PDF WORD

Ҳаж ва нафс тарбияси

Ҳаж ва истиғфор

 

Аллоҳ таоло истиғфор айтишга кўп бора буюрган. Айниқса тоат ниҳояси ва ибодат тугал бўлганда. Аллоҳ таоло ҳаж оятларида шундай деди: «Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир» (Бақара: 199).

Бу ерда (одамлар тушган томондан) тушишдан мурод, яъни, Мино бўлиб, ҳожи амалларининг охиргиси бўлмиш ҳаж амалларини комил қилиш учун турадиган ўриндир. У субҳанаҳу ана шу аснода банда томонидан ҳосил бўлган нуқсон ва у томондан рўй берган хатони тузатувчи бўлиши учун истиғфорни лозим тутишга амр қилди.

Шайх, аллома Абдурраҳмон ибн Носир ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида деди: «Ушбу (одамлар тушган томондан) тушишдан мақсад улар наздида маълум эди. У тош отиш, жонлиқларни сўйиш, тавоф, саъй, ташриқ кечалари Минода тунаб қолиш ва қолган ҳаж ибодатларини мукаммал-(тугал) қилиш. Ушбу (одамлар тушган томондан) тушишдан У Зот зикр қилгани мақсад қилинган вақтда, у зикр қилинганлар ҳаж ибодатларининг охири, Аллоҳ таоло улардан фориғ бўлиш вақти У Зотдан мағфират сўраш ва Уни кўп-кўп зикр қилишга амр қилди. Демак, истиғфор айтишлик ибодатни адо этиш давомида банда томондан рўй берган путур ва унда хатога йўл қўйиш (содир бўлгани) учундир. Аллоҳни зикр қилиш эса уни (бандани) ушбу улкан ибодатга тавфиқ бериш ила унга инъом қилгани ва катта марҳамат кўрсатгани учун Аллоҳга шукр қилишликдир. Шунингдек, бандага ҳар сафар ибодатдан фориғ бўлганда Аллоҳдан йўл қўйган хато учун мағфират сўрашлиги ҳамда тавфиқ бергани учун Унга шукр қилишлиги лозим бўлади. Дарҳақиқат, у ибодатни комил суратда адо этган ва бу билан Раббисига миннат қилган ҳамда унга баланд ўрин ва манзилат ҳозирлаб қўйилганини тўғри деб биладиган кимса каби эмаски, бу ғазаб ва амали рад этилишига мустаҳиқдир. Худди аввалги киши мақбул қилиниш ва бошқа амалларга муваффақ қилинишга ҳақли бўлгани каби». Сўзи тугади.

Дарҳақиқат, солиҳ амалларни истиғфор билан якунлаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди. Шунинг учун Муслимнинг «Саҳиҳ»ида собит бўлганки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан фориғ бўлганларида уч мартта истиғфор айтардилар».[1] Ва тунги намозни истиғфор билан якунлаш ворид бўлган. Аллоҳ таоло деди: «Ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган…» (Оли Имрон: 17). Ҳамда у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суҳбатларини истиғфор айтиш билан якунлардилар. Абу Довуд Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатдан туришни хоҳлаган вақтлари сўнгида шундай дердилар:

سبحانك اللهمَّ وبحمدك، أشهد أن لا إله إلاَّ أنت، أستغفرك وأتوب إليك

«Субҳанака Аллоҳумма ва биҳамдик. Ашҳаду алла илааҳа илла Ант. Астағфирука ва атуба илайк».

(Маъноси: Эй Аллоҳ! Сенга ҳамд айтиш билан Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Сендан мағфират сўрайман ва Сенга тавба қиламан).[2] Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бирор суҳбат қуриб, унда хатоси кўп бўлса, ушбу суҳбатидан туришдан олдин шундай десин:

سبحانك اللَّهمَّ ربَّنا وبحمدك، أشهد أن لا إله إلاَّ أنت، أستغفرك وأتوب إليك

«Субҳанака Аллоҳумма Роббана ва биҳамдик. Ашҳаду алла илааҳа илла Ант. Астағфирука ва атуба илайк».

(Маъноси: Эй Аллоҳ, Раббимиз! Сенга ҳамд айтиш ила Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Сендан мағфират сўрайман ва Сенга тавба қиламан).

«(Шунда) албатта унинг ушбу суҳбатида бўлган хатолари мағфират қилинади».[3]

Балки у киши алайҳиссалоту вассалам убудиятни рўёбга чиқариш ва комил тоат ила кўрк очган ҳаётларини истиғфор билан якунладилар. «Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) белларини унга (розияллоҳу анҳо) суяган ҳолда ўлишларидан олдин у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қулоқ солганларида шундай деяётганларини эшитдилар: «Эй Аллоҳ! Мени мағфират қил, менга раҳм қил ва мени «Рофиқул Аъло» («Энг олий ҳамроҳ»)га етказ».[4] Ҳолбуки у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пок ҳаётлари давомида истиғфор айтишни ниҳоятда лозим тутган эдилар.

Муслим «Саҳиҳ»ида ал-Ағор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Батаҳқиқ, қалбимни ғам эгаллайди. Ва албатта, мен бир кунда юз марта Аллоҳдан мағфират сўрайман».[5]

Бухорий «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳга онт ичаманки, батаҳқиқ, мен бир кунда етмиш мартадан кўпроқ Аллоҳдан мағфират сўрайман ва Унга тавба қиламан».[6]

Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир суҳбатда юз марта:

ربِّ اغفر لي وتُب عليَّ، إنَّك أنت التوَّاب الرحيم

«Роббиғфирлий ватуб аълайя. Иннака Анта ат-Таввабу ар-Роҳим».

(Маъноси: Раббим мени мағфират қил, тавбамни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмлисан), (дейишларини) санар эдик».[7]

Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни тўплаб, шундай дедилар: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Батаҳқиқ, мен Унга бир кунда юз марта тавба қиламан».[8]

«Саҳиҳайн»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳадисларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуо билан дуо қилганликлари собит бўлган:

اللَّهمَّ اغفر لي خطيئتي وجَهلِي، وإِسرافِي فِي أَمرِي، وما أنت أعْلمُ به مِنِّي، اللّهُمَّ اغفِر لي جِدِّي وهزْلِي، وخطئِي وعمدي، وكلّ ذلك عندي، اللَّهمَّ اغفر لي ما قدّمت وما أخّرت، وما أسررت وما أعلنت، وما أنت أعلم به منّي، أنت المقدِّمُ وأنت المؤخِّرُ، وأنت على كلّ شيءٍ قدير

«Аллоҳуммағфирлий хотиъатий ва жаҳлий. Ва исрофий фий амрий. Вама Анта аъламу биҳи минний. Аллоҳуммағфирлий жиддий ва ҳазлий ва хотоий ва аъмдий ва куллу залика иъндий. Аллоҳуммағфирлий ма қоддамту вама аххорту, вама асрорту вама аъланту, вама Анта аъламу биҳи минний. Антал Муқоддиму ва Антал муаххиру ва Анта аъла кулли шайъин Қодир».

(Маъноси: Эй Аллоҳ! Менинг хато, билимсизлик, ишимдаги хатойим ҳамда Сен уни мендан кўра билувчироқ бўлган (хато)ларни мағфират қил. Эй Аллоҳ! Менинг жиддий ва ҳазилим ҳамда хатойим ва қасддан қилганимни мағфират қил. Бунинг бари мен томондандир. Эй Аллоҳ! Мен аввал қилган ва ортга сурган-(ташлаган)ларимни ҳамда яхширин ва ошкора қилганларимни ва Сен уни мендан кўра билувчироқ бўлган (хато)ларни мағфират қил. Сен муқаддам қилувчи ва ортга сурувчисан. Ва Сен барча нарсага Қодирсан).[9]

Истиғфорни кўплаб кўринишлари собит бўлган. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп истиғфор айтардилар. Ҳатто Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламданда:

أستغفر الله وأتوب إليه

«Астағфируллоҳу ва атуба илайҳ»

(Маъноси: Аллоҳдан мағфират сўрайман ва Унга тавба қилман), деб кўпроқ айтадиган бирор кишини кўрмадим».[10]

Ҳолбуки Аллоҳ у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини мағфират қилган. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гунохларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун… дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик» (Фатҳ: 1-2).

«Саҳиҳ»да Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деганликлари ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар то оёқлари шишиб кетгунча турардилар. Шунда мен у кишига: «Эй Расулуллоҳ! Нима учун бундай қиласиз? Ахир Аллоҳ сизни ўтган ва кейинги гуноҳларингни мағфират қилган бўлса?» – дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Оиша! Шукр қилувчи банда бўлмайми?» – дедилар».[11]

Истиғфорнинг амалларни тамомига етказиш ва хатоларни тузатишда ўз аҳлига санаб адоғига етиб бўлмас самара ва баракалари бор. Шайхул Ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Истиғфор (сабабли) банда макруҳ феълдан маҳбуб феълга ва ноқис амалдан тўкис амалга чиқади. Банда (у сабабли) қуйи мақомдан олийроқ ва комилроқ ўринга кўтарилади. Батаҳқиқ, Аллоҳга ибодат қилувчи ва Аллоҳни танувчи киши ҳар куни, балки ҳар соатда, балки ҳар лаҳзада Аллоҳни билиши, динини теран тушуниши ва убудияти зиёдалашиб боради. У буни ўз таоми, ичимлиги, уйқуси, уйғоқлиги, сўзи ва феълида топади. Ҳамда олий мақомлар ва уларнинг ҳаққини бериш давомида қалби уйғоқлиги борасида ўз камчилигини кўради. Шунда у кеча ва кундуз соатларида истиғфор айтишга муҳтож бўлади. Балки у сўз ва ҳолатлари ҳамда ғойиб ва ҳозирлигида, унда (истиғфор айтишда) фойдалар, яхшиликларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилиш, яқиний, иймоний қалб ва танага оид амалларда зиёда қувват талаб қилиш бўлгани боис доимо унга (истиғфор айтишга) мажбурдир».[12] Сўзи тугади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ истиғфор айтувчиларга дунё ва охиратда санаш ва қамраб олиш имкони йўқ бўлган улкан ажр ва улуғ тортиқ ҳамда мўл атои неъматларни ҳозирлаб қўйган. Аллоҳ таоло деди: «Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар – кўрар» (Нисо: 110). Аллоҳ таоло деди: «Ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!» (Анфол: 33). Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом ҳақида шундай деди: «Мен дедимки: «Роббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).

Ибн Можжа «Сунан»ида Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ўз номаи аъмолида кўп истиғфор топган кишига шодлик бўлсин».[13]

Аллоҳ жалла ва аъладан бизни тавба қилувчи, (гуноҳлардан) қайтувчи, истиғфор айтувчи бандаларидан қилишини ва бизни тўғри йўлга бошлашини сўраймиз.

Якунида Олий, Қодир Аллоҳдан мусулмонларни Унинг эски байти сари қилган ҳажларидан гўзал фойда олишга муваффақ айлашини, амалларини ҳусни мақбул этишини, барчамизни мағфират қилишини, бизни сўзга қулоқ тутиб, унинг энг яхшисига эргашадиган муттақин бандаларидан қилишини сўраймиз. Ана ўшаларни Аллоҳ ҳидоят қилур ва ана ўшалар ақл эгаларидир. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, аҳли оила ва барча саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

___________________________________________________

[1] Муслим (591).

[2] Абу Довуд «Сунан» (4859), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ат-Тарғиб» (1517)да саҳиҳ деди.

[3] Абу Довуд «Сунан» (4858), Термизий «Сунан» (3433), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ат-Тарғиб» (1516)да саҳиҳ деди.

[4] Бухорий (4440).

[5] Муслим (2702).

[6] Бухорий (6308).

[7] Абу Довуд «Сунан» (1516), Термизий «Сунан» (3434), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳа» (556)да саҳиҳ деди.

[8] Насоий «Кубро» (10265) ва у Муслимда ал-Ағор (розияллоҳу анҳу) ҳадисларида шунга яқин лафз билан ворид бўлган (4/2076).

[9] Муслим (2719).

[10] Насоий «Сунан ал-Кубро» (10288), Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ» (928).

[11] Бухорий (4837), Муслим (2820).

[12] «Мажмуъ ал-Фатава» (11/696).

[13] Ибн Можжа «Сунан» (3818), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (3930)да саҳиҳ деди.

Sahifalar: 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14

Фикр билдиринг