PDF WORD

Норозилик намойишлари ва ҳукмдорга қарши чиқишлик ҳақида

Бугунги кунда бўлаётган норозилик намойишлари ва ҳукмдорларга қарши чиқишлик ҳақида бир оғиз сўз

Шайх Робиъ ибн Ҳадий ал-Мадхалий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳнинг Росулига, у кишининг оилаларига, саҳобаларига ва у кишининг йўлларига эргашганларга салоту-саломлар бўлсин.

Аммо баъд:

Ислом (дини) йўли мукаммал бўлганлиги ва ҳикмати комил бўлганлиги учун ҳукмдорларга қарши бош кўтаришдан ва унга олиб борадиган ҳар қандай нарсадан қайтаради. Ҳамда зарарлар ва бузғунчиликдан узоқ бўлган йўллар билан фойдали, гўзал мавъиза ва насиҳат (холис туришлик)га буюради.

Лекин Ҳаворижлар ҳукмдорларга қарши бош кўтаришликни тўғри деб биладилар. Яъни, гуноҳи кабира сабаб кофирликда айблашади, улар ҳокимлар ва ҳукмдорларни ҳам кофирликда айблашади. (Ҳукмдор агар бирор буйруққа) Зид иш тутса ва шу билан бирор маъсиятга тушиб қолса, унга қарши бош кўтаришни ҳалол санашади. Бош кўтариб қон тўкишади, (мусулмонлар) обрўсини оёқости қилишади, мол-мулкни тортиб олишни мубоҳ деб билишади, фарзандларни асир олишади ва бундан бошқа яна кўплаб пасткашликларга боришади. Бу ишларни ҳавои-нафсларига эргашганликлари, Аллоҳ табарока ва таолонинг манҳажи, Росул алайҳиссалоту ва саллам ва Қуръон ўгитларига, ҳамда уламолар ва хулафои рошидинларнинг йўлига хилоф иш тутганликлари сабабли қилишади.

Бунга (юқорида санаб ўтилган саҳиҳ манҳажга) ҳавои-нафслари сабаб қарши боришди, натижада умматни заиф ҳолатга тушишига сабаб бўлишди, умматни пораканда бўлишига олиб келишди ва мана шундан кейин бидъатлар бирин-кетин бош кўтара бошлади. Улар мана шу эшикни, балки ёмонликлар ва фитналар эшигини очишди. Шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қатл қилишга буюриб, айтдиларки: «Улар одамларнинг ва махлуқотларнинг ёмонидир» (Аҳмад 3/224, Абу Довуд 4765. Шайх Албоний саҳиҳ деган), «Уларни қаерда учратсангиз ўлдиринглар» (Бухорий 3611, Муслим 1066), «Диндан ўқ камондан чиққани каби чиқиб кетадилар» (Бухорий 5058, Муслим 1064). Бу ҳаворижларнинг ҳар бир замон ва макондаги йўлларидир. Доим қон тўкишга ва мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши бош кўтаришликка чақирадилар. Шариатга келсак, унда ҳикмат, фойдаларни риоя қилиш ва зарарларни даф қилишлик бор. Ҳукмдорларга қарши бош кўтаришни жуда катта зарарлари бор.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламни яқин келажакда умматлари ичида ҳукмдорлар ва улардан бошқалар борасида (тўғри йўлдан) оғишиш кузатилишини ҳабардор қилди: «Яқин кунларда мендан кейин ҳудбинлик (ҳукмдорлар томонидан одамлар молини зўрлик билан тортиб олиш) ва сизлар инкор қиладиган ишлар рўй беради». (Саҳобалар) Айтишдики: «Эй Росулуллоҳ, бизлардан шу замонга етган одамга нимани буюрасиз?» Айтдиларки: «Устиларингиздаги ҳақни адо қиласизлар ва ўзларингизнинг ҳаққингизни Аллоҳдан (илтижо қилиб) сўрайсизлар» (Муттафақун алайҳ).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар (саҳобалар)ни бош кўтариб чиқишга, жанг қилишга, намойишлар ўтказишга ва бундан бошқа бузғунчилик турларига буюрмадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Бани Исроилни пайғамбарлар бошқарарди. Ҳар сафар (бир) пайғамбар вафот этганда, унинг (ўрнини бошқа) пайғамбар эгалларди. Албатта мендан кейин пайғамбар йўқ. Яқин келажакда халифалар бўлади ва улар кўп бўлади». (Саҳобалар) Айтишдики: «Бизга нимани буюрасиз?» Айтдиларки: «Аввалги байъатга вафо қилинглар, улар (ҳукмдорлар)га уларнинг ҳаққини беринглар. Албатта Аллоҳ таоло улар (ҳукмдорлар)дан улар (одамлар)дан талаб қилган нарса (бошлиқлик ва амирлик) ҳақида сўрагувчидир» (Муттафақун алайҳ).

Мана бу ҳикматли пайғамбар кўрсатмасига бир назар ташланг. Агарда мусулмонларнинг ўз ҳукмдорлари жабру-ситамига сабр қилишлари ана шу ҳикматли пайғамбар кўрсатмасидан келиб чиққан бўлганида эди, албатта Аллоҳ таоло уларга шодлик ва (торликдан) чиқиш йўлини берган бўларди.

«Ким Аллоҳдан тақво қилса, унга (торликдан) чиқиш йўли қилиб беради ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради» (Талоқ: 2-3).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бугунги кунимиздаги ҳукмдорлар ҳақида гапирганларидек, фирқалар ҳақида ҳам гапириб ўтганлар. Бу уммат етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Биттасидан ташқари барчаси жаҳаннамдадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у кишига мана шу ҳақида хабар берди. Бу у киши соллаллоҳу алайҳи в салламнининг мўъжизаларидандир. Аллоҳ таоло у кишига умматлари орасида яқин келажакда рўй берадиган бидъатлар, (тўғри йўлдан оғишган) сиёсатлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида хабар берди. Лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта фойдани кўзлайдилар ва мусулмонларга, уларнинг қонлари, обрўлари ва мол-мулкларига катта фитна (етиши)ни тўсадилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мункар ишни ўзгартиришни буюрди:

«Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Зеро сиз яхшиликка буюрасиз, ёмонликдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасизлар» (Оли Имрон: 110).

Ва яна айтдики:

«Ораларингиздан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир тоифа бўлсин. Ана ўшалар ҳақиқий нажот топгувчилардир» (Оли Имрон: 104). Шу билан бирга ҳукмдорни ўзига хос бир бошқа ўрни бор. У ҳам бўлса унга ҳикмат ва гўзал мавъиза билан насиҳат қилинмоқлигидир. Чунки ҳукмдорда бўлган мункарни ўзгартиришлик, агар у мункар очиқ куфр бўлмайдиган бўлса, бу (иш)нинг кетидан у (ҳукмдор) ўзи қилиб турган ва сен ундан қутулмоқчи ҳамда йўқ қилмоқчи бўлган зарардан каттароқ, каттароқ ва яна каттароқ зарар келади. Натижада (сен курашмоқчи бўлган мункар иш қолиб) тартибсизлик, қон тўкиш, обрўни оёқости қилиш, мол-мулкни тортиб олиш ва шунга ўхшаш каттароқ ва яна каттароқ зарар ишни қилиб қўясан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни сабрга буюрдилар. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу дедилар: «Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тетиклик ва ҳушимизга мос келмай (ёқтирмай) турган вақтимизда ҳам эшитиб итоат қилишликка, биздан (ҳукмдорлар томонидан) тортиб олинаётган нарса (мол-мулк)ларга (сабр қилишга) ва тоинки сизларда Аллоҳ томонидан аниқ-равшан далил бўлган очиқ куфрни кўргунингизгача иш (бошқарув)ни иш эгалари билан тортишмасликка байъат бердик» (Муслим 1709). Очиқ куфр бу таъвил эҳтимоли бўлмаган ва таъвил қабул қилмайдиган, қуёш каби аниқ-равшан бўлган куфрдир. Ана шу пайтда мусулмонларга аниқ-равшан куфрни қилиб қўйган ҳукмдорга қарши бош кўтаришлари жоиз бўлади. Бироқ бу бош кўтаришлари кофир ҳукмдор (ўз ўрнида) қолишидан кўра каттароқ зарарга олиб келмаслиги шарти билан бўлмоғлиги даркор. Чунки гоҳида баъзи инсонлар ва заиф кишилар (ҳукмдорга қарши) бош кўтариб чиқишадида, (ҳукмдор) уларни қириб ташлайди ва дину-дунё зое бўлади. Мана шунда зарар каттароқ бўлган бўлади! Демак бундай ҳолатда мусулмонлар кофир ҳукмдорга қарши бош кўтармайдилар, фақатгина тарозудаги фойда палласи зарар палласидан оғир келганда, ғалабага бўлган ишонч юқори бўлганда ва мусулмонлар у (ҳукмдор)ни қон тўкишсиз, обрўлар оёқости қилинишсиз ва бундан бошқа зарарларсиз ағдариб ташлашсагина жоиз бўлади.

Бироқ ҳали (ҳукмдор) Ислом доирасидан чиқиб кетмаган бўлса «Йўқ, модомики намоз ўқир эканлар» (дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, унга қарши бош кўтариш жоиз бўлмайди). Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта сизларни устингизга шундай амирлар келадики, сизлар (уларни) таниб инкор қиласизлар, кимки таниса дарҳақиқат пок бўлибди, ким инкор қилса дарҳақиқат саломат қолибди. Лекин кимки рози бўлса ва эргашса (саломат қолмабди)». (Саҳобалар) Айтишдики: «Уларга қарши жанг қилмаймизми, эй Росулуллоҳ?» Айтдиларки: «Модомики намоз ўқир эканлар, йўқ!» (Муслим 1854). Демак, модомики намоз ўқир экан, унга (ҳукмдорга) қарши бош кўтариш жоиз бўлмайди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Модомики намозни тўла-тўкис адо этар экан» демадилар. Балки айтдиларки: «Модомики намоз ўқир эканлар, йўқ!» Модомики (ҳукмдор) намоз ўқир экан, унинг зоҳири мусулмон эканлигидир (деб ҳисобланишидир) ва у Ислом доирасидадир. Демак, унга қарши бош кўтариш жоиз бўлмайди. Чунки унга қарши бош кўтаришлик қон тўкилишига ва обрўлар оёқости қилинишига олиб келади.

Одамлар ҳукмдорларга қарши бош кўтариб ҳеч қачон фойдага эришишмаган, ҳа ҳукмдорга қарши бош кўтариб ҳеч қачон фойдага эришишмаган. Мадина аҳлини Язидга қарши чиқишлари ортидан катта зарарлар келди. Умавийлар ва Аббосийлар ҳукмдорларига қарши бош кўтаришлари ортидан фақат бузғунчилик, ҳалокат ва вайроналик келди. Мусулмонлар бу бош кўтариб чиқишлардан бирор фойдага эришмадилар. Ҳар доим бу бош кўтариб чиқишларнинг зарарлари фойдаларига қараганда каттароқ, янада каттароқ ва шиддатлироқ бўлди.

Сомали (даги воқеалар)дан ибратланинглар. Ҳукмдорлари золим ва фожир эди, унга қарши бош кўтариб чиқишди. Натижада фитналар ва қон тўкилиш ҳоллари бугунги кунимизгача давом этиб келяпти. Саддам (Ҳусайн) Баъс партиясига аъзо бўлган фожир эди. Қаранг тахтдан ағдарилгач Ироқда бугунги кунимизгача нималар рўй беряпти. Энди ҳозирда араб диёрларида намойиш ўтказаётганларга нималар бўларкин? Ана ўшаларни қилаётган ишлари ортидан нималар рўй бераркин?!

Аллоҳга қасамки мен ачинаман, қаттиқ афсусдаманки, бу намойишларнинг бирортасида Ислом тилга олинмади! Баъзи китобхонлар бу демократияга ижмоъ бор деб айтишмоқда. Демократиядан келиб чиқиб иш кўришмоқда. Халқ талаблариниг барчаси демократия асосида бонг урмоқда. Бу талабларда Ислом асосидан келиб чиққан бирорта ҳам талаб йўқ. Аллоҳ сақласин, баъзи ҳукмдорлардан қутулишлик (яни 5 йил ўтирсин кейин ўрнини бўшатиб қўйсин қабилидаги сўзлар) демократияга асосан юз бермоқда. Эҳ, Ислом қандай ҳам ғариб бўлди.

Яна, мана Тунис ҳукмдори, Тунисни ташлаб чиқиб кетди. Тартибсизлик эса ҳозиргача давом этмоқда. Ишлар қандай якун топаркин валлоҳу аълам?! (Хоссатан) Мен Ислом ҳукми билан якун топади деб ўйламайман.

Миср ҳукмдори озгина муддат берилишини сўради. Сўнг бошқарувдан воз кечди. Намойиш ўтказаётганлар ҳукмдорни (бошқарувдан) тезда четлатилинишлигини талаб қилишда қайсарларча давом этишди ва ҳукмдор (бошқарувдан) кетди. Ҳоп, энди демократия ёки армия бошқаруви ўрнига нима келди? Агар бунинг ўрнига барча ўринларда ва шулардан сиёсий ўринларда ўзининг ақидаси ва саҳиҳ манҳажига эга бўлган Ислом келмаган экан, улар бирор иш қилишмабди (намойишчилар бирор натижага эришишмабди). Энди бунинг ўрнига Исломга ғирт тескари бўлган ғарбий демократия келган бўлса, бу қандай ҳам ёмон алишиш бўлибди.

Мен ҳозир Ислом оламида рўй бераётган бу тартибсизлик асосидаги ёввойиларча юз бераётган жоҳилий намойишлардан қаттиқ афсусдаман. Бу намойишларда ва намойишни ўтказаётганларнинг талабларида Ислом умуман зикр қилинмаган. Демак, бу ҳолат улар Исломни умуман билмасликларига ва мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Исломий давлат оёққа туришидан умидлари ҳам, хоҳишлари ҳам йўқ эканига далолат қилади. Уларда бундай фикрлар йўқ. Улар фақат демократия, демократия, демократия дейишмоқда!

Демократия! Яъни, университет талабалари, профессорлари ва устозларининг фаҳм-фаросати гўдакнинг фаҳм-фаросатидан бир неча даража паст экан. Улар ғарб фикрлари, ғарб бошқаруви ва ғарб қонунлари ортидан қувадилар. Талабларида Европадан келган мана шу ишларнигина илгари суришмоқда. «Албатта ўзларингиздан аввалгиларнинг йўлига қаричма-қарич, зироъма-зироъ (узунлик ўлчови) эргашасизлар. Агар зоб (калтакесакка ўхшайдиган ҳайвон) инига кирадиган бўлишса, сизлар ҳам албатта унга кирасизлар» (Муттафақун алайҳ). Қаттиқ афсуслар бўлсинки, бидъат аҳли ва сиёсатчилар мана шу ишни қилишди.

Аллоҳ таборака ва таолодан умматни Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан олға етаклайдиган холис турувчи уламоларни чиқаришлигини сўраймиз ва яна умматни Аллоҳ таборака ва таолонинг шариати ҳамда Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ алайҳиссалоту ва салламнинг суннатлари билан бошқарадиган насиҳатгўй (холис), солиҳ ҳукмдорларни чиқариб беришлигини сўраймиз. Албатта ҳукм ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога хосдир. Бирор киши учун Аллоҳ билан (тенглашиб) ҳукм қилишлигига йўл йўқдир. Аллоҳнинг ҳукмда шериги йўқдир:

«Ҳукм фақат Аллоҳникидир. У сизларни Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизга буюради» (Юсуф: 40). Ҳукм ёлғиз Аллоҳники, Роббингиз сизларни яратди, ерни, осмонни яратди ва сизларни дарёлар ва ҳаёт билан таъминлаб қўйди. Сўнг сизлар Уни унутасизлар! Унинг шариатини унутасизлар! Яҳуд ва Насороларнинг шариатига боғланиб оласизлар!

Бу ўтказилган намойишларда бирор киши Исломни тилга олгани йўқ. Ҳатто қаттиқ афсуслар бўлсинки, уларда ҳаворижларни овози ҳам эшитлгани йўқ. Биз ҳаворижларни қоралаймиз, уларни бош кўтариб чиқишларини қоралаймиз, уларга қарши курашамиз. Лекин мана буларнинг талаблари ҳаворижларнинг талабларидан бир неча даража қуйида, минг афсус.

Биз мусулмонларга шуни насиҳат қиламизки, Аллоҳ таборака ва таолога қайтишсин, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига қайтишсин. Уларнинг ғам-ташвишлари фақат ва фақат мана шу шариатни маҳкам тутмоқлик, (бошқа шариатлар орасида) нури ярақлаб турган мана шу шариатни татбиқ қилмоқлик ва олдидан ҳам ортидан ҳам ботиллик етмайдиган мана шу Китобни ҳужжатларини (ҳаётга) татбиқ қилмоқлик бўлсин.

Жамики саодат мана шу шариатда ва унинг баёни бўлмиш (пок) суннатдадир. Ҳалокат, вайроналик, ёмонлик, фитна ва балоларнинг ҳаммаси мана шу икки асосдан чиққан кишини ёқасидан олади.

Аллоҳдан мусулмонларга холис турадиган ҳукмдорларни чиқаришлигини сўраймиз. Чунки ҳукмдор халқига холис турмаса экан, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унга жаннатни ҳаром қилади. Маъқил ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бундай деяётганларини эшитдим: «Бирор бир бандани Аллоҳ таоло бир халқ устига олиб келадиган бўлса ва у ўзининг қўл остидагиларига ёлғон муомала ишлатган ҳолда вафот этадиган бўлса, албатта Аллоҳ таоло унга жаннатни ҳаром қилади»» (Муттафақун алайҳ). Яна бир ривоятда: «Мусулмонларнинг ишларини бошқарадиган амир, уларни фойдасини (кўзлаб) ҳаракат қилмаса ва уларга холис турмаса, жаннатга улар билан кирмайди».

Ҳукмдорга холис турмоғлиги вожиб бўлади. Халқига холис турмоғлигидандир: уларнинг ўртасида Аллоҳнинг ҳукмини татбиқ қилмоқлиги, уларнинг ўртасида Аллоҳнинг ҳукмини ижро этмоқлиги, фарзандларни, авлодларни ва аскарларни Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ тарбияламоқлиги. Мана шу мусулмонларга ва уларнинг ҳукмдорларига вожиб бўлган нарсадир. Аллоҳ таоло сизларни яратди ва сизларга ерни бошпана қилиб берди. Ўлкалар Ислом билан фатҳ қилинди. Миср Ислом билан фатҳ қилинди, Ливияю Тунис, Жазоиру Марокаш, шарқу ғарб, Ироқу Хуросон, буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан фатҳ қилинган. Энди қандай қилиб Аллоҳнинг Китоби ва Росулининг суннатини унутади?! Қандай қилиб Аллоҳни унутади?! Қандай қилиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳукмларини унутади?

Ҳукм ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таологадир. Аллоҳ таборака ва таоло билан бирга ҳукм қилишликка бирор кишига йўл йўқдир. Аллоҳдан офият сўраймиз.

Қандай бўлганда ҳам (ҳукмдорга) қарши бош кўтариб чиқиш жоиз эмас. Чунки бунинг кетидан аввали ҳам, охири ҳам кўринмайдиган зарарлар оқиб келади. Тарих бунга шоҳиддир. Ва бизнинг асримиздаги ва бугунги кунимиздаги воқелик ҳам бунга гувоҳдир. Ишлар фақат ҳикмат билангина муолажа қилинади. Бу (намойиш ўтказаётганларга) ичларидан ақллилари ҳукмдорни олдига бориб, унга Аллоҳни эслатишлари ва Аллоҳнинг (азобидан) қўрқитмоқликлари, ҳамда унга «Аллоҳга қасамки, биз Исломни хоҳлаймиз» демоқликлари лозим эди. Қандай қилиб демократия деймиз (хоҳлаймиз)?! У эса демократия демоқда.

Демократияда қанча-қанча зарарлар бор!! Баъзилар демократияни юзга яқин ёки (ҳозир) аниқ билмай турибман, бир юз элликта зарарини санаб беришди. Мен Абдурроҳман Абдулхолиққа раддия бера туриб, унга демократияни зарарларини баён қилдим. У демократияни бир юз элликка етадиган миқдордаги зарарларини зиёда қилиб айтишим мумкин деди. Мен унга агар (демократиянинг) зарарлари бир юз элликдан ҳам ортадиган бўлса, у ширкдан ҳам каттароқ экан дедим. У ширкнинг онаси, ҳозирги вақтда жирканч ишлар онасидир. Унда ҳеч қачон адолат бўлмаган. Аввал Аллоҳни ҳаққини оёқости қилишади, қаерда адолат?! Аввал Аллоҳнинг ҳаққини, Росулининг ҳаққини, Китобининг ҳаққини ва Исломнинг ҳаққини оёқости қилишади, қани бунда адолат?! Яна унда ҳуррият (эркинлик) бор деб ҳам даъво қилиб қўйишади! Лекин бу ҳурриятни моҳияти нима? Хоҳлаган динингга эътиқод қилавер, хоҳласанг яҳудий, насроний, даҳрий, гуруҳбоз, қубурий бўл, хуллас хоҳлаганингча юравер. Хоҳлаган кийимингни кий! Яланғоч бўлиб ол! Яланғоч ҳолда юравер! Зино қилавер! Ўғирлик қилавер! Аллоҳни жазолари қўлланилишлигидан қўрқма. Рибо еявер! Рибо билан муомала қилавер! Солиқларни солавер! Қани адолат?! Буларнинг бари зулм. Баъзиси баъзисини устига қалашиб кетган зулматлардир. Ҳақиқий, тўғри ҳуррият Исломдадир. Инсонни демократия ва ундан бошқа жоҳилий бошқарувлар мубоҳ қилиб бераётган ҳар қандай қулликдан озод қилади. Энди қандай қилиб мусулмонлар демократия, демократия, демократия деб талаб қилишмоқда (ҳайронман)!

Аллоҳдан мусулмонларга Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қайтишликка тавфиқ беришини сўрайман.

Аллоҳим сенга мақтов айтишлик билан Сени барча айбу-нуқсонлардан поклайман. Сендан ўзга ҳақ Илоҳ йўқ эканлигига гувоҳлик бераман. Сендан мағфират сўрайман ва Сенга тавба қиламан.

17/03/1432 ҳ. (20/02/2011)

Манба: Тавҳид форуми

7 та мулоҳаза

  1. Adham → 01.03.2011 йил

    Assalamu Alaykum.

    Hazrat Liviya voqealarini eslamabdilar-ku. U yerda hukmdor musulmonlarning qonini halol qilib oldi-ku. Yoki hukmdorga bu mumkin ekanmi? Liviyadagi voqealar 15 fevraldan buyon davom etyapti. O’sha kundan beri hukmdor tomonidan oddiy musulmonlarning qoni to’kilyapti. Bu maqola esa 20 fevralda yozilgan ekan. Nega Liviya voqelariga o’rin ajratilmadi.

    Xo’p, hukmdorga qarshi chiqish xavorijlik ekan, unda olimlar o’zlari yashab turgan davlatlardagi hukmdorlarga nasihat qilib, ularni zulmdan qaytarmaydilarmi? Hamma harom va Islomga zid ishlarni qilsalar ham-a? Robi’ Madhaliy Saudiyadagi ulamolardan ekanini bilamiz. U kishini hurmat qilamiz. Lekin mana shu Saudiya hukumati bugun AQSh bilan og’iz-burun o’pishib, ularga musulmonlar ustidan hukmdorlik qilish uchun dastak berayotganini ko’rmayaptilarmi? Ko’rayotgan bo’lsalar nega qaytarmayaptilar? Iroqqa hujum Saudiya orqali bo’ldi. Bugun Saudiya sarhadlarini kofirlar qo’riqlaydi. Nega bu haqida umuman gapirilmaydi. Kofir uyimizga kirib kelib, xohlagan ishini qilishiga qarab turaveramizmi? Keyin shu fosiq va zolim, musulmonlar qarshisiga ishlaydigan hukmdorga qarshi chiqilsa, qarshi chiqqanlarni xavorij deymiz? Bu hukmdorlar “valiyyul amr”mi? Unda nega Islomga rioya qilish o’rniga G’arbga sajda qiladilar? Bu savollarga kim javob beradi?

  2. Administrator → 01.03.2011 йил

    Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, уламоларимиз барчаси ҳақида гапирмоқдалар. Қуйидаги манзилда биродарларимиз уламоларнинг бугунги кунда бўлаётган ҳодисаларга, хусусан Ливиядаги ҳолатга билдирган фикрларини келтиришган. Кириб бемалол танишиб чиқишингиз мумкин:
    http://forum.tavhid.com/showthread.php?tid=382
    Сиз уламоларни ҳурмат қиламиз дебсиз, аммо гапларингиздан бу нарса мутлақо сезилмаябди. Уламоларга нисбатан яхши гумон қани сизда? Сиз қаердан биласиз улар ҳукмдорларга насиҳат қилаётган ёки қилмаётганликларини? Аввало, шу нарсани унутмангки, ҳукмдорларга насиҳат қилишлик оммага ошкора этиладиган иш эмас. Ҳукмдорларга махфий равишда насиҳат қилиш суннат амалларидандир.
    Иёз ибн Ғанм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким салтанат соҳибига насиҳат қилмоқчи бўлса, уни очиқ-ошкор қилмасин. Қўлидан ушлаб, холи қилиб гапирсин. Қабул қилса қилди, бўлмаса зиммасидаги вазифани адо этган бўлади» (Аҳмад, Ибн Аби Осим ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).
    Уламолар балки шу суннатга амал қилаётгандирлар, сиз қаердан биласиз?
    Шунча саволингиз бор экан, нега ўша уламоларга шу саволларни бермайсиз, балки саволларингизга жавоб топарсиз ўшанда. Ахир улар бугунги кунда тирикку. Улар билан боғланиш учун 3 ой сафар қилишнгиз шарт эмас аввалгилар сингари. Қўнғироқ қилинг, мактуб ёзинг. Нима қиласиз билар билмас уларнинг обрўларига путур етказиб?!
    Сизга насиҳатимиз шуки, уламоларга нисбатан яхши гумонда бўлишга ҳаракат қилинг. Улар ҳақларида эҳтиросга берилиб, аниқ далилингиз бўлмай туриб, ҳар хил гапларни гапираверманг. Уламоларнинг гўшти заҳарлидир!

  3. abdulloh → 04.03.2011 йил

    qiziq, shayx chiqishdan foida yo’q deb turib, bu chiqishlarda islom haqida gapirilmadi dedilar. demak, chiqishda islom talab qilinib chiqsa – unda mumkinmi?

  4. Administrator → 05.03.2011 йил

    Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Аввало сизга тавсиямиз, қуйидаги мақолани ўқиб чиқсангиз:
    /kitoblar/tasfiya-va-tarbiya/salomsiz-savol-berish-gapirish-haqida
    Шайх айтмоқчиларки, улар бу чиқишлари билан хатога йўл қўйишган. Ушбу хатолари етмаганидек, бу чиқишларида яна Исломни олға суришмаган.
    Бу худди ўғрилик қилган одам, ўша пулга бориб қимор ўйнаганидек. Энди кимдир унинг қимор ўйнаганини танқид қилса, қимор ўйнамаса ўғирласа бўлар эканда, деган хулосага келмаймизку тўғрими?!
    Валлоҳу аълам.

  5. abdulloh → 05.03.2011 йил

    walaikum assalom wa rohmaullohi wa barokatuh.
    nasihatingiz uchun rahmat.
    namoishlar haqida boshqa olimlar hamma huddi shaykh Madkhali kabi gapirishyaptimi yoki boshqacharoq fikr bildirshyaptimi? shu haqda ham xabar bersangiz.rahmat

  6. Administrator → 05.03.2011 йил

    Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Намойишлар борасида кўпгина уламолар ўзларининг танқидий фикрларини баён қилиб келишмоқда. Юқорида бу борадаги бошқа олимларнинг фикрларига манба берилган эди, эътибор бермаганга ўхшайсиз. Манзилни сиз учун яна бир бора ёзаман:
    http://forum.tavhid.com/showthread.php?tid=382
    Жазакаллоҳу хойр!

  7. Otli Chavandoz → 09.03.2011 йил

    Assalaamu alaikum wa rahmatullahi.. alhamdulillah Olimlar bor tirik. Alloh hammaligini oz panohida asrasin! va Allahdan soraymizki bu Ummat olimlarga ergashishlikni nasib aylasin, va uzbek Ummatiga ham Quron va Sunnatga ergashish nasib qilsin. amin

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.