаластинни босиб олишида ёки биз боя айтиб ўтган кофирлар исломий ўлкаларга қарши кураш олиб боришида деб билади.

Биз айтамизки: бундан ҳам катта муаммо шуки, мусулмонлар фирқа-фирқа бўлиб бўлинишидир. Мусулмонларнинг ўзлари Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлига хилоф ўлароқ гуруҳ ва тўдаларга бўлиниб олишган:

«Мушриклардан бўлманглар. Динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олган кимсалардан (бўлманглар)! Ҳар бир ҳизб-фирқа фақат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум: 31-32).

Ҳозирги вақтда исломий жамоатлар барчалари шикоят қилишаётган муаммони бартараф этиш учун танлаган йўллари ҳам ҳар хил бўлиб турибди. Ушбу муаммо эса мусулмонларнинг барчаларини эгаллаб олган хорликдир. Хоп, ушбу хорликдан қутулиш йўли қайси?

Бу ўринда бир қанча йўллар бор:

Биринчи йўл: бу мисли бўлмаган бир олий йўлки, биз доимо ушбу йўлга чақирамиз. У ҳам бўлса, Исломни соғлом фаҳм билан тушуниш, уни татбиқ қилиш ва мусулмонларни ушбу мусаффо Ислом асосида тарбия қилмоқдир. Биз доим такрор эслатганимиздек, ушбу йўл Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг суннатларидир. Росулуллоҳ саҳобаларини Аллоҳ-у Росулига иймон келтиришга йўллаш билан ишни бошладилар, уларга Ислом ҳукмларини таълим бердилар. Улар етаётган озорлар, мушрикларнинг зулмлари ва азоб-уқубатларини шикоят қилиб келардилар. Соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларни сабрга ва яна бир бор сабрга буюрардилар! Ушбу Аллоҳнинг халқлари ўртасидаги ўзгармас қонунидирки, ҳақ ботил томонидан сиқувга олинади. Мўминлар мушриклар томонидан исканжага олинади ва ҳаказо. Ушбу воқеликдаги муаммони бартараф этишдаги биринчи йўл бу фойдали илм ва солиҳ амалдир.

Бу ўринда бошқа ҳаракат ва даъватлар борки, уларнинг барчаси ушбу аввалги ва иккинчиси йўқ бўлган олий йўлга зид келяпти. У ҳам бўлса, Исломни тушуниш ва унга амал қилишни вожиб эканлиги нуқтаи назаридан бир чеккага қўйиб туринглар! Ҳозир ундан-да муҳим бўлган бошқа бир иш бор! Барчамиз жамланиб, кофирларга қарши курашишда бирлашайлик!!

Субҳаналлоҳ, қуролсиз ҳолда кофирларга қарши қандай курашиш мумкин?! Ахир тариқчалик ақли бўлган ҳар бир инсон моддий қуролга эга бўлмаган киши қуролланган душманига қарши кураша олмаслигини билади-ку. Энди бир дона моддий қуролга эмас, балки бир қанча моддий қуролларга эга бўлмасачи!

Энди қуролланган душманига қуролсиз бўла туриб курашмоқчи бўлган кимсага нима деб айтилади? Қуролланмай урушавер дейиладими?! Ёки қуролланиб, сўнгра кураш, деб айтиладими?

Ушбу масалада жавоб қуйидагича эканлигида ихтилоф йўқдир: қуроллан сўнг курашавер. Бу моддий жиҳатдан эди.

Маънавий томондан олиб қарасак, иш бундан бир неча чандон муҳимроқдир. Кофирларга қарши курашни истасак, Исломни бир чеккага суриб қўйиб кураш бошлашимизнинг имкони йўқдир. Чунки бу Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг элчиси кўплаб оятларда буюрган буйруғига зиддир.

«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Аср: 1-3).

«(Барча) инсон зиён-бахтсизликдадир…». Биз ҳозир шак-шубҳасиз зиён-бахтсизликдамиз. Нима учун? Чунки биз Аллоҳ азза ва жалла (ушбу зиён-бахтсизликдан) истисно қилган зотларнинг йўлини тутмадик. «Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)». Биз ҳозир Аллоҳ-у Росулига иймон келтирдик деймиз-у, бироқ! Ҳақ даъватига хилоф ўлароқ жамланиб, жамоат тузиб олган гуруҳбоз мусулмонларни Китоб-у Суннатга қайтишга чақирсак, улар: «Буни ҳозир бир чеккага қўйиб турамиз! Ҳозир бундан муҳим иш бор… Кофирларга қарши курашиш керак!», дейдилар. Биз эса: «Қурол биланми ёки қуролсиз (курашамизми)?!», деб айтамиз.

Икки қуролга эга бўлишимиз шартдир. Биринчиси: маънавий қуролдир. Улар эса «Ушбу маънавий қуролни ҳозир бир чеккага қўйиб туринглар! Моддий қуролни олинглар», дейишади. Моддий қурол эса йўқ!! Чунки бу, ҳозир биз бошдан кечираётган ҳолатимизга нисбатан қўлимиздан келмайдиган ишдир. Барча томондан устимизга ёпирилиб келаётган кофирларнигина эмас, бизни бошқариб турган баъзи ҳукмдорларни ҳам (назарда тутяпман)! Бугун биз хоҳишимизга зид ўлароқ моддий қурол билан тайёргарлик кўришга қодир эмасмиз. Бунга кучимиз етмайди. Энди, моддий қурол билан кураш олиб борамиз, деб айтамизми?! Бунга эришолмаймиз. Қўлимизда эса мана маънавий қурол бор.

«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг» (Муҳаммад: 19).

Қўлимиздан келадигани илм-у амалдир. Биз эса оддийгина қилиб, буни бир чеккага қўйиб турақолайлик деяпмиз-а! Қўлимиздан келадиганини йиғиштириб қўя қолайлик деб буюрсак-а! Аслида ушбу ишни имкони йўқ.

Биз ҳам курашиш вожиб деймиз!! Хоп, нима билан курашамиз?! Икки қурол ҳам қўлимизда бўлмаса. Маънавий, илмий қуролни кейинроққа қўйиб тура қолайлик, ҳозир унинг вақти ва замони эмас, десак. Моддий қуролга эса кучимиз етмаса… Демак ҳам маънавий ва ҳам моддий қуролдан мосуво бўлиб, заифликда харобамиз чиқиб қолаверарканмиз-да.

Энди аввалги чароғон аср, Росул алайҳиссаломнинг асрларига қайтсак. Соллаллоҳу алайҳи ва салламда моддий қурол бормиди? Жавод: йўқ. Унда нусратнинг калити нима бўлганди? Моддий қуролми ёки маънавий қуролми? Шак-шубҳасиз у маънавий қурол эди. Даъват ушбу маънавий қурол билан бошланганди. «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг». Демак илм барча нарсадан олдиндир. Исломни (билиш) барча нарсадан олдин. Сўнг ушбу Исломни баҳолиқудрат (ҳаётга) татбиқ қилиш. Албатта саҳиҳ исломий ақидани билишга қодирмиз. Исломий ибодат, ҳукмлар ва хулқ-атворларни билишга қодирмиз. Ушбу ишларни бари қўлимиздан келади. Жумҳур мусулмонлар эса ўзларининг гуруҳ ва жамоатлари билан ушбу ишлардан бош тортишади. Сўнг овозларини борича «жиҳод қилишни хоҳлаймиз!», «қаерда жиҳод?!», деб бақиришади. Модомики аввалги қурол йўқ бўлса, иккинчи қурол қўлимизда мавжуд бўлмаса!!

Биз бугун саҳиҳ Ислом асосида бир жипс бўлган мусулмонлардан иборат жамоатни топсак ва улар ушбу Исломни соғлом услубда (ҳаётга) татбиқ қилишаётган бўлишса, бироқ уларда моддий қурол бўлмаса, шунда ўшаларга ушбу оятдаги буйруқ мос келади:

«(Эй мўминлар), улар(га қарши жанг қилиш) учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан сизлар Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни … қўрқувга солурсизлар» (Анфол: 60).

Бизда аввалги маънавий қурол бўлгандагина ушбу моддий тайёргарлик кўриш хитобига мос келган бўламиз. Энди моддий тайёргарлигимиз бўлмай туриб курашаверамизми?! Жавоб: йўқ. Чунки биз моддий тайёргарликка буюрадиган ушбу оятга ҳали ҳақли эмасмиз. Энди ҳам маънавий ва моддий бўлган икки қуролдан ҳам мосуво бўлган ҳолатимизда курашга қандай қилиб қодир бўлишимиз борасида нима фикр билдирасизлар?!

Ҳозирги вақтда моддий қуролга қодир эмасмиз. Маънавийга эса қодирмиз. Демак

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага буюрмайди» (Бақара: 286).

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16).

Бизни ҳозир қўлимиздан келадигани фойдали илм ва солиҳ амалдир.

Ушбу жавобни беришда керагидан кўп гапириб юбордим шекилли. Ҳозир қисқача қилиб айтмоқчиманки:

Эй биродарлар, мусулмонларнинг муаммоси бугун Фаластиннинг ўзи эмас. Чунки у минг афсуслар бўлсинким, бугун мусулмонларга етаётган оғишиш жумласидандирки, илмлари амалларига зид келяпти! Биз Ислом ёки исломий ватан ҳақида гапирганимизда айтамизки: исломий ўлкаларнинг барчаси, у ҳар бир мусулмон учун ватандир. Араб билан ажамнинг ёки ҳижозлик, иорданиялик ва мисрлик ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Бироқ ушбу фарқлов амалда мавжуддир! У фақат сиёсий жиҳатдан эмас, (чунки сиёсий жиҳатдан фарқ бўлиши) ҳайратланарли ҳолат эмас, балки исломчиларнинг ўрталарида ҳам ушбу фарқлов мавжуддир! Мисол учун исломий даъватчиларни фақат Фалатинга аҳамият қаратишларини кўрасиз. Сўнг бошқа диёрлардаги мусулмонларнинг бошига тушаётган мусибатларга эътибор қаратмайдилар.

Мисол учун: афғон мусулмонлари билан совет иттифоқи ва уларнинг коммунистлардан иборат югурдаклари ўртасида уруш бошланган кезлари. Нима учун?! Чунки улар суриялик, мисрлик ва шунга ўхшаш (араблардан) эмасди. Демак муаммо фақат Фаластиннинг ўзида эмас экан. Балки муаммо кўплаб исломий ўлкаларга ҳам кириб боргандир. Ушбу умумий муаммони қандай бартараф этамиз? Маънавий ва моддий бўлмиш икки куч билан. Хоп, қайси биридан бошлаймиз?

Барча нарсадан олдин энг муҳим бўлган ишдан бошлаймиз. Хоссатан энг муҳими енгил бўлиб турган бир вақтда. У ҳам бўлса маънавий қуролдир, Исломни соғлом фаҳм билан тушуниб, уни ҳаётга соғлом татбиқ асосида қўллай билиш. Сўнг моддий қуролдир, агар енгил бўладиган бўлса. Бугун эса, афсуслар бўлсинким, Афғонистондаги мусулмонлар коммунистларга қарши кураш олиб боришаётган қуроллари, у исломий қуролларми? Жавоб: йўқ. Ғарб қуроллари эди…

Демак биз ҳозир моддий қуролга нисбатан узоқ бир ўриндамиз. Маънавий қувват жиҳатидан кучга тўлиб, энди моддий қурол билан курашишни истайдиган бўлсак, биз ташқаридан қурол олиб киришга муҳтожмиз. Ё нақд пулга, ё бўлмаса совға-салом улашиш билан ёки унинг муқобилига ярайдиган бирор нарса билан! Бугун мана ғарб сиёсатини умумий мисол тариқасида «Сиздан угина, биздан бугина!», (қабилида иш олиб боришини) биласизлар. Ҳозир эса бирор бир давлат йўқки нақд пулга ҳам сизга (қурол) сотмайди, илло шунинг муқобилига маълум бир эгаллаган ўрнингиздан ўтиб-тушиб берсангизгина сотиши мумкин. Сен ҳозир эй мусулмон уммати пулини нақд тўласанг ҳам ушбу қурол рўбарўсида маълум бир эгаллаган мавқифлариндан тушиб берасан. Демак эй биродарларим иш сизлар тасаввур қилгандек совуннинг кўпиги бир кўпириб сўнг ўша ернинг ўзида бирор асоратсиз кўздан ғойиб бўлгани каби эҳтирос, ёшларнинг қайноқ ҳароратлари ва инқилоблардан иборат эмас!

Охирида айтаманки:

«Айтинг: «(Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу-шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) Билгувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур» (Тавба: 105).

Такрор айтаман амал фақат фойдали илм ва амали солиҳга чамбарчас боғлиқ бўлгандагина манфаат келтиради. У эса: Аллоҳ ва Унинг росули айтганидир…

Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтганларидек:

«Илм – Аллоҳ, Унинг Росули ва саҳобалар айтганидир, асло кўзбўямачилик эмас.
Илм Росул билан фақиҳнинг райини тентакларча ўзаро қарама-қарши қилиб қўйишинг ҳам эмас.
Ташбиҳ ва тамсилдан ҳазир бўлган ҳолатда Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиш ҳам эмас».

Бугунги кунда Ислом оламининг бошига тушган мусибат, эҳтимол баъзилар бу гапимни инкор қилар, яҳудлар Фаластинни босиб олишидан-да хатарлироқдир. Бугун Ислом оламининг мусибати шуки, улар тўғри йўлдан адашиб кетишди. Улар дунё-ю охират саодатини ҳаққирост рўёбга чиқарадиган Исломни билишмайди. Мусулмонлар маълум бир ҳолатларда кофир ва мушриклар томонидан таъқиб-қувғинга учраб хўрланган ҳолда ҳаёт кечиришса ва қатл қилиниб, осилган сўнг ҳаётдан кўз юмиб кетишган бўлишса, шак-шубҳасиз улар бахтли ҳолатда вафот этишибди. Агарчи бу дунёда таъқибга учраб, хору-зор ҳолатда яшаб ўтишган бўлишса ҳам. Аммо кимки бу дунёда Исломни Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг Росули хоҳлагандек тушунишдан узоқ бўлган ҳолда азиз бўлиб яшаган бўлса-да, у яқин келажакда бахтсиз бўлган ҳолатда вафот этади. Агарда зоҳирда бахтли ҳолда ҳаёт кечирган бўлса ҳам.

Демак, Аллоҳ таоло сизларга барака ёғдирсин, муолажа у: «Аллоҳнинг йўли сари илдам қадам ташланглар!» Даво: «Аллоҳ томонга қараб олға босинглар!»

Аллоҳнинг йўли сари олға босинглар. Жавобни шу ерда якунлайман.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оилалари ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.

Манба: Тавҳид форуми

3 та мулоҳаза

  1. Abu Turob → 09.02.2012 йил

    Assalamu alaykum.Alloh hammamizga g’ayrat va shijoat bersin.qilayotgan ishlaringga baraka surab qolaman.jazakollohu xoyran!

  2. олим → 17.12.2012 йил

    мен бу фикирлар нотугри деб аетмаеман лекин дин мукамал булиши учун узимиздан олдиндан утган олимларимизнинг фикирлари билан хисоблашимиз керак мен бу ерда хечкандае аник йулни курмаяпман мен шу уринда Ахмад ясавий нинг фикирларини олдинга ташламаокчиман шариат тарикатсиз булмаеди тарикат хакикатсиз булмаеди. шариат аетадур улдир илонни тарикат аетадур улдирма жонни хакикат асли хукимдир.

  3. Муслим → 17.12.2012 йил

    Афсуски бу даъвоингиз ботил даъводир. Тариқат – Аллоҳ томонидан келган Ислом динига мухолиф йўлдир.
    Савол: Шариат билан тариқат ўртасидаги фарқ нима?
    Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
    Сўнг…
    Шариат – одамлар Аллоҳ таолога бўлган қулликни бажо келтиришлари ва Унга пайғамбарлари буюрган (уларнинг барчасига Аллоҳнинг салавоту саломлари ёғилсин!) таълимотларга биноан яқин бўлишлари учун Аллоҳ таоло китобларида нозил қилган ва пайғамбарлари билан бирга юборган йўлдир.
    Бунга кўра сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Аллоҳнинг дастури асосида юриш – бандадан оят ва ҳадисларга кўра юриши талаб қилинган йўл – тариқатдир: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 153).
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг умматим етмиш уч гуруҳга бўлинади ва улардан биттасидан бошқа барчаси жаҳаннамдадир» – дедилар. – Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?, – дея савол берилганида: «Мен ва асҳобларимдек йўлда юрганлар» – дея жавоб бердилар (Табароний «ас–Сағийр» 724; Уқайлий «аз–Зуъафаа» 2/262; Термизий 2643).
    Бу йўл ҳам шариат ичига дохилдир. Унга мухолиф бўлган тасаввуф, тийжонийя, қодирийя ва бошқа тариқатлар эса эътироф этиш ва Аллоҳ сари юриш жоиз бўлмаган тариқатлардир.
    Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

    Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6648 – 1.

    Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
    Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
    Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.