PDF WORD

Мавлидни нишонлаш жоиз деган киши билан мунозара

Мавлидун-набавийни нишонлаш жоизлигини даъво қилган киши билан мунозара

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Шайх Албоний: Мавлидун-набавийни нишонлаш яхшиликми, ёмонликми?

Мунозарачи: Яхшилик.

Шайх Албоний: Яхши. Бу яхшиликдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг асҳоблари жоҳил (бехабар) қолишганми?

Мунозарачи: Йўқ.

Шайх Албоний: Мен сизнинг ҳозир «Йўқ» деган жавобингиздан қониқмайман. Балки сизга шошилиб қуйидагиларни айтиш вожиб бўлади: «Бу яхшилик, агар у яхшилик ёки бошқа нарса бўлса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг асҳобларидан махфий қолиши мумкин эмас. Биз эса Исломни ва иймонни фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йўллари орқали биламиз, қандай қилиб биз яхшиликни билиб, у киши уни билмайди! Бу мумкин эмас (амри маҳол)».

Мунозарачи: Мавлидун-набавийни барпо қилиш у киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрларини тирилтириш бўлади ва бунда ул зотни ҳурматлаш бор.

Шайх Албоний: Бу фалсафани биз биламиз, уни кўпгина кишилардан эшитамиз ва уларнинг китобларида ўқиймиз. Лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни Исломга чақирганларида Исломнинг ҳаммасига даъват қилганмилар, ёки тавҳидгами?

Мунозарачи: Тавҳидга.

Шайх Албоний: У киши биринчи чақирган нарсалари тавҳид эди. Бундан сўнг намозлар фарз бўлди, кейин рўза фарз бўлди, кейин ҳаж фарз бўлди. Шундай бўлди. Шунинг учун сиз шариатнинг бу йўлига қадам бақадам юринг. Ҳозир биз иттифоқ қилдикки, бизда яхшилик бўлиб уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билмасликлари мумкин эмас. Биз яхшиликнинг барчасини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали биламиз. Бу сўзда «икки киши тортишмайди, икки қўзичоқ сузишмайди». Мен ўйлайманки, ким бунда шак-шубҳа қилса, мусулмон эмас. Бу сўзни қўллаб-қувватлайдиган ҳадислардан:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшиликка сизларни буюрмасдан қолдирмадим», деганларидир. Агар мавлид яхшилик ва бизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган иш бўлса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни бизларга кўрсатиб кетган бўлишлари лозим. Тўғрими, йўқми? Мен айтган ҳар бир ҳарфга қониқмасангиз ҳам сизнинг унга мувофиқ бўлишингизни хоҳламайман. Сиз комил равишда: «Мен бу нуқтада қониқмадим», дейишингиз мумкин. Ҳозиргача мен айтган нарсалардан биронтасида иккиланяпсизми, ёки тамоман мен билан ҳамфикрмисиз?

Мунозарачи: Сиз билан тамоман ҳамфикрман.

Шайх Албоний: Аллоҳ сизни яхши мукофот билан мукофотласин! Демак: «Сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшиликка сизларни буюрмасдан қолдирмадим». Бу мавлидни бажариш жоиз деяётганларнинг барчасига айтамизки:

Бу мавлид, сизларнинг даъволарингизга биноан, яхшилик. Демак, ёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга буни кўрсатиб кетдилар, ёки буни бизга кўрсатиб кетмадилар. Агар улар: «Буни бизга кўрсатиб кетдилар», дейишса, уларга айтамизки: «Ҳужжат келтирингизлар, агар гапингизда ростгўй бўлсангизлар!» (Бақара: 111). Буни улар ҳеч қачон қила олмайди. Биз алавий (шиа, нусайрий)ларнинг ва алавий бўлмаганларнинг ёзганларини ўқидик, улар бунга: «Бу яхши бидъат», деган сўздан бошқа далил келтиришмайди!! Яхши бидъат!!

У мавлидни нишонлайдиганларми, уни нишонлашни инкор қиладиганларми – барчалари иттифоқ қилганки, бу мавлид Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳам, саҳобаи киром замонида ҳам, олам имомлари пайтида ҳам бўлмаган. Лекин буни нишонлашни жоиз дейдиганлар айтадики: «Мавлид бўлса, нима қилибди? Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаш, у кишига салавот айтиш» ва шунга ўхшаш гаплар.

Биз айтамиз: «Агар бу яхшилик бўлганида эди, улар биздан олдин буни қилган бўларди».

Сиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини биласиз: «Одамларнинг яхшиси – менинг авлодим (замоним), сўнг ундан кейингилар, сўнг ундан кейингилар». Бу иккала «Саҳиҳ» китобда келган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари – ул зот ва асҳоблари яшаган замондир. Улардан сўнг яшаганлар – тобеъинлар. Улардан сўнг яшаганлар – тобаа тобеъинлар. Бу асосда ихтилоф йўқ.

Бирон ерда биз улардан илмда ва амалда ўзиб кетган бир яхшилик бор деб тасаввур қиласизми? Бу мумкинми?

Мунозарачи: Илмий жиҳатдан олсак, агар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у киши билан замондош бўлганларга: «Ер айланади», деганларида…

Шайх Албоний: Узр, гапдан четга чиқмасликни умид қиламан. Мен сиздан икки нарса ҳақида сўрадим: илм ва амал. Воқелик шундайки, бу гапдан қочишингиз менинг фойдамга бўлади. Мен, табиийки, илм деб шаръий илмни назарда тутяпман, масалан, табобатни эмас. Мен ҳам айтаманки, бу ердаги доктор ўз замонидаги Ибн Синодан билимдонроқдир, чунки узоқ замон ўтиб, жуда кўп тажриба бўлиб ўтди. Лекин бу нарса уни (докторни) Аллоҳ олдида покламайди ва шаҳодат берилган авлодлардан уни пешқадам қилмайди, аммо у билган (табобат) илмида уни (Аллоҳнинг олдида) поклайди. Аллоҳ сизга барака берсин, биз шаръий илм ҳақида гаплашяпмиз. Шунга эътибор беришингиз лозим. Мен сизга: «Биз улардан илмлироқмиз, деб эътиқод қиласизми?» деганимда, биз бу ерда фақат шаръий илмни назарда тутяпмиз, жўғрофия, фалак илми, кимиё, физика каби тажрибавий илмни эмас. Фараз қилинг, бу замонда бир инсон Аллоҳга ва Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирдир, лекин у мана бу (дунёвий) илмлардан бир илмда ҳамма инсонлардан олимроқдир. Бу нарса уни Аллоҳга яқин қиладими?

Мунозарачи: Йўқ.

Шайх Албоний: Унда биз бу илмий соҳа ҳақида гаплашмаяпмиз. Балки Аллоҳ Табарока ва Таолога яқинлаштиришни биз хоҳлайдиган илм ҳақида гаплашяпмиз. Бироз олдин биз мавлидни нишонлаш ҳақида гапиргандик. Савол яна қайтарилади ва мен иккинчи марта гапдан қочишсиз жавоб бўлишини умид қиламан. Мен айтаман: биз охир замонда туриб шариат илмида саҳобалардан, тобеъинлардан, мужтаҳид имомлардан билимдонроқмиз, ҳамда яхши амалга ва Аллоҳга яқинлашишга солиҳ ўтмишдош (салаф)лардан тезроқ, деб сиз сизга берилган ақл ва фаҳм билан эътиқод қиласизми?

Мунозарачи: Сиз шаръий илм деб Қуръон тафсирини назарда тутяпсизми?

Шайх Албоний: Улар Қуръон тафсирида, Росул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида биздан кўра илмлироқдир. Улар биздан Ислом шариатини ниҳоятда кўпроқ билгувчидир.

Мунозарачи: Қуръон тафсирига нисбатан олсак, баъзан бугунги кунда (илм) Росул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан кўра кўпроқ бўлиши мумкин. Масалан, Қуръоннинг қуйидаги ояти: «(Қиёмат куни) сен жилмас деб ҳисоблаган тоғлар булутлар каби ҳаракатга келади. Бу ҳамма нарсани мукаммал равишда қилган Аллоҳнинг ишидир. Албатта, У сизлар қилаётган нарсани билгувчидир» (Намл: 88). Агар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларида бирон кишига: «Ер айланади», деганларида, бирон кишини ул зотни тасдиқлаган бўлармиди?! Ҳеч ким тасдиқлаган бўлмасди.

Шайх Албоний: Кечирасиз, демак, биз сизга иккинчи бор гапдан қочишни ёзиб қўйишимизни хоҳлаяпсиз. Эй биродар, мен сиздан умум ҳақида сўраяпман, бўлак ҳақида эмас. Биз умумий савол беряпмиз: «Ким Исломни умумий равишда кўпроқ билади?»

Мунозарачи: Табиийки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг асҳоблари.

Шайх Албоний: Мана шу нарсани биз хоҳлаяпмиз, Аллоҳ сизга барака берсин!

Ундан кейин, сиз гапирган оят тафсирининг амалга алоқаси йўқ. У фикр ва фаҳмга алоқадор. Кейин сиз билан биз олдинги оят ҳақида гаплашгандик ва сизга исботлагандикки, бу оятни Ерни айланишига далил қилиб келтираётганлар хато қилади. Чунки бу оят Қиёмат кунига тегишли: «Ўша Куни бу Ер бошқа Ерга алмаштирилади, осмонлар ҳам. Улар Ягона Қаҳҳор Аллоҳ олдида туришади» (Иброҳим: 48). Ҳар ҳолда биз бу ҳақда гап юргизаётганимиз йўқ.

Мен сиз билан бу нуқтада ҳамфикрман: баъзан кейингилардан бир киши ҳақиқатан илмий ёки кавний жиҳатдан бирон бир саҳобий, ёки тобеъин ва шу кабилардан илмлироқ бўлиши мумкин. Лекин бунинг солиҳ амалга алоқаси йўқ. Масалан, бугунги кунда кофирлар биздан фалакий ёки шунга ўхшаш илмларда биздан олимроқ, бундан улар нима фойда топишади? Ҳеч нарса. Биз бугун «ҳеч нарса»га киришишни хоҳламаймиз. Биз Аллоҳга бизни яқинлаштирадиган ҳамма нарса ҳақида гаплашмоқчимиз. Ҳозир эса биз мавлидун-набавий ҳақида гаплашмоқчимиз.

Биз иттифоққа келдикки, агар у яхшилик бўлганида, бизнинг солиҳ ўтмишдошларимиз ҳамда уларнинг бошида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта уни биздан яхшироқ билишган ва унга биздан олдин ҳаракат қилган бўларди. Бунда шубҳа борми?

Мунозарачи: Йўқ, шубҳа йўқ.

Шайх Албоний: Унда сиз бундан Аллоҳ Таолога яқинлик ҳосил қиладиган солиҳ амалга алоқаси бўлмаган тажрибавий илмга гапни бурмангиз.

Энди. Барчанинг иттифоқи билан бу мавлид Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бўлмаган. Демак, бу «яхшилик» Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳид имомлар замонида бўлмаган экан, қандай қилиб бу «яхшилик» улардан махфий қолган?!

Биз иккита нарсадан бирини албатта айтишимиз лозим бўлади:

Улар биз каби бу «яхшилик»ни биларди – улар биздан илмлироқдир. Ёки бўлмаса, улар буни билишмаган, унда қандай қилиб биз буни билиб қолдик?!

Агар биз: «Улар биларди», десак, бу сўз мавлидни нишонлаш шариатда бор деяётганларга нисбатан яқинроқ ва афзалроқдир. Унда нима учун улар бунга амал қилишмади?! Биз Аллоҳга яқинроқмизми?! Нима учун улардан бирон саҳобий, ёки тобеъин, ёки олим, ёки обид хато қилиб бу «яхшилик»ка бирон марта амал қилмади?! Бу «яхшилик»ка ҳеч қачон ҳеч ким амал қилмаслиги ақлингизга сиғадими? Улар (ўтмишдошлар) эса миллионлар эди ва улар биздан илмлироқ, солиҳроқ ва Аллоҳга биздан кўра яқинроқ эди! Мен ўйлайманки, сиз Росул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини биласиз: «Саҳобаларимни сўкмангизлар! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, биронтангиз Уҳуд тоғичалик тилла инфоқ қилса ҳам, уларнинг бири (садақа қилган) бир мудд (ҳовуч)га ҳам, унинг ярмига ҳам тенглашмайди». Бизлар ва уларнинг орамизда қандай улкан фарқ борлигини кўряпсизми? Чунки улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳ Таолонинг йўлида жаҳд қилишди (тиришишди, курашишди), ва биз билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларида бўлган кўпгина воситаларсиз у кишидан илмни янгилигида қабул қилишди. Худди ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларида шунинг маъносига ишора қилганларидек: «Ким Қуръонни янгилигида (нозил бўлганидек) ўқимоқчи бўлса, Ибн Умми Абд – яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд – қироати билан ўқисин». Ўша салафи солиҳлар ва уларнинг бошида – саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, Аллоҳга яқинлаштирадиган яхшиликдан жоҳил қолишди, биз эса у (яхшилик)ни билиб қолдик, деб тасаввур қила олмаймиз. Агар биз: «Улар биз каби уни (мавлидни нишонлашни) билган», десак, улар бу яхшиликка бепарволик қилишди, деб ҳечам тасаввур қила олмаймиз. Иншааллоҳ, мен сўзлаётган бу нуқтани сизга ёритиб бердим, шундайми?

Мунозарачи: Алҳамдулиллаҳ.

Шайх Албоний: Жазаакаллоҳу хойрон!

Бу ерда бошқа бир нарса бор. Бу ерда Ислом комил бўлиб бўлганини ёритиб берувчи оятлар ва кўпгина ҳадислар бор. Мен ўйлайманки, бу ҳақиқатга сиз эътибор берасиз ва шунга иймон келтирасиз. Бу ҳақиқатни билишда олим, толиби илм ва оми орасида фарқ йўқ. Бу ҳам бўлса: Ислом комил бўлган ва у яҳуд ва насороларнинг кунига ўзгариб алмашувчи дини каби эмасдир. Мен сизга мисол учун Аллоҳ таолонинг бу сўзини эслатаман: «Бугун Мен сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тамомий қилдим ва сизлар учун Исломни дин сифатида рози бўлдим» (Моида: 3). Ҳозир эса савол бўлади – бу мавлидни нишонлаш яхшилик эмаслигини баён қилишнинг бошқа услуби, олдинги услуб эмас. Олдинги услуб – агар у яхшилик бўлганида салафи солиҳлар бунда биздан ўзиб кетган бўлишарди. Улар биздан олимроқ ва обидроқдир.

(Иккинчи услуб:) Агар бу мавлидун-набавий яхшилик бўлса, унда у Исломдандир. Биз айтамиз: ҳаммамиз – мавлидни бажаришни инкор қилувчилар ва унга иқрор бўлувчилар – олдинги иттифоқимиз каби бу мавлид Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмаганлигига иттифоқ қилдикми? Ҳозир эса, агар бу мавлид яхшилик бўлса, унда у Исломдандир, бўлмаса, у исломда эмаслигига биз иттифоқ қилдик. Ушбу оят: «Бугун Мен динингларни комил қилиб бердим», нозил бўлган кунда мавлидун-набавийни нишонлаш йўқ эди. У диндан бўлган деб ўйлайсизми? Мен умид қиламанки, сиз мен билан очиқ-ойдин бўласиз. Ўйламанг, мен: «Жим, сен билмайсан, сен хабардор эмассан», деб талабаларни, балки омма одамларни жим қилиб қўядиган шайхлардан эмасман. Худди ёшда ва илмда ўзингизга ўхшаган ва ўзингиздан пастроқ инсон билан гаплашаётгандек бўлинг. Агар қониқмасангиз: «Қониқмадим», деб айтинг.

Энди, агар мавлид яхшилик бўлса, у Исломдандир. Агар у яхшилик бўлмаса, у Исломдан эмас. Агар бу мавлидни нишонлаш зикр этилган оят нозил бўлганда бўлмаганлигига иттифоқ қилган бўлсак, ойдек равшанки, у Исломдан эмас. Мен айтган сўзларнинг ҳарфма-ҳарф таъкидлайдиган нарса – ҳижрат диёрининг имоми Молик ибн Анаснинг сўзларидир. У киши айтди: «Ким Исломда бир бидъат чиқариб – эътибор беринг (Молик) кўп бидъат эмас, бир бидъат деяпти – уни яхши деб билса, у: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатга хиёнат қилдилар», деган бўлади». Бу жуда хатарли нарсадир. Бунинг нима далили бор, эй Имом? Имом Молик айтди: «Агар хоҳласанглар, Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзларини ўқинглар: «Бугун Мен сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тамомий қилдим ва сизларга Исломни дин сифатида рози бўлдим». Ўша куни дин бўлмаган нарса бугун ҳам дин бўлмайди». Имом Моликнинг сўзлари тугади. Имом Молик бу сўзларни қачон айтди? Иккинчи ҳижрий асрда. Яхшилигига гувоҳлик берилган асрларнинг бирида! Ўн тўртинчи асрни эса қўяверинг! Бу сўзлар (Имом Моликнинг ушбу сўзлари) тилла сув билан ёзилади. Лекин Аллоҳ Таолонинг Китоби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва уларга эргашишимизни биз даъво қилаётган имомларнинг сўзларидан биз ғафлатдамиз. Афсус! Эргашишликда биз билан улар орасида икки машриқчалик масофа бор! Ҳижрат диёрининг Имоми тушунарли араб тилида айтяпти: «Ўша куни дин бўлмаган нарса бугун ҳам дин бўлмайди».

Бугун мавлидун-набавийни нишонлаш диндир. Агар бундай бўлмаганида, суннатни мустаҳкам ушловчи ва бидъатни ҳимоя қилувчилар орасида бу хусумат чиқмаган бўларди. Бу қандай қилиб дин бўлсинки, Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам, саҳобалар даврида ҳам, тобеъинлар даврида ҳам, тобаа тобеъинлар замонида ҳам бўлмаган бўлса?! Имом Молик тобаа тобеъинлардандир, ва у киши қуйидаги ҳадис ўз ичига оладиганлар қаторидадир: «Авлодларнинг яхшиси менинг авлодим, сўнг ундан кейингиси, сўнг ундан кейингиси». Имом Молик айтяпти: «Ўшанда дин бўлмаган нарса бугун ҳам дин бўлмайди. Бу уматнинг охири фақат унинг боши ислоҳ бўлган нарса билангина ислоҳ бўлади». Бу умматнинг боши нима билан ислоҳ бўлди? Динга янгилик киритиш ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинлик-қурбат қилмаган нарса билан Аллоҳ Таолога яқинлашиш биланми?! Ваҳоланки, қуйидаги сўзларни Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшиликка сизларни буюрмасдан қолдирмадим». Нима учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга туғилган кунларини нишонлашни буюрмадилар?! Бу савол. Унинг жавоби бор: бу ерда мавлидун-набавийни шариатда бўлмаган нишонлашга зид бўлган шаръий (машруъ) нишонлаш бор. Бу машруъ нишонлаш машруъ бўлмаган нишонлашдан фарқли ўлароқ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлган эди. Бу икки нишонлашнинг орасида еру осмончалик фарқ бор:

Биринчиси, машруъ бўлган нишонлаш барча мусулмонлар орасида иттифоқ қилингандир.

Иккинчиси, машруъ нишонлаш ҳар ҳафтада бир марта қайтарилади, уларнинг машруъ бўлмаган нишонлаши эса бир йилда бир марта такрорланади.

Мана бу икки нишонлашнинг орасидаги фарқлардир: биринчиси ҳар ҳафтада такророланади. Машруъ бўлмаган нишонлаш эса бунинг акси – у ибодат ҳам эмас, ҳар ҳафтада қайтарилмайди ҳам.

Мен Аллоҳ далил туширмаган сўзни айтмайман. Мен сизларга фақат Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ»ларидаги ҳадисни нақл қиламан. Абу Қатода Ансорийдан ривоят қилинади, у киши айтди: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб айтди: «Эй Аллоҳнинг Росули, душанба кунги рўза ҳақида нима дейсиз?» У зот айтдилар: «Бу кунда мен туғилдим ҳамда менга шу куни Қуръон нозил бўлди». Бу гапнинг маъноси нима? Гўёки ул зот айтяптилар: «Қандай қилиб мендан у ҳақда сўраяпсизлар, валоҳанки, Аллоҳ мени шу кунда ҳаётга келтирди ва менга шу кунда ваҳий нозил қилди?!» Яъни сизлар душанба куни Аллоҳ Таоло мени яратгани ва менга унда ваҳийни нозил қилганига шукр қилиб рўза тутишинглар керак. Бу яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутишларига ўхшайди. Сизлар билсангиз керак, Рамазон ойи рўзаси фарз бўлишидан олдин Ошуро рўзаси мусулмонларга фарз эди. Баъзи ҳадисларда келадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида яҳудийлар Ошуро кунида рўза тутишарди. Ул зот улардан бу ҳақда сўрадилар. Улар айтишдики: «Бу кунда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмини фиръавн ва унинг аскарларидан қутқарди. Биз Аллоҳга шукр қилиб у куни рўза тутяпмиз». Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз», деб ўша куни рўза тутдилар ва рўза тутишга буюрдилар. Шунда у (Ошуро рўзаси), то Аллоҳ Таолонинг қуйидаги ояти нозил бўлмагунича фарз бўлиб турди: «Рамазон ойи шундай ойки, унда одамларга ҳидоят бўлган Қуръон ҳамда ҳидоятнинг очиқ далиллари ва Фурқон нозил бўлди. Сизлардан кимки унга шоҳид бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185). Шунда Ошуро куни рўзаси суннат бўлиб қолиб, унинг вожиблиги мансух бўлди. Бу ердаги эътиборли жой шуки, Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудлар билан Ошуро рўзасини тутиб Мусога фиръавндан нажот бергани учун Аллоҳ Таолога шукр қилишда шерик бўлдилар. Ҳамда ул зот бизга душанба куни рўза тутиб шукр қилиш эшигини очиб қўйдилар, чунки бу кунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилдилар ва бу кунда ул зотга ваҳий нозил бўлди.

Энди мен сизга савол бераман: биз яхшилик эмаслигини билган мавлидни нишонлаётганлар, мен биламанки, уларнинг кўпи пайшанба рўзасини тутгани каби, душанба рўзасини ҳам тутишади, лекин кўпчилик мусулмонлар душанба куни рўзасини тутадилар деб ўйлайсизми? Йўқ, улар душанба куни рўза тутишмайди. Лекин кўпчилик мусулмонлар мавлидун-набавийни ҳар йили бир марта нишонлашади! Бу ҳақиқатларни алмаштириш эмасми? Анавиларга Аллоҳ Таолонинг яҳудларга айтган сўзи рост (мос тушади): «Яхшиликни паст нарсага алмаштирасизми?» (Бақара: 61).

Мана бу барча мусулмонлар иттифоқ қилган душанба рўзаси яхшиликдир. Шунга қарамай кўпчилик мусулмонлар унда рўза тутишмайди!! Озчилик тутадиганлар эса бу рўзанинг сирини биладими? Йўқ, билишмайди.

Мавлидни ҳимоя қилаётган уламолар қани? Нимага улар машруъ бўлмаган нишонлаш ўрнига одамларга душанба рўзаси мавлидни шаръий нишонлаш эканлигини баён қилишмаяпти ва унга тарғиб қилишмаяпти?!

Аллоҳ Таолонинг сўзи ҳақдир: «Яхшиликни паст нарсага алмаштирасизми?» Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рост айтдилар: «Сизлар албатта олдингиларнинг йўлларига қаричма-қарич, зироъма-зироъ эргашасизлар. Ҳатто улар эчкиэмарнинг инига кириб кетса, сизлар ҳам албатта унинг ичига кирасизлар». Бошқа жиддий ривоятда шундай дейилган: «Ҳатто улардан бирон киши онаси билан йўлнинг ўртасида яқинлик қилса ҳам, сизлар ичингизда ҳам шундай ишни қилувчи киши топилади». Биз яҳудийларнинг йўлларига эргашиб кетдик ва паст нарсани яхшилик ўрнига алмаштирдик: ҳар йили нишонланадиган асли йўқ мавлидун-набавийни яхшилик ва машруъ нишонлаш бўлган душанба рўзаси ўрнига алмаштирдик. Унинг машруълиги унинг сирини мулоҳаза қилиш билан бўлади: яъни Аллоҳ Таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шу кунда яратгани ва у зотга шу кунда ваҳий нозил қилганига сизнинг шукрона билан рўза тутишингиздир.

Мен сўзимни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари билан тугатаман: «Аллоҳ Таоло бидъатчининг тавбасини қабул қилишдан бош тортди».[1] Аллоҳ Таоло эса айтади: «Эй Росул, сизга Роббингиздан нозил бўлган нарсани етказингиз. Агар шу ишни қилмасангиз, Унинг рисолатини етказмаган бўласиз. Сизни одамлардан Аллоҳ сақлайди» (Моида: 67). «Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинадики, бир тобеъин Оиша онамиз олдиларига келиб…

Мунозарачи: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқиш ул зотни ҳурматлаш эмасми?

Шайх Албоний: Ҳа.

Мунозарачи: Унда савоб бор, бу Аллоҳдан бўлган яхшилик эмасми?

Шайх Албоний: Тўлиқ яхшилик бор. Бу саволдан нима фойда топасиз? Шунинг учун мен гапингизни савол билан бўламан: сизни биров ул зотнинг сийратларини ўқишдан ман қиляптими?

Мен ҳозир сизга бир савол бераман: агар бир машруъ ибодат бўлса, лекин Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бирон муайян замон ҳам, муайян кайфият ҳам қилмаган бўлсалар, унга ўзимизча муайян замон ёки муайян кайфият қилиб чегара қўйишимиз жоиз бўладими? Сизда бунга жавоб борми?

Мунозарачи: Йўқ, менда жавоб йўқ.

Шайх Албоний: Аллоҳ Таоло айтди: «Аллоҳ изн бермаган нарсани уларга диндан шариат қилиб берувчи шериклари борми?» (Шуро: 21). Шунингдек Аллоҳ Таоло айтади: «Улар олимлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Аллоҳдан бошқа робблар қилиб олишди. Лекин улар биргина илоҳга ибодат қилишга буюрилганлар. Ундан бошқа ибодатга лойиқ Зот йўқ. Улар шерик келтираётган нарсалардан Ул зот покдир» (Тавба-31).

Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳу Исломга киришларидан олдин насроний бўлганлар. Бу оятни эшитганларида у кишига тушунишда қийинчилик пайдо бўлиб айтдиларки: «Биз уларга ибодат қилмасдик». Шунда (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлаллам) жавоб бердиларки: «Улар Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб берсалар, сизлар уни ҳаром деб билармидинглар? Аллоҳ ҳаром қилган нарсани улар ҳалол қилиб берсалар, сизлар уни ҳалол деб ҳисоблармидинглар?» (Адий): «Ҳа», деди. (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлаллам): «Мана шу уларнинг ибодатларидир», дедилар. Ана шу Аллоҳ Таолонинг динида бидъатни пайдо қилиш хатарлигини баён қилиб беради.

Мунозаранинг арабий матни: http://saaid.net/mktarat/Maoled/26.htm

Баъзи қисқартиришлар билан шайх Албоний раҳимаҳуллоҳнинг «Силсиля ҳуда ван-нур» кассеталаридан олинди (1/94 кассета).


 

[1] Бошқа ҳадисда: «Аллоҳ Таоло бидъатчига тавба қилмади», дейилган. Ушбу ҳадисни шайх Албоний бошқа маърузада шарҳлаб айтадиларки, одатда бидъатчи тавба қилмайди. Бошқа гуноҳи кабираларни қилувчи тавба қилиши мумкин, чунки у гуноҳ қилаётганида гуноҳлигини кўпинча билиб туради. Бидъатчи эса одатда бидъатини энг яхши ибодат деб билади ва бу ишидан одатда қайтмайди. Аллоҳ ҳаммамизни ҳақ йўлидан адаштирмасин!

8 та мулоҳаза

  1. bahromjon → 23.02.2010 йил

    Alloh sizlardan rozi bo’lsin.

  2. abu jafar → 26.02.2010 йил

    Assalamu alaykum. MashaALLOH. Juda va juda keraklik mavzu. ALLOH bu bilmasvoylarni yoki ahli havolarni va barchamizi haq yo’liga hidoyat qilsin. Jazakumulloh hoyron.

  3. Azizbek → 06.03.2010 йил

    Yaxshi munozara bo`lgan. Demak, mavludni nishonlab bo`lmaydi. Buni oxirida qat’iy jumla bilan takidlash kerak edi.

  4. Farida → 08.03.2010 йил

    ALLOHU AKBAR! Man doim etaman uydagilaga, bu bo’lmagan narsa BID’AT deb. Ular quloq solishmasdi. Chunki dalilim yo’q edi.

  5. Rashid → 24.06.2010 йил

    «Бугун Мен сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тамомий қилдим ва сизлар учун Исломни дин сифатида рози бўлдим» (Моида: 3).
    «Ўша куни дин бўлмаган нарса бугун ҳам дин бўлмайди».
    «Авлодларнинг яхшиси менинг авлодим, сўнг ундан кейингиси, сўнг ундан кейингиси».
    саҳобалар даври,тобеъинлар даври,тобаа тобеъинлар даври. Имом Молик Иккинчи ҳижрий асрда айтди
    Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшиликка сизларни буюрмасдан қолдирмадим».

    Машааллоҳ! Шу гаплар аниқ далил.

  6. Ahmad → 04.09.2012 йил

    MAVLUD Bid’at ekaniga salaflar ijmo qilishaganlar.

  7. Абу Муслим → 06.09.2012 йил

    Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мен ҳозиргача мавлиднинг шаръий эканига далолат қилувчи далил топа олмадим. На Қуръондан, на Суннатдан, на ижмоъдан, на қиёсдан (топа олмадим), ҳеч қандай далил йўқ! Аксинча, мусулмонлар бу (мавлид) аввалги афзал авлод, улардан кейинги ва улардан кейинги авлод даврида бўлмаганига ижмоъ қилишди” (Қаранг: “ал-Фатҳ ар-Роббаний” 2/1087).

  8. abu imron → 24.01.2014 йил

    ey Allohim bu bechora mavlud nishonlashayotgan uzbeklarga uzing haqiqatni bildir bu bechoralaga rahmim kelyapti qiynalib amal qiladilar qishning sovuq kunlarida namozlari doim masjidda tushuntirsang qonlariga singib ketgandek bizlarni anashunaqa qilib quymaganinga hamdlar bulsin Alboniy rohmahullohdan Alloh rozi busin bizlaga ham bidatchilar bilan tortishadigon ilm bersin amin

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.