PDF WORD

«Терроризм» тушунчасининг таърифи

«Терроризм» тушунчасининг таърифи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бугунги кунимизда терроризмнинг нима эканлиги ҳақида кўп гапирилди. Бу сўзнинг таърифи инсонлар ва жамиятга қараб бир-биридан фарқ қилади. Масалан, кўпгина кофирларнинг таърифига кўра «терроризм» сўзи жиҳод, мужоҳид, ислом юртида ҳад (шаръий жазо)ни ижро этиш, ҳатто Исломни ҳам ўз ичига олади.

Аммо ҳозир, Аллоҳнинг изни билан, аҳли суннат уламоларининг «терроризм» атамасига нисбатан тушунчалари ҳақида гап боради.

«Терроризм» сўзи – араб тилида «ирҳаб» (раҳаба, ярҳабу, раҳбатан), «қўрқитмоқ» маъносини англатади (Қаранг: «Лисанул-араб» ва «Ниҳоя» 2/280).

Бу сўз Қуръонда кўп қўлланилган. Масалан:

«Эй бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни эсланг ва Менга берган ваъда – аҳдга вафо қилинг. Шунда Мен ҳам аҳдга вафо қиламан. Ва мендангина қўрқинглар (фарҳабун)» (Бақара: 40).

Уламолар қўрқитишни икки турга бўлишган: рухсат этилган ва тақиқланган.

Шариатда рухсат этилган қўрқитиш 3 турга бўлинади:

Биринчи: Кофир ёки мусулмон бўлган дин душманларини ҳарбий тайёргарлик ва куч орқали қўрқитиш.

Иккинчи: Мунофиқ ва бидъат аҳлини далиллар орқали қўрқитиш.

Учинчи: Гуноҳкорларни қилган гуноҳларига нисбатан шаръий жазоларни (ҳудуд) қўллаш йўли билан қўрқитиш.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган – Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар» (Анфол: 60).

Имом Табарий ва Бағавий ушбу оят ҳақида шундай дедилар: «Бу дегани: душманларингизга қарши куч ҳисобланган, хоҳ у отлиқ ёки қурол бўлсин, воситаларни тайёрланглар» (Қаранг: «Тафсир ат-Табарий» ва «Тафсир ал-Бағавий» 2/127).

Имом Абу Бакр ал-Арабий ва Қуртубий шундай дедилар: «Бундан мурод, душманни қўрқитиш учун қўлланадиган кучдир» (Қаранг: «Аҳкамул-Қуръан» 2/679 ва «Тафсир ал-Қуртубий» 4/332).

Имом Фаҳр ар-Розий дедилар: «Куч ҳозирлаш ва отлиқ аскарларини тайёрлашнинг ҳикмати шундаки, агар кофирлар мусулмонларнинг қувватлари борлиги ва жиҳодга тайёр эканликларини билишса, шунда улар (мусулмонлар)дан қўрқа бошлайдилар» (Қаранг: «ат-Тафсир ал-Кабир» 15/186).

Юқоридаги оятда мана шундай қўрқитиш назарда тутилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ер юзида жазо (ҳад) ижро этилган бир кун, ер аҳли учун қирқ йиллик ёмғирдан афзалдир!» (Ибн Можа 2537, 2538. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа»).

Шайх Солиҳ Олий Шайх айтадилар: «Жиноят учун жазо (ҳад) қўллаш, тақиқланган қўрқитиш (ирҳаб) ҳисобланмайди. Аксинча, бу қўрқитиш (ирҳаб)нинг мақталган ва талаб қилинган туридир!» (Қаранг: «Ҳақиқа мавқиф ал-Ислам мин ат-татарруф вал-ирҳаб» 158).

Энди қўрқитиш (ирҳаб)нинг тақиқланган тури таърифига тўхталсак. Бу бир инсон ёки бир гуруҳ инсонлар (жамоат) тарафидан, инсон ёки жамиятга нисбатан душманлик қилишидир. Бундай душманлик қўрқитиш, зарар етказиш ёки ноҳақ ўлдириш каби ишларда изҳор бўлади. Шунингдек бунга аҳоли яшайдиган уйлар, метроларни портлатиш, одамларни асирга олиш, йўлларда қароқчилик қилиш, мол-мулкларни тортиб олиш ва шу каби ер юзидаги бузғунчилик саналган амалларни киритишимиз мумкин. (Қаранг: «Қирарат ал-Мажмаъ ал-фиқҳий ал-исламий» 355-356, «Мажмаъ ал-бухус ал-исламия» (Заҳиратул-ирҳаб), «Ҳақиқа мавқиф ал-Ислам мин ат-татарруф вал-ирҳаб»).

Шунингдек, Шайх Ибн Боз террорчи деб номланувчилар, одамларга ноҳақ зулм қилувчи, қотил ва ноҳақ кофирликда айбловчилар эканлигини айтганлар.

«Терроризм» атамаси янги бўлишига қарамай, Исломга тааллуқли бўлган қуйидаги шаръий атамаларга ҳам алоқаси бор:

«Ғулув» – ошириб юбориш, чуқур кетиш;

«Ҳавориж» –  гуноҳи кабира қилганларни кофирликда айбловчи, уларга қаршиларни моли ва жонини ҳалол қилиб олган инсонлар;

«Ҳараба» – ўғирлик, қароқчилик, қотиллик.

«Иғтиял» – кутилмаганда хоинона қотиллик. (Қаранг: «Лисанул-араб», Ибн Мунзир).

Ҳофиз Ибн Абдул-Барр айтадилар: «Қон тўкишни ҳалол қилиш ва Аллоҳнинг ҳудудларини бузиш орқали йўлларда қароқчилик қилувчи ёки қўрқитувчи, ер юзида фасод тарқатувчи, бировнинг молини тортиб олувчи ҳар бир кимса муҳарибдир!» (Қаранг: «ал-Кафи фи фиқҳ аҳл ал-Мадина» 2/187).

Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ривоят қиладилар: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бу воқеани айтиб беришди. Бир куни саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юришларнинг бирида эдилар. Ичларидан бир киши чарчаб, ухлаб қолди. Шу вақт бир одам билдирмасдан унинг садоғидаги ўқларни олиб қўйди. Бир оздан сўнг ҳалиги киши уйғониб қараса, ёнидаги ўқлари йўқ. Бундан у даҳшатга тушиб, чўчигансимон хатти-ҳаракатлар билан атрофга аланглай бошлади. Шунда бу ҳолатни кузатиб турган кишилар кулиб юборишди. Кулгу товушини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитгач, улардан сўрадилар: «Нега куляпсизлар?» «Ҳеч нарсага», – дейишди улар, – «Фақат мана бу кишининг ўқларини олиб қўйган эдик, қўрқиб кетди». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Ҳеч бир мусулмонга бошқа бир мусулмонни қўрқитмоқлик ҳалол бўлмайди» (Абу Довуд 4351, Термизий 3/431. Бу ҳадисни Шайх Албоний саҳиҳ ҳисоблаганлар).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонни ҳазил қилиб бўлса ҳам қўрқитишни тақиқлаган эканлар, мусулмонлар ёки уларнинг оилаларига таҳдид солаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Аслида тинч аҳолини меҳмонхона ёки автомашина тўхташ жойларида портлатиш, одамларни асирга олиш, ўзини портлатиш ва шу каби террорнинг кўп сонли кўринишлари кофирларни ҳеч ҳам қўрқитмайди. Буни воқелик тасдиқламоқда. Бироқ воқеликда бу ишлар мусулмонларнинг ўзлари учун кулфатга айланмоқда. Ўзларининг қўрқувларига сабаб бўлмоқда.

Шайх Жамолиддин ал-Қосимий жуда ҳикматли сўзларни айтганлар: «Шундай бўлиши мумкинки, мусулмон уммати тинчлик-хотиржамликда, хатардан омонликда бўладилар. Ҳатто уларнинг ораларидан бир гуруҳ чиқиб, бунинг ортидан ютуқ келади деган гумон билан хиёнат қилмагунларича шу ҳолатда бўладилар. Аммо уларнинг бу ишлари умматга бало олиб келади ва улар ўзларининг шаҳарларида тарқоқ ҳолда бўлиб қоладилар!» (Қаранг: «Махасан ат-таъвил» 13/48).

Ушбу имомнинг сўзларини тафаккур қилиб кўринглар! Ахир бугунги кунимизда айни шу ҳолат рўй бермаябтими?! Ахир айни дунёдаги турли портлашлардан сўнг, мусулмонлар ўзлари ва оилаларидан беҳавотир ҳолда тинч юра олмай қолдиларку. Дунё бўйлаб хотиржам кўчиб юришлари учун соқолларини қиришга, рўмолларини ечишга ва ҳатто мусулмон эканликларини яширишга мажбур бўлаябтилар. Ахир Исломнинг мақсади шуми?! Наҳотки Аллоҳ таоло ўзининг охирги Пайғамбари соллаллоҳ алайҳи васалламни шу мақсадда юборган бўлса?!

Мусулмонлар истиқомат қилувчи давлатда навбатдаги портлашдан кейин нималар содир бўлаётганига эътибор беринг. Мисол тариқасида 3 йилча аввал Мисрда содир бўлган портлашни олайлик. Натижа – мусулмонларни қувғин қилиниши, талабаларга прописка беришдаги муаммо ва депортация. Англиядаги портлашлар, натижа – уламоларга қолганлардан ажралиб қолмаслик учун рўмолни ечиш ҳақида савол бераётган рўмолли муслималарнинг сиқувга олиниши. Чунки Лондонда содир бўлган террорчилик ҳаракатларидан сўнг, ўша ер аҳолиси кўчаларда кетаётган муслималарга ҳамла қила бошлаган эдилар. Кофирлар тарафидан «шаҳид белбоғи» деб ном олган ўзини мослама орқали портлатиш тури пайдо бўлганидан кейин, кофирлар ҳомиладор муслималарни қоринларида ўша «белбоғ» бор деган ҳавф билан уларни ечинтира бошладилар. Ахир ўн йил аввал кофирлар бу ишларни ҳаёлларига ҳам келтирмаган эдилар-ку!

Тинчликка (амн) рахна солувчи, зикр қилинган барча мисолларни, уламолар «терроризм» деб номладилар. Тинчлик – бугунги кунда кўпчилик қадрламаётган нарсадир. Кўпинча унинг йўқолишига мусулмонларнинг ўзлари сабаб бўлиб қолишмоқда. Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдилар: «Сизлардан бирингиз ўзини (ёки оиласини) ҳавфсизликда, саломатликда ва бир кунга етадиган ризқ билан тонгни қаршилар экан, унга бутун олам насиб бўлгандек бўлибди!» (Термизий 2346, Ибн Можа 4141. Ҳадисни саҳиҳлигини Абу Исо ат-Термизий, Нававий ва Шайх Албоний тасдиқлашган).

Ҳар бир мусулмон агар тинчлик бўлмаса, Роббисига тўлиқ ибодат қила олмаслигини тушуниши керак. Умму Саламанинг ривоятларини эслайлик, улар айтадилар: «Маккадаги аҳвол жуда оғирлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини қийнай бошлашди, фитналарга йўлиқишди. Улар қандай синовларга дучор бўлаётганларини ва динлари қанча фитналарга йўлиқаётганини кўришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бундан ҳимоя қила олмасликларини билар эдилар. Бироқ саҳобаларга етган озорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинмас эди. Чунки улар ўз қавмлари ёки амакиларининг ҳимоясида эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дарҳақиқат, Ҳабашистон ерларида бир ҳукмдор бор. Унинг ҳузурида ҳеч кимга зулм қилинмайди. Аллоҳ сизларга енгиллик бериши ва ҳозирги ҳолатингиздан нажот бериши учун ўша шаҳарга ҳижрат қилинглар». Биз ўша ерларга ҳижрат қилдик. У ерда жамландик, энг яхши уйларга ва энг яхши қўшнилар атрофига жойлашдик. Динимиз учун хотиржам бўлдик ва Аллоҳга зулмлардан қўрқмаган ҳолда ибодат қила бошладик» (Аҳмад 5/290, Ибн Ҳишом 1/343, Байҳақий 9/19. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ас-сира ан-набавия» 170, «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 3190).

Умму Саламанинг ушбу сўзларига эътибор беринглар: «Динимиз учун хотиржам бўлдик ва Аллоҳга зулмлардан қўрқмаган ҳолда ибодат қила бошладик». Ахир тўлиқ ибодат қилмай, дини учун қўрқув ва хатарни ҳис қила туриб, иймоннинг лаззатини татиб бўлмайдику. Ўзи ва дини учун тинчликнинг йўқлигини, Аллоҳ таоло ўша юртга ҳижрат қилишга бўлган буйруқнинг асосий сабаби қилди. Шайх Солиҳ ал-Фавзон айтадилар: «Шак-шубҳасиз, тинчлик ўта муҳим нарсадир. Инсоният унга егулик ва ичимликдан кўра муҳтожроқ. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом аввал тинчликни, кейин эса ризқни сўрадилар:

«Эсланг, Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳлларидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларини турли мевалар билан ризқлантиргин» деди» (Бақара: 126). Қўрқув ҳисси бўлганда, инсонлар ейиш ва ичишдан қониқишни ҳис қилишмайди. Қўрқув сабабидан давлатдан давлатга маҳсулотларни олиб ўтиш йўллари узилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ йўлларда қароқчилик ва ўғирлик қилувчиларга қаттиқ жазо тайинлаган. Ислом беш муҳим нарсани сақлаш учун нозил бўлган (ад-даруриятул-ҳамс): дин, ҳаёт, ақл, номус ва мулк. Буларнинг бирортасига тажовуз қилганга қаттиқ жазолар мавжуд. Тажовуз мусулмон ёки кофирга қарши қилинишининг аҳамияти йўқ. Мусулмонга нисбатан нима тақиқланган бўлса, мусулмон билан аҳдномаси бор бўлган кофир (муоҳид)га нисбатан ҳам тақиқланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди» (Бухорий ривояти). Тинчликни (амн) бузувчиларга келсак, улар ёки ҳаворижлар, ёки йўллардаги қароқчилар, ёки қўзғолончилардир. Ушбу барча гуруҳларга қарши қаттиқ чоралар кўриш лозим» (Қаранг: «Фатава аш-шаръия фи қадая ал-асрия» 125).

Кўпгина ҳадисларда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга қувонч келтирган ва ғамидан халос қилганларга улкан мукофотлар берилиши хабарини берганлар.

«Ким бир мусулмондан дунё ғамларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир мусулмоннинг (камчилигини) ёпса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг (айбини) ёпади. Банда модомики, биродарига ёрдам бериш пайида экан, Аллоҳ унга ёрдамчи бўлади» (Муслим 2699).

«Одамларнинг Аллоҳга суюмлироғи (одамларга) нафи кўпроқ тегадиганидир. Амалларнинг Аллоҳга суюмлироғи бир мусулмоннинг дилига шодлик киритишингиз ё ундан бир ғам-ташвишни аритишингиз ё қарзини ўтаб қўйишингиз ё очлигини кетказишингиздир. Мусулмон биродарим билан бирга бирон ҳожати учун юришим мен учун бир ой масжидда эътикоф ўтиришимдан яхшидир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ унинг айбини ёпади. Ким ғазабини сочишга қодир бўла туриб аччиғини ичга ютса, Аллоҳ қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким мусулмон биродари билан бирга то унинг бир ҳожатини раво қилгунча юрса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган кунда унинг қадамини собит қилади. Ёмон хулқ амални худди сирка асални бузганидек бузади» (Ибн Абу Дунё, Табароний. Ҳасан ҳадис. «Саҳиҳул-жомиъ» 176).

Нима учун мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига, ундаги зикр қилинган буюк фазилатларни эътиборга олган ҳолда, амал қилишмайди?! Бугунги кунда бунинг аксига гувоҳ бўлмаябмизми?! Нима учун «Менга ёмон бўлса, барчага ёмон бўлсин» нуқтаи назар билан яшашимиз керак?

Оламлар Роббиси – Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга

ва унинг оиласига салавоту саломлар бўлсин!

2 та мулоҳаза

  1. Ҳайратдаман → 13.04.2012 йил

    Бурмандо бўйича олтин белбоғ бериш керак сизларга қойил. Гапни бураман деса бурилиб эшилиб, қийшайиб, майшайиб ҳам кетаверар эканда-а?!

  2. Administrator → 18.04.2012 йил

    Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
    Ҳурматли саҳифамиз меҳмони. Бу ерда гап бурилган деб айни нимани назарда тутмоқдасиз, илтимос тафсилот билан йўл қўйилган хатога (агар ҳақиқатдан хато бўлса) кўрсатма беринг. Агар айбловларингиз асоссиз бўлса, Аллоҳдан қўрқинг. Дарҳақиқат Аллоҳ барча гапирган гапларимиз учун ҳисоб-китоб қилувчи зот эканини унутманг.

Фикр билдиринг