PDF WORD

Мана шу бизнинг даъват

МАНА ШУ БИЗНИНГ ДАЪВАТ

Аллома, Шом диёрининг муҳаддиси

Муҳаммад Носируддин Албоний

роҳимаҳуллоҳ

«Андалус» даъват ва иршод қўмитасининг кириш сўзи

Барча мақтовлар Аллоҳ учундир. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у кишининг оила ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг…

Исломий китобнинг даъват ва илмни тарқатишда катта роли бор экани шак-шубҳасиздир. Чунки китобнинг умри узун, фойдаси эса улканроқдир. Дарҳақиқат салаф солиҳларимиз, роҳимаҳумуллоҳ, илмни тарқатиш, уни сақлаб қолиш ва унга амал қилиш учун ҳам китоб ва асарлар ёзиб кетиш йўлини босиб ўтишди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ушбу китоблар асрлар оша илм ўрни ва амал-у даъватга чорлаб келмоқда.

Шу сабабли «Андалус» даъват ва иршод қўмитаси ушбу қимматли рисолани нашрдан чиқаришга бел боғлади. Ушбу рисоланинг асли аллома, муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ томонларидан қилинган бир маъруза бўлиб, мавзуси «Мана шу бизнинг даъват»дир.

Қўмитадаги шаръий фанлар бўйича (собиқ) изланиш олиб борувчи, биродаримиз: Холид ибн Абдул Аъл, Аллоҳ таоло уни Ўз ҳифзу-ҳимоясига олсин, ушбу рисолани босмадан чиқишга тайёрлаш, жумлаларини бир тартибга солиш, ҳадисларни тахриж қилиш ва қисқа изоҳ киритишдек бир вазифани адо этди, Аллоҳ таоло унга мукофотини тўла қилиб берсин. Ушбу рисола биз томондан илмни ёйиш ва толиби илмларга манфаат ҳосил бўлиши йўлидаги бир камтарона ҳаракатдир.

Айнан ушбу мавзуни ихтиёр қилишимизга бир қанча сабаблар бор. Энг муҳимларидан:

1) Бидъатлар кўпайиб, аҳли ҳаво ушбу замонда атрофга кенг тарқалиб кетди. Оммага фириб ишлатган ҳолда «Китоб ва Суннат» байроғини юқори кўтаришди. Аҳли сунна эса «Китоб ва Суннатни ушбу уммат салафларининг фаҳми билан (тушунамиз)» деган хусусият билан ажралиб туришади.

2) «Ушбу уммат салафларининг фаҳми» бўлмиш энг муҳим асосни тирилтириш ва унга даъват қилиш. Шайх роҳимаҳуллоҳ бидъат аҳли қўл урган залолатни четлаб ўтиш учун ҳам ушбу асосга даъват қилиб ўтдилар.

3) Ушбу рисола катта имом, забардаст олимга тегишлидир. Шайх роҳимаҳуллоҳ дунёни илмга бойитган, ҳамда қалблар ҳам у кишига нисбатан муҳаббатга тўлган бир шахсдир.

4) Ўқувчилар қўлига ушбу маъруза рисола сифатида етиб борганини кўрмадик.

Аллоҳ таолодан илмни тарқатиб етказиш, даъват ва таълим беришда биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб қолишимизга муяссар айлашини сўраймиз. Аллоҳ таоло одамлар аслида нимани қасд қилганларини билувчи Зотдир.

«Андалус» даъват ва иршод қўмитаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Нашрга тайёрловчи муқаддимаси

Барча мақтовлар бизни илм нури ила жаҳолат зулматларидан қутқарган, кўзимизни илм билан чароғон айлаш ила залолат кўрлигига тушишимиздан ҳидоят қилган, биз учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларини энг ёрқин далолат ва олий белги қилган Аллоҳ учундир. Ушбу бизга марҳамат қилиб, тортиқ қилган мўл-кўл, беҳисоб неъматларининг энг афзалидир.

Подшоҳ, очиқ-ойдин Ҳақ, шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси, элчиси, ҳабиби, севиклиги, оламларга раҳмат ўлароқ жўнатилган омонатдор, ростгўй эканига гувоҳлик бераман.

Сўнг…

Ҳурматли биродарим, қўлингиздаги ушбу асар аср муҳаддиси, имом, аллома Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳнинг «Мана шу бизнинг даъват» мавзусидаги қимматли рисоласидир. Аллоҳ таоло у кишини Ўзининг кенг раҳматига олиб, қабрларини кўзлари етар жойгача кенгайтириб, нур ато этган бўлсин.

Ушбу рисола бизга улкан бир қоида ва катта асосни таъсис этадики, ушбу асос ила суннат ва ҳидоят аҳли бидъат ва ҳаво аҳлидан, ҳақ эгалари эса тўғри йўлдан оғганлардан ажралиб туради. Чунки бирор бир тоифа, ҳизб ёки жамоат бўлмасин, бари Китоб ва Суннатни даъво қилади. Бироқ шу ўринда бир савол туғилади: Китоб ва Суннат кимни фаҳми асосида бўлмоғи даркор?! Шу сабабдан ҳам шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу улкан қоидани қўйиб кетяптилар. У ҳам бўлса: «Китоб ва Суннатни ушбу уммат салафларининг фаҳми ила (тушунмоқдир)».

Мўтазилаларнинг ажралиб олишлари, жаҳмияларнинг жаҳмия бўлиб кетиши ва хаворижларнинг бош кўтариб чиқишининг асли негизи ҳам, ушбу асосдан узоқлашишдан ўзга нарса эмас!!

Ушбу уммат салафларининг тушунчасига қайтиш, тойилиш ва оғишишдан сақланишдир. Демак ушбу асос аҳли сунна билан бошқалар ўртасини ажратиб турадиган рамздирки, аҳли сунна ушбу учинчи асос бўлмиш «Уммат салафларининг фаҳми»га қайтадилар. Хоссатан ваҳий ва Қуръон нозил бўлишига гувоҳ бўлиб, тафсирини тўлақонли билган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари (фаҳмига қайтиш). «Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларики, уммат орасида қалблари энг поки, илми энг чуқури, такаллуфи энг ози, энг гўзал баён қиладигани, иймонда энг ростгўйи, насиҳатда энг кенгқамровлиги ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда энг илдамидирлар».[1]

Наҳот бирор яхши хислат бўлсаки, улар уни қилишмаган бўлса? Бирор тўғри қадам ташлаш бўлсаки, улар уни босиб ўтишмаган бўлса?

Аллоҳга қасамки, соф, чучук, тамли ҳаёт булоғининг бошида турганлар – ўша зотлардирки, Ислом қоидаларини мустаҳкам қилиб, ўзларидан кейин бирор кишига айтар сўз қолдиришмади. Қалбларни Қуръон ва иймонга (амал қилишдаги) адолатлари билан, шаҳарларни эса қилич ва тиғ билан (олиб борилган) жиҳод ила фатҳ қилишди. Илмни тобеъинларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мишкотларидан қандай олишган бўлса, шундай мусаффо ҳолатда етказишди. Уларнинг бу борадаги санадлари: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Жаброил ва оламларнинг Роббисидан бўлган олий, саҳиҳ бир санад эди. Шундай дейишарди: «Ушбу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг омонатлари бўлиб, сизларга буни тортиқ қиляпмиз. Ушбу Роббимизнинг васияти ва бизга юклаган фарзики, бу сизларга ҳам васият ва гарданларингиздаги фарзидир».

Уларга гўзаллик билан эргашган зотлар ҳам саҳобаларнинг соғлом манҳажлари асосида юриб, уларнинг сиротул мустақим бўлмиш изларига эргашишди. Сўнг тобеъинларга эргашувчилар ҳам ушбу тўғри маслак бўйлаб юришди.

«Улар (бу дунёда) хуш-ҳақ сўзга («Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ», деган сўзга) ҳидоят қилинурлар ва ҳамду сано эгаси – Аллоҳнинг йўлига ҳидоят қилинурлар» (Ҳаж: 24).

Улар ўзларидан олдингиларга нисбатан энг рост сўзлагувчи Зот айтганидеклар:

«(У пешқадамлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилардан (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан) эса оздир» (Воқеа: 13-14).[2]

Ана ўша зотлар салаф солиҳлар бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча нарсада яхшилик билан гувоҳлик берган асрларнинг сарасидир. Ушбу яхшилик ақида, ибодат, манҳаж, ахлоқ-одоб ва сулукдадир. Улар менинг салафларимки, эй Жарир йиғинларимизда қани ўшаларга ўхшашларини олиб келчи!

Муборак Набавий ҳижрат диёрининг имоми Молик ибн Анас қандай ҳам чиройли сўз айтганди: «Ушбу умматнинг охири, аввали ислоҳ бўлган нарса билангина ислоҳ бўлади».[3]

Ушбу рисолада қуйидагиларга қўл урдим:

1 – Қуръон оятларини кўриб чиқиб, суранинг исми ва оят рақамини қўйиб кетдим.

2 – Истеъмолда оз учрайдиган сўзларга шарҳ бериб ўтдим.

3 – Фойда ҳосил бўлиб, иборалар аниқ-равшан бўлсин дея баъзи ўринларга кичик изоҳлар киритдим.

4 – Шайхнинг бошқа китоблари орасидан ҳам баъзи изоҳларни иқтибос қилиб келтирдим. Ҳурматли ўқувчи, шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу рисолани бошқа ўринда ҳам эслаб ўтганларини билиб олади. Натижада ўша манбага мурожаат қилиши осон кечиб, янада зиёда фойдаларни қўлга киритади.

5 – Шайх роҳимаҳуллоҳ келтирган ҳадис ва асарларни қуйидаги кўринишда тахриж қилдим:

  • Ҳадис икки саҳиҳда келган бўлса, рақамларига ишора қилиш билан чекландим.
  • Ҳадис икки саҳиҳнинг биридагина келган бўлса, яна унинг рақамини келтириб ўтиш билан кифояландим. Гоҳида эса иллати бор жиҳатига енгил ишоралар қилиб ўтдим.
  • Ҳадис саҳиҳайндан бошқа тўпламда келган бўлса, икки ёки уч манбани келтириш билан чекландим. Тоинки оддий ўқувчига қийинлаштириб, рисола хошиясини тўлдириб юбормай ва кўп ҳолатда ушбу иш фақат ана шу фанда мутахассис бўлганларгагина фойда бўлишини инобатга олдим.
  • Агар ушбу ҳадиснинг ҳукмида шайх билан аввалги аҳли илмлар ўртасида ихтилоф рўй берган бўлса, ушбу ихтилофга енгил ишора қилдим сўнг шайхнинг сўзларини зикр қилдим.
  • Ҳадис ва асарларга, шайхнинг босмадан чиққан китоблари орасидан берган ҳукмларини нақл қилдим.
  • Рисолани диққат билан бир тартибга солдим. Ушбу иш рисоланинг асли бўлмиш кассета ва мўътамад суннат китобларига мурожаат қилиш билан бўлди.
  • Шайхнинг тилларида қасдсиз рўй берган луғавий хатоларни ўнглаб чиқдим.
  • Шевада истеъмол қилинадиган лафзларни арабий фусҳага қайтардим.
  • Такрор айтилган ва мавзуга алоқаси бўлмаган жойларини ҳазф қилдим.

Қилган ишим шу бўлиб, Аллоҳ азза ва жалладан ушбу амални Ўзининг Карим Юзи учун бўлмоқлигини, ушбу ишда халқларидан бирор кишига насиба қўймай, мендан ушбу амални ҳусни мақбул айлаб, ернинг мағриб ва машриғидаги мусулмонларга манфаат ҳосил бўлишини сўраб қоламан. Албатта У бу ишнинг тепасида бошқариб турувчи ва Қодир Зотдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, оила ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.

Абу Муоз Холид ибн Абдул Аъл

Бошловчи: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Барча мақтовлар Аллоҳ учундир. Росулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у кишининг оиласи ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту-саломлари бўлсин.

Сўнг…

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло бизга иймон неъмати билан, умматга эса уламоларни (бағш этиш билан) марҳамат кўрсатди. У (уламо)лар шундай кишиларки, Аллоҳ таоло ато этган илм сабабли уларни мукаррам қилди. Уламолар одамларга Аллоҳ таоло ва Унга ибодат қилишга (олиб борадиган) йўлни ёритиб берадилар. Улар шак-шубҳасиз пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

Бизни (бу ерга) келишимизга ундаган нарса, иншааллоҳ келажакда ҳам шундай бўлиб қолади, авваламбор Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги ҳамда ушбу (Аллоҳнинг розилигига) элтувчи илм талабидир. Аллоҳга қасамки, ушбу бетакрор онда шайх, олим, катта устозимиз шайх Муҳаммад Носируддин Албоний билан учрашиб турганимиздан (бағоят шодмиз). Авваламбор ушбу ноҳия номидан (Шувайка ноҳияси) фазилатли шайхимизга хуш келибсиз, (босиб келган қадамларингизга қийрот-қийрот ажру-ҳасанотлар ёғилсин) ҳамда ушбу чорраҳа аҳли, хоссатан уларнинг ичидаги толиби илмлар, номидан барчангизга хуш келдингиз деймиз. Бугун улар ҳурматли устозимиз билан учрашишга ошиқманддирлар. Ҳечқиси йўқ, барчамиз у кишидаги илм дурдоналари-ю, ҳикматга қулоқ тутишга ошиқмандмиз. Демак, Аллоҳ таоло у кишига марҳамат қилган илмга қулоқ тутамиз. Сўнг шайхимиз (нутқларидан) фориғ бўлгач, савол йўллашингиз мумкин бўлади. Иншааллоҳ саволларингизни варақаларга ёзиб йўллайверасиз. Такрор айтаман ажойиб онлар (барчангизга муборак бўлсин). Шайхимиз хуш келдингиз.

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ:

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.

Биродаримиз, устоз Иброҳимга[4] ушбу сўзлари ва олқишлари учун ташаккур билдираман. Мен учун ушбу (олқиш) рўбарўсида аввалги халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга иқтидо қилишдан ўзга айтадиган гапим йўқ. У киши розияллоҳу анҳу ҳақ ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аввалги халифалари эди. Шу билан бирга у киши бирор одамни ўзлари ҳақида яхшиликни (айтиб) олқишлаётганини эшитсалар, мен шундай деб биламанки, ушбу олқишлаёткан киши ҳар қанча олқишида муболаға қилса ҳам, модомики у киши Росулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) халифалари экан, демак бунга лойиқдирлар. Шундай бўлишига қарамасдан, Аллоҳ ёрдам сўралгувчидир, бундай деб айтардилар: «Аллоҳим мени улар айтаётган (сўзлари) сабабли азобламагин. Мени улар гумон қилаётгандан ҳам яхши қилгин. Мени улар билмайдиган (хато-камчиликларимни) мағфират қилгин».[5] Сиддиқ ал-Акбар розияллоҳу анҳу ана шундай дерди. Энди биз у кишидан кейин нима ҳам дердик?

Демак, у кишига иқтидо қилган ҳолда айтаманки: «Аллоҳим мени улар айтаётган (сўзлари) сабабли азобламагин. Мени улар гумон қилаётгандан ҳам яхши қилгин. Мени улар билмайдиган (хато-камчиликларимни) мағфират қилгин».

Ҳақ шуки, фақат ҳақни айтаман, мен ҳозиргина фазилатли биродаримиз Иброҳимдан эшитганингиздаги сифатларга эга эмасман. Мен фақатгина бир толиби илмман холос, бошқа нарса эмас. Ҳар бир толиби илм Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига амал қилиши вожиб бўлади: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроилдан ҳадис айтаверинглар, хараж (танглик) йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқийдиган бўлса, бас, ўрнини жаҳаннамдан эгаллайверсин».[6]

Шунга биноан, ушбу пайғамбар ҳадисига ва бундан бошқа Аллоҳнинг Китоби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг ҳадисларида ворид бўлган кўплаб ҳужжатларга лаббай деган ҳолатда, одамларга улар билмайдиган нарсаларни етказишга бел боғладик. Бироқ бундан, биродарларимизнинг биз ҳақимиздаги чиройли гумонларига (лойиқ) бўлиб қолдик дегани келиб чиқмайди. Албатта бундай эмас.

Ич-ичимдан ҳис қилиб турганим бир ҳақиқат шуки, ушбу сўзга ўхшашини эшитганимда адибларнинг наздида маъруф бўлган бир масал ёдимга тушади. У ҳам бўлса: «Қушча биз томонларда бургутга айланиб кетяпти». Баъзи кишиларга ушбу сўздан ёки ушбу масалдан кўзланган мақсад махфий қолади. Қушча: кичик бир қуш бўлиб, унинг бирор эътибори йўқ. Ушбу кичик қушча одамларнинг наздида бургутга айланиб қоляпти. Сабаби улар бургутнинг куч-қуввати ва катталигидан жоҳил қолишди. Ушбу масал хоҳ ҳақ ва тўғрилик билан бўлсин ёки хато ва ботил билан бўлсин, Исломга даъват қилаётганларнинг кўпчилигида ўз тасдиғини топади.

Бироқ Аллоҳнинг Ўзи билади, ер юзи, исломий диёрларнинг барчаси, фалончи олим деб айтилса ярашадиган кишилардан холий қолди. Фақатгина ниҳоятда озчиликни ташкил қиладиган саноқли кишилар бундан мустасно. Имом Бухорий ўзларининг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта Аллоҳ таоло илмни уламоларнинг қалбидан тортиб олмайди. Бироқ У илмни уламоларни қабз этиши (вафот этиши) билан кўтаради. Ҳатто бирор олим қолмагач (бизнинг мавзумизга тегишли қисми ҳадиснинг ана шу жойидир) одамлар (ўзларига) жоҳил бошлиқларни танлаб оладилар. Энди саволга тутилганларида илмсизлик билан фатво берадилар-да, (ўзлари ҳам) адашиб, (ўзгаларни ҳам) адаштиришади».[7]

Аллоҳ таоло илмни кўтаришни хоҳласа, уни уламоларнинг қалбидан шундай тортиб олмайди. Яъни, олим бирор мартта ҳам таълим олмаган ҳолатига қайтиб қолмайди. Йўқ, Аллоҳ азза ва жалла бандаларига нисбатан асло бундай қилмайди. Хоссатан солиҳ бандаларига, Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун қўлга киритган илмлари қалбларидан кетиб қолмайди, боя биродаримиз Иброҳимдан, Аллоҳ таоло унга барака ёғдирсин, қисқа бўлсада бир сўз эшитдингизки, ушбу йиғилиш илм талаби учун бўлди. Аллоҳ азза ва жалла Ҳакам ва Одил Зотдирки, илмни уламоларнинг қалбидан шундайлигича тортиб олмайди. Бироқ Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотларига нисбатан суннати (одати) шундай юз берадики, У илмни уламоларни Ўзига қабз қилиш билан кўтаради. Уламо, пайғамбар ва росулларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламга нисбатан қилганидек. Демак бирор олим қолмагач, одамлар жоҳил бошлиқлар танлаб оладилар. Уларга савол берилгач эса илмсизлик билан фатво бериб, ўзлари ҳам адашишади, ўзгаларни ҳам адаштиришади. Бунинг маъноси Аллоҳ азза ва жалла ер юзида бандаларига ҳужжатни қоим қиладиган бирорта ҳам олимни қолдирмайди деган маънода эмас. Балки бунинг маъноси: Замон охирлашиб, илм озайгани сайин (илмсизлик) ва нуқсон ҳам зиёдалашиб боради. Ҳатто ер юзида Аллоҳ, Аллоҳ деб айтадиган бирор киши қолмайди.

Ушбу ҳадисни бир неча бор эшитгансизлар ва у саҳиҳ ҳадисдир: «Ер юзида Аллоҳ, Аллоҳ дейдиган киши (қолмагунча) қиёмат қоим бўлмайди».[8] «Аллоҳ, Аллоҳ деб айтадиган киши», ўшаларга ўхшашларнинг кўпчилигига юқоридаги ҳадисларнинг сўнгида зикр қилинган ҳадисда ишора қилинди. Демак Аллоҳ таоло илмни уламоларни қабз қилиш билан кўтаради. Ҳатто бирор олим қолмагач одамлар жоҳил бошлиқларни танлаб оладилар. Ана шундай бошлиқлардан Қуръон ва Суннатни уламоларнинг йўлига зид тарзда изоҳлайдиган кимсадир. Фақат аввал ўтган (уламолар) демайман, балки кейинги келган (уламоларнинг ҳам изоҳига зиддир).

Улар ушбу «Аллоҳ, Аллоҳ» ҳадисини Аллоҳ азза ва жаллани ёлғиз «Аллоҳ, Аллоҳ» лафзи билан зикр қилишни жоиз эканига, балки мустаҳаб эканига далил қилиб келтиришади. Ана шунга ўхшаш изоҳ киритиш билан ушбу ҳадисни эшитган вақтда, ўзига бино қўйган кимса алданиб қолмаслиги ва билимсиз киши жоҳил қолмаслиги учун (шу ерда) ҳозир бўлган биродарларимга йўл-йўлакай ушбу тафсир ботил эканини эслатиб қўйишни ўзимга лозим топдим:

Биринчидан: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламдан келган бошқа бир ривоятда бунинг очиқ баёни келгандир.

Иккинчидан: Агар ушбу изоҳ тўғри бўлганида салаф-солиҳ розияллоҳу анҳумларнинг амали ўшандай жорий бўларди. Демак улар шундай қилишмаган экани, уларнинг ушбу изоҳга биноан амал қилишдан юз ўгиришгани, ушбу изоҳнинг ботил эканига далолат қилади.

Энди ушбу ривоятга бошқа бир ривоят қўшилса нима дейсизлар, масаланинг моҳияти ҳам шудир. Имом Аҳмад ушбу ҳадисни ўзларининг «Муснад»ларида саҳиҳ санад ила ушбу лафзлар билан ривоят қилганлар: «Ер юзида ла илаҳа иллаллоҳ дейдиган киши бор экан қиёмат қоим бўлмайди».[9] Демак такрор, биринчи ривоятда такрор келган Аллоҳ, лафзи жалоладан қасд қилинган маъно шу эди.[10]

Энди гаплашаётган мавзумизга қайтсак. Минг афсуслар бўлсинки бугун ер юзи, ушбу бепоён ер куррасини ўзларининг илмлари билан тўлдирадиган ва уни ўзларининг халқлари ўртасида тарқатадиган уламолардан холи қолди. Уламолар бугунги кунда қуйидаги мисраларда айтилган ҳолатдадир:

Илгари санаб чиқиладиган бўлса оз бўлардилар,

Бугунги кунда эса озайгандан-озайиб кетишди.

Биз Аллоҳ азза ва жалладан бизни уламоларнинг йўли узра ҳаққирост юриб борадиган ва уларнинг йўли бўйлаб ростгўйлик билан ўтиб борадиган толиби илмлардан қилишини умид қилиб қоламиз. Ушбу Аллоҳдан умидимизки, бизни Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам айтиб кетган ушбу йўл узра юрадиган толиби илмлардан қилишини умид қиламиз: «Ким илм истаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини енгил қилади».[11]

Бу менга Қуръоннинг жуда кўплаб ўринларида зикр қилинган ушбу илм борасида гап бошлашимга замин тайёрлайди. Мисол учун Аллоҳ таолонинг ушбу қовли:

«Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?» (Зумар: 9).

Ва яна Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу қовли:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11).

Ушбу Аллоҳ азза ва жалла унинг аҳлига, у билан безанган ва уларнинг йўлидан юрганларга мақтов айтган илм нима у ўзи?

Жавоб эса – Шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари имом Ибн Қоййим ал-Жавзия роҳимаҳуллоҳ айтгандекдир:

«Илм – Аллоҳ, Унинг Росули ва саҳобалар айтганидир, асло кўзбўямачилик эмас.

Илм Росул билан фақиҳнинг райини тентакларча ўзаро қарама-қарши қилиб қўйишинг ҳам эмас.

Ташбиҳ ва тамсилдан ҳазир бўлган ҳолатда Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиш ҳам эмас».[12]

Илмни демак ушбу сўздан ёки шоирларнинг сўзларида нодир ҳолатда эшитадиганимиз ушбу шеърдан оламиз. Чунки уламоларнинг шеъри шоирларнинг шеъридан ўзгача бўлади. Бу киши эса олим. Шеърни ҳам қойиллатадилар. Демак у киши айтяптиларки: Илм – «Аллоҳ айтди», бу биринчи даража, «Росулуллоҳ айтди», бу эса иккинчи даража, «Саҳобалар айтди», мана буниси эса учинчи даражадир.[13]

Ана шу ўринда ушбу муборак, ажойиб кечада гапимни ушбу (нуқтага) қаратаман иншааллоҳ. Ибнул Қоййимнинг ушбу сўзлари бизга ўта муҳим бир ҳақиқатни ёдимизга солади. Ушбу ҳақиқатдан бугунги кунда Ислом оламида Исломга даъват қилувчи деган ном остида кенг тарқалган аксар даъватчилар ғофилдирлар. Хўш, ушбу ҳақиқат нима? Ўша даъватчиларнинг наздида маъруф бўлган нарса шуки: Ислом бу Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг суннатларидир. Бу шак-шубҳасиз ҳақдир. Бироқ бунда бир (муҳим) етишмовчилик бўлгани сабабли ноқисдир. Ушбу етишмовчиликка Ибнул Қоййим юқорида ўтган шеърларида ишора қилиб ўтдилар. Китобу-Суннатдан кейин саҳобаларни зикр қилдилар. Илм – Аллоҳ айтгани, Росули айтгани ва саҳобалар айтганидир.

Ҳозирги вақтда эса бирор кишини Китобу-Суннат билан бирга саҳобаларни ҳам ёдга олганини жуда нодир ҳолатда эшитамиз. Барчамизга маълум бўлганидек саҳобалар салаф-солиҳларнинг бошидагиларидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир даражасидаги ушбу ҳадисда айтилганки: «Одамларнинг яхшиси мени асримдагилар».[14] Кўпчилик даъватчилар айтаётгандай: асрларнинг яхшиси деб, айтманглар. Асрларнинг яхшиси деб бошланадиган (ҳадиснинг) суннатда асли йўқдир. Икки саҳиҳ (имом Бухорий ва имом Муслим роҳимаҳумаллоҳларнинг ҳадис тўпламлари) ва улардан бошқа ҳадис ва суннат манбаларидаги саҳиҳ суннат ҳадиснинг ушбу лафз билан келган ривоятига мувофиқдир: «Одамларнинг яхшиси мени асримдагилар. Сўнг улардан кейин келадиганлари, сўнг улардан кейин келадиганлари».

Саҳобалар эса яхшилик билан гувоҳлик берилган ўша уч асрнинг бошидагиларидир. Имом Ибнул Қоййим ал-Жавзия эса уларни Китобу-Суннатга қўшиб келтирдилар. У киши томонларидан содир бўлган ушбу қўшиб келтириш хатога юз тутиши мумкин бўлган рай, ижтиҳод ва истинбот тарзида бўлдими? Чунки учқур от ҳам қоқилади. Агар кўп қоқилади демасак.

Жавоб: Йўқ. Ушбу иш истинбот ҳам ва хато бўлиши эҳтимоли бўлган ижтиҳоддан ҳам келиб чиқмади. Балки бу Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг ҳадисларига таянган ҳолатда бўлди.

Китобга келсак: Роббимиз азза ва жалланинг Қуръони Каримдаги ушбу қовлидир:

«Ким ўзи учун ҳақ йўл аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса…» (Нисо: 115). Эътибор беринг «Ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса…» Роббимиз азза ва жалла ушбу оятда мана бу қовлга чекланиб, агар шундай қилса ҳам ҳақ бўларди, айтмадики: «Ким ўзи учун ҳақ йўл аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса биз уни кетганича қўйиб берамиз». Балки етук бир ҳикмат сабабли ва биз баён қилиб, шарҳ бериш муносабатида турганимиз оятда Роббимиз азза ва жалла шундай деди: «Ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса». Демак оятни тўлиқ кўриниши:

«Ким ўзи учун ҳақ йўл аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

Ушбу оят зеҳнингиз ва қалбларингизда мустаҳкам ўрнашиб қолишини ва қалбларингиздан асло чиқиб кетмаслигини умид қиламан. Чунки у ҳақдир. Ушбу ҳақни айтар экансиз, бу билан ўнг томонга ҳам, чап томонга ҳам оғиб кетишдан ва бирор жузъий масалада бўлса ҳам нажот топмайдиган фирқалардан, агар залолатга кетган фирқалар демасак, бир фирқада бўлиб қолишдан нажот топасиз. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (барчага) маъруф ҳадисда айтдиларки, мен ҳозир ушбу ҳадисни биз гаплашаётган мавзумизга тегишли қисмигагина чекланаман: «Яқин келажакда умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Биттасидан ташқари барчаси жаҳаннамдадир»«У ким экан эй Росулуллоҳ?», дейишди. «У жамоатдир», дедилар.[15]

Жамоат – мўминларнинг йўлидир. Асли ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг қалбларига Аллоҳ томонидан бевосита тушган ваҳий бўлмасада, бироқ у юқоридаги оятдан айнан иқтибос бўлди: «Ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса».

Демак кимки пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, дарҳақиқат дўзах билан ваъид қилингандир. Аксинча иш тутса натижа ҳам аксинча бўлади: кимки мўминларнинг йўлига эргашса, унга шак-шубҳасиз жаннат ваъда қилингандир. Демак Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам: Нажот топувчи фирқа қайси? Ким у?, деган саволларга жавоб бериб айтдиларки: «Жамоатдир». Демак жамоат – мусулмонларнинг тоифасидир. Сўнг ушбу маънони таъкидлаб ва янада очиқ баён қилиб келган бошқа бир ривоят ҳам бор. Соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салам айтдиларки: «У мен ва саҳобаларим йўлида бўлганидир».[16] Эътибор қаратинг «Саҳобаларим». Демак, бу мўминларнинг йўлидир. Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ юқорида зикри ўтган сўзларидаги «Саҳобалар» яъни алайҳиссаломнинг саҳобалари деганларида, ушбу (саҳобалар) деган қисмини юқоридаги оятдан ва мана бу ҳадисдан айнан иқтибос қилиб келтирди.

Яна Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадис ҳам, мен ҳозир ушбу ҳадиснинг баъзи саволларга ҳам вақт қолсин дея, ушбу биз гаплашаётган мавзумизга тегишли қисмигагина чекланаман. Соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салам айтдиларки: «Сизларга менинг суннатим (йўлим) ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларимнинг суннати (йўли) лозим бўлади».[17]

Демак, ушбу ҳадис ҳам ўзидан олдинги ҳадис ва юқоридаги оятга ўхшашдир. Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салам: Сизларга фақат менинг суннатим (йўлим) демадилар. Балки ўзларининг суннатларига (йўлларига) тўғри йўлдаги халифаларининг суннатини (йўлини) ҳам қўшиб қўйдилар.

Шундан келиб чиқиб биз хоссатан ҳозирги замонда, қарашлар, фикрлар, мазҳаблар қарама-қарши келиб турган, ҳамда гуруҳ ва жамоатлар кўпайиб, ҳатто кўплаб мусулмон ёшлар ўзини қайси жамоатга нисбат беришини билмай ҳайрону-лол қолган ҳолатда ҳаёт кечираётган замонда эканмиз, ушбу оят ва юқорида эслаб ўтилган икки ҳадисдан жавоб оламиз. Мўминларнинг йўлига эргашинглар!

Ҳозирги асрдаги мўминларнинг йўлигами? Жавоб: Йўқ. Балки ўтган асрдаги, аввалги асрдаги, саҳобалар ва салаф-солиҳларнинг асридаги (мўминларнинг йўлига эргашинглар). Ана ўша зотлар бизларнинг пешволаримиз ва эргашадиганларимиз бўлмоғлиги лозим. Мутлақ ер юзидаги улардан бошқалар эмас, (айнан уларнинг йўлига эргашамиз).

Демак бизнинг даъватимиз, гаплашаётган мавзумиз ва йиғилишимизнинг моҳияти ҳам ушбу нуқтададир, учта рукнга, Китобу-Суннат ва салаф-солиҳларга эргашиш асосига қоим бўлгандир.

Энди кимки Китобу-Суннатга эргашиб, салаф-солиҳларга эргашмасликни даъво қиладиган бўлса ва ўзининг ҳолати билан айтсаки, дарҳақиқат ўзини тили билан ҳам очиқ айтади: улар ҳам кишилар эди, биз ҳам кишилармиз деса, у албатта (тўғри йўлдан) оғишиш ва залолатда бўлади. Нима учун? Чунки у ҳозиргина сизларга айтиб ўтганим, ушбу ҳужжатларни олмади. Мўминларнинг йўлига эргашдими? Йўқ. Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига эргашдими? Йўқ. Ҳоп унда нимага эргашди? Агар ҳавосига демасак, дарҳақиқат ақлига эргашди. Ақл эса маъсумми (хатога йўл қўйишдан сақланганми)? Жавоб: Йўқ. Демак очиқ-ойдин адашишликда адашибди.

Мен шундай деб биламанки, ўша машҳур фирқалардан мерос бўлиб келаётган эски ихтилофлар-у, бугунги кунда бўй кўтараётган янги ихтилофларнинг сабаби – учинчи манба бўлмиш салаф-солиҳларга қайтмасликдир. Барча Китобу-Суннатга мансубликни даъво қилади.

Мана ўша ҳайрону-лол қолган ёшлардан қуйидаги сўзларни эшитамиз, айтадики: Эй биродар, мана булар Китобу-Суннат деяпти. Анавилар ҳам Китобу-Суннат деяпти. Ҳоп унда ўртани ажратиб турган ҳукм қилувчи ажрим нима? Китобу-Суннат ва салаф-солиҳ манҳажидир. Кимки салаф-солиҳга таянмай фақат Китобу-Суннатга таянса, дарҳақиқат Китобу-Суннатга ҳам таянмабди. Агар ҳавосига демасак, дарҳақиқат ақлига таянибди.

Баъзи мисолларни келтиришим, бу менинг одатимдандир. Тоинки ушбу масала балки ушбу муҳим асос аниқ-равшан бўлсин. У ҳам бўлса «Салаф-солиҳ манҳажидир».

Шу ерда Фаруқ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир асарни (ёдга олсак). Айтадиларки: «Агар ҳавои-нафс ва бидъат аҳли сизлар билан Қуръон воситасида мужодала қиладиган бўлса, улар билан Суннат воситасида мужодала қилинглар. Чунки Қуръон ўзида кўплаб маъноларни жо қилгандир».[18]

Нима учун Умар ушбу сўзни айтдилар?

Мен айтаманки: Бунинг сабаби Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг пайғамбари алайҳиссаломга Қуръонда хитоб қилган ҳолатда шундай деди:

«Сизга эса одамларга нозил қилинган нарсани (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 44).

Шу ўринда бир савол туғилади. Араб бўлган мусулмон киши, араб тили, адабиёти ва услубларини билишда боринг ана ўз замонасининг Сибавайҳи (луғат олими) бўлсин, Росулимиз соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи васалламнинг йўлларини қўйиб Қуръонни ўзи шундай тушуна оладими? Жавоб: Йўқ. Агар шундай (ўзича тушуниб кетиши) бўлганида Аллоҳ таолонинг ушбу: «Одамларга нозил қилинган нарсани (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган, қовли бекор-беҳуда бўлиб қолган бўларди. Аллоҳнинг Каломи эса ҳар қандай беҳудаликдан йироқдир.[19]

Мен айтаманки: Демак кимки Қуръонни Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг йўлларини қўйиб (ўзи шундай) тушунмоқчи бўлса, дарҳақиқат узоқ адашишликда адашибди.

Сўнг ўша кимсага Қуръону-Суннатни саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг йўлларини қўйиб (шундай) тушунишига имкон борми? Жавоб эса яна: Йўқ. Бунинг сабаби:

Биринчидан: Улар бизга Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалоту ва салламнинг қалбларига нозил қилган Қуръонни нақл қилишди.

Иккинчидан: Улар бизга юқоридаги оятда эслаб ўтилганидек алайҳиссаломнинг ушбу Қуръонни баён қилишлари ва уни (Қуръонни) амалий суратда қандай татбиқ қилганларини нақл қилишгандир.

Шу ўринда қисқагина бўлсада бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи васалламнинг баён қилишлари уч турлидир:

1 – Лафзан баён қилиш;

2 – Феълан (иш-ҳаракат) баён қилиш;

3 – Тақриран (саҳобаларини қилган ишларига сукут сақлаб рози бўлиш билан) баён қилиш.

Лафзий баёнларини бизга ким етказди? Саҳобалари.

Феълий баёнларини бизга ким етказди? Саҳобалари?

Тақририй баёнларини бизга ким етказди? Саҳобалари.

Ана шу сабабдан ҳам Китобу-Суннатни тушунишда фақат луғавий кучимизга ишониб қолишимизнинг имкони йўқдир. Бошқа томондан эса биз бу билимларсиз (масалага) ечим тополмаймиз. Албатта бундан биз араб тилидан беҳожат бўлишимиз мумкин экан деган гап келиб чиқмайди. Шунинг учун биз қатъий аминмизки, араб тилини пухта эгалламаган араб бўлмаган халқлар жуда кўплаб хатоларга тушишади. Хоссатан ушбу усулга оид хатога тушишади. У ҳам бўлса Китобу-Суннатни тушунишда салаф-солиҳларга мурожаат қилмасликдир.

Юқоридаги гапимда луғатга таянмаслик керак деган маънони назарда тутганим йўқ эди. Ахир қандай қилиб? Агар саҳобаларни сўзини тушунишни хоҳласак, араб тилини тушунишимиздан ўзга чора йўқдир. Ҳудди Қуръону-Суннатни тушунишда араб тилини билишдан ўзга чора бўлмаганидек.

Бироқ биз айтмоқчи бўлганимиз: Юқоридаги оятда эслаб ўтилган Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг баён қилишлари уч қисмдан иборатдир:

1 – Сўз;

2 – Феъл (иш-ҳаракат);

3 – Тақрир;

Рад этиб бўлмас ҳақиқат бўлган ушбу тақсимотни тўлиқ тушуниб олишимиз учун бир ёки бир неча мисоллар келтирамиз. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлини олайлик:

«Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар» (Моида: 38).

Ҳозир мана Қуръонни тафсир қилишда фақат луғатгагина таянишимиз имконсиз эканига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Ўғри – луғатда молни қўлга киритиш мумкин бўлмаган ўриндан[20] ўғирлаган ҳар бир кимсага ўғри деб айтилади. Агарчи у мол ҳар қанча қадр-қийматсиз бўлса ҳам. Мисол учун бир туҳум ёки бир танга ўғирласа ҳам.

Демак ушбу кимса луғат жиҳатидан олиб қарасак ўғри бўлади. Аллоҳ таоло айтяптики: «Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар».

Энди ҳар бир ўғрини қўли кесилаверадими? Жавоб: Йўқ. Нима учун? Чунки ёритиб бериш лозим бўлган масалани баён қилиб бериш масъулиятини ўз гарданига олган баён қилувчи,[21] дарҳақиқат Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга ўғрилар ичида кимни қўли кесилиш кераклигини очиқ баён қилиб бердилар. Айтдиларки: «Қўл кесишлик фақат тўртдан бир дийнор ва ундан юқорисидадир».[22] Демак кимки тўртдан бир қисмдаги дийнордан оз миқдордаги молни ўғирласа, агарда у луғат жиҳатидан ўғри деб номлансада, бироқ шариат жиҳатидан ўғри деб номланмайди.[23]

Энди ана шу ўринда кўплаб толиби илмлар ғофил қолаётган бир илмий ҳақиқатга етиб келдик. Демак бу ўринда узоқ асрлар оша мерос бўлиб келаётган араб тили ва шариат тили бор экан. Аллоҳ таоло Қуръон нозил бўлган тил бўлмиш араб тилида сўзлашадиган халқларга ўзлари илгари бохабар бўлмаган ушбу истилоҳ билан хитоб қилди. Луғатда ўғри деганда ҳар бир ўғри назарда тутилади. Бироқ шариатда ўғри деган сўз тилга олинса ҳар бир ўғрини ўз ичига олмас экан. Балки тўртдан бир қисмдаги дийнор ёки ундан юқори миқдордаги молни ўғирлаган кишига шариатда ўғри дейилади. Ушбу воқеий мисолдан келиб чиқиб биз Китобу-Суннатни тушунишда фақат араб тилини билишимизга таяниб қолишимиз мумкин эмас экан. Ушбу ишга бугунги кунда асрдош ёзувчиларимизнинг кўплари (билиб-билмай) қўл уриб қўйишмоқда. Ояти карима ва ҳадис шарифларга изоҳ беришда араб тилини билишгагина таянишмоқда. Натижада мусулмонлар авваллари ҳеч билишмаган бидъий тафсирларни ўртага олиб чиқишмоқда. Шу сабабли ҳам бир нарсани яхши тушуниб олишимиз вожиб бўладики, ҳақиқий Ислом даъвати уч асосга ва уч қоидага барпо бўлгандир:

1 – Китоб;

2 – Суннат;

3 – Салаф солиҳларимизнинг йўли.

Демак ушбу оятдаги ўғри эркак ва ўғри аёл араб тилидан келиб чиқиб эмас балки «Қўл кесишлик фақат тўртдан бир дийнор ва ундан юқорисидадир» деб айтган шариатдан келиб чиқиб тафсир қилинади.

Сўнг Аллоҳ таоло оятнинг давомида айтдики: «Қўлларини кесинглар». Луғатда қўл деб нимага айтилади? Ушбу бармоқни учидан тортиб елкагача бўлган қисмни ҳаммаси қўл. Энди мана бу еридан кесиладими (бармоқдан) ёки мана бу ериданми (кафтдан) ёки мана бу ериданми (тирсакдан)? Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни бизга ўзларининг феъллари билан баён қилиб бердилар. Бу ўринда бирор саҳиҳ ҳадис йўқки – ўғрининг қўли кесилиши лозим бўлган миқдордаги ўғирланган молни чеклаб берган ҳадис келган эди, бироқ бу ўринда – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари билан баён қилинган кесишлик ўрни чеклаб берилмаган. Бироқ бизда ушбу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам амалий суратда феълан баён қилганлари бор. Ушбу амалий суратда татбиқ қилганларини қаердан билдик? Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг саҳобалари бўлмиш салаф солиҳларимиздан билдик.[24] Бу эса иккинчи қисм бўлмиш феълан баён қилиш эди.

Учинчи қисм эса: Росул алайҳиссаломнинг бирор нарсага уни инкор қилмай, қайтармай иқрор бўлишлари. Ушбу иқрор бўлиш у кишининг оғизларидан чиққан сўз эмас ва у кишидан содир бўлган феъл ҳам эмас. Балки бу ўзга кишидан содир бўлган. Демак ҳар сафар ўзга кишидан бирор иш содир бўлса ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўриб сукут сақласалар ва иқрор бўлсалар, ушбу иш муқаррар жоиз ишга айланади.

Энди Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор ишни кўриб инкор қилсалар, агарчи ушбу иш саҳобаларнинг баъзисидан рўй берган бўлсада, бироқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қайтарганлари собит бўлар экан, ушбу қайтарган ишлари билан юқоридаги иқрор бўлган ишлари орасида ниҳоятда катта фарқ бордир.

Келинг ушбу икки ҳолатга бир мисол келтирай, ушбу ҳадис «ғариб» ҳадисдир, Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо шундай дейдилар: «Биз Росул алайҳиссалоту ва салламнинг замонларида тик туриб (ичимлик) ичардик ва юриб кета туриб (таом) ердик».[25] Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисда икки ҳолат ҳақида хабар беряптилар:

1 – Тик турган ҳолатда ичиш;

2 – Юрган ҳолатда ейиш.

Ушбу иш Росул алайҳиссаломнинг даврларида юз берган экан, унда ушбу икки иш, тик туриб ичиш ва юрган ҳолатда ейишга нисбатан шариатнинг ҳукми нима?

Агар юқоридаги сўзимизни амалда татбиқ қилсак, албатта ушбу иш борасида ҳукм олишга қодир бўламиз. Яъники, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг сўзлари, феъллари ва тақрирларини билган киши (ушбу масаладаги шариатнинг ҳукмини била олади).

Биринчи ишга боғлиқ бўлган саҳиҳ суннатга мурожаат қилсак, ушбу ишга Росул алайҳиссаломнинг сўзларига хилоф иш қилиб жуда кўпчилик балки аксар мусулмонлар мубтало бўлишган. Яъни, тик туриб ичиш – улар тик туриб ичишарди, тилло тақишарди, ипак кийишарди. Тўғри булар ҳақиқат бўлиб, буларни инкор қилиш имконсиздир – бироқ Росул ушбуларга иқрор бўлдиларми? Жавоб эса: Баъзисини инкор қилиб, баъзисига иқрор бўлдилар. Инкор қилганлари мункар, иқрор бўлганлари эса маъруф иш бўлиб қолди. Тик турган ҳолда ичишни кўплаб ҳадисларда инкор қилдилар, мавзудан чалғиб кетмаслигимиз учун мен ҳозир ушбу ҳадисларни бирма-бир келтириб ўтишни хоҳламайман:

Биринчидан: Саволларга ҳам ўрин қолсин дея сўзимизни ушбу мавзуга чеклашни режалаштириб олгандик.

Иккинчидан: Ушбу масаланинг ўзи алоҳида бир мажлисга эҳтиёж сезади.

Бироқ имом Муслим ўзларининг саҳиҳларида (2024) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир саҳиҳ ҳадисни келтиришим етарли бўлса керак: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам тик турган ҳолда ичишдан қайтардилар». Бошқа бир лафзда эса: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам тик турган ҳолда ичишдан қаттиқ маън қилдилар».[26]

Демак Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг Росул алайҳиссалом даврларидаги ҳадисларини (ушбу юқоридаги ҳадис билан) тушунмоқлигимиз керакки, дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан (тик туриб ичишдан) қайтардилар. Демак саҳобаларнинг ушбу ишлари (тик туриб ичишлари) Росул алайҳиссаломнинг қайтариқлари билан бекор қилинган иш деб қаралади.[27] Ҳадиснинг иккинчи қисмига келсак: Юриб кета туриб (таом) ейишлари. Бу борада бизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламдан бирор қайтариқ келмаган. Демак ушбу иқрордан шаръий ҳукмни истифода қилиб оламиз.[28]

Ана шу ўринда Китобу-Суннатни тушунишда салаф солиҳнинг йўлига таянишни нақадар зарурлигини баён қилиш масаласига якун ясамоқчиман. Демак инсон ҳар қанча илми, агар жоҳиллиги демасак, ошиб-тошиб кетса ҳам Китобу-Суннатни ўзича тушуна олмас экан. Демак ушбу «Салаф солиҳ манҳажи асосида» деган таъкидни ниҳоятда аҳамиятли экани маълум бўлиши лозим-у лобуддир.

Келинг сизга баъзи мисолларни келтирай: Қадимдан мусулмонлар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетишган. Мана мўтазила,[29] муржиа,[30] хавориж,[31] рофизий,[32] шиаларни[33] ҳали қўйиб турайлик, мана зайдийя[34] деганларини эшитгансизлар. Ушбу тоифалар ҳар қанча залолатларида чуқур кетганларига қарамасдан, барчалари қолган мусулмонлар билан, биз ҳам Китобу-Суннатдамиз деган, сўзларида шерикдирлар. Улардан бирорталари биз Китобу-Суннатга асосланмаймиз деб айтмайди. Агар шундай дейдиган бўлса Исломдан батамом чиқиб кетади. Модомики барчалари Китобу-Суннатга таянишар экан, унда нима учун ушбу фирқа-фирқа бўлиб бўлинишлар юз берди? Мен ҳам уларни Китобу-Суннатга таянишади деб гувоҳлик бераман. Бироқ ушбу таяниш қандай бўлганди? Учинчи асос бўлмиш «Салаф солиҳнинг йўлига» таянмай юз берганди. Бу ўринда яна бир масалага огоҳлантирув бериб ўтиш муҳим аҳамият касб этадики: Суннат Қуръони Каримдан батамом фарқ қилади. (Фарқ қилиш) Жиҳати шундаки: Қуръони Карим барчага маълум бўлганидек мусҳафнинг икки муқоваси орасида сақлангандир. Суннатга келсак, у аввало юзлаб балки минглаб китобларда тарқалиб кетгандир. Ва унинг жуда катта қисми ҳали ҳам ғайб оламида яъники, қўлёзма ҳолатида сақланиб қоляпти. Ҳатто суннатнинг бугунги кунда нашрдан чиққанлари орасида саҳиҳи ҳам заифи ҳам бор. Суннатга таянадиганлар, фарқи йўқ ўзларини аҳли сунна вал жамоа ва салаф солиҳ манҳажига нисбат берадиганларми ёки бошқа фирқаларга нисбат берадиганларми, уларнинг кўпчилиги суннатнинг саҳиҳи ва заифи орасини ажратмайдилар. Натижада эса заиф ёки уйдирма ҳадисларга таянганликлари сабабидан Китобу-Суннатга хилоф иш қиладилар.

Айтмоқчи бўлганим шуки: Биз ишора қилиб ўтганимиздек баъзи фирқалар борки, улар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам Қуръон ва пайғамбар ҳадисидаги ҳақиқатларни инкор қилади. Қуръони Карим шуни исбот қилиб, мўминларга жаннатда Аллоҳ азза ва жаллага йўлиқишганда роҳатланишадиган жуда улуғ бир неъмат ҳақида башорат беради. У ҳам бўлса оламларнинг Роббиси уларга Ўзини намоён қилганида улар У Зотни кўрадилар. Бу ҳақда салафий олим ушбу мисраларни айтган: «Мўминлар У Зотни кайфият бериш, ташбиҳ қилиш ва мисол қилишликсиз кўрадилар». Бунга Қуръондан ва Росул алайҳиссаломнинг ҳадисларидан ўнлаб ҳужжатлар келган. Қадимдаги ва ҳозирдаги баъзи фирқалар ушбу неъматни қандай қилиб инкор қиладилар? Қадимда инкор қилганлари мўтазилалардир. Бугунги кунда ер юзида биз мўтазиламиз ёки биз мўтазила мазҳабидамиз деб айтадиган бирор кимса борлигини билмайман. Бироқ мен ўзини мўтазилий эканини эълон қиладиган ва шаръий ҳақиқатларни инкор қиладиган бир аҳмоқни кўрдим. Чунки у эс-ҳушини йўқотгандир.

Демак ўша мўтазилалар ушбу неъматни инкор қилишди. Ўзларининг заиф ақллари билан Аллоҳ азза ва жалла кўриниши мумкин бўлмаган ишдир дейдилар. Ҳоп улар қандай қилиб бу бузуқ ақидага эришишди? Қуръонни инкор қилишдими? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтадики:

«У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Роббиларига боқиб тургувчидир!» (Қиёмат: 22-23). Улар ушбу оятни инкор қилишдими? Йўқ. Агар ушбу оятни инкор қилишганда кофир бўлиб, муртадга айланишган бўлишарди. Аҳли сунна эса бугунги кунгача мўтазилаларга залолатга оғган дея ҳукм қилиб келишади. Уларни Ислом доирасидан чиққанлар деб айтишмайди. Чунки улар ушбу оятни инкор қилишмади. Балки суннатда баён қилинган ҳақ маъносини инкор қилишди. Аллоҳ азза ва жалла жаннат аҳли бўлмиш мўминлар ҳақида шундай деди: «У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Роббиларига боқиб тургувчидир!»

Улар ушбу оятни таъвил қилишди. Оятнинг лафзига иймон келтириб, маъносига эса куфр келтиришди. Уламолар айтиб ўтишганидек лафзлар маъноларнинг қолипларидир. Энди лафзга иймон келтириб, маънога куфр келтирадиган бўлсак, ушбу иймон «семиртирмайди ҳам, очликдан ҳам беҳожат қилолмайди!»

Бироқ улар ушбу кўришни нима учун инкор қилишди? Ушбу яратилган, ожиз банда Аллоҳ азза ва жаллани ўз кўзи билан кўриш имкониятига эга эканини тасаввур қилиб, бир хаёл қилиб кўришга ҳам ақллари торлик қилди. Ҳудди яҳудийлар Мусо алайҳиссаломдан талаб қилганларидек. Ўша маъруф қиссада келганидек Аллоҳ таоло уларни ожиз қолдирди:

«Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман.) Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан» (Аъроф: 143).

Демак ақллари торлик қилиб, Қуръоний ҳужжатни суистеъмол қилишдан ўзга чора тополмай, уни таъвил қилишди. Нима учун? Чунки уларни ғайбга бўлган иймонлари заифдир. Ғайбга келтирган иймонларидан кўра ақлларига келтирган иймонлари кучлироқдир. Ҳолбуки улар ғайбга иймон келтиришга Бақара сурасининг аввалги оятларидаёқ маъмур бўлгандирлар:

«Алиф, Лол, Мим. (Аллоҳ таолонинг ҳақ Каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун ҳидоят-тўғри йўлдир». Ким экан ўша тақволи кишилар? «Улар ғайбга иймон келтирган …» (Бақара: 1-3). Аллоҳ таоло ғайбни яширди. Энди Роббимиз ҳар сафар Ўзи ҳақида гапирганида, бизга Уни тасдиқлашимиз ва иймон келтиришимиз вожиб бўлади. Чунки бизнинг фикр доирамиз тор (доирага) чегаралангандир. Мўтазилалар эса ушбу ҳақиқатни тан олишмади. Шу сабабли ҳам кўплаб шаръий ҳақиқатларни инкор қилишади. Ана шулардан Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлидир:

«У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Роббиларига боқиб тургувчидир!» (Қиёмат: 22-23).

Ҳудди шундай бошқа бир оят ҳам борки, эҳтимол у анави кимсаларга биринчи оятдан ҳам махфийроқ бўлиши мумкин. У ҳам бўлса Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу қовлидир:

«Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёдалик бордир» (Юнус: 26). «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат …», яъни, жаннат. «Ва зиёдалик бордир», яъни, охиратда Аллоҳни кўриш. Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида[35] саҳиҳ санад билан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳудди шундай келган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам айтдиларки: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат …». Алайҳиссалом: «Жаннат»«Ва зиёдалик бордир»«Аллоҳни кўриш», дедилар.

Мўтазилалар, ҳудди шундай шиалар ҳам – улар ақидада мўтазиладир – Аллоҳни кўришни инкор қилишди. Биринчи оятда очиқ-ойдин қилиб айтилган, иккинчи оятда эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган мутавотир ҳадисларда баён қилиб қўйилган (ушбу ҳақиқатни инкор қилишди). Қуръонни таъвил қилишлари Росул алайҳиссаломдан саҳиҳ келган ҳадисларни инкор қилишга олиб борди. Натижада «Мен ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлар» дея васф қилинган нажот топувчи фирқадан четга чиқишдек ҳунук оқибат топишди. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар Роббиларини кўришларига иймон келтириш асосида ўтдилар. Чунки саҳиҳайнда Росул алайҳиссаломнинг саҳобаларидан иборат бир жамоадан ҳадислар ривоят қилинди. Шулардан: Абу Саид ал-Худрий,[36] Анас ибн Молик[37] ва саҳиҳайндан бошқа ҳадис тўпламларида Абу Бакр Сиддиқ[38] ва бошқалар розилаяллоҳу анҳум. Алайҳиссалоту ва саллам айтдиларки: «Сизлар қиёмат куни Роббингизни ҳудди ўн беш кунлик тўлин ойни кўрганингиздек кўрасизлар. У Зотни кўришда алсо шак-шубҳага бормайсизлар».[39]

Ирода қилинган маъно шуки: Ўн беш кунлик тўлин ойни остида бирор булут бўлмаган ҳолда кўрганингизда қандай шубҳаланмаган бўлсангиз, У Зотни кўришда ҳам асло шак-шубҳага бормайсилар.

Улар эса ақлларига таяниб ушбу ҳадисларни инкор қилишди. Демак улар таслим бўлишмади ва иймон келтиришмади. Натижада иймони заифлардан бўлиб қолишди.

Бу қадимги баъзи фирқалар йўл қўйган залолатларга мисол эди.

Ҳудди шундай бугунги кундаги янги фирқалар ҳам, мисол учун хаворижлар. Уларни ичида Ибодия[40] деган фирқа бор. Улар бугун ўзларининг залолатларига даъват қилишда фаол ҳаракат олиб боришяпти. Уларнинг ҳозирда мақолалари ва рисолалари оммага кенг тарқтилмоқда. Хаворижларнинг қадимдан маъруф бўлган кўплаб оғишишларидан бири бўлмиш ҳукмдорга қарши бош кўтариб чиқиш (суннатларини) қайта тирилтиришяпти. Яна шундай оғишишларидан бири: Аллоҳ азза ва жаллани жаннатда кўришни инкор қилишларидир.[41]

Ҳозир бугунги кунда янги чиққан бир фирқа ҳақида мисол келтирамиз. Улар Қодиёнийлардир. Улар ҳақида эшитгандирсиз. Улар ҳудди биз айтгандек Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик берамиз дейдилар. Беш вақт намоз ўқийдилар, жумани адо этадилар, Аллоҳнинг уйини ҳаж ва умра қиладилар. Улар билан бизнинг ўртамизда (гўёки) фарқ йўқ. Улар мусулмонлар кабидир. Бироқ улар бизга кўплаб ақида масалаларида хилоф келадилар. Мен айтмоқчи бўлган нуқта уларнинг ушбу сўзларидир: Пайғамбарлик эшиги ҳали беркитилмаган. Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин яна пайғамбарлар келади. Уларнинг даъволарига кўра Ҳиндистоннинг Қодиён шаҳридан бир кимса чиқармиш. Ким ўша пайғамбарга иймон келтирмаса уларнинг наздида кофир экан. Очиқ-ойдин оят бўла туриб ушбу гапларини қандай айтишти экан-а?: «Балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). Мутавотир даражасидаги ҳадислар бўла туриб ушбу сўзларини қандай айтишти экан-а?: «Мендан кейин пайғамбар йўқдир».[42]

Қуръон ва Суннатни таъвил қилишди. Қуръону-Суннатни салаф солиҳлар изоҳлагандек изоҳлашмади. Мусулмонлар эса бирор қаршиликсиз уларнинг ушбу йўлларига эргашиб кетишяпти. Ҳаттоинки мана Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёний[43] деган залолатга оғган кимса келиб, ўзини пайғамбар эканини даъво қилди. Бу ҳақда узун қисса бор бўлиб, биз ҳозир бу ҳақда батафсил гапирмаймиз. У сабабли ҳақиқатлардан ғофил бўлган кўпчилик алданиб қолди.

Ушбу ҳақиқатлар мусулмон кишини анави қодиёнийлар ўзларининг пайғамбарликни даъво қилиб чиққан дажжоллари билан оғиб кетишганидек ўнг томонга ҳам чап томонга ҳам оғиб кетмаслигига гаровдир. Улар ушбу: «Балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» оятига қандай ёндашишди? «Пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Хотаман Набиййин) ояти ҳақида ҳудди узук бармоққа зийнат бўлганидек пайғамбарларнинг зийнатидир деб изоҳ беришди. Демак Муҳаммад пайғамбарларнинг зийнатидир дейишди. Улар ушбу оятни Аллоҳ таоло Муҳаммаднинг қалбига нозил қилмаган, деб оятга куфр келтиришмади. Бироқ унинг ҳақиқий маъносига куфр келтиришди. Демак маъноларнинг ҳақиқатига иймон келтирмай фақат лафзларгагина иймон келтириш нимани ҳам ифода этарди?!

Энди ушбу шак-шубҳа бўлмаган ҳақиқат бўлар экан, Китобу-Суннат маъноларининг ҳақиқатини билишга элтувчи йўл қайси экан? Дарҳақиқат (маъруза давомида) ушбу йўлни билиб олдингиз. Демак ушбу йўл фақат луғатни, унинг адабиётини билишга суянишимиз ҳамда Қуръону-Суннатни ўзимизнинг ҳавои-нафсимиз, одатимиз, тақлидимиз, мазҳабимиз, тариқатимизга биноан изоҳлашимиз ҳам эмас экан. Балки ушбу йўл, сўзимни шу билан тугатаман, асарда келганидек:

Барча яхшилик салафларга эргашишликдадир.

Ва барча ёмонлик кейинги (халаф)ларнинг ўйлаб топган бидъатларидадир.

Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир.[44]

Манба: Тавҳид форуми


[1] «Иълам ал-Муваққиъин» (2/18).

[2] «Иълам ал-Муваққиъин» (2/8-9).

[3] Ушбу сатрларни имом Моликдан Қози Иёз ўзининг «Шифо» (2/85) китобида, Шайхулислом Ибн Таймия эса «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим» (424) да нақл қилишди.

[4] Профессор Иброҳим Абу Шакра: Шайх роҳимаҳуллоҳнинг маърузаларида иштирок этаётганларнинг бири. Маъруза бошланишидан аввал шайх номларига қисқа мақтовли кириш сўзи қилиб бердилар.

[5] Имом Бухорий «ал-Адаб ал-Муфрад» (761); Байҳақий «Шуаб ал-Ийман» (4533) ва (4534); Ибн Ҳажар Асқалоний «Фатҳул Борий» 10/ 493.

[6] Бухорий (3461) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар.

[7] Бухорий (100) ва Муслим (2673).

[8] Муслим (148).

[9] Аҳмад «Муснад» (3/268), Ибн Ҳиббон «ас-Саҳиҳ» (6848) ва «ал-Маварид» (1911) ҳамда Ҳоким «ал-Мустадрак» (8559), «ас-Саҳиҳа» (3016).

[10] Аллома Муҳаммад Сиддиқ Ҳасанхон ўзининг «ад-Дин ал-Холис» (3/577-578) китобида Аллоҳни ёлғиз «Аллоҳ» лафзи билан зикр қилиш ношаръий экани ҳақида муҳим бир изланиш олиб борган. Ва ушбу ишни на Қуръонда, на суннатда ва на саҳоба ҳамда мақталган асрда ўтганларнинг бирорталаридан асос йўқ эканини айтиб ўтади. Бу борада яна фазилатли шайх Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд роҳимаҳуллоҳнинг «Муъжам ал-Манаҳий ал-Лафзия» (120-121) китобларига қаранг.

[11] Имом Муслим (2699) ривояти.

[12] «Иълам ал-Муваққиъин» 2/149.

[13] Абу Умар ибн Абдулбарр «Баян ал-Илм ва фазлиҳ» (2/990-1888)да шундай деди: «Агар иқтидо қилмоқчи бўлсанг, Китоб ва тўғри, пок дин билан жўнатилинган суннатга, сўнг суннатни тополмаганингда саҳобаларга иқтидо қил. Чунки улар ақл ва басират эгаларидир».

[14] Бухорий (2651) ва Муслим (2535).

[15] Ҳадис ҳасан даражасидадир. Аҳмад «Муснад» (4/102), Доримий (8/25), Абу Довуд (4597) ва бошқалар Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Албоний «Силсила ас-Соҳиҳа» (203, 204, 1492), Ибн Таймийя «Иқтизо ас-Сирот ал-Мустақим» (49-50) га қаранг.

[16] Термизий (3641); Ақилий «Зуафа» (817); Ҳоким (1/129) ва Ажуррий «аш-Шариа» (23-24)да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди. «Саҳиҳ ал-Жомеъ»га қаранг.

[17] Аҳмад (4/126-127), Абу Довуд (4607), Термизий (2676), Ибн Можжа (42, 43, 44) ва бошқалар. Шайх ҳадисни саҳиҳ санадилар «Ирва Ғолил» (2455).

[18] Бухорий «Тарих ал-Кабир» (6/6/1960); Доримий (121); Ибн Абу Ҳатим «Жарҳ ва таъдил” (6/147/637); Ибн Абдулбарр «Баян ал-Илм» (1927); Ажуррий «Шариъа» (93, 101, 102); Хотиб «ал-Фақиҳ ва ал-Мутафаққиҳ» (1/234); Ибн Батта «ал-Ибана ал-Кубро» (62, 63, 776); Лалакаий «Шарҳ Усул ал-Эътиқод» (202) ва Ибн Заманин «Усул ас-Сунна» (7).

[19] Албоний роҳимаҳуллоҳ «Суннатнинг исломда тутган ўрни» рисолаларида шундай дедилар: «Юқорида ўтган жумлалардан шу нарса аниқ бўладики, бирор кишига ҳар қанча араб тили ва адабиётида олим бўлмасин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўз ва феълий суннатларига таянмай Қуръони Каримни тушуниши имконсиздир. Чунки у луғатда, уларнинг тилида Қуръон нозил бўлган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан билимдонроқ бўлолмайди. Чунки ўша даврдаги араб тилига бегона, турли шевалар ва қоқилиш доғлари тушмаган эди. Шунинг учун одамлар юқоридаги оятни тушунишда фақат луғатларигагина таянишгани учун хатога йўл қўйишди».

Абу Исмоил Ҳарвийнинг «Заммул Калам ва Аҳлиҳ» китобининг «Қуръон Суннатдан беҳожатдир, деб даъво қиладиган кимсанинг сўзи ботил эканига далил қоим қилиш ҳақидаги боб» (2/121)га қаранг. Ҳамда ибн Абдулбаррнинг «Жамиъ баян ал-илм ва фазлиҳ» китобининг «Суннатни Китобга нисбатан тутган ўрни ва Қуръонни баён қилиб бериши ҳақидаги боб» (2/1181)га қаранг.

[20] Қуртубий «Тафсир” (3/527)да шундай деди: «Ҳар бир нарсанинг маълум бир ўрни бўлиб, ўша ўрин ушбу нарсанинг сақлов қўрғонидир. Қўриқчиси мавжуд бўлган ҳар бир ашёга, ушбу қўриқчи сақлов қўрғонидир. Ҳовли ва манзиллар ўз ичидаги нарсаларга сақлов-қўрғондир. Ушбу ўринлардан аҳли ғоиб бўлган ёки ҳозир бўлганми (фарқи йўқ)…».

Мен айтаманки: «(Ўғирланган ашёнинг) қўриқланган ўринда бўлиши ўғрининг қўли кесилишидаги шартдир. Унга қўриқловдаги, қўл кесиш миқдорига етган нарсани ўғирлагандагина (қўл) кесиш (жазоси қўлланилади). Ушбу шартга уламолар бир овоздан иттифоқ қилишган».

Ибн Мунзир «Ижмоъ» (98-саҳифа 615-рақам)да шундай дедилар: «(Қўл) кесиш қўриқланган макондан ўғирлаган кимсагагина вожиб бўлишига ижмо қилишди».

Абу Умар ибн Абдулбарр «Истизкор» (24/179)да шундай дедилар: «Фуқаҳолар, турли диёрлардаги фатво имомлари ва уларнинг издошлари ўғри ўғирлаган ашё қўриқланаётган маконда бўлишига аҳамият қаратишга иттифоқ қилишган. Айтишганки: Ўғри ўғирлаган ашё қўриқланаётган ўринда бўлмаса, унинг қўли кесилмайди. Ушбу ўғирланган ашё қўл кесиш даражасидаги миқдорга етган ёки етмаганлиги аҳамиятсиздир».

Қуртубий «Тафсир» (3/521)да айтдиларки: «Одамларнинг жумҳури қўл кесиш, ашёни (қўл) кесишликни вожиб қиладиган қўриқлов ўрнидан олиб чиққан кимсагагина бўлишига иттифоқ қилишган».

[21] Бу ўринда баён қилувчи Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, баён қилиниши лозим бўлган нарса эса Аллоҳнинг Каломидир.

[22] Бухорий (6789, 6790, 6791) ва Муслим (1684) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишди.

[23] Демак юқоридаги Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисга биноан ўғирланган ашё қўл кесиш даражадаги миқдорга етган бўлиши шартдир. Ушбу миқдор эса: бир дийнорнинг тўртдан бир (чорак) қисмидир. Яъни, тилло мисқолининг тўртдан бир қисми ва ундан юқори ёки қиймати шунга тенг бўлган қийматдаги ашёлар.

Имом Нававий «Шарҳ Муслим»да шундай деди: «Жумҳур уламолар айтишдики: ушбу саҳиҳ ҳадисларга биноан қўл нисобга етган (миқдордаги ашё ўғирлангандагина) кесилади. Сўнг уламолар ушбу нисобнинг миқдори (қанча экани) ҳақида ихтилофга боришди. Имом Шофеъий айтдиларки: Нисоб: тилладан бўлган дийнорнинг тўртдан бири ёки ана шу миқдорга тенг бўлган қийматдир. Уч дирҳам ёки ундан озроқ ё кўпроқ бўлишида фарқ йўқдир. Ушбу миқдордан оз бўлганда қўл кесилмайди. Аксар уламолар ушбу фикрдадир». Сўнг шундай дедилар: «Имом Шофеъий ва у кишига мувофиқ бўлганларнинг раъйлари саҳиҳдир. Чунки Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз лафзлари билан ушбу ҳадисларда нисобнинг миқдорини тўртдан бир дийнор деб очиқ айтдилар. Бошқа ўлчовлар эса асоссиз бўлиб, мардуддир. Чунки улар ҳадисга очиқчасига зид келяпти».

Абу Умар ибн Абдулбарр «Истизкар» (24/163)да шундай деди: «Ушбу бобда айтилган қовлларнинг энг авлоси тўртдан бир дийнор ҳадисидир. Аллоҳнинг Ўзи тўғриликка муваффақ айлагувчидир».

[24] Олдинги ва кейинги жумҳур уламолар мазҳаби шуки: Ўғрининг қўли кафт билан билак орасидаги бўғим бўлмиш (бармоқлар тақаладиган) суякдан кесилади.

Байҳақий «Сунан ал-Кубро» (8/470)да шундай деди: «Боб: Ўғирлик қилган ўғрининг аввало ўнг қўли кафт бўғимидан кесилиб, сўнгра оловда куйдириб олинади». Сўнг айтдиларки: «Ушбу умум уламоларнинг қовлидир».

Қуртубий «Тафсир» (3/529)да шундай деди: «Қўл ёки оёқ кесилганда қаергача кесилади? Умум уламолар айтишдики: (Бармоқлар тақаладиган) суякдан, оёқ эса бўғимдан кесилади…».

Яна Ибн Абдулбарнинг «Тамҳид» (6/8), «Тафсир Бағавий» (1/671), Ибн Қаттоннинг «Масаил ал-Ижмаъ» (2/262), Нававийнинг «Шарҳ Муслим» (6/193), Зайлаъийнинг «Насб ар-Роя» (3/568), Ибн Ҳажарнинг «Талхис ал-Ҳабир» (4/139), Шавконийнинг «Фатҳ ал-Қодир» (2/52), «Тафсир ал-Мароғий» (6/113), «Тафсир ас-Саъдий» ва бошқа манбаларга мурожаат қилинг.

[25] Аҳмад (2/12, 24, 29), Доримий (2171), Ибн Ҳиббон «ас-Саҳиҳ» (5243) ва бошқалар Язид ибн Уътарид (Абу ал-Базрий)дан, Абу ал-Базрий эса Ибн Умардан ривоят қилишди. Исноди заифдир. Бироқ Ибн Умарнинг ушбу асарларини Нофеъ ҳам ривоят қилганлар (Аҳмад (2/108), Термизий (1880), Ибн Можжа (3301) ва бошқалар. Шу сабабдан ҳам шайх Албоний ушбу асарни саҳиҳ деб баҳо берганлар. «Саҳиҳ ат-Тирмизий» (1880) ва «ал-Мишкат» (4275).

[26] Муслим Анасдан (2024) ва Абу Саид ал-Ҳудрийдан (2025) ривоят қилди.

[27] Албоний роҳимаҳуллоҳ «ас-Соҳиҳа” (1/10/340)да шундай деди: «Ушбу ҳадислардаги қайтарувнинг зоҳири узрсиз тик тутган ҳолда ичишнинг ҳаром эканини ифодалайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб (ичимлик) ичганлари ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлди. Уламолар ушбу ҳадислар орасини жамлашда ихтилофга бордилар.

Жумҳур қайтарув танзиҳ (оғир макруҳ), (тик турган ҳолда ичилган сувни) қусиб ташлашга бўлган буйруқ эса мустаҳаб эканини ифодалайди деган фикрга боришди. Ибн Ҳазм уларга хилоф чиқиб, ҳаром деган фикрга борди. Шояд ушбу рай тўғриликка яқинроқ бўлса керак».

Мен (Холид) айтаманки: Дарҳақиқат тик турган ҳолда еб-ичиш масаласида ажойиб бир баҳс битдим. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган марфуъ ҳадисларни, ҳамда салаф солиҳ роҳимаҳумуллоҳлардан келган асарларни тўпладим. Қўшимча ўлароқ ушбу масаладаги аҳли илмнинг сўзларини ҳам келтириб ўтдим. Китобни «Иршад ал-Ҳаим либаян Ҳукм ман Шариба ав Акала ва ҳува Қоим» деб номладим. Қувайтдаги имом Заҳабий мактабаси уни босмадан чиқарди. Аллоҳ таоло ушбу ишга бош-қош бўлганларнинг мукофотини тўла қилиб берсин.

[28] Шайх роҳимаҳуллоҳ тик турган ҳолда ейишни мубоҳ ва жоиз деб айтмоқчилар. Сабаби Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига тик турган ҳолда ейишларини кўриб иқрор бўлганлар. Ушбу масалада зиёда маълумотга эга бўлишни истасангиз «Иршад ал-Ҳаим» рисоламга мурожаат қилинг.

[29] Мўтазила: Залолатг оғган бидъий фирқалардан бири бўлиб, Ҳасан ал-Басрий роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари бўлмиш Восил ибн Атога нисбат берилади. Сўнг масжид устунларидан бир устунга бориб, (илм ҳалқасидан) ажралди. Гуноҳи кабирага қўл урган кимса ҳақида сўраладиган бўлса, шундай дерди: «У икки манзилат орасидаги бир манзилатдадир!» Яъни: Ислом ва куфр орасидаги бир манзилатдадир.

Сўнг унга Амр ибн Убайд ва бир жамоа кимсалар келиб қўшилди. Шу кундан эътиборан уларга «Мўтазила» деган ном берилди.

Уларнинг ақидаларидан: Аллоҳнинг азалий сифатларини инкор қилиш. (Мўминлар қиёмат куни Роббиларини) кўришларини инкор қилиш. Қуръон махлуқ, банда ўзининг феълини ўзи яратади, фосиқ бу дунёда икки манзилат орасидаги бир манзилатда, охиратда эса хаворижлар билан бир овоздан: жаҳаннамда абадий қолади, деб айтишади.

[30] Муржиа: Ушбу залолатга оғган фирқалардан бири бўлиб, иржа яъники, ортга суриш деган номга нисбат берилади. Чунки улар амални иймондан ортга суришди. Айтишадики: «Иймон, у – фақат қалб билан тасдиқлашдир». Уларнинг жумҳури тил билан нутқ қилишни ҳам иймонга шарт қилмайди. Маъсиятга ботганларга мукаммал иймон соҳиби деган номни берадилар. Ва яна айтишадики: «Иймонга гуноҳ асло зарар бермайди». Жаҳаннамга фақат кофирлар киради деган фикрга ижмо қилишди.

[31] Хаворижлар: Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши бош кўтарганликлари сабабидан ушбу ном билан аталишди.

Холлал «Сунна» (1/145/110)да имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан ушбу асарни ривоят қилади: «Хаворижлар ярамас қавм бўлиб, ер юзида улардан-да ёмонроқ кимсаларни борлигини билмайман». Ва яна айтдиларки: «Улар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўнта йўлга кўра саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинди».

Хаворижлар бир қанча фирқаларга бўлиниб кетди. Улар қуйидагиларда жамланадилар:

1 – Усмон, Али, Жамал воқеаси иштирокчилари розияллоҳу анҳумлар, икки ҳакам (Амр ибн Ос ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумо), ушбу икки ҳакам воқеасига рози бўлган ёки у иккиларидан бирини тўғри деб билган кишиларни кофирликда айблаш.

2 – Жабру-ситам ўтказадиган ҳукмдорга қарши бош кўтариш.

3 – Маъсиятлар сабаб кофирликда айблаш…

[32] Рофизийлар: Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан безор эканларини эълон қилиб, уларни сўкиб, обрўларини ерга булғайдиганлардир.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал шундай дедилар: «Отамдан рофиза ким деб сўрадим? Айтдиларки: «Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларни сўкадиганлар»» («Тобақот ал-Ҳанабила» 1/33, Ибн Таймийя «Фатава» 4/435).

Рофиза деб номланишларининг сабаби: Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг бошқарувларини рад этганлари учундир («Мақолат Абил Ҳасан ал-Ашъарий» 1/87, Ибн Таймия «Фатава» 4/435).

Шайхулислом Ибн Таймия уларнинг «Рофиза» деб номланишлари ҳақида шундай деганлар: «Бунинг сабаби Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумони рад этганларидир. У киши аҳли байтнинг фазилатли уламоларидан эдилар. Абу Бакр ва Умар ҳақида сўралганларида, у иккиларига Аллоҳ раҳм қилсин деб дуо қилдилар. Шунда анави қавм бу кишидан бош тортди. Уларга: «Мендан бош тортдингизлар!», дедилар.

Демак у кишидан бош тортганлари сабабли ҳам Рофиза деб номланишди» («Минҳаж ас-Сунна» 1/22, Ибн Таймия «Фатава» 4/435).

[33] Шиа: Улар Алини Усмон розияллоҳу анҳумодан афзал деб биладиганлардир.

Улар уч қисмдан иборат: Ғулувга кетганлари, имомийлар ва зайдийлар.

Ушбу қисмларнинг ҳар биридан яна кўплаб фирқалар ажралиб чиққан.

[34] Зайдия: Улар Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумоларнинг издошларидир.

Зайдия Шиа фирқаларидан бири бўлиб, бир қанча гуруҳларга бўлиниб кетишди. Уларни қуйидаги ақидалар жамлаб туради:

1 – Али розияллоҳу анҳуни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа саҳобаларидан афзал кўриш. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин у кишидан кўра афзалроқ одам йўқ.

2 – Бошқарув фақат Фотима розияллоҳу анҳонинг авлодларида бўлади.

3 – Гуноҳи кабирага қўл урган кимса жаҳаннамда абадий қолади.

4 – Жабру-ситам ўтказадиган ҳукмдорларга қарши бош кўтариш.

5 – Фожир кимсанинг ортида намоз ўқишни тўғри деб билмайдилар…

[35] Муслим (181) ва бошқалар Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга киришгач, Аллоҳ табарока ва таоло айтадики: «Бирор нарса истайсизларми сизларга яна зиёдалик қилсам?» Шунда: «Юзимизни оқартирмадингми? Бизни жаннатга киргазиб, жаҳаннамдан нажот бермадингми?», дейдилар. Ҳижобни очади. Уларга Роббилари азза ва жаллага қарашдан кўра севимлироқ бирор нарса ато қилинмагандир».

Муслим ушбу қисмини зиёда қилдилар: «Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир» (Юнус: 26).

Шу ўринда икки нуқтага огоҳлантирув бериб ўтиш лозим:

1 – Дорақутний ушбу ҳадис борасида имом Муслимни танқид қилди. Танқид хулосаси шуки: Ҳаммод ибн Салама ушбу ҳадисни Абдурроҳман ибн Абу Лайлодан, у киши эса Суҳайб розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилди.

Ҳаммод ибн Зайд, Маъмар ибн Рошид, Ҳаммод ибн Воқид, Сулаймон ибн Муғийралар эса ушбу ҳадисни ибн Абу Лайлонинг сўзи деб ривоят қилишди.

Яъни: Ушбу ҳадисни Суҳайбдан, у киши эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан деб ривоят қилмаган. Шайх Муқбил ибн Ҳадий ал-Вадиъий ҳам ушбу фикрни рожиҳ деб билдилар («ал-Илзамат ва ат-Татаббуъ» (210-саҳифа, 78-рақам)га қаранг).

2 – Шайх саҳобийнинг исмида янглишиб: Саъд ибн Абу Ваққос, дедилар. Балки у, юқорида ўтгандек Суҳайбдир.

[36] Ҳадисни Бухорий (7439) ва Муслим (183) ривоят қилди.

[37] Ҳадисни Бухорий (4476) ва Муслим (193) Анасдан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят. Шафоат ҳақидаги узун ҳадисда мана бу сўзлар бор: «… Қачонки мен Роббимни кўрганимда, тиз чўкиб сажда қиламан…».

[38] Ҳасан ҳадис. Аҳмад (1/4-5), Ибн Абу Осим «ас-Сунна» (751)да ва бошқалар ривоят қилишди. Албоний ҳадисни ҳасан деди.

[39] Бухорий (7434) ва Муслим (633) Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилишди.

Нававий «Шарҳ Муслим» (3/137) 633-рақам остидаги ҳадис борасида шундай дедилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аммо сизлар Роббингизга йўлиқиб, уни ушбу ойни кўрганингиздек кўрасизлар». Яъни, бу шак-шубҳасиз, ҳаққирост бўладиган кўришдир. Ҳудди ушбу ойни шак-шубҳасиз, ҳақиқатда кўришдек. Бу- кўришни кўришга ўхшатиш, кўриладиганни бошқасига ўхшатиш эмас».

[40] Ибодийлар: Йўлдан озган хаворижларнинг фирқаларидан бири. Ушбу фирқага асос солган: Абдуллоҳ ибн Ибод ат-Тамимийга нисбат берилади. Ибодиялар хаворижлар билан гуноҳи кабира сабаб кофирликда айблаш ва жабру-ситам ўтказадиган ҳукмдорларга қарши бош кўтариб чиқишни жоиз эканида иттифоқдирлар.

[41] Шайх, аллома Ҳофиз ибн Аҳмад ал-Ҳакамий «Маъариж ал-Қобул» (1/445-447)да шундай дедилар: «Ушбу Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очиқ, саҳиҳ суннатлари, саҳобалар ҳамда улардан кейинг ҳидоят имомларидан иборат тобеъинларнинг барчалари ижмо қилишганки, мўминлар жаннатда Роббилари табарока ва таолони кўрадилар. Унинг Карим Юзига қараб лаззатланадилар. Бу энг улкан неъмат, энг олий каромат ва энг афзал фазилатдир. Шу сабабли Унга назар ташлаш билан кўрган барча неъматларини унутиб қўядилар».

[42] Ҳадисни Бухорий (4416) ва Муслим (2404) Саъд ибн Абу Ваққосдан; Абу Довуд (4252) ва Термизий (2219) Савбондан; Бухорий (3535) ва Муслим (2286) (22) Абу Ҳурайрадан; Бухорий (3534) ва Муслим (2287) Жобир ибн Абдуллҳдан ривоят қилишди. Шунингдек ҳадисни Муслим (523) Абу Ҳурайрадан ривоят қилди.

[43] Аллома Албоний роҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Ақида ат-Тоҳавия» (21)да шундай деди: «Ана ўша пайғамбарликни даъво қилиб чиққан дажжоллардан бири Мирзо Ғулом ал-Қодиёнийдир. Унинг Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва Америкада издошлари бор. Ушбу диёрларда ўзларининг масжидлари бўлиб, мусулмонларни залолатга бошлайдилар. Улар Сурияда ҳам маълум бир шахсларга эга эдилар. Аллоҳ таоло уларни таг-томири билан қўпориб, думларини узди. Уларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг яна пайғамбарлик давом этади деган ақидаларидан бошқа яна кўплаб бузуқ эътиқидотлари бор… Шу сабабли биз уларни мулҳид ботинийлардан бўлган бир тоифа деб қатъий айтамиз».

Шайх роҳимаҳуллоҳнинг «Шарҳ ал-Ақида ат-Тоҳавийя» (21) га мурожаат қилинг. Чунки бу жуда муҳимдир.

[44] Ушбу шайх, имом, аллома Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳнинг Китобу Суннатни тушунишда салаф солиҳга, хоссатан уларнинг аввалгилари бўлган саҳобаларга, мурожаат қилишни вожиб эканини ўз ичига олган «Мана шу бизнинг даъват» дея номланган маърузаларидаги сўзлаган нутқларининг охиридир.

Аллоҳ таоло ушбу амалларини тарозунинг ҳасанотлар палласида оғир босадиган амаллардан қилсин… Амиин.

Ушбу маърузани бир тартибга солиш, ҳадисларини тахриж қилиш ва кичик изоҳлар киритиш шарафига эришган: Абу Муоз Холид ибн Абдул Аъл ибн Аҳмад, Аллоҳ таоло уни Ўзининг фазлу-марҳамати билан афв айласин, амиин.

Барча мақтовлар солиҳ амаллар Унинг неъмати билан тўла-мукаммал бўладиган Аллоҳ учундир.

Барча мақтовлар Аллоҳ учундир. (Аллоҳнинг фазлу-марҳамати билан 640-кассета ўз ниҳоясига етди).

Абу Муоз Холид ибн Абдул Аъл ибн Аҳмад. «Андалус» даъват ва иршод қўмитаси шаръий (собиқ) изланиш олиб борувчи. Қувайт 23/8/1427ҳ.

2 та мулоҳаза

  1. Abu Muhammad → 08.11.2011 йил

    Assalamu alaykum. Maqola juda foydali ekan. Jazakallahu hoyron.

    Hadislarni ohiridagi nomerlarga bossam, kerakli joyni kursatmayapti negadir. Yani izohlarni kursatmayapti

  2. Administrator → 10.11.2011 йил

    Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳ.
    Ва ийякум!
    Ушбу рақамларни босганингизда қуйида жойлашган изоҳларга туширмаслиги WordPress системаси камчиликларидан. Биз бу борада бирор нарса қила олмаймиз.
    Сизга тавсиямиз, саҳифамиздаги китобларни .doc форматини юклаб олиб, ўша ердан ўқинг. У ерда керакли изоҳни боссангиз қуйидаги матнга тушириб қўяди. Ёки кўрсаткични изоҳ рақамида ушлаб турсангиз, изоҳ матни кўринади.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.