Ўзга ҳолатидан ибрат ола билган, ҳақиқий саодат эгасидир » Тавҳид
PDF WORD

Ўзга ҳолатидан ибрат ола билган, ҳақиқий саодат эгасидир

Ўзга ҳолатидан ибрат ола билган, ҳақиқий саодат эгасидир

Хатиб: Толаъат Заҳрон

Асл сарлавҳа: السعيد من وعظ بغيره

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.

«Эй инсонлар, Роббингиздан қўрқингиз ва яна бир кундан (яъни, Қиёматдан) қўрқингизким, (у кунда) бирон ота ўз боласи томонидан (бирон нарса) ўтай олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирон нарса ўтай олгувчи эмасдир» (Луқмон: 33).

Эй инсонлар, албатта бу дунё ўткинчи ва алдамчи бир нарсадир. Охиратга куфр келтириб, Аллоҳ азза ва жалланинг ваъдасини унутган кимсагина дунё билан овора бўлиб, унга ўз қалб тўридан ўрин беради.

Ҳой одамлар, куни кеча рўй берган ҳодисаларда бир қанча ибратлар бор. Зеро ақлли киши – ўзгани кўриб, панд-насиҳат ола билган ва ушбу дунёга, унинг бари Аллоҳнинг мулки деган назар билан боққан кишидир.

Демак куни кеча рўй берган ҳодисалардан оладиган биринчи ибратимиз: Мулкнинг бари Аллоҳ азза ва жалланики бўлиб, У Зот Ўзи хоҳлаган бандасининг мартабасини кўтариб, хоҳлаганиникини туширади. Хоҳлаганини азиз қилиб, хоҳлаганини хор қилади. Мулкини ўзи хоҳлаган бандасига бериб, Ўзи хоҳлаганидан тортиб олади. Ушбу Аллоҳ жалла ва аланинг ҳикмати ва ўлчов-тақдирики, бандаларга фақат ва фақат ишларини Аллоҳ жалла ва алага топширмоқлари лозим.

Иккинчи ибрат эса: Ўлимдан қочиб-қутулишнинг асло иложи йўқ. Чунки Аллоҳ азза ва жалла айтадики:

«Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур» (Нисо:78).

Ва яна айтадики:

«(Эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, (яъни, фақат ажалларингиз битгунича ўлимдан қочишларингиз мумкин) демак, сизлар жуда оз (яъни, ажалларингиз етгунча) фойдаланурсизлар, холос» (Аҳзоб: 16).

Учинчи ибрат: Аллоҳнинг бандалари, шуни билингларки, зулмнинг оқибати аянчлидир. Зулмнинг умри ҳар қанча узун бўлса ҳам, албатта бир кун келиб ўз ниҳоясини топади. Зулм ҳар қанча шиддатли тус олиб, умри узайсада, албатта бир кун келиб битади. Золимларнинг оқибати барчага маълумдир. Аввал ўтган халқлар ва шаҳарларга бир қаранг. Тарихда ўтган бадавлат, куч-қувватга эга бўлган халқларга бир назар ташланг. Аллоҳ таоло уларнинг ҳолатларини тамомила аксига, ҳотиржамликларини қўрқувга, бойликларини камбағаликка алиштириб, уларни хору-зор қилди. Бу билан Од, Самуд қавми, Нуҳ, Иброҳим, Лут (алайҳимуссаломлар) ва Фиръавннинг қавмини назарда тутяпман. (Пайғамбарларнинг даъватини) ёлғон деб, зулм қилганларнинг бари (ном-нишонсиз) йўқ бўлиб кетди. Сиз улардан бирортасини кўриб, овозини эшитасизми?! Одамлар, зулм ном-нишонсиз йўқ бўлиб, золимларнинг оқибати барчага маълум эканини англаб етмоқлари даркор.

«Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар» (Шуаро: 227).

Ушбу Аллоҳ азза ва жалланинг еридаги, борлиғидаги суннатидирки, тақдирга биноан рўй бериб, замонлар оша шундай бўлиб келган. Энди мағрур алданиб қолмасинки, бу Аллоҳ азза ва жалланинг борлиғидаги суннатидир.

Эй Аллоҳнинг бандалари, куни кеча рўй берган ҳодисаларга назар ташлар экансиз, хоҳ кофир ё золим ҳукмдор бўлсин, бўғизигача зулм ботқоғига ботганлар ўз жазоларини, охират у ёқда турсин, шу дунёдаёқ кўришларини англаб етасиз. Одамларга эса сабрдан ўзга чора йўқдир. Уларга ушбу золим ҳукмдорни ағдариб ташлашга ҳаракат қилишлари жоиз эмас. Балки Аллоҳ азза ва жаллага ушбу золимни йўқ қилишини сўраб (сирран) баддуо қилишлари мумкин бўлган ишдир. Энди ҳукмдор кофир бўладиган бўлса, Аллоҳ азза ва жалладан уни йўқ қилишини сўраб дуо қилишлари ва Росул соллоллоҳу алайҳи ва саллам баён қилиб берганларидек, куч-қувват ва имкониятга эга бўлганларида уни ағдариб ташлашга саъй-ҳаракат қилишлари мумкин бўлади. Демак ушбу кофир ҳукмдорда, Аллоҳ таолодан очиқ ҳужжат бўлган аниқ-равшан куфрни кўришган маҳал, уни ағдариб ташлашлари лозиму-лобуддир. (Ҳали Ислом доирасидан чиқиб кетмаган) золим ҳукмдорга келсак, бандаларга унинг зулмига сабр қилишдан ўзга чоралари йўқ. Яқин келажакда Аллоҳ азза ва жалла уни йўқ қилади. Чунки бирор кишини бу дунёда бойлаб бериб қўймаган. Унинг ҳузурида ҳар бир нарсани ўлчов-миқдори ва маълум бир муддати бордир.

Кейинги оладиган ибратимиз эса Ливия халқига тегишлидир: Ҳой инсонлар, Аллоҳ азза ва жалла душманлари бўлмиш Фиръавнни кўз ўнгида ҳалок қилган Бану Исроил каби бўлманглар.

«Мана бугун ўзингдан кейинг кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун Биз сенинг жасадингни қутқарурмиз» (Юнус: 92).

Аллоҳ таоло жонини олгач, унинг жасадига нажот берди. Аллоҳ таоло унинг жасадига, ўз ортидагиларга, яъни Бани Исроилга оят-ибрат бўлсин учун нажот бергач, унинг жасади сув юзида қалқиб турарди. Унинг жонсиз танаси сув устида қалқиб турганини ўз кўзлари билан кўришди. Ҳа, ҳақиқатда буни кўришди. Агар улар билганларида эди, ушбу воқеа улар учун энг катта ибрат ва мавъиза бўлганди. Энди улар Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу фазлу-марҳаматини билишдими? Ушбу бўлиб ўтган ишдан ўзларига дарс ола билдиларми? Ёки Мусо алайҳиссалом билан йўл юриб, санамларга ибодат қиладиган бир қавмни кўришгач:

«Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер, дедилар» (Аъроф: 138).

Сўнг Фиръавн ва унинг қавмини бузоққа сиғинишидан таъсирланган ҳолатда бир бузоққа ибодат қилишди. Ўғирлик билан қўлга киритган тиллоларидан Сомирий йўлдан урганидек, ундан бир бузоқ ясаб, ўшанга сиғиниб кетишди. Ушбу воқеадан кейинги ҳар бир ўринда Мусо алайҳиссаломни ёрдамсиз ташлаб кетишди. Ҳатто Мусо алайҳиссалом улар билан жиҳод қилиб, ерда бузғунчилик эмас балки олий бўлиш учун Аллоҳ азза ва жалланинг (динига) ёрдам қўлини чўзиш, Байтул Мақдисни фатҳ қилиб, оламлар Роббисининг фазлу-марҳамати ила ғолиб бўлган ҳолда киришни истаганларида, Мусо алайҳиссаломга шундай дейишди:

«Ё Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмагаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўлурмиз» (Моида: 22).

Уларга тўхтовсиз насиҳат қилинди. Аллоҳдан қўрқадиганлардан бўлган икки киши ҳам насиҳат қилди. Сўнг эса шундай дейилди:

«Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, агар унга кириб олсангизлар, бас, шубҳасиз, ғолиб бўлурсизлар. Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!», дедилар. (Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Роббинг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз»» (Моида: 23-24).

Мусо алайҳиссалом уларни баддуо қилдилар:

«(Мусо) айтди: «Роббим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорунга) эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин». Аллоҳ деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин» (Моида: 25-26).

Аллоҳ таоло уларга хору-зорликни битди ва уларни ер юзида бошпанасиз қолдирди. Қирқ йил адашиб-улоқиб юрдилар.

Шунинг учун биз Ливиялик биродарларимизни, душманларининг ҳалокатини ўз кўзлари билан кўришгач, Аллоҳ азза ва жалланинг уларга ато этган фазлу-марҳаматини билишлари, бундан буёғига энг яхши йўлни маҳкам тутиб, Роббилари азза ва жалланинг шариати билан ҳукм юритишлари ҳамда кофир, салибий ва яҳудлардан иборат ушбу уммат душманларига қўшилиб кетмасликлари лозим дея насиҳат қиламиз. Балки уларга Аллоҳ табарока ва таолонинг йўлига қайтишлари, бўлиб ўтган ишларда (билиб-билмай қўйилган хато-камчиликлардан) тавба қилишлари лозим бўлади. Агар Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига қайтиб, тавба қилишса, Аллоҳ таоло улар томондан қўйилган саҳву-хатоларни мағфират қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни афв айлаб, даражаларини юқорига кўтариб, уларни азиз қилади. Аммо бундай қилишмаса, шуни яхши билсинларки, нусрат ва қалбларни ўзаро (бир ғам-ташвишга) жамлаш Аллоҳнинг ҳузуридандир.

Афғонистондаги биродарларимизнинг яқин тарихдаги ҳолатлари(ни эсланг). Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш учун бел боғлаб киришишди. Аллоҳнинг душманлари бўлмиш русларга қарши курашишди. Аллоҳ азза ва жалла улардан нусратини дариғ тутмади. Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ўлароқ русларни қанчасини ер тишлатиб, ўз ерларидан ҳайдаб, чиқариб ташлашди. Аллоҳ азза ва жалла уларга Ўз нусратини бериб, марҳамат кўрсатди. Бироқ Аллоҳ азза ва жалла уларга қалбларнинг якдиллигини марҳамат қилмади. Уларга бу неъматни бермади. Чунки улар бунга нолойиқ эдилар. Агар ушбу неъматга ҳақли бўлганларида, албатта Аллоҳ азза ва жалла уларга ушбу бирдамлик неъматини, балки ундан-да кўпроқ неъматларини ато этарди. Бироқ улар ушбу неъматга нолойиқ эканларки, Аллоҳ азза ва жалла уларнинг қалбларини бирлаштирмади. Натижада бир-бирларини қира бошладилар. Ҳолат парчаланиш, харобалик ва вайроналикка қараб ўзгарди-қолди. Сўнг эса кечаги рус душманларига ўхшашиб кетдиган бошқа бир душман келди. Улар афғон мусулмонларининг ерларини босиб олиб, ўзларини қаттиқ азобга дучор этиш истагидаги салибийлардир.

Аллоҳ азза ва жалла бани Исроилга миннат қилиб айтадики:

«Сизларни оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар! Ана ўша ишларда Роббингиз томонидан буюк синов бордир» (Бақара: 49).

Бироқ бани Исроил ушбу ҳолатларини бошқа нарсага алишишди. Натижада хору-зорликни бошдан кечиришди.

Ҳой Ливиядаги биродарлар: Аллоҳ табарока ва таолонинг йўлига қайтинглар! Шуни яхши билингларки, ишларнинг тизгини Аллоҳнинг қўлидадир. Бирлашган миллатлар ёки бошқасини қўлида эмас. Агар Аллоҳ жалла ва аланинг йўлига қайтар экансиз, Аллоҳнинг Ўзи сизларга нусрат беради.

Ушбу воқеалардан кейинги оладиган ибратимиз шуки: Диктатор ёки золим ҳукмдорни ағдарилгани, бўлди ишлар яхши томонга қараб ўзгарди дегани эмас. Чунки подшоҳ, раҳбар ва ҳукмдорларнинг кўпчилиги тахтдан кетди. Бири мамлакатидан қочиб кетди, бошқаси сургун қилинди, яна бири эса қамоққа ташланди, бошқаси эса қатл қилинди ва ҳаказо… Бироқ ушбу воқеалардан кейин негадир ўзгаришлар кузатилмади. Чунки одамлар Аллоҳ табарока ва таолонинг йўлига қайтувчи бўлган ҳолатда ўзларини ўзлари ўзгартирганлари йўқ.

Марокаш подшоҳи Ҳасан, Жамол Абдунносир кетди. Анвар Садат нақд отиб ташланди. Бироқ булардан кейин негадир ўзгариш кузатилмади. Саддам қатл қилинди. Ироқ халқининг ҳолати эса бунданда расво ҳолатга ўзгарди. Демак золимнинг, диктаторнинг ағдариб ташланиши, ундан кейинги ҳолатлар яхши бўлиб кетишига далолат қилмас экан. Балки одамлар Унинг қўлида яхшилик тизгинлари бўлган Зот сари қайтишгандагина, бу ёғи яхши бўлиб кетади. Яхшилик тизгинлари Унинг қўлида бўлган Зот эса, ягона Аллоҳ жалла ва аланинг Ўзидир. Росул соллоллоҳу алайҳи ва саллам Роббиларига сирли нидо қилган ҳолда айтганларидек, яхшиликнинг барчаси Унинг Қўлидадир: «Яхшиликнинг бари Сенинг Қўлингдадир».

Маълумки инқилоблар бирор яхшилик олиб келмайди. Чунки, юқорида айтилганидек, ҳукмдорни бадарға қилиш, ўлдириш, рад этиш ёки шунга ўхшашлардан кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетади дегани эмас экан. Балки Аллоҳ табарока ва таолога тавба, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига қайтиш бўлгандан кейингина ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Агар Аллоҳ сари қайтилса, нусрат, бирдамлик, раҳму-шафқат ҳам бўлади. Агар Аллоҳнинг йўлига қайтилмаса, аҳвол ёмонлашгандан ёмонлашади.

Тарихга бир назар ташланг. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга қарши бош кўтариб чиқишганда, тобеъинларнинг кўплари ўзларига ўзлари зулм қилишганди. Абдуллоҳ ибн Зубайр, у киши саҳобанинг набираси, Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин, куч-қувватга эга ҳукмдор ва мусулмонларга халифа эдилар. Қўзғалончилар у кишига қарши бош кўтаришди. Ушбу қўзғалонлари хато, тажовуз ва зулм эди. Қўзғалончилар исён кўтаришди. Бироқ куч-қувват ҳосил қилиб, бошқа кўплаб қўзғалончилар ҳам уларга келиб қўшилишди. Икки ўртада жанг бошланиб кетди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо хусуматгўйларининг қуввати ва жамланганини кўргач, мусулмонларнинг қони тўкилишини олдини олган ҳолатда бошқарувдан воз кечишлари лойиқ бир иш бўлган эди. Бироқ у киши ижтиҳод қилдилар ва нима бўлганда ҳам (ушбу ижтиҳодларига) ажрланадилар. Қўзғалончилар ёпирилиб келиб, Маккани қамал қилишди. Байтул Ҳарамни манжаниқлардан ўққа тутиб, Аллоҳнинг уйини бузишди. Ушбу ишга Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақофий қўл урган эди. Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўлдиргунларича икки ўртада қинғинбарот жанг кечди. У кишини ўлдиришгач, дорга осишди. Кўплаб саҳобалар ушбу ишдан маҳзун бўлишди. Саҳобалар ушбу ишларда асло иштирок этишмади. Ўшанда куч-қувватга эга ҳукмдорга қарши бош кўтарган бирорта ҳам саҳоба йўқ эди. Ҳусайн розияллоҳу анҳудан, ижтиҳоддан келиб чиқиб рўй берган баъзи ишлар бундан мустаснодир. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо қатл қилингач, одамларни тавба қилишга ва ушбу қўзғалонга бош бўлган, иқтидордаги Абдулмалик ибн Марвонга байъат беришга чақиришди. Мусулмонлар ушбу қўзғалонга бош бўлган кишига байъат беришди. Чунки у мусулмон ва куч-қувватга эга эди. Агарда ношаръий йўлга кўра, балки Аллоҳ азза ва жаллага маъсият қилиб иқтидорга келган бўлса-да, иши Аллоҳга ҳавола қилинади. Демак бирор шахс куч-қувват билан иқтидорга келса, мусулмонларнинг қони тўкилиши олдини олган ҳолда, унга байъат бериш ва унга бўйсунишдан бўйин товламаслик вожиб бўлади. Саҳобалар унга байъат беришиб, одамларга насиҳат қилишди. Одамлар ҳам ўз ўрнида Роббиларига тавба қилишиб, Эгалари азза ва жалланинг йўлига қайтишди. Тавба қилишгач, Аллоҳ азза ва жалла уларни афв этиб, қилиб ўтишган гуноҳларини мағфират қилди. Эҳтимол баъзиларини мағфират қилгани сабабидан Умавийлар давлати оёққа туриб, куч-қувват ҳосил қилди. Румликларга қарши уруш олиб бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида жиҳод қиладиган бир давлатга айланди. Мамлакатларни бирин-кетин фатҳ қилди. Аллоҳ жалла ва аланинг нусрати келганди. Чунки инсон бирор маъсиятга ёки гуноҳи кабирага қўл уриб қўйса, ё бўлмаса Аллоҳ азза ва жалланинг бирор буйруғидан ғофил қолса, боринг ана кичик ширк ва бидъатларни қилиб қўйса, ҳаттоинки Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирса ҳам умидсизликка тушмаслиги лозим бўлади. Чунки тавба эшиги доим очиқдир. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтиб кетганларидек, қуёш мағрибидан чиқмагунча тавба узилмайди.

Айтмоқчи бўлганим шуки: Мусулмонлар Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумони ўлдириб, дорга осиш ва Каъбани манжаниқлардан ўққа тутиш билан якун топган ўша маъсиятларидан кейин кўпчилик одамлар томонидан тавба қилиш кузатилди. Ушбу тавба уларга яхшилик олиб келди.

Шундан келиб чиқиб маъсиятларга билиб-билмай қўл урган ва ушбу ножоиз инқилобни уюштирган биродарларимизга насиҳат қиламизки, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига қайтинглар, Аллоҳ табарока ва таолога тавба қилинглар, бўлиб ўтган воқеалардан ибратланинглар. Ўз кўзларингиз билан кўриб, ўз қўлларингиз билан қилган ишларингиздан ибрат ҳосил қилинглар. Чунки ақлли, зийрак мусулмон рўй бераётган ҳодисаларга қараб, панд-насиҳат олган кишидир. Ўзганинг ҳолатини кўриб, панд-насиҳат олган-саодатманд кишидир. Аҳмоқ эса ўзини сарҳисоб қилмай, нафсини ҳавосига топшириб қўйган кимсадир. Аллоҳ таоло унга жазо ўлароқ муҳлат бериб қўяди. Бироқ асло шунчаки ташлаб қўймайди. Аллоҳ азза ва жалла кўплаб зулм йўлига кирган қишлоқларга арқонни узун ташлади. Сўнг субҳанаҳу азза ва жалла уларни азоб билан ушлади. «Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).

Аллоҳнинг бандалари, ибрат ва панд-насиҳат олинглар. Кимки панд-насиҳат олмас экан, рўбарўсида фақат Аллоҳ азза ва жаллага маъсият қилиш йўлинигина топади. Фақат ва фақат бало, харобалик ва касодга учрашнигина топади. Аллоҳ азза ва жалланинг шариатига, йўлига қайтайлик. Шояд Аллоҳ азза ва жалла кучайиб бораётган сионист, салибийлардан иборат ҳужум уюштираётганларни мусулмонларнинг диёрларидан даф қилса. Улар ушбу диёрларда фитна оловини аланга олдириб, инқилобларга зўр бериб, тахтларни ағдариб, қонунларни бузишяпти. Мусулмонларнинг диёрларида тартибсилик ва бўлинишни қўзғаяпти. Мусулмонлар эса ушбу бўлиниш, гуруҳланиш ва фирқа-фирқа бўлишларга лаббай деб жавоб беряптилар. Улар ғарб истакларини, барча жиҳатлари билан қойилмақом қилиб ижро этмоқдалар. Гўёки улар ғарбнинг ёлланма ишчиларига ўхшайдилар. Яҳудлар ва салибийлар истаган нарсани амалий суратда ижро этяптилар. Кечаги бўлиб ўтган воқеадан салибий, сионист ғарб олами нақадар шод-ҳуррам бўлганини кўрганингда, қўрқув ҳиссини туйишинг, ўзинг ушбу масала ҳақида бир бош қотириб кўришинг тўғри эмасми?! Улар негадир бугун хурсанд бўляптилар, ҳолбуки улар ушбу уммат душмаларидир, демак ушбу ишни бари яхшилик эмас. Балки унда ёмонлик ҳам борлигида шак-шубҳа йўқдир. Чунки улар, ишлар улар режалагани бўйича ижро этилаётгани, истаган ниятлари амалга ошаётганидан хурсанддир. Аллоҳ азза ва жалладан макр-ҳийлаларини ўзларига қайтаришини, мусулмонларни (ушбу фитналардан) саломат чиқаришини, уларни азиз қилиб, нусратини дариғ тутмаслигини сўраймиз. Албатта У бунинг тепасида бошқарувчи ва Қодир Зотдир.

Иккинчи хутба

Барча мақтовлар Аллоҳ учундир. (Одамлар орасидан) танлаб олган бандаларига саломлар бўлсин. Халқларининг яхшиси бўлган Муҳаммад мустафога, оиласи ва шон-шарафга тўла эришган саҳобаларига салавоту-саломлар бўлсин.

Сўнг…

Эй Аллоҳнинг бандалари, хоҳ ҳоким бўлсин ё маҳкум, ёлғиз бўлсин ё бир тўп жамоат, ўзига ёки аҳлига ё бўлмаса ўзгага зулм ўтказган ҳар бир золим, зўравонларнинг оқибати не кечганига бир назар ташлаши лозим бўлади.

Бармакийлар оиласининг кечмиши ҳақида бир ўйлаб кўринглар. Рошид уларни қамоққа ташлаб, яна қанчасини қиличдан ўтказди. Ибн Яҳё Бармакий нолиган ҳолда хитоб қиларди, Яҳё Бармакий эса қамоқда бўлиб, унинг ўзи Ҳорун ар-Рошидни тарбия қилган ва Ҳорун ар-Рошид унга отажон деб сўз бошларди, бироқ ҳолатлар ўзгариб, кунлар чаппасига айланди. Ҳаёт бир хил давом этавермас экан. Ҳорун роҳимаҳуллоҳ уларни қамоққа ташлаб, жазолади. Ибн Яҳё Бармакий (у Ибн Холиддир) унга қарата шундай дерди: «Эй отажон, иззат, подшоҳлик ва султонликдан кейин ҳолимиз шундай кечадими?» Шунда у айтдики: «Эй ўғлим, эҳтимол бу, тунда қилинган мазлумнинг дуосики, биз ундан ғофил қолсак ҳам Аллоҳ ундан асло ғофил қолмайди».

Шу сабабли ҳам, араб ва мусулмонларнинг ҳукмдорлари куни кеча ўз кўзлари билан кўришган ҳодисадан ибрат олишлари лозим. Улар суратга тушиб қолишга ошиқаётган атрофларидаги оламонга алданиб қолишмасин. Ўлдирилиб, қонга бўялган жасадлари ерда ётганида, одамлар (тирикликларида тўпланишганидан) бир неча баробар катта сонда тўпланишади. Бироқ бу сафар энди, ҳукмдорлар билан тирикликларида бирга суратга тушиб қолишга ошиқманд бўлганларга қараганда ўлик жасадларини суратга олишга кўпроқ ошиқманд бўладилар. Шояд ушбу ҳодисалардан Башар ал-Асад ҳам ибрат олиб, ўзининг куфридан қайтиб, қилганларига тавба қилар. Шояд ушбу воқеаларда ҳар бир золимга, ўзининг зулмидан қайтиб, уни ташлаши ва атрофидаги қарсак чалиб, кўкларга кўтариб, ноғора чалаётганларга алданиб қолмасликлари учун ибрат бўлган бўлса. Куни кеча ҳалок бўлган ҳам одамларга шундай деб, айтарди: «Рақсга тушиб, ноғора-ю сурнайларни чалиб, шодланинглар». Сўнг ўшалар ҳозир (у ўлдирилганидан сўнг) унинг ўлик жасади атрофида ноғора-ю, қарсакларни чалиб, хурсандликдан қичқирганларича, шодланган ҳолатда байроқларни юқорига кўтаришяпти.

Энди бошқа бир фиқҳий масала ҳақида айтиб ўтсам: Олишувда қўлга тушган тирик асирни ўлдириш жоизми? Агар қўлга тушган асир аслий кофир бўлса, уни ўлдириш жоиздир. Ундан фидя қабул қилиб, (қўйиб юбориш) ёки умуман афв этиб марҳамат кўрсатиш жоиз бўлганидек. Бу аслий кофир ҳақидаги ҳукмдир. Дарҳақиқат Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам мужрим Уқба ибн Абу Муъитни қатл қилдилар. Ва яна Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам бани Қурайза яҳудларини Аллоҳ ва Росули соллоллоҳу алайҳи ва салламга хиёнат қилганлари учун сўйиб (ўлдирдилар). Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳукмларидан кейин сўйиб, қатл қилинишларига буйруқ бердилар. Қўлга тушган аслий кофирни ўлдиришдан тўсиқ йўқ. Аслий кофир деганда, мажусий, яҳудий, насроний ва булардан бошқа Исломдан узоқ бўлган миллатларни назарда тутяпман. Энди қўлга тушган асир мусулмон бўлса, уни ўлдириш жоиз бўлмайди. Агарда у бундан олдин жиноятлар содир этган бўлса ҳам. Балки унинг ҳурматини риоя қилиш, жароҳат олганми ёки йўқми уни ўлдирмаслик, уни жонини сақлаш, Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган, Аллоҳнинг шариатини ижро этадиган одил қозилик қўлига топшириш лозим бўлади. Энди шундан кейин жазо ўлароқ қатл қилинишга лойиқ деб топилса, уни ўлдиришдан тўсқинлик йўқдир. Демак жанг давомида қўлга тушган мусулмон асирни ўлдириш жоиз эмас, у ким бўлишидан қатъий назар. Қўлга тушган жароҳатли мусулмон асирни йўқ қилиш асло жоиз эмас.

Энди муртад кофирга келсак (у аслий бўлмаган кофирдир) қўлга тушган муртад кофир шундай қатл қилиниб юборишлиги нолойиқдир. Балки уни шатакка олиб, тавбага чақирилади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари учун асло куфрга рози бўлмайди. Демак у тавбага чақирилади, агар Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилса, бу авло ва афзалдир. Чунки биз бирор бир бандага асло куфрни раво кўрмаймиз. Балки бизга бутун ер юзидаги барча инсонларга Ислом ва иймонни раво кўришимиз ярашадиган бир ишдир. Биз (Аллоҳга қасамки) Обама, Шарон ва дунёнинг қолган бурчакларидаги кофир ва мажусийларни Исломга киришларини орзу қиламиз.

Демак, аслий кофирни ўлдириш жоиз. Муртад кофирни ўлдириш эса жоиз эмас. Чунки у қилган ишидан қайтиб, тавба қилиши мумкин (биз ҳозир асир бўлиб қўлга тушганларни айтяпмиз).

Мусулмон асирни ўлдиришга келсак, бу асло жоиз эмас. Қайта айтаман, асло жоиз эмасдир. Шунинг учун Мўтасим ва Сайфул Исломни ўлдириш жоиз бўлмаган ишдир. Бироқ бу ёшларнинг эҳтиросига тўлган бир инқилобдир. Бироқ бунинг, эҳтимол ошкора бўлгудек бўлса, маълум бир доирадаги шахсларнинг муайян сир-асрорларини яширишни истайдиган бошқа сабаблари ҳам бордир. Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи билувчироқдир. Чунки ушбу қўзғалонни бошқарганларнинг кўпи, ушбу ўтган золимнинг ҳамтовоқлари эди. Улар уни бундан олдин нималар қилганини билувчироқдирлар.

Демак диққатингизни тортмоқчи бўлганим, ушбу фиқҳий масала эди.

Аллоҳ азза ва жалладан бизга манфаатли бўладиган илмни таълим беришини, бизга билдирган илмидан манфаат ҳосил қилишимизни сўраймиз. Аллоҳим бизга ҳақни билдир ва ҳаққа қайтар, эй раҳмлиларнинг Раҳмлиси бўлган Зот. Бизга ҳақни ҳақ деб кўрсат ва унга эргашишимизни насиб айла. Ва яна бизга ботилни ботил деб кўрсат ҳамда ундан четлашишимизни насиб эт. Касалларимизга, қолаверса бутун мусулмонларнинг касалларига шифо бер. Ўлганларимизни ва мусулмонларнинг ўлганларини раҳм айла. Ерда динингга қувват бер. Унга одамларнинг қалб тўрларини очиқ қўй. Ширк ва мушрикларни хор қил. Ислом ва мусулмонларни азиз қил. Албатта сен бунинг тепасида Бошқарувчи ва Қодир Зотсан. Аллоҳим Иброҳим ва унинг оиласига салом йўллаганинг каби Муҳаммад ва унинг оиласига ҳам салом йўлла. Иброҳим ва унинг оиласига барака ато этганинг каби Муҳаммад ва унинг оиласига ҳам барака ато эт. Албатта Сен мақталган, улуғ Зотсан.

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.