PDF WORD

Такфир – хатарли эшикдир!

Такфир – хатарли эшикдир!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

Шартларга риоя қилмасдан ва инсонни Исломдан чиқишига монелик қилувчи нарсаларни эътиборга олмай (маваниъ) кофирликда айблаш (такфир) гуноҳи кабиралар сарасига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўъминни кофирлик билан айблаган киши(нинг гуноҳи) уни ўлдириш кабидир» (Табароний. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳул-жомиъ» 3/111).

Имом Қуртубий дедилар: «Кофирликда айблаш (такфир) – кўпчилик яқинлашган ва қоқилган хатарли эшикдир. Бу эшик олдида сара (инсонлар) тўхтади ва нажот топдилар. Нажотга нима тенг кела олади!» («ал-Муфҳим» 3/111).

Имом Ибн Обидин дедилар: «Куфр – хатарли нарсадир! Мен куфрга дохил бўлишига бир дона бўлса ҳам узрни топсам, (ўша) мўминни кофирликда айбламайман» («Фатавас-суғро» 4/224).

Ҳофиз Ибн Абдулбарр дедилар: «(Мусулмонни) кофирликда айблаб бўлмайди, илло ихтилоф бўлмаган нарсага асосланиш бундан мустасно» («ат-Тамҳид» 17/22).

Шайхулислом Ибн Таймия дедилар: «Кофирликда айблаш маълум шахснинг ҳолатига қараб фарқ қилиши мумкин. Чунки ҳар бир хатокор бидъатчи ёки жоҳил бўлиб қолмайди ва ҳар бир адашган кофир, фосиқ ёки оддий гуноҳкор бўлиб қолмайди» («Минҳажус-сунна» 5/250).

Ибн Таймия яна дедилар: «Ҳеч бир мусулмонни, ҳатто агар у хато қилса ёки адашса ҳам, унга ҳужжат барпо қилинмагунча, кофирликда айблаш мумкин эмас» («Мажмуъ ул-фатава» 12/468).

Ҳофиз Ибн Ҳажар дедилар: «Ўзида Исломни зоҳир қилган кимса, ундан (Исломдан) фақатгина худди шундай зоҳир бўлган далиллар асосидагина чиқади» («Фатҳул Борий» 2/314).

Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб дедилар: «Менинг душманларим таъкидлашича, гўёки мен таҳминларимга асосланиб, ёки кофирларга бўлган муҳаббатим, ёки гуё мен жоҳил кимсаларни ҳужжат етиб бормасидан кофирликда айблар эканман. Буларнинг барчаси улкан бўхтондир. Бу каби сўзлар орқали улар одамларни Аллоҳ ва Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлидан адаштиришни истайдилар!» («Мажмуъу муаллифат» 3/14).

Яна Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб дедилар: «Биз барча уламолар иттифоқ қилгандан бошқа нарсаларда кофирликда айбламаймиз. Бу эса икки шаҳодатдир (Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад Расулуллоҳ)» («ад-Дурарус-сания» 1/102).

Юқорида зикр қилиб ўтилганлар бизга кофирликда айблаш (такфир) қанчалик жиддий масала эканини кўрсатади. Бунга шунингдек фосиқликда айблаш (тафсиқ) ва бидъатда айблашни (табдиъ) киритиш мумкин. Аҳли сунна куфр амалини содир этган мусулмонни, унга қилаётган амали куфр эканлиги ҳақидаги ҳужжатни тушунтирмагунича, кофир демайди. Ҳужжатни қоим қилиш ҳуқуқи эса инсоннинг илм даражасига боғлиқ бўлади.

Қуръон ва Суннат амал ҳамда амални содир этувчи шахс ўртасини ажратади. Чунки ҳар қандай куфр амалини қилган инсон кофир ҳисобланмайди. Шунингдек, Исломнинг бирор ҳолатини инкор қилувчи ҳамда уни таъвил (хато талқин) қилувчи ўртасида фарқ бор. Чунки иккинчи ҳолатдагидан фарқли ўлароқ биринчи ҳолатдаги кофир ҳисобланади. Яна умумий ҳамда хос бўлган ҳолат ўртасида фарқ бор. Масалан, «Қуръон яралган» деган инсон кофир бўлишида ижмоъ қилинган. Бироқ шунга қарамай, агар бу сўзни муайян мусулмон айтса, бу масалани алоҳида кўриб чиқиш лозим. Буни шайхулислом Ибн Таймия изоҳлаб берадилар: «Баъзи мусулмонларнинг ҳукмдорлари жаҳмийларнинг «Қуръон яралган» ва «охиратда Аллоҳни ҳеч ким кўра олмайди» ва ҳ.к. гапларини айтишган. Улар бу сўзларни одамлар орасида ёйганлар. Уларнинг даъватига ижобат қилмаганларни қийноқлар остига олиб жазолаганлар ва уларга эргашмаганларни кофирликда айблаганлар. Бирор кимсани асирга олгач, Қуръон яралган деган эътиқодни тан олмагунича уни қўйиб юборишмаган. Буни эътироф қилганларнигина ўзларига ўринбосар қилиб тайинлаганлар ва шундайларгагина давлат хазинасидан ёрдам кўрсатганлар. Шундай бўлсада имом Аҳмад Аллоҳдан уларга раҳм қилишини ва уларни мағфират қилишини сўраганлар. Чунки имом Аҳмад уларнинг бу ишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф иш қилаётганларини тушунишмаябди деб ҳисоблаганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсани тўғридан-тўғри инкор қилмаганлар. Бироқ улар матнларни хато талқин қилаётган ва буни уларга таълим берганларга кўр-кўрона эргашаётган эдилар» («Мажмуъ ул-фатава» 3/229-231).

Шайх Ибн Усаймин айтадилар: «Бирор кимсани қилган амали (яъни ширк ёки куфр) учун мушрик, кофир ёки лаънатланган дейиш мумкин эмас. Чунки бу масалалардаги ҳукм ўзининг шартлари ва таъқиқи (маваниъ) мавжуд. Биз рибо билан шуғулланаётганни лаънатланган демаймиз. Чунки у лаънатга дохил бўлишига тўсқинлик қилувчи бирор сабаб бўлиши мумкин. Масалан, илмсизлик ёки шубҳа ва ҳ.к. Ширк билан боғлиқ масала ҳам шунга ўхшайди. Биз маълум шахсни ширк қилаётган амали учун мушрик демаймиз. Чунки у билан бирга яшовчи уламоларнинг масъулиятсизлиги сабабли унга ҳужжат етиб бормаган бўлиши мумкин.[2] … Ўлганлардан бирор нарса сўрашлик ширкдир. Бироқ маълум шахсни шу каби амални содир этгани учун мушрик дейиш мумкин эмас, ҳатто бизга унга ҳужжат етиб боргани аниқ бўлмагунича» («ал-Қовлул-муфид шарҳ Китабит-тавҳид» 29-30).

Мусулмонларни кофирликда айблаш бидъат аҳлининг ўзгармас сифатларидандир. Имом Асбахоний айтадилар: «Аҳли сунна вал жамоа бир-бирларини кофирликда айбламайдилар, бир-бирини кофирликда айбловчи ҳавориж, рофизий ва қадарийлар каби бидъат аҳлидан фарқли ўлароқ. Агар уларнинг еттитаси бир мажлисга тўплансалар, улар албатта бир-бирларини кофирликда айблашлари оқибатида тарқаладилар. Улар яҳудий ва насоролар кабидирлар, Аллоҳ улар ҳақида айтади:

«Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди» (Бақара: 113)» («ал-Ҳужжа» 2/255).

Такфир масаласида инсонлар икки бир-бирига қарама қарши ҳолатга тушиб қолдилар. Бирлари ҳатто Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам кофир деганларни кофир дейишга қўрқадилар. Масалан, насроний ва яҳудийларни. Бошқалар эса мутлақо қарама-қарши ҳолатдалар. Улар ўзларини бунга ҳақлиман деб мусулмонларни кофирликда айблай бошладилар. Иш шу даражага етдики, бутун оламда фақатгина ўзини ва бир неча инсонларнигина мусулмон деб ҳисоблайдиганлар пайдо бўлди. Шунингдек улар ҳозирги вақтда ер юзида Ислом ери (дорул Ислом) йўқ деб ҳисоблайдилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, мен сизлар учун, Қуръон ўқийдиган ва унинг чиройи (яъни Қуръоннинг чиройи) унда кўринадиган ва у Исломнинг ҳимоясига турадиган кишидан хавф қиламан. Сўнгра у Қуръонни ортига ташлаб тарк этади ва ўз қўшнисига, уни ширкда айблаб қилич билан ташланади». Ҳузайфа розияллоҳу анҳу сўради: «Ё Расулуллоҳ, уларнинг қай бирлари ширкка яқинроқ, айбловчими ёки айбланувчими?!» Улар жавоб бердилар: «Йўқ, айбловчи» (Бухорий «Тарих» 297, Ибн Ҳиббон 81. Ҳайсамий, ҳофиз Ибн Касир ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ дедилар. «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 3201).

Кўриб турганимиздек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хавф қилган нарса бугунги кунимизда содир бўлди. Қанчадан қанча ҳақ йўлга эргашувчилар тўғри қилаябман деган гумон билан ўзларининг ақида ва манҳажларини бутунлай ўзгартириб юборишмоқда. Ҳаққа эргашиш нақадар ажойиб, аммо асосийси ўша ҳақ устида вафот топишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда айтиб ўтганлардан бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Барча мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хавф қилган нарсадан қўрқишлари вожибдир.

Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ Муҳаммад пайғамбаримизга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.

2 та мулоҳаза

  1. Abu jafar → 15.06.2010 йил

    Assalamu alaykum. Bu yerda keltirilgan dalillarni k’op marta o’qib, tushinib, yod olib keyin amal qilib va shuni boshqalarga yetkazgan kishini Alloh ikki dunyoda aziz qilsin. Jannatining eng yaxshi joyidan o’rin bersin. Amin. Shu dalillar bizga yetib kelguncha hissalari q’oshilgan hamma birodarlarga Allohning barokatlari b’olsin. Amin.

  2. Shaxob → 12.03.2011 йил

    Амийн

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.