PDF WORD

Абдулазиз Оли Шайх АҚШда 11 сентябр воқеаси ҳақида

Шайх Абдулазиз Оли Шайх АҚШда 11 сентябр куни содир бўлган террорчилик ҳаракатлари ҳақида

Оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Набий ва расулларнинг энг шарафлисига, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Бизга АҚШда 11 сентябр куни бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сон-саноқсиз саволлар келиб тушмоқда.[1] Одамлар «Бу ҳодисаларга шариатнинг ҳукми қандай ва Ислом дини бу каби ҳаракатларни оқлайдими» каби саволлар билан мурожаат қилишмоқда.

Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда мен айтаманки: Аллоҳ Исломни одамларга юбориб, уларга марҳамат кўрсатди. У ушбу динни мукаммал шариат орқали гавдалантирди. Бу шариат ҳар замон ва маконга яроқли, алоҳида шахс ва жамиятнинг ҳолатини яхши тарафга ўзгартиришга қодир, тўғрилик, адолат ва саховатга чақирувчи шариатдир. Бу шариат ширк, ёвузлик, адолатсизлик ва хиёнатни тарк қилишга ундовчи шариатдир. Аллоҳ бизни ушбу динга йўллагани, бу диннинг эргашувчилари ва ҳимоя қилувчиларидан қилганлиги, унинг буюк неъматидандир. Шунинг учун шариат кўрсатмаларига итоатли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашувчи ва диндаги бирор кўрсатмадан оғишмаган мусулмон дунёю охиратда саломат қолади.

АҚШдаги минглаб инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган фожеа, шубҳасиз шариат қоралайдиган амаллар сирасига киради. Бу Исломга умуман алоқаси бўлмаган ва унинг шаръий асосларига зид бўлган ишлардир. Фикримизни қуйидаги кўрсатмалар тасдиқлайди:

1. Аллоҳ таоло зулмдан қайтарди. Зеро еру осмон адолатга таяниб туради. Инсонларни пайғамбарлар ва самовий китоблар адолатга даъват қилишган. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур» (Наҳл: 90).

Аллоҳ таоло бошқа оятда айтади:

«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).

Адолати комил бўлган Аллоҳ, гуноҳкорнинг юкини бошқасига юклаш мумкин эмаслигини ҳукм қилди:

«Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас» (Анъом: 164).

2. Аллоҳ таоло ўзига зулмни ҳаром қилди ва уни бандалари орасида ҳаром қилганини эълон қилди. Ҳадис қудсийда ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло айтади: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2577). Бу буйруқ мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъий назар, барча бандаларга тааллуқлидир. Шундай экан ҳеч кимнинг бировга зулм қилиши жоиз эмас. Бирор кимса адоват ва нафрати сабабидан зулм қилмаслиги керак.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8).

Шунинг учун ҳам душманлик ва нафрат хисси зўравонлик ва адолатсизликка шаръий асос сифатида хизмат қила олмайди.

Шунга кўра, барча давлат ва миллатлар, Исломни қабул қилган-қилмаганлигидан қатъий назар қуйидагиларни билиб олишлари лозим:

1. АҚШда содир бўлган самолётларни ўғирлаш, осойишта халқни қўрқитиш ёки бегуноҳ инсонларни ўлдириш каби ҳаракатлар адолатсизлик ва зулмнинг айни бир туридир. Шариат бу каби ҳаракатларни нафақат оқламайди, балки таъқиқлайди ва энг оғир гуноҳлардан ҳисоблайди.

2. Ўз дини қонунларидан хабардор, Қуръон ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари кўрсатмаларига амал қилувчи мусулмон бу каби хатти-ҳаракатлардан ўзини олиб қочади. Чунки бу ишлар инсонни Аллоҳнинг ғазабига дучор қилади ва зарарлар келтиради.

3. Мусулмон уммати уламолари бу каби воқеаларнинг асл моҳиятини кўрсатишлари шарт. Улар бутун оламга бундай ишларга нисбатан шариатнинг тутган йўли ва Ислом дини бу каби ҳаракатларни умуман оқламаслигини тушунтиришлари лозим.

4. Оммавий ахборот воситалари ортида туриб фитна тарқатиш, Ислом ва мусулмонларни одамларнинг қалбида уларга нисбатан душманлик хиссини уйғотиш мақсадида мусулмонларга қарши айбловларни олиб чиқиб, ҳақ динни қоралаб, унга алоқаси бўлмаган нарсаларни нисбат бераётганлар эс-хушларини йиғиб олсинлар. Улар ҳар қандай одил ва оқил, ўз дини кўрсатмаларидан хабари бор инсонга бу каби айбловларни қўйиш мумкин эмаслигини тушунсинлар. Чунки асрлар мобайнида Ислом динида бўлган халқлар доимо инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишган. Зулм ва зўравонликдан тийилишган.

Барча айтилганлар ҳақиқатни равшан қилади ва тушунмовчиликларни бартараф қилади. Аллоҳдан бизга ҳикмат ато этишини, тинчлик йўлига йўллашини, динига қувват беришини ва сўзини олий қилишини сўрайман. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммадга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.[2]


[1] Эслатма: 11 сентябр куни Америкада икки минора портлатилганида кўпгина мусулмонлар жуда хурсанд бўлганлари ҳеч кимга сир эмас. Бу ўша хурсанд бўлганларнинг Ислом ҳақидаги тушунчалари бузуқ ва нотўғри эканлигига далолат қилади. Наҳотки ҳақиқий мусулмон бирор ким зино қилишига ёки маст қилувчи ичимлик ичишига хурсанд бўлса?! Албатта йўқ! Ундай бўлса қандай қилиб зино ва маст қилувчи ичимлик ичишдан гуноҳи оғирроқ бўлган ноҳақ қотилликдан хурсанд бўлса?! Имом Нававий айтадилар: «Бизнинг тарафдорлар айтардилар: «Ширкдан кейин энг катта гуноҳ бу қотилликдир!»» (Қаранг: «Шарҳ Саҳиҳ Муслим» 2/262).

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ёки муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 151).

Асос шуки, мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъий назар, ҳар бир инсоннинг қонини тўкиш ҳаромдир. Магар шариат ҳаққи бундан мустасно. Мусо пайғамбар воқеасини эсланг. У пайғамбарлик рисолатидан аввал қибтийни ўлдириб қўяди. Аллоҳ таоло айтади:

«(Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган (пешин) пайтида кирган эди, унда икки киши урушаётганини кўрди. (Улардан) бири ўз гуруҳидан (яъни Бани Исроил қавмидан) ва бири душманидан (яъни Қибтийлардан) эди. (Бас Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб уни ўлдириб кўйди. (Сўнг қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлиб), деди: «Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта у йўлдан ургувчи очиқ душмандир». (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб), деди: «Парвардигорим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин»» (Қасас: 15-16).

Шунингдек шафоат ҳақидаги ҳадисда айтилишича, инсонлар Қиёмат куни Мусо пайғамбар олдига боришганида айтадилар: «Парвардигорим бугун ҳар қачонгидан кўра қаттиқроқ ғазабланганки, илгари сира бунчалик ғазабланмаган. Мен ўлдирилиши буюрилмаган одамни ўлдирганман» (Бухорий ривояти, ҳадис № 4712).

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Асос шуки, Одам боласининг қони (га тажовуз қилиш) ҳаром ва ножоиздир, магар ҳақ билан бўлса бундан мустасно. Ўша асосга биноан, Ислом аввалида кофирларнинг қони ҳаром эди. Худди Мусо ўлдириб қўйган қибтийнинг қони ёки бугунги кунда даъват етиб бормаган одамнинг қони ҳаромлигига ўхшаш. Мусо (қибтийни) ўлдиргани унга икки дунёда гуноҳ саналди. Ваҳоланки у одамни беихтиёр ўлдириб қўйган эди» (Қаранг: «ас-Саримул-маслул» 2/210).

[2] Оммавий ахборот воситаларининг тинимсиз равишда одамларни «Бу террорчилик ҳаракатларини «ваҳҳобийлар» деб аталмиш гуруҳ тарафидан режалаштиралаябти» деб адаштираётганлари ажабланарли ҳолатдир. Эътиборингизга Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб даъватининг асл моҳиятини тушунган, «ваҳҳобийлар» деб аталмиш давлатнинг муфтийси сўзлари келтирилди. Шайх Абдулазиз Оли Шайхдан аввал ўтган собиқ Саудия Арабистони муфтийси – шайх Ибн Боз ва унинг атоқли шогирди – шайх Ибн Усаймин ҳам худди шу сўзларни айтишган эди. Нега уларнинг барчалари бу каби ҳаракатларни таъқиқланганини эътироф этишган?! Чунки Исломнинг асл ҳукми шундайдир. Бу масалани ёритиш учун холисона ва олдиндан янглиш муносабатда бўлмай ёндашиш лозим. Ушбу «ваҳҳобийлик» ва экстримизм деб номланмиш икки тушунча орасидаги аниқ чегарани белгилаб олиш керак. Ушбу сўзлар бир-бирига синоним эмаслигини тушуниб олиш лозим. Катта Энциклопедия Луғати таърифига биноан «Экстримизим – энг қаттиқ мулоҳаза, чорага берилганлик (одатда сиёсатда қўлланилади)», «Ваҳҳобийлик – диний-сиёсий оқим, исломни (диний янгилик – бидъатлардан) тозалаш ва содда аҳлоқ учун курашувчилар» дея таърифланган (Қаранг: Катта Энциклопедия Луғати, А.М. Прохорова таҳрири).

«Ваҳҳобийлик» атамасига келсак, РАН Африка Институти директори ва «Бугунда Осиё ва Африка» журнали бош муҳаррири А.М. Васильев ўзининг «Саудия Арабистони тарихи» китобининг иккинчи бобида ёзади: «Ваҳҳобийлик – ушбу ижтимоий фаолиятга душман ёки араб бўлмаган (ажам) лар томонидан қўйилган номдир».

Бошқа тарафдан қаралганда, кейинги савол ўринли бўлади: Барча ҳаракатларнинг сабаби «ваҳҳобийлик» бўлса, нега унда улар «ваҳҳобийлик» давлатини ларзага солишни тўхтатишмаябти (яъни, террорчилик ҳаракатлари Саудия Арабистонида содир бўлиши давом этаётгани назарда тутилмоқда)?! Жавоб шуки: Ўша «ваҳҳобийлик» деб номланувчилар ушбу жирканч жиноятларга умуман алоқалари йўқдир. Бу ерда тушунарли ва очиқ айтиш керакки: Ҳозирги кундаги «террорчилик» намоёндаларининг манбасини адашган тоифа мафкураларидан излаш лозим.

8 та мулоҳаза

  1. zarbod → 22.01.2010 йил

    Assalamu alaykum. Aziz birodarim, men yuqoridagi satrlarni o`qib juda ham hafa bo`ldim. Sizlardan bir iltimos, bunaqa mavzularni chiqarmasangizlar yaxshi bo`lar edi. Chunki bu mavzu juda ham nozik 1,2,3 ta ulamolarni so`zlari bilan hal bo`lmaydi. Men sizlarga faqatgina Allohdan qo`rqishlaringizni iltimos qilaman. Bu jumlalarni (yani yuqoridagi) kim aytishidan qat’iy nazar men hecham oqlamagan bo`lardim. Chunki bu ishlarni qilishlikni o`zi katta bir jasorat. Men xohlaymanki sizlar bilan muzokara qilishni. Marhamat menga javob yozinglarchi, (qaysi asosga asolanib bunday deyapsiz) deb. Men inshaAlloh sizlarga javob berishga harakat qilaman.

  2. harun → 09.07.2010 йил

    Assalomu alaykum va rohmatullohi va barokatuhu. Man zarbodni fikrlariga qo’shilaman, ba’zi fikrlari noqis bo’lishiga qaramay. Lekin haqiqatni yozibdi. Bunga har kim ham jur’at qila olmaydi. Alloh bu birodarimizdan rozi bo’lsin.

  3. Muslima → 21.07.2010 йил

    wa alaikum assalam.
    Maqola juda to’g’ri yozilibdi, subhanalloh.
    11 sentyabr voqeasi esa mana oydin ham bo’ldiku, hech qanday musulmonlar tomonidan emas, o’sha vaqtdagi AQSH prezidenti Jorj Bush tomonidan qilinganini va Iroqqa bostirish uchun qilinganini hamma bildiku, albatta Alloh bilguvchiroqdir.

  4. Shaxob → 20.02.2011 йил

    Assalomu aleykum Hurmаtli zarbod. Sizga o’xshaganlarni dastidan islom dusmanlari oshig’i olchi. 1-2 ulamo deganiyz Allohning so’zlari bilan dalil keltiryaptiku. Keyin 11.09 voqealari AQSh ning o’zi qilganligi hammaga ma’lum bo’ldiku.

  5. sherzod → 31.03.2012 йил

    Hurmatli birodarlar ulamodan ALLOH roziy bulsin ayni hakikatni kuron va hadisdan fakt keltirib sharhlab berdilar,buni rad kilish uchun inson e akli zaif bulishi eki islomdan hech kanday habari bulmasligi kerak.ALLOH hammamizni Subulu salamga yullasin.

  6. TALABA → 27.08.2013 йил

    Assalomu alaykum.Matndagi 2- sharhni kim keltirgan.
    Шайх Абдулазиз Оли Шайх mi yoki boshqa kishimi?

  7. Administrator → 27.08.2013 йил

    Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Мақола остида келтирилган изоҳлар шайх ҳафизаҳуллоҳга тегишли эмас. Уни мақолани таржима қилган биродарларимиз қўшимча сифатида келтиришган.

  8. Abu Dovud → 28.08.2013 йил

    Wa alaykum assalam. shayh Abdulaziz Oli Shayh – Saudiya muftiysi.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.