PDF WORD

Наврўз байрами ҳукми

Наврўз байрами ҳукми

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

«Наврўз» калимаси асли форсча сўз бўлиб, «Янги кун» деган маънони ифодалайди. Наврўз оловга сиғинувчи мажусийларнинг энг катта ва машҳур байрамларидан бири ҳисобланади.

Наврўз форсча шамсий йилнинг боши бўлиб Озар ойининг ўн тўртинчисига тўғри келади ва яна беш кун давом этади. Милодий йилнинг эса йигирма биринчи мартига тўғри келади.

Айтишларича Форс подшоҳларидан бири Жамшид подшоҳлик тахтига ўтирган кун Наврўз деб аталган экан. Умуман олганда бу тўғрисида ривоятлар кўп.

Форс авомларининг одатларигу кўра, улар Наврўз кечаси ўт ёқиб, эртаси эрталаб кўчаларга сув сепар эканлар.

Бу байрамни яна Баҳоийлар ҳам нишонлашади. Ўн тўққиз кун рўза тутиб, бунинг якунида йигирма биринчи Озармоҳда байрам қиладилар.

Миср Қибтийлари ҳам Наврўзни йил бошида нишонлашади. Уларда бу байрам «Насим шамоли» деган ном билан машҳур. Қибтийлар Фиръавн сулоласидандир.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аммо Наврўзга келсак, Мисрликлар Наврўзни жуда ҳаддан ошиб нишонлашади. Наврўз бу қибтийларнинг энг биринчи кунидир. Қибтийлар Наврўзни байрам қилиб олишган, уларга тақлид қилиб мисрликлар ҳам нишонлашади» («Ташаббуҳ ал-Хасис би аҳлил-Хомиис» 46. Ислом Университетининг журналидан, 103-104 саҳифа).

Бу байрамни нишонлашга даъват этиб мусулмонлар диёрида биринчи бўлиб Фотимийлар номи билан танилган Убайдийлар олиб кирганлар.

Исломда динга умуман алоқаси бўлмаган барча байрамларни нишонлаш жоиз эмас, балки ҳаромдир. Чунки байрамлар – шариат, йўл ва ибодатлар жумласига киради.

Аллоҳ таоло айтади:

«Биз барча миллатга ўз маросимларини жорий қилганмиз» (Ҳаж: 67).

Қибла, намоз, рўза ва ҳоказо ибодатлар билан байрамлар нишонлаш каби ишларнинг орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Байрамлар шариатни ажратиб турадиган энг асосий хусусият ва шаръий анъаналарининг энг кўзга кўринганидир. Шундай экан, ушбу байрамларда кофирларга мувофиқ келиш ва уларга ўхшаш куфр қонунларининг энг хос хусусиятига ва энг кўзга кўринган анъаналарига мувофиқ келиш ва ўхшашликдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ким бир халққа ўхшаса, бас у, улардан биридир!» – деганлари нақл қилинган (Абу Довуд 4031; Имом Аҳмад 2/50).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис борасида шундай деганлар: «Ушбу ҳадис юзаки маъноси билан кофирларга ўхшашнинг куфр эканини ифода этсада, ози билан кофирларга ўхшашнинг ҳаром эканини билдирмоқда. Зеро Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам шу маънодадир:

«Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51)».

Мусулмон кофирлардан намуна олмаслиги, улардан безор бўлиши, улардаги Аллоҳга келтирилаётган куфр ва маъсиятлардан нафратланиши керак. Ҳолбуки буни Аллоҳ таоло шундай ифодаламоқда:

«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).

«Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).

Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳдан саҳиҳ санад билан келган ривоятда Умар ибн Хаттоб розияллаҳу анҳу шундай деган эканлар: «Мушрикларнинг байрам кунларида уларнинг ибодатгоҳларига кирмагин, чунки уларнинг устига (Аллоҳнинг) ғазаби тушади».

Яна Умар розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар: «Аллоҳнинг душманларидан уларнинг байрамларида узоқ бўлинглар» (Байҳақий 18641).

Шайхулислом Ибн Таймия дедилар: «Кофирларнинг бирор байрамига тақлид қилишлик, уларнинг ботил эътиқод ва урфларига рози бўлишликни билдиради». Яна дедилар: «Мусулмонларнинг кофирларга улар байрамларида фойдаланадиган нарсаларни: овқат, либос, райхон ва шу каби ашёларни сотишлари ҳаромдир» («ал-Иқтидо» 229).

Аллома Ибн ал-Қоййим дедилар: «Кофирларни байрамлари муносабати билан табриклаш ҳаром эканлигига уламолар ижмо қилдилар». Яна дедилар: «Бу худди бировни ароқ ичгани, қотиллик ёки зино қилгани билан табриклаш кабидир» («Аҳкаму аҳлиз-зимма» 1/441).

Шайх Усаймин дедилар: «Мусулмон киши кофирларнинг байрам маросимларига бўлган таклифларини қабул қилиши ҳаромдир. Чунки бу уларни табриклашдан кўра қаттиқроқ иш ва улар билан шу байрамда иштирок қилишдир» («Мажмуъул-фатава ва расаил» 3/369).

Шуларга кўра мусулмон одамнинг кофирларнинг маросимлари ва байрамларини нишонлаши, ушбу муносабат билан қувонч изҳор қилиши, тили, эълон лавҳалари, рўзнома, ойнома, табрикнома ва шу каби нарсалар билан табриклаши жоиз бўлмайди.

Анас ибн Молик розяллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳрига кўчиб келганларида мадиналикларнинг иккита байрами бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу қандай кунлар?» – деб сўрадилар. Мадиналиклар: «Биз жоҳилият даврида бу кунларда байрам қилар эдик» – дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга дедилар: «Аллоҳ сизларга бу икки кунни улардан кўра яхшироқ бўлган кунлар: Рўза ва Қурбон ҳайитига алиштирди»» (Абу Довуд 1134, Насоий 1555, Аҳмад 3/178, Абдурраззоқ 15566. Ҳофиз Ибн Ҳажар ва шайх Албоний ҳадиснинг саҳиҳлигини тасдиқлашган. Қаранг: «Силсила ал-Аҳадис ас-Саҳиҳа» № 2021).

Агар кофирларнинг байрамларида иштирок этиш ёки уларнинг байрамларини нишонлаш мусулмонлар учун ҳалол бўлганида, Аллоҳ таоло Мадина аҳлининг байрамларини алиштирмаган бўлар эди.

Шайх Валиюллоҳ Деҳлавий ўзининг «Ҳужжатиллаҳил балиға» китоби «Икки байрам» номли бобида (2/30-31) айтадилар: «Икки байрамдаги асос, ҳар бир ҳалқнинг ўзининг куни борлиги, улар у кунда ясанишади ва шаҳарларига ўз зийнатларида чиқишади. Бу урф албатта ҳар бир миллатда бўлади, хоҳ у араб бўлсин, хоҳ ажам. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида, ўша ер аҳолисида улар шодланадиган икки кун борлигини кўрдилар ва дедилар: «Аллоҳ сизларга бу икки кунни улардан кўра яхшироқ бўлган кунлар: Рўза ва Қурбон ҳайитига алиштирди». Айтишларича уларнинг байрамлари «Наврўз» ва «Маҳражон» бўлган.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг бу икки кунларини алиштиришга шошдилар. Чунки, одамларда қандай бир байрам бўлмасин, ўша байрамнинг сабаби ўша халқнинг маросим ва урф-одатларини улуғлаш, ёки ўша юрт ҳукмдорлига хушомадгўйлик қилиш, ёки шунга ўхшаш сабаблар бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар уларни ва уларнинг урфларини ўз ҳолида қолдирсалар, охир оқибат одамларда жоҳилият маросимларини улуғлашга бўлган хоҳиш ва ота-боболарининг маросимларини ёйиш уларга ғолиб келишидан қўрқдилар. Шунинг учун ҳам улар (икки кунларини) тавҳид дини маросимлари улуғланадиган ва мақталадиган икки кунга алиштирдилар. Сўнг оддий зийнат сифатида Аллоҳнинг зикри ва баъзи бир ибодат турларини қўшиб қўйдилар. Бунинг сабаби, мусулмонларнинг жамланишлари оддий кўнгилхушлик бўлиб қолмасин ва мусулмонларнинг жамланишида Аллоҳнинг Сўзи улуғланмай қолмасин».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтдилар: «Кимда ким араб бўлмаган ажамлар ўлкаларидан ўтиб, уларнинг Наврўз ва бошқа байрамларини нишонласа, ҳамда уларга ўхшаб, уларга тақлид қилиб ўлиб кетса, улар билан Қиёмат кунида бирга туради» (Имом Байҳақий «ас-Сунан ал-Кубро»да 9/ 432, Ибн Таймия «ал-Иқтидо»да саҳиҳ деб айтган, 1/754).

Ибн Таймия Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг «улар билан Қиёмат кунида бирга туради» деган сўзларига таълиқ ёзиб айтадилар: «Гарчи Абдуллоҳ ибн Амр сўзларининг зоҳири бу амални қилиш кофир бўлишни кўрсатсада, бу ишларнинг ҳаммасида уларга ўхшаса кофир деб эътиборга олганларини ёки дўзахга олиб борувчи катта гуноҳлардан деб эътиборга олганларини ифодалайди» (1/954).

Муҳаммад ибн Сийрин ривоят қиладилар: «Бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга совға олиб келишди. «Бу нима?» деб сўрадилар. Улар: «Эй Амирул мўъминин, бугун Наврўз куни!» дейишди. Шунда: «Ҳар кун «Фирўз» қилинглар» дедилар. Ровий Абу Усома айтадилар: «Али розияллоҳу анҳу «Наврўз» деб айтишни ёқтирмаганлар»» (Имом Байҳақий «ас-Сунан ал-Кубро»да 9/532).

Ибн Таймия айтадилар: «Али ибн Абу Толиб уларнинг байрамларини ҳатто номида ҳам тўғри келиб қолишни ёқтирмаганлар, энди амалда бир хил бўлса қандай бўларкан?!» («ал-Иқтидо» 1/954).

Уламоларнинг барчалари кофирларнинг байрамларида ҳозир бўлиш ва уларга ўзини ўхшатиш ҳаром деб фатво берганлар. Наврўз байрами ҳам шулар жумласидандир. Бу Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалийлар мазҳабидир («ал-Иқтидо» 2/425, «Аҳкам аҳли аз-зимма» 1/723-724).

Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан аллома Мулло Алий ал-Қорий раҳимаҳуллоҳ «Фиқҳул-акбар» китобига битган шарҳларида «Диндан чиқарадиган лафзлар ва ҳаракатлар» бобида ёзадилар: ««Ал-Хулоса»да келадики, Наврўз байрами куни мажусийга бир тухумни совға қилган одам кофир бўлади. Чунки у мажусийнинг куфри ва залолатига ёрдам берди ёки совға бериши билан уларга ўхшади. Баъзилар: «Мусулмон Наврўз байрамида мусулмонга совға берса кофир бўлмайди» демоқдалар. Бу сўзга диққат этиш керак. Чунки бу ишда мажусийларга ўхшашлик бордир. Табиийки, қасдсиз (билмай) Наврўз байрамига келиб қолган одамнинг ҳукми фарқлидир» (499-бет).

Мулло Алий ал-Қорий раҳимаҳуллоҳ яна айтадилар: «Кимки Наврўз куни кофирлар (байрами учун) йиғиладиган ерга чиқса, кофир бўлади. Чунки бу куфрни эълон қилишдир» (Юқоридаги манба, 500-бет).

«Ал-Фатава ас-Суғро» китобида шундай дейилган: «Наврўз куни илгари одатланмаган нарсани Наврўз байрамини улуғлаб сотиб олган киши катта гуноҳни қилиб, кофир бўлади. Чунки у кофирларнинг байрамларини улуғлади» (Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Фиқҳул-Акбар» китобига ёзилган шарҳ: 186).

Ибн Туркманий ал-Ҳанафий айрим мусулмонлар ғайри динлар байрамларида катта нафақалар қилишлари ва болаларини кўчаларга олиб чиқишларини зикр қилиб, бунинг сўнгида айтадилар: «Айрим Ҳанафий олимлари айтганлар: «Кимда ким юқорида айтилганларни қилса-ю, тавба қилмаса уларга ўхшаб кофир бўлади»».

Ҳанафий мазҳабининг шайхи, аллома Абу ал-Маҳосин Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Қозихон айтганлар: «Бир киши Наврўз куни бошқа кунларда сотиб олмаган нарсасини сотиб олса, агар шу билан Наврўзни деб сотиб олган бўлса, куфр бўлади, фойдаланиш, сарфлаш мақсадида қилса, Наврўз деб сотиб олмаган бўлса, куфр бўлмайди».

«Мажмаун-Навазил» китобида шундай дейилган: «Мажусийлар Наврўз байрамида тўпланганида мусулмон: «Қандай яхши йўл топишибди!» деса кофир бўлади, дейилган. Нега?! Чунки у Ислом одатларини қабоҳатга чиқаришни кафолатлаш билан бирга, куфр тузукларини мақтамоқда».

Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Агар бир киши эллик йил Аллоҳга ибодат қилиб, сўнг «Наврўз» байрамида, шу кунни улуғламоқчи бўлиб мушрикларнинг бирига тухум совға қилса, ўзи кофир бўлиб амаллари ҳабата бўлади» («Баҳр ар-Роиқ шарҳ Канзу ад-Дақоиқ» 8/555, Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий» 2/315).

«Жомеъ ал-Асғар» соҳиби дедилар: «Агар бир мусулмон «Наврўз» байрамида бошқа бир мусулмонга совға бериб, бу совғаси билан «Наврўз» кунини улуғламай, аксинча айрим одамлар одатига кўра берган бўлса кофир бўлмайди. Кофир бўлмаса ҳам, мажусийларга ўхшаб қолмаслик учун, айнан «Наврўз» кунида совға қилмай, ёки олдин, ёки кейин бериши керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким ўзини бирон қавмга ÿхшатса, бас, у ҳам улардан биридир» (Имом Аҳмад 2/50 ва Абу Довуд 4021). Яна айтадилар: «Бир киши «Наврўз» кунида кофирлар харид қилувчи нарсани харид қилиб олса, бундан олдин харид қилмаган бўлса, хариди билан кофирлар улуғлаганидек бу кунни улуғламоқчи бўлса, кофир бўлади. Агар ейиш, ичиш ёки фойдаланиш мақсадида харид қилган бўлса, кофир бўлмайди» («ал-Баҳрур Роиқ шарҳ Канзу ад-Дақоиқ» 8/555).

Имом аз-Зайлаъий ҳанафийларнинг «Табйин ал-Ҳақоиқ» китобида айтади: «Наврўз ва Маҳражон (форс-мажусийларнинг байрами) муносабати билан совға бериш ҳаромдир. Ушбу икки байрам муносабати билан совғалар тақдим этиш таъқиқланган, куфр амали ҳисобланади. Абу Ҳафс ал-Кабир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шундай бўлиши мумкинки, инсон Аллоҳга эллик йил мобайнида ибодат қилиб келди. Сўнг Наврўз байрами кириб келди ва у мушрикларнинг бирига тухум совға қилди. Бу билан у ушбу кунни улуғлашини изҳор қилмоқчи эди. У кофир бўлди ва барча амаллари ҳабата бўлди». «Жомиъ ал-Асғар» муаллифи дедилар: «Агар мусулмон Наврўз кунида бошқа мусулмонга совға берса, бу амалини ушбу кунни улуғлаш ниятида қилмаган, балки баъзи инсонлар орасида бу одат тусига киргани учун қилган бўлса, бундай ҳолатда у кофир бўлмайди. Бироқ у айни шу кунни тайин қилмаслиги керак. Уларга ўхшаб қолмаслик учун совғани бу кундан аввал ёки кейин бериши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким қайси қавмга ўзини ўхшатса, у ўшалардандир»». Яна айтадилар: «… Наврўз куни инсон бирор нарсани ҳарид қилмоқчи бўлди. Аввал бу нарсани у ҳеч қачон ҳарид қилмаган эди. Агар у инсон бу амали билан ушбу кунни мушриклар улуғлаганидек улуғлашини намоён қилмоқчи бўлган бўлса, кофир бўлади. Агар у инсон бу нарсани ейиш, ичиш ёки лаззатланиш учун ҳарид қилган бўлса, кофир бўлмайди»» («Табйин ал-Ҳақоиқ» 6/228).

Имом Молик соҳибларидан бирлари шундай деган эканлар: «Ким Наврўз кунида бир қовун бўлса ҳам сўйса, чўчқани сўйган билан баробардир» («Аллуммаъ фи ал-Ҳаводис ва ал-Бидаъ» 1/492).

Машҳур аллома Ибн Ҳажар Ҳайсамий аш-Шофиъий «Муртадлик боби»да айтадилар: «Энг жирканч бидъатлардан бири бу насронийларнинг байрамларида мусулмонларларнинг иштирок этишидир. Бу таом тайёрлашда уларга тақлид қилиш, уларга совға бериш ва совғаларини уларнинг байрам кунларида қабул қилишда намоён бўлади. Мисрликлар бу ишлар билан барчадан кўп шуғулланадилар. Ахир Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айганларку: «Ким бир халққа ўхшаса, бас у, улардан биридир!» (Абу Довуд 4031, Имом Аҳмад 2/50, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган)…

Шунингдек бунга Наврўзни нишонлаш, хориса (таом номи) тайёрлаш, «Икки пайшанбалик» байрамида хушбўйликларни етти карра тутатиш (гўё бу ялқовлик ва касални кетказар эмиш), тухумларни сариқ ва қизил рангга бўяш, уларни сотиш, шунингдек бунга улар «шанба нури» деб номлайдиган махсус дориларни шанба куни (сотиш) киради. Аслида бу «шанба зулмати»дир. Бу кунда улар укроп сотиб олишади ва бу баракот келтиради дейишади. Яна улар бу кунда атиргул теришади, шанбага ўтар кеча уларни сувга ташлашади. Кейин сеҳрдан сақланиш учун ўша сувда ювинишади. Яна улар кўзларига нур бериш учун кўзларини сурма билан буяшади, қўтир ва қичимани кетказиш учун баданларига олтингугуртни ёғга аралаштириб суришади. Сўнг сутдан таом тайёрлаб, уни ҳаммомда ейишади. Бошқа ўзлари ўйлаб топган бидъатларни қилишади. Уларга ўзларининг байрамларини очиқчасига нишонлашга йўл қўймаслик керак» («Ал-Фатава ал-фиқҳийя ал-Кубро», Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий (4/238-239)).

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Суннатни қаттиқ ушлаш бидъатдан қайтариш» деган рисолаларида айтадилар: «Аҳли зимма ғайри динларга Янги йил, Пайшанба ва Наврўз байрамини нишонлашда уларга ўзини ўхшатиш, бегона, ваҳший бидъатдир».

Яна имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Яҳудий ва насронийлар билан бирга уларнинг байрамларида иштирок этиш учун улар каби хушбўй шамлар сотиб олиш, таомларни ҳозирлаш, хотин ва болаларни безаш катта гуноҳлардандир. Ҳолбуки, улар бизнинг қўл остидаимизда мағлуб бўлиб, бизнинг байрамларимизда иштирок этмаяптилар, бизларга ўхшамаяптилар ва биз қилган ишларни қилмаяптилар. Ҳой мусулмон, Қиёмат кунида Пайғамбаримизга қайси юз билан рўбарў бўласиз?! Ахир сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига зид, Ислом динининг душманлари бўлган адашган кофирларнинг ишларини қилмоқдасиз-ку! Баъзилар: «Биз бу ишларни кичик ёшдаги болаларимиз ва хотинларимиз учун қилмоқдамиз-ку?!» десалар, уларга: «Энг расво бўлган одамлар фарзандлари ва хотинларини Аллоҳнинг ғазаби келадиган нарсалар билан рози қилган кишилардир» дейилади… Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу деди: «У (мажусий)ларнинг Наврўзлари ва байрамларини қилган ҳамда ўлгунига қадар уларга ўхшаб яшаган киши Қиёмат кунида улар билан бирга тўпланади» (Байҳақий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари мажусийларнинг байрамларини қилиш катта гуноҳлардан эканини билдирмоқда. У ишнинг ози кўпига олиб боради. Мусулмон бу даричани бутунлай беркитиши, рафиқаси ва фарзандларини у ишдан нафратлантириши керак. Яхшилик одат бўлса, бидъатлардан сақланиш ибодатдир. Ҳеч бир кимса: «Фарзандларимни хурсанд қилаяпман» – деб айтмасин. Ҳой мусулмон, наҳотки, уларни хурсанд қилиш учун Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсаларни топган бўлсанг! Ахир бу куфр ва туғён белгиси-ку! Сен ёмон мураббий экансан-ку! Бундай десам, сен ўзинг шундай тарбия кўргансан-да!» («Ташаббуҳул хасис би аҳлил хомис»: 37).

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳга савол берилди: Янги йил, Наврўз ва бошқа байрамларни нишонлашнинг ҳукми нима?

Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Кофирларни рождество ёки бошқа байрамлар билан қутлашнинг ҳаромлигига аксар уламо иттифоқ қилганлар. Ибн ал-Қоййим ўзининг «Аҳкам Аҳл Аз-Зимма» китобларида қуйидаги гапларни келтирадилар: «Кофирларни уларнинг байрамларида қутлаш барча олимларнинг назарида ҳаромдир, ҳамда уларга «Байрамингиз билан табриклайман» ёки «Байрамларни яхши ўтказинг» ва шу каби сўзларни айтиш ҳам ҳаром. Буни айтган (мусулмон) куфрдан қутулса-да, ҳаромдан қутула олмайди. Бу ҳудди бировни хоч (крест)га сажда қилганида қутлашдек, балки ундан ҳам ёмонроқ ишдир. Бировни ароқ ичгани учун ёки одам ўлдиргани учун, зино қилгани учун ва ҳоказолар учун қутлаш қанчалик катта гуноҳ бўлса, бу байрамлар билан қутлаш ҳам ҳудди шу кабидир. Ўз динини ҳурмат қилмайдиган инсонлар кўпинча мана шу хатога йўл қўядилар, улар қилаётган ишининг қанчалик улкан гуноҳ эканлигини англамайдилар. Бошқаларни Аллоҳга осий бўлгани учун ёки бидъат ва куфр амали қилгани учун табриклаган инсон Аллоҳнинг ғазабига мубтало бўлади» (1/205, 206).

Демак кофирларни бу байрамлар билан қутлаш ҳаром экан, бу билан биз уларнинг байрамлари ва уларнинг тутган йўли тўғри эканлигини тасдиқлаган бўламиз. Дилида бу байрамлар нотўғри ва залолат эканлигини била туриб ҳам шундай қилиш мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади:

«Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. (Аммо) У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар), У зот сизлар учун (фақат шукр қилиб, иймон келтиришларингизгагина) рози бўлур» (Зумар: 7).

«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Демак уларни бу кунларда қутлаш ҳаром экан, улар ким бўлишидан қатъий назар, ҳамкасбингизми, қўшнингизми ва ҳоказо.

Агар улар сизни бу кунларда қутлашса уларга жавоб берманг, сабаби бу мусулмонларнинг байрами эмас ва Аллоҳ бу байрамларни қабул қилмаган. Аслида ўша байрамлар уларнинг динидаги бидъат амаллардир. Агар улар тўғри бўлган тақдирда ҳам Аллоҳ томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали одамзотга туширилган Ислом келиши билан бекор қилингандир. Аллоҳ таоло айтади:

«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имон: 85).

Шунингдек бу кунларда кофирлар томонидан ўтказиладиган маросимларда қатнашиш ҳам ҳаромдир, аслида бу уларни табриклагандан ҳам кўра улканроқ гуноҳдир.

Бу байрамларда кофирларга тақлид қилиб дастурхонлар ёзиш, бир-бирига совға улашиш, ширинликлар ва таомлар тарқатиш ёки бу кунларни дам олиш куни қилиб белгилаш эса мутлақ ҳаром бўлган амаллардандир. Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки бировга тақлид қилса, ўзи ҳам ўшалардан бўлибди» (Абу Довуд ривояти). Шайхулислом Ибн Таймия ушбу гапларни айтган эканлар: «Кофирларга уларнинг байрам кунлари тақлид қилиш билан инсон уларнинг ботил эътиқоди ва куфр амаллари унга ҳам ёқишини кўрсатади ва кофирларга мусулмонларни йўлдан уришда, адаштиришда, ҳамда уларни камситишига имконият очиб беради»» («Мажмуъул Фатава Шайх Ибн Усаймин», 3/44, 3/369).

Шайх Абдуллоҳ ибн Жибрин раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Насороларнинг Янги йил ва Наврўз каби ўйлаб чиқарилган байрамларини нишонлаш ва насоролар ёки мушриклар байрам мавсумларида тайёрлаган овқатлардан ейиш жоиз эмас. Бу байрамларни нишонлаётган вақтларида чақирсалар, бориш жоиз бўлмайди. Агар улар чақирганда сиз борсангиз, уларни шижоатлантирган бўласиз ва улар учун бу байрамларини маъқуллаган бўласиз. Бу нарса нодон, жоҳил, илмсиз кишилар бу билан алданиб қолишларига ва «қилса бўлар экан-да» деган эътиқодга бориб қолишларига сабаб бўлади».

Наврўз байрами жоҳилиятдаги байрам бўлиб, форслар ва насоролар Исломдан олдин нишонлаган. Наврўз байрамини нишонлаш мушрикларга тақлид қилиш бўлганлиги учун таъкидли суратда ман қилинади. Наврўз кунида бирор кишига бир нарсани Наврўзни кўзламай совға қилса куфр бўлмайди. Шуни айтиш лозимки, Наврўз кунида бундан олдин ҳам, кейин ҳам қилмайдиган нарсаларни қилмаслик ва кофирларга ўхшаб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозимдир.

Байрамларда кофирларга ўзини ўхшатиш жоиз бўлмагани каби, уларга ўхшамоқчи бўлган мусулмонга бундай нарсаларда ёрдам бермай, уни бу ишидан қайтариш керак. Ким уларнинг байрамларидан бошқа кунларда қилмай юрган меҳмондорчилигини қилиб чақирса, бориш жоиз эмас. Қайси бир мусулмон бу байрамларда бошқа вақтларда бермаган совғаларни берадиган бўлса, совғасини қабул қилиш жоиз эмас Чунки бунда кофирларга ўхшаб қолишлик хавфи бор. Хоссатан совғаси уларга ўхшашга фойдаланиладиган нарса бўлса олинмайди. Яна кофирлар байрамида кофирларга ўзини ўхшатмоқчи бўлганларни таъзирини бериш лозим.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

2 та мулоҳаза

  1. Abdurashid → 14.11.2011 йил

    Assalamu alaykum. Avvalom bor meni savolimga bergan javobingiz uchun rahmat. Alloh rozi bo’lsin.
    Maqolada “«Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51)».

    Мусулмон кофирлардан намуна олмаслиги, улардан безор бўлиши, улардаги Аллоҳга келтирилаётган куфр ва маъсиятлардан нафратланиши керак. Ҳолбуки буни Аллоҳ таоло шундай ифодаламоқда:

    «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22)” joyini uqib chiqib bir savol tug’ildi. Meni bowqa dindan bo’lgan do’stlarim, taniwlarim bor. Ular bilan aliqamiz juda ham yahwi. Ba’zilarini oilasi bilan ham taniwman. Ular orasida hech ham islomga qarwi, musulmonlarga qarwi hech nojo’ya gap ewitmaganman. Aksincha ba’zilari islom dini to’g’risida ancha ma’lumotlarga ega, yana menga uz dinlaridagi kamchiliklarni aytib afsuzlaniwadi. Aytmoqchimanki, ular bilan oramizada islomga iod hech qanday gap so’zlar o’tmagan. Ular bilan do’stlawiwim mumkinmi?

  2. Administrator → 14.11.2011 йил

    Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Ҳурматли Abdurashid. Ушбу саволингизга батафсил жавоб топиш учун қуйидаги манзилга мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз:
    http://forum.tavhid.com/showthread.php?tid=184

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.