PDF WORD

Солиҳ Луҳайдон АҚШдаги террорчилик ҳаракатлари ҳақида

Саудия Арабистонининг собиқ бош қозиси шайх Солиҳ ал-Луҳайдон, 11 сентябр куни АҚШдаги террорчилик ҳаракатлари ҳақида

Нима бўлганда ҳам Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Раҳмати ила эзгуликни олий қилувчи Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Барчасини олдиндан тақдир қилган ва белгилаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Фикрий ихтилофларга сабаб бўлган АҚШдаги фалокатли воқеа хусусида одамлар бизга ва бир-бирларига кўп саволлар беришмоқда. Улар бу каби ҳодисалар шариат нуқтаи назардан қандай баҳоланишини билиш истагидалар.

Шубҳасиз Ислом шариати барча масалаларни қамраб олган диний қонуниятдир. У ҳар қандай ҳодисага нисбатан қўллашга яроқли, ҳар бир муаммонинг ечими мавжуд бўлган йўлдир. Шариат ҳар қандай фалокат ва унинг миқёси хусусида ҳукм чиқариш имконини беради. Яқинда содир бўлган воқеа шулар жумласидандир. Кўпинча одамлар «бу каби ҳодисаларга шариатнинг муносабати қандай, шариат бу каби ҳаракатларга рухсат берадими, мусулмон уламолари ушбу амалларни оқлайдиларми» каби саволларни беришади.

Бу каби ҳодисаларга нисбатан исломнинг муносабати ҳақида нима дейишимиз мумкин?

Мусулмон уламолари бўлиб ўтаётган барча ҳодисалар ҳақида фикр билдиришлари шарт. Улар мусулмон ва номусулмонларга етган мусибатларга шариатнинг муносабатини тушунтириб беришлари лозим.

Шубҳасиз бўлиб ўтаётган барча ҳодисалар Аллоҳнинг қазо ва қадари билан содир бўлди. Шариатни ҳар қандай ҳодисага нисбатан қўллаш мумкин. Доноларнинг доноси ва меҳрибонларнинг энг меҳрибони бўлган Аллоҳ адолатли ҳакамдир. У ўзига ўзи зулмни ҳаром қилди ва бандалари орасида ҳам ҳаром қилганини эълон қилди. Ҳадиси қудсийнинг бирида ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2577).

Қачонки айбсиз зўравонликка йўлиқса ва ҳеч қандай жиноят қилмаган ўлдирилса, мана шу зулмдир. Нафақат инсонларга, балки Жинларга ҳам юборилган ғамхўр ва раҳмли пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўзларининг кўрсатмаларини бердилар. Улар ҳарбий юриш ва жанговор ҳаракатларда иштирок этганлар. Жангчиларни ҳарбий юришга тайёрлар эканлар, айтардилар: «Ёш бола, аёл киши, мункиллаб қолган қария ва ибодатхонасидаги роҳибни ўлдирманглар» (Имом Муслим ривояти). Демак Ислом фақатгина ўлдираётган, урушаётган ва мусулмонларга ҳужум қилаётганларни ўлдиришга рухсат беради.[1]

Шунинг учун ҳам бу каби кўкрак сутидан ажрамаган гўдаклар ва аёллар, қария эркак ва қария аёллар, касал ва соғломлар қурбони бўлаётган, мулк ва мулкдорга зарар келтираётган жиноятлар, улкан жиноят ва катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат уларни ерда бузғунчиликни ёйиш, экин ва чорваларнинг болаларини қириб ташлашга тенглаштирди. Ваҳоланки Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу каби ишларни таъқиқлашган. Ривоят қилинишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонида ўлган аёлни кўриб: «У билан урушмаслик керак эди» дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Бу у аёлни ўлдириш қатъий ман қилинганига далолат қилади.

Мусулмон учун ҳатто душманига адолатсиз равишда етган мусибат учун хурсанд бўлиши тўғри бўлмайди. Чунки адолатсизлик номақбул ишдир. Жазога нолойиқ кимсага нисбатан душманлик қилиш эса таъқиқланган ва жирканч амалдир.[2] Энди кўпчилик гувоҳлигида, кенг овоза бўлган ва бу ишни кўрганларда қўрқув хиссини уйғотган жиноят ҳақида нима дейиш мумкин?! Қандай қилиб бу ҳаракатларни мусулмонлар оқлашади дейиш мумкин?!

Бўлиб ўтган ишларга нима деб баҳона ўйлаб топишмасин, уларнинг баҳоналари номақбулдир. Агар бу каби ҳаракатларни Ислом мезони билан баҳоланса, уларни оқлаш мумкин эмас. Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида: 8).

Адолатга еру-осмон таяниб туради. Оммавий жазолашга келсак, унинг адолатга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва фақатгина адолатсизлик, зўравонлик ва жирканч амал сифатида қайд этилади. Биргина айбсиз инсонни ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланар экан, кўпчиликни ўлдириш қанчалик оғир иш эканлиги ҳақида нима дейиш мумкин?!

Мусулмон кишининг онги ушбу кўпчилик гувоҳи бўлган даҳшатли воқеани оқлаши мумкин эмас. Ушбу жиноятни амалга оширганларнинг баҳоналари ҳеч қанақаси ҳисобга олинмайди, ҳатто улар исломий муҳит ва мусулмон давлатда вояга етган бўлсалар ҳам. Шариат бу каби ҳаракатларни хатарли жиноятлар қаторига киритишини таъкидловчи уламоларнинг сўзларигина аҳамиятлидир.

Саудия Арабистони Қироллигига самолётларни ўғирлаш ҳақидаги хабарлар илк бора етиб келганда, улар орасида бир дона ҳам Саудия самолёти йўқ эди. Бу давлат уламолари йўловчиларнинг мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъий назар бундай ҳаракатлар таъқиқлангани ҳақида фатво чиқаришган эди. Уламолар бу каби адолатсизликни ҳаром деб ҳисоблашди. Сабабсиз зўравонлик ва инсонларни қўрқитиш эса улкан разиллик ва бузғунчиликлар сирасига киради.

Саудия Арабистони Қироллиги исломий давлат ва шариатга эргашувчи сифатида бу каби ҳаракатларни ва бу ишни қилганларни қоралашганлигининг ажабланарли жойи йўқ. Ушбу давлат ҳар қандай йўл тутганда ҳам, бу ишлари Исломга зид бўлмаслиги керак. Бу дегани ушбу давлат қарорларида бундай ҳаракатларни қоралаши, дин кўрсатмаларига таянишига ва Ислом нуқтаи назаридан фикр билдираётганига далолат қилмоқда. Модомики ушбу давлат худудида мусулмонларнинг икки ҳарами жойлашган экан, модомики Ислом рисолати айни шу ердан тарқалган экан, унинг бу каби жирканч ҳаракатларни оқламаслиги, бу ишларни қилаётганларга танбеҳ бериши ва ушбу ҳаракатлар ортида турган жиноятчиларни яширувчи ёки уларни оқловчиларни қоралашига қандай ажабланиш мумкин?!

Ислом динига эътиқод қилган, шариат мақсадларидан хабардор, шариат Аллоҳнинг бандаларига қанчалик раҳмдил ва ҳамдард эканлигини билган инсон бу каби ҳаракатларни энг жирканч ва инсонларга энг катта зарар келтирувчи иш деб билади.

Мен ушбу чиқишга розилик беришимдан аввал менга кўпгина саволлар берилди. Одамлар Қозилар маҳкамаси бошлиғининг сўзини эшитишни исташаётгани ва уларнинг кўпчилик эканлигини эътиборга олган ҳолда, Саудия Арабистони Қироллиги адлия идоралари нуқтаи назарини билдириш мақсадида кўпчилик олдида чиқиб гапирмоқликни лозим деб топдим. Мен шуни эълон қиламанки:

Бу каби ҳаракатлар қораланишга лойиқдир. Бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жиноятга фақатгина жиноятчи айбдор» (Термизий, Ибн Можа ривояти), деган сўзларини унутмаслигимиз керак. Бу дегани бирор ким жиноятга қўл урса ёки жамиятнинг маънавий негизларини оёқости қилса, жавобгарликни фақатгина ўзи тортади ва бошқаларни бунда айбламаслик лозим.

Мен ушбу камера олдида чиқиш қилишимдан аввалроқ бир газета муҳбири саволига жавоб берар эканман, ушбу ҳаракатларга ҳеч қандай оқлов йўқлигини тушунтирдим. Бу ишлар фақатгина нафрат, бу каби ҳаракатларни оқламаган ва мақтамаган мусулмонларга қарши қаратилган қасос олиш ҳаракатларига олиб боради. Бироқ адолат ва фаросат ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина жавобгар бўлиши кераклигини талаб қилади. Маълум бир шахс ёки маълум бир гуруҳ инсонлардан бировнинг гуноҳига жавоб беришни талаб қилмаслик керак. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Жиноятга фақатгина жиноятчи айбдор». Қуръонда ҳам айтилган:

«Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас!» (Нажм: 38).


[1] Изоҳ: Имом ибн ас-Солаҳ айтади: «Кофирлар ер юзида яшашлари жоизлиги асос ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло махлуқларининг қирилиб кетишини истамайди ва уларни ўлдириш учун яратмаган! Дарҳақиқат Аллоҳ уларни фақатгина улардан етиши мумкин бўлган зарар сабабидангина ўлдиришга рухсат берган. Аллоҳ уларни ўлдиришни куфрларига жазо деб белгиламади! Чунки бу дунё жазо дунёси эмас. Амалларнинг жазоси Қиёмат куни бўлади. Агар кофир мусулмонлар ҳукмронлиги остига кирса ва бизнинг қоидаларимизга риоя қилса, биз ундан турмуш ҳаётимизни яхшилашда фойдаланамиз. Бундай ҳолатда бизда уни ўлдиришимизга сабаб қолмайди. Қилмишларининг жазоси эса Аллоҳнинг ҳузуридадир. Чунки кофирлар мусулмонлар юртига келганларида Аллоҳ уларнинг фитратида яратган нарсани кўриб қолишлари мумкин-ку. Агар иш шундай бўлса: «Кофирларни ўлдириш асос ҳисобланади» дейиш мумкин эмас!» (Қаранг: «Фатава Ибн ас-Солаҳ» 224).

Шайхулислом ибн Таймия «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтмагунларича урушишга буюрилдим» ҳадиси хусусида айтадилар: «Бундан «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам барчани кетма-кет ўлдиришликка буюрилдилар ва асл мақсад шу эди» деган хулоса келиб чиқмайди. Йўқ! Дарҳақиқат бу Қуръон, суннат ва ижмоъга зиддир! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай йўл тутмаганлар. Сийратларидан маълум бўлишича улар тегмаганга тегмаганлар» (Қаранг: «Қоида фи қитал ал-куффар» 117).

Шунингдек Шайхулислом ибн Таймия айтадилар: «Дарҳақиқат, кофирлар билан ягона сабабдан жанг қилинади, у ҳам бўлса урушдир! Бу жумҳур уламоларнинг фикридир. Қуръон ва Суннат ҳам шунга далолат қилади!» (Қаранг: «ан-Нубуват» 140).

Шайхулислом ибн Таймия яна айтадилар: «Дарҳақиқат, бу дунёдаги жазо гуноҳнинг катта ёки кичиклигидан бўлмайди. Чунки бу дунё жазо дунёси эмас. Жазолар дунёси, у (охират) дунёсидир. Бироқ бузғунчилик ва адоватни таъқиқлаш учун бу дунёда жазоланиш қарор топган. Аллоҳ таоло айтганидек:

«Ана ўша (фожеа) сабабли Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гуё барча одамларни ўлдирибди» (Моида: 32). Малоикалар Аллоҳга айтдилар:

«У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» (Бақара: 30).

Малоикалар зикр қилган ушбу икки нарса Аллоҳ Бани Исроилнинг зиммасига жазо битилишига сабаб бўлди. Ахир жизя тўловчи кофирга мусулмонлар диёрида яшашига рухсат берилдику. Ваҳоланки барча мусулмонларнинг фикрича уларнинг гуноҳлари, яъни иймонни тарк қилишлари, ўлимга ҳукм қилинадиган зинокор ва қотилнинг гуноҳидан оғирроқдир. Абу Ҳанифанинг фикрича, кофир билан унга бўлган душманлик сабабидан жанг қилинади. Агар у урушмаса, у билан урушилмайди. Шу сабабдан ҳам жизя нафақат аҳли китоблардан, балки бутпарастлардан ҳам олинади. Бунга имом Молик ва бир фикрларида имом Аҳмад иқрор бўлишган» (Қаранг: «Мажмуъул-фатава» 20/101).

Аллома Ибн ал-Қоййим айтганлар: «Ўлдиришга уруш сабабидан рухсат берилади, куфр сабабидан эмас! Айни шу сабабдан ҳам жангда иштирок этмайдиган аёллар, гўдаклар, шартнома асосида яшовчилар ва роҳибларни ўлдиришдан қайтарилган! Чунки биз, биз билан урушаётганлар билан урушамиз!» (Қаранг: «Аҳкаму аҳли-зимма» 1/27).

[2] Имом ал-Изз ибн Абдуссаломга савол берилди: «Агар душман ноҳақ ва хоинона ўлдирилса, инсон бунга хурсанд бўлиши жоизми? Ёки бу ишга хурсанд бўлиш, гуноҳ ишга хурсанд бўлишдек гапми?» Улар жавоб бердилар: «Агар инсон душманига нисбатан Аллоҳга осийлик қилинган бўлса, унинг хурсанчилиги жирканчлидир. Агар унинг хурсандчилиги душмани тарафидан содир бўлаётган ёмонликдан халос бўлгани, одамлар золим ва шафқатсизлигидан халос бўлганлари учун бўлса ва бу хурсандчилик қотиллик сабабли Аллоҳга осий бўлгани учун бўлмаса, бундай хатти-ҳаракатнинг ножўя жойи йўқ» (Қаранг: «Қаваидул-аҳкам» 2/397).

Фикр билдиринг