PDF WORD

Ислом динида янги йил кутишнинг ҳукми

ИСЛОМ ДИНИДА ЯНГИ ЙИЛ КУТИШНИНГ ҲУКМИ

Маълумки, янги йил байрами аслида насронийларнинг «рождество» байрамидан келиб чиққан. Янги йил байрами ва «рождество» бир илдиз устидаги икки эгизак байрамдир. Бу байрамлар Исо алайҳиссаломнинг туғилган кунларини муқаддаслаштириш сабабли пайдо бўлган.

Мелодий йилнинг бошланиши насронийлар оламида Исо пайғамбарнинг туғилган кунларидан ҳисоб қилинади. Бу кун уларнинг наздида муқаддас саналиб, катта байрам сифатида тантаналар билан нишонланади ва бир неча кунлаб давом этади. Янги йил байрами дунё мамлакатларида 1 январ деб эътироф қилинган бўлса ҳам, насронийлар ўртасида Исонинг туғилган кунлари борасида бир хил фикр, келишув мавжуд эмас. Шунинг учун «рождество» байрамини нишонлаш декабр ва январ ойининг ҳар хил кунларидан бошланади.

Келиб чиқишига кўра насоролар шиори саналган янги йил байрамини нишонлаш айрим мусулмонлар ўртасида ҳам тарқалгани ва бу ҳолат Ислом дини талабларига мувофиқ келмаслиги сабабидан ушбу мақолани ўқувчилар эътиборларига ҳавола қилаябмиз. Токи, ҳар бир инсон ўзи қилаётган ишнинг асл моҳиятидан хабардор бўлсин ва ҳақ билан ботил ўртасини яхши ажратсин.

Сўзимизнинг аввалидан таъкидлаб ўтамизки, Ислом динида янги йил кутишнинг ҳукми қандай экани хусусида динга тўлиқ риоя қиладиган одамларнинг фикри бир хилдир. Улар бу ишни жоиз эмас, деб эътиқод қиладилар. Бу эътиқод ва қараш янгилик эмас. Чунки модомики, байрамларнинг келиб чикиши қадимий илдизларга эга экан, уларга бериладиган баҳолар ҳам қадимий асосларга таянади.

Ислом дини эътиқод, аҳлоқ, маданият, ибодат, қонунчилик борасида энг мукаммал таълимотдир. Унинг ўзга бирор-бир таълимотдан «ёрдам» олишга, ўзини бошқалар ҳисобига бойитишга ҳожати йўқ. Бинобарин, янги йил кутиш, уни байрам қилиш бу кун билан бир-бирини табриклаш мусулмонлар ҳаётига кейин келиб қўшилган одатлардир ва унинг Ислом динига, мусулмонларнинг урф-одатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Шундай экан, биз Ислом динида мавжуд бўлмаган янги йил байрамига қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бу ўринда кимнинг сўзи, кўрсатмаси ёки хоҳишига асосланиб фикр юритишимиз, амал қилишимиз лозим?

Аллоҳ Таоло айтади:

«Сўнг сизни бу ишдан бир шариат устида барқарор қилдик, бас унга эргашинг. Билмайдиган кимсаларнинг хоҳишларига эргашманг!» («Жосия» сураси, 18-оят).

Демак, мусулмонлар барча ишда Ислом дини шариати кўрсатмасига амал қиладилар. Ўзларининг дунёвий манфаатларидан келиб чиқиб фикр юритадиган инсонларнинг хоҳиш-истакларига эргашиб кетмайдилар.

Бу оятнинг тафсирида Ибн Таймийя ёзадилар: «Жоҳил кимсаларнинг жумласига у зотнинг шариатига хилоф йўл тутганларнинг барчаси киради. «Уларнинг хоҳишлари» дегани улар хоҳлайдиган нарсалар, жумладан мушрикларнинг очиқ кўриниб турган йўлларидир. Бу йўл уларнинг ботил динлари тақозо қиладиган ва ундан келиб чиқадиган нарсалардан иборат бўлади. Улар шу йўлни хоҳлайдилар. Шу йўлда улар билан келишиш улар хоҳлайдиган нарсага эргашишдир. Шу сабабли кофирлар ўзларининг баъзи ишларида мусулмонларнинг келишувга рози бўлганларини кўрсалар, қаттиқ хурсанд бўладилар ва бу мақсадга эришиш учун катта-катта нарсаларни бўлса ҳам сарф қилишга розидирлар» («Иқтизоус-сиротил мустақийм», 1/98).

«Агар сиз ўзингизга илм келгандан сўнг уларнинг хоҳишларига эргашадиган бўлсангиз, унда сиз албатта золимлардан бўлурсиз!» («Бақара» сураси, 145-оят).

Бу оятларга кўра, мусулмонларнинг Аллоҳ ва пайғамбар буюрмаган, ўзгалар томонидан жорий қилинган байрамларни нишонлашлари ўзгаларга эргашишларидир.

Қуйидаги оят эса мусулмон халқларни бошқа қавмларга ўхшаб қолишдан сақланишга буюради:

«Эй иймон келтирган инсонлар, «роино» деб айтманглар, «унзурно», деб айтинглар. Амрга қулоқ тутинглар. Кофирларга эса аччиқ азоб бордир» («Бақара» сураси, 104-оят).

Ибн Касир бу оятнинг тафсирида айтадилар: «Аллоҳ Таоло мўминларни ўз сўзларида ва ҳатти-ҳаракатларида кофирларга ўхшашдан ман қилди. Бунинг сабаби шуки, яҳудийлар таврия[1] қилиб гапиришга уринишарди».

Бу ерда «роино» деган сўз билан «унзурно», деган калима орасида кўп фарқ йўқ. Биринчиси «бизнинг ҳолимизга риоя қилгин», дегани бўлса, иккинчиси «бизнинг ҳолимизга қарагин», деганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дин аҳкомларини тушунтирган пайтларида мусулмонлар баъзан «роино» деб айтар эдилар. Яъни, улар: «Бизнинг ҳолимизнинг риоясини қилинг, дин ҳукмларини осон қилиб тушунтиринг», деб айтишарди. Бироқ «роино» калимаси яҳудийларнинг тилида сўкиниш маъносини ҳам ифодалар эди. Яҳудийлар шундан фойдаланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхаралаш учун у кишининг олдиларида шу сўзни айтадиган бўлишди. Зоҳиридан бизнинг риоямизни қилинг десалар-да, аслида ичларида Пайғамбарни сўккан бўлардилар. Кейин ўзаро бир-бирлари билан хурсанд бўлиб гаплашишарди: «Уни аввал яширинча сўккан бўлсак, мана энди ошкора сўкаяпмиз», деб айтишарди. Бу ҳолат Аллоҳнинг ғазабини келтирди ва уларнинг айбларини фош этиб, оятлар нозил қилди. Жумладан, Аллоҳ Таоло мўминларни кофирларга ўхшаб қолишдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида «роино» деган сўзни айтишдан қайтарди. Унинг ўрнига «унзурно», деб айтишни буюрди. Ҳолбуки, мусулмонлар «роино» деган сўзни яҳудийларга ўхшаб асло ёмон мақсад билан айтмас эдилар.

Ибн Касир оят тафсирида давом этиб, «Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир», (Абу Довуд ривоятлари) деган ҳадисни келтирадилар ва бундай ёзадилар: «Бу ҳадис кофирларнинг сўзларида, ишларида, либосларида, байрамларида, ибодатларида ва бизнинг шариатимизга киритилмаган, биз қабул қилмаган бошқа барча ишларида уларга ўхшаб қолишдан қаттиқ таъқиққа далолат қилади».

Демак, мусулмон одам ўз Исломига, эътиқодига содиқ бўлиши, ўз дини ва хулқи билан бошқалардан ажралиб туриши, ўзгаларга ўхшаб қолмаслиги керак. Зеро, аҳамият бериб қаралса, бошқа диндагилар ҳам ўз ҳатти-ҳаракатларида бошқаларга, жумладан мусулмонларга ўхшаб қолмасликка интилаётганларини, ўзларини кўрсатишга уринишларини сезиш қийин эмас. Шундай экан, нима учун мусулмонлар ўзликларини сақлашга интилмаслиги керак?!

«Фурқон» сурасида Раҳмоннинг севимли бандалари сифатлари саналган ерда Аллоҳ Таоло айтади:

«Улар ёлғон, ботил ишлар устида ҳозир бўлмайдилар. Агар беҳуда ишлар олдидан ўтиб қолсалар, олийжаноблик билан юз ўгириб кетадилар» (72-оят). Бу ердаги «ёлғон, ботил ишлар», дея ифодаланган маъно оятда «зур» калимаси билан келтирилган. Ибн Касир тафсирида «зур» калимасини ширк, бутларга сиғиниш, ёлғон сўз, куфр, беҳуда ва ботил ишлар, мусиқа каби маънолар билан шарҳ қилинади. Шу билан бир қаторда муаллиф Абул-олия, Товус, Ибн Сийрин, Заҳҳоқ, Рабий ибн Анасдан ривоят қилиб айтадиларки, бу олимларнинг сўзларига қараганда «зур» калимасидан мурод мушрикларнинг байрамларидир. Демак, бу оятдан Аллоҳнинг севимли бандалари номусулмонларнинг байрамларига ҳозир бўлмайдилар, деган маъно ҳам чиқади.

Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан аллома Мулло Али Қори раҳимаҳуллоҳ «Фиқҳул-акбар» китобига битган шарҳларида «Диндан чиқарадиган лафзлар ва ҳаракатлар» бобида ёзадилар: ««Ал-Хулоса»да келадики, кимки наврўз кунида мажусийга тухум ҳадя қилса, кофир бўлади. Чунки бу иш мушрикнинг куфри ва бузғунчилигига ёрдам беришдир ёки ҳадя қилиш билан уларга ўзини ўхшатишдир. Бундан наврўз куни мусулмонга бирор нарса ҳадя қилса кофир бўлмайди, деган хулоса келиб чиқади. Аммо бунда ҳам мулоҳаза бор. Чунки ўхшашлик мавжуддир. Бироқ, бу иш қасддан эмас, тасодифан наврўз кунига тўғри келиб қолса, зарари йўқ» (499-бет). «Кимки наврўз куни кофирлар (байрам учун) йиғиладиган ерга чиқса, кофир бўлади. Чунки бу куфрни эълон қилишдир» (500-бет).

Бу сўзлардан хулоса шуки, янги йил байрами ҳам мусулмонларнинг байрамлари эмас экан. Аксинча, у Аллоҳнинг ўғли бор, дея ширк эътиқодда бўлган насоролар байрами экан. Бинобарин, уни нишонлаш, унда иштирок этиш мусулмонлар учун ножоиздир.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ янги йил байрами билан табриклаш ва бу байрамда иштирок этишнинг ҳукми ҳақида сўралган эдилар. У киши бу саволга жавоб бериб, жумладан шундай деганлар:

«Кофирларни янги йил байрами билан ёки бошқа диний байрамлари билан табриклаш ихтилофсиз ҳаромдир. Ибнул-Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Аҳкому аҳлиз-зимма» китобларида зикр қиладиларки: «Кофирликка хос бўлган шиорларни табриклаш ихтилофсиз ҳаромдир. Масалан, уларнинг байрамлари, рўзалари билан табриклаб, «сизга байрам муборак», деб айтиш ёки бошқа бир кўринишда табриклаш – агар ўша сўзни айтувчи одам кофирликдан қутулиб қолса ҳам – ҳаром ишлардандир. Бу ўша кофирнинг хочга сажда қилишини табриклаш билан баробардир».

Агар улар ўз байрамлари билан бизни табрикласалар, биз уларга жавоб бермаймиз. Чунки бу бизнинг байрамимиз эмас. Чунки булар Аллоҳ рози бўлмайдиган байрамлардир. Чунки бу байрамлар ё уларнинг динида ўйлаб топилган бидъат байрамлар ёки асли бўлса ҳам, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали барча халойиққа юборган Ислом дини билан мансух бўлган байрамлардир…

Мусулмон киши шундай байрам муносабати билан уларнинг таклифларини қабул қилиши ҳаромдир. Чунки бу уларни табриклашдан кўра қаттиқроқ иш ва улар билан шу байрамда иштирок қилишдир. Шунингдек, бу муносабат билан йиғинлар ўтказиб, ўзини кофирларга ўхшатиш, ҳадялар алмашиш, ширинликлар тарқатиш, таомлар тайёрлаш, ишдан таътил бериш ва бошқа тадбирлар мусулмонлар учун ҳаром бўлади…» (Ибн Усаймин, 1411ҳ/5/25).

«Янги йилни нишонлаш ва жаҳаннам эгаларига ўхшаб қолиш» китобининг муаллифи Абдуллоҳ бин Абдулҳамид ал-Асарий ёзадилар:

«Мусулмон биродарим, Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам ҳақ йўлга бошласин. Юқорида айтилганларнинг барчасидан маълум бўлдики, бирор-бир ҳолатда кофирларни табриклаш ёки улар билан қутлов ва байрам номалари алмашиниш мумкин эмас… Кофирлар Марям Исо алайҳиссаломни дарахт тагида туққан, деб эътиқод қиладилар ва бу дарахтни ўзларига диний рамз қилиб олганлар. Уларнинг куфрлари, залолатлари ва диний шиорларини барпо қилишда ёрдам берадиган бирон нарсани уларга сотиш мумкин эмас. Афсуски баъзи мусулмонларни кўрамиз, кофирлар билан муомалада бепарволик қиладилар. Улар билан бўладиган олди-сотди ишларида жуда аҳамиятсиз бўладилар. Қарасангиз, улар ботил муносабатларга хослаб чиқарилган нарсаларни харид қиладилар, сотадилар. Масалан, арча дарахти, гуллар, атирлар ёки табрик ва қорбобо сурати туширилган қоғозлар, шу кунга бағишлаб чиқарилган кийимлар, ҳадялар билан савдо қиладилар. Бу нарсалар кофирларнинг ботил шиорларидандир».

«Мусулмонларнинг кофирларга улар байрамларида фойдаланадиган нарсаларни: овқат, либос, райхон ва шу каби ашёларни сотишлари ёки ҳадя қилишларида уларнинг ҳаром қилинган байрамларини ўтказишга бир нав ёрдам бериш бор. Бу ердаги ҳукм ароқ ишлаб чиқариш учун кофирларга узум ёки шарбат сотиш мумкин эмас, деган қоидага асосланади. Шунга ўхшаб мусулмонга қарши уруш қилишини била туриб, уларга қурол сотиш ҳам мумкин эмас» (Ибн Таймийя, «Иқтизоус-сиротил мустақийм», 2/15).

Мусулмон киши ўзининг муқаддас шиорларини, Ислом буюрган байрамларини ҳурмат қилиши ва улуғлаши лозим. Афсуски, миллионлаб мусулмонлар яшайдиган бизнинг юртимизда Исломий байрамлар номусулмонларнинг байрамларидан кўра анча эътиборсиз ўтказилади. Мусулмонлар янги йил, наврўз каби байрамларни ниҳоятда катта тантаналар ва исрофгарчиликлар билан ўтказганлари ҳолда, Рамазон ва Қурбон ҳайитларига аҳамиятсиз бўладилар. Бу кунларни фақат дам олиш кунлари каби ўтказишдан нарига ўтмайдилар. Шундай бўлса-да, биз мусулмонлар ўзимизнинг динимизга ўзимиз амал қилишимиз керак. Фарзандларимизнинг ўзгалар томонидан кўтар-кўтар қилинган кунларни байрам қилишига, шу сабабли фисқу фужур ва аҳлоқсизлик ишларига аралашиб қолишига йўл қўйиб беришимиз мумкин эмас. Янги йил кутиш кечаси ва ҳоказо ношаръий ишлар сабабидан содир бўладиган жиноятлар, бузуқликлар жамиятга, динга қанчалар зарар келтиришини биз мусулмонлар яхши англашимиз ва ўзимизни, оиламизни, фарзандларимизни бундан сақлашимиз лозим.

Аллоҳ таолодан бизга ҳаром қилган нарсалардан сақлаши, ҳалоли билан ҳаромидан, тоати билан осийлигидан паноҳ бериши ҳамда Ўз фазли билан бошқалардан кифоя қилишини сўраймиз.


[1] «Таврия» – зоҳиридан оддий маънони билдирадиган, аслида бутунлай бошқа маънони ирода қилса бўладиган сўзлар билан гапириш.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.