PDF WORD

Норозилик намойишлари ҳақида савол-жавоб

Норозилик намойишлари ҳақида савол-жавоб

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

Норозилик намойишлари ҳақида яна бир қизиқ маълумотни ўзбекзабон биродарларга баҳам кўришни ихтиёр қилдик. Ушбу савол-жавоб Искандариялик аҳли илмлардан бўлмиш шайх Толаат Заҳроннинг сайтларига қарашли форумда эълон қилинган. Ушбу форум шайхнинг шахсан ўзларининг кузатувлари ва бошқарувлари остидадир.

Савол-1: Норозилик намойишлари Масолиҳ ал-мурсаладан[2] (“مصالح المرسلة”) деб эътибор қилинадими?

Савол-2: Сиёсий партиялар бошқаруви остида Аллоҳнинг йўлига ва тавҳидга даъват қилиш учун йиғилишлар ва маърузалар ташкиллаштириш жоиз бўладими?

Савол-3: Норозилик намойишларининг ҳукми, ҳукмдорнинг ўзи ижозат берганлиги маълум бўлгач, энди ихтилоф юритиш мумкин бўлган масалалардан деб қараладими?

Жавоб-1: Аллоҳ таоло менга ҳам сенга ҳам тавфиқ берсин, шуни яхши билгинки, Масолиҳ ал-мурсала (“مصالح المرسلة”) шундай ишларки, шариатда на қайтариқ ва на қилиш мумкинлигига далил ворид бўлмаган масалалардир. Шариат қайд этиб ўтган ва шаръий эканлигига далил ворид бўлган фойдалар учта фойдадан иборатдир. Ана шу ҳолатда шаръий бўлган бўлади. У ишда фойдалар бўлганлиги учун эмас, балки шариат мубоҳ қилиб бергани учун (мумкин бўлди деган назар билан қаралади).

Фойдалари бекор бўлган (бориб-бориб охирида чиппакка чиқадиган) ишлардан шариат қайтарган. Ҳолбуки у ишларда баъзи фойдалар бор эди. Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимлик ҳақида шундай деди:

«Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор»» (Бақара: 219). Бироқ у ҳаромдир. Ҳолбуки унда фойдалар бор эди ва шу билан бирга жоиз бўлмади.

Масолиҳ ал-мурсала (“مصالح المرسلة”) – шариатда на қайтарилган ва на мубоҳ эканлигига бирор сўз ворид бўлмаган масала экан, демак қачонки ўша ишда фойда зарарга қараганда катта бўладиган бўлса жоиз бўлади. Энди фойда ва зарарлар баб-баробар бўладиган бўлса ёки зарар (фойдага қараганда) каттароқ бўладиган бўлса, (бундай ҳолатда ўша ишни қилиш) ҳаром бўлади.

Энди норозилик намойишлари (ҳукмдорга қарши) бош кўтариб чиқишнинг бир тури бўлар экан, (аслида бу масала) масолиҳ ал-мурсаладан деб қаралмайди. Чунки бу ҳақида далиллар ворид бўлди ва (шариат) бундан қайтарди. Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Ҳукмдорга эшитиб, итоат қил. Агарчи орқангга уриб, молингни олса ҳам» (Муслим 3/1476, Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). Ва бундан бошқа бош кўтариб чиқишдан қайтариқ ворид бўлган кўплаб ҳадислар бор.

Маст қилувчи ичимлик ҳақида наҳий ворид бўлганидек, (ҳукмдорга қарши) бош кўтариб чиқиш ҳақида ҳам наҳий ворид бўлди. Энди ана шу икки ишни аввалгиси (бўлмиш маст қилувчи ичимлик) масолиҳ ал-мурсала бобидан деб қаралиб мубоҳ қилинадиган бўлса, майли ана иккинчиси (ҳукмдорга қарши бош кўтариш) ҳам мубоҳ қилиб берилсин… Бу гапни эса фақат жоҳил киши айтади. Аллоҳ таоло бизга ҳам сизга ҳам илмсизликдан офият берсин.

Жавоб-2: Энди сиёсий партиялар бошқаруви остида даъват олиб бориш учун давралар ташкиллаштиришга келсак, бу ҳолат ана ўша партияларни қўллаб-қувватлаш ва дастаклаш деб ҳисобланади. Бу ҳолат шак-шубҳасиз мусулмонларнинг (бирлигини) бўлишдир. Демак, бу жоиз бўлмайди. Сиз айтиб ўтган сиёсий партиялар бошқаруви остида ташкиллаштирилган ўша даврада, партиялар ва (турли) жамоатларга (бўлиниб олиш) динимизда жоиз бўлмаган ишлардандир. Чунки Аллоҳ таоло айтдики:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз динларини бўлиб, ўзлари ҳам турли тўдаларга – ҳизбларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирор нарсада (масъул) эмассиз» (Анъом: 159) деб айтишга қодирмисиз? Ва олий мажлисга кириб (депутат бўлиш) жоиз эмас, чунки у қонун чиқарувчи органдир. Қонун чиқариш эса Аллоҳнинг ҳаққи ва Аллоҳнинг сифатидир. Бу масалада Аллоҳ таоло билан тортишиш албатта жоиз бўлмайди деб айта оласизми? Уларга яна Аллоҳнинг Китобини қўйиб бошқа ҳукмларга мурожаат қилаётганларини (юзларига қарата айта оласизми)?

Шуни яхши билгинки, Аллоҳ таоло мана бундай деган:

«Эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг» (Анъом: 68).

Жавоб-3: Ҳукмдор йўқ бўлган чоғда ёки ўзи изн берган ҳолатда норозилик намойишларини ўтказиш ихтилоф қилиш мумкин бўлган (масалалар сирасига кирадими) деб йўллаган саволингга келсак, шуни яхши билгинки, (ҳукмдорга қарши) бош кўтариб чиқишдан қайтарув ворид бўлган экан, демак ҳукмдорнинг шахсан ўзи бу ишга буюрган чоғда ҳам бош кўтариб чиқиш ҳаром бўлади. Чунки у бу ҳолатда маъсиятга буюрувчи (мақомида) бўлади-да, унга бу ҳолатда итоат қилинмайди. Демак, бош кўтариб чиқишни ҳаром эканлиги (ҳукмдор) бу масалада пас келиб (ўтиб бериши) билан мумкин бўладиган ҳукмдорнинг ҳаққига тегишли масала эмас. Балки бу масала ана шу ўринда Аллоҳга ва Унинг элчисига итоат қилиш, мусулмонларнинг қонлари ва молу-дунёларини сақлаб қолишдир. Ушбу ишга буюрган ҳар бир киши маъсиятга буюрувчидир. Кимки бу ишга бир ўтиб берадиган бўлса, албатта у маъсиятга рухсат берган бўлади. Ўзининг қўл остидагиларига маъсиятга рухсат берадиган киши, ҳақиқатда дайюсдир.

Демак (таъбир жоиз бўлса) бу масаладаги ихтилоф Пайғамбар, саҳобалар ва тобеинлар (бир томонда бўлишса) ҳамда (ана шу ишни жоиз деб) айтаётган киши орасидаги ихтилофдир. Демак, у кишининг бу борада ҳавои-нафсидан ўзга далили йўқ.

Пайғамбар билан у кишидан кейин келган бирор киши ўртасида ихтилоф бўлиши мумкинми? У киши ким бўлишидан қатъий назар.

Ихтилоф юз бериши мумкин бўлган масалалар – бу айнан (ихтилофлашилаётган масалада) ҳар бир сўзни далили ва соғлом истинботини кўришимиз мумкин бўлган ҳамда саҳобалардан айнан шу сўзни айтганлари ва улардан яна (айни шу масалада) бошқа сўзни айтганлари ҳам бор бўлган масалаларда бўлиши мумкин. Бу эса фақат фуруъда (фиқҳда) бўлади. Усулга келадиган бўлсак, унда ихтилофлашиш мумкин бўлган масаланинг ўзи йўқ. Бош кўтариб чиқишни ҳаром эканлиги аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асосларидандир. Саҳобаларнинг фаръий масалаларда ихтилофлашишганига келсак, бундай масалаларда қиёмат кунига қадар ихтилоф бўлаверади. Аммо иттифоқ қилишган масалаларда ихтилоф қилиш жоиз эмас. Бу ихтилофга киришиш мумкин бўлмаган ва эътиборга ҳам олинмайдиган ихтилофдир. Аллоҳ таоло айтдики:

«Ким ўзи учун ҳақ йўл аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

Уламолар оятдаги мўминлардан мурод саҳобалардир дейишди.

Аллоҳ таоло пайғамбарга ва саҳобаларга қарата шундай деди:

«Энди агар улар (яъни, аҳли китоблар) сизлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтирсалар, ҳақ йўлни топибдилар. Агар юз ўгирсалар, у ҳолда шубҳасиз, (сизларга нисбатан) гина ва адоватлари бордир» (Бақара: 137).

Дарҳақиқат улар (салаф-солиҳлар) ҳукмдорга қарши бош кўтариб чиқишни ҳаром эканлигига иттифоқ қилишган. Агарчи у ҳукмдор зулм, фисқ ва жабру-ситам ўтказса ҳам. Аммо намоздан тўсадиган бўлса ёки сизларда Аллоҳ томонидан ўша ишда ҳужжат бўлган аниқ-равшан куфрни қиладиган бўлса, бу ўринда унга қарши бош кўтариш жоиз бўлади. Бироқ зарар бўлишини олдини оладиган куч-қудрат бўлиши шарти биландир. Куч-қудрат бўлмас экан, сабр қилишдан ўзга чора йўқ.

Мақоланинг араб тилидаги манбаси: http://www.rahek.com/vb2/showthread.php?1137

Манба: Тавҳид форуми


[1] Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун шайх, аллома, муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.

[2] Шариатда ушбу масаладан қайтарадиган бирор ҳужжат келмаган ва шу билан бирга мубоҳ эканлиги ҳам савол остида бўлган масала бўлиб, замонанинг мужтаҳидлари ижтиҳодларига қараб қолган масалалар сираси.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.